Рамазон-2018

Рамазон – сабр ва раҳмат ойи

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамдлар бўлсинки, соғинч ва иштиёқ билан кутилган ойларнинг султони эзгулик ва раҳмат ойи, кўп-кўп Қуръон тиловатлари ўқиладиган, инсонлар савобларини кўпроқ қиладиган, саховату дуо, таровеҳу Қуръон тиловотлар ойи бўлмиш муборак моҳи рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан давом этмоқда.

 Мусулмонлар бу фазилатли ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олдилар. Кимдир бу ойда масжидларга чиқиб, таровеҳ намозларида қатнашиб, хатми Қуръонларга сомеъ бўлиб унинг савобидан умидвор бўлиш ниятида бўлса, яна кимдир бу ойда кўп хайрли ишларни амалга ошириш ниятида бўлмоқдалар. Кимлардир қалбидаги гиналардан фориғ бўлиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очиш ниятида бўлса, кимдир саховат ва силаи раҳмда бўлиш ниятида. Бу муборак ойда инсонлар Аллоҳ учун рамазон рўзасини астойдил адо этадилар.

Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. унинг мукофотини Ўзим бераман, Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган.

Бу жумлада қудсий ҳадис ривоят қилинмоқда. Бошқа бир ривоятда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва уни мукофотини Ўзим бераман”, деган.

Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб, Парвардигорининг амрига бўйсуниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлик қилишдан шаҳватини тияди.

Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ: фақат рўза мен учун … деган”.

Бир инсоннинг рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.

Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.

Рўза – улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини тияди. Айниқса, ёз фасли келган рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.

Аллоҳ биз мўминларга фарз қилган рамазон рўзасининг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:

  1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг охирида «Шоядки, тақводор бўлсангиз», дейди. Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани эса «Албатта бўласиз» мазмунидадир. Очлик ила кишиларни даволовчи табиблардан бирига: «Сиз рўза туфайли топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда: «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ҳавас, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.
  2. Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири соғликдир. Рўза ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши намунасидир. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртларнинг табиблари очлик – рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар. Якинда ўрис олимлари рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилишди. Натижалар, кишини ҳайратда қолдиради. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шу усулдан шифо топганлар.
  3. Рўзанинг фойдаларидан яна бири ҳавои нафсни синдиришидир. Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс эса инсонни ҳеч качон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний нарсалар ва истаклардан ўзини тийиш билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради.
  4. Рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам очиқ-ойдин кўрамиз.

Рамазон раҳмат ойидир. Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.

Рамазон мағфират ойи. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.

Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Рамазон дўзахдан озод бўлиш ойидир. Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлувчи гуноҳ-маъсиятлар ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир. Унинг охирги ўн кунлиги «дўзахдан озод бўлиш» кунлари саналади. Шу билан бирга, рамазонда ҳар кеча сон-саноқсиз кишилар дўзахдан озод қилинади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.

Рамазон – дуо ойи. Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти).

Агар бу дуо рўза пайтида, айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ривояти).

Бу зикр қилинганлар рамазон ойининг барча фазилатларини тўла қамраб ололмайди, балки мазкур фазилатлар олдида дарёдан айрим томчилар, холос. Йўқса, унинг фазилату хусусиятларини санаб адоғига етказиш мушкулдир. Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўзахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин!

 

Рашидбек  ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани  бош имом-хатиби 

 

 

 

 

 

Read 48737 times

Мақолалар

Top