muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 01 شباط/فبراير 2018 00:00

Татаристонда ақида мактаби иш бошлади

Татаристоннинг Булғор шаҳрида ақида мактаби бу йилги фаолиятини бошлади. Тантанали очилиш маросими Татаристон мусулмонлар диний идорасида бўлиб ўтди.
Машғулотлар 4 февралга қадар давом этади. Мактабга асосий маърузачи сифатида таниқли илоҳиётчи олим Абу Али Абдуррашид Ал-Ашғари Ал-Ҳанафи таклиф қилинди. У "Ақидату  ат-Таҳовиййа" китоби бўйича маърузалар ўқийди.
Мактаб талабалари машғулотлардан бўш вақтларида Оқ масжидда намоз ўқийдилар. Уларни Булғор табиат қўриқхонаси ва шайх Абдураззоқ ас-Садий билан учрашувлар кутмоқда.
"Татар-информ” ахборот агентлиги хабарига кўра, ақида мактаби машғулотларида 40 нафар киши иштирок этмоқда. Улар ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатган ва ақида ҳамда фиқҳ бўйича ўтказилган онлайн-тестда энг яхши деб топилганлар орасидан саралаб олинган.
2017 йил Булғорда Қуръон мактаби фаолият бошлаган эди. Мусулмонлар диний идораси ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ойгул Бектемированинг таъкидлашича, ақида мактаби қатнашчиларининг жуғрофий мансублиги бу йил аввалги йилга қараганда анча кенгайган. Хусусан, бу йил нафақат Татаристондан, балки Астрахань, Ижевск, Новосибирск, Челябинск, Бошқирдистон, Пенза ва Москвадан ҳам келган ёшлар таълим олмоқда.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда ҳам ақида мактаби мавжуд бўлиб, у Қашқадарё вилоятидаги Абу Муин ан-Насафий маркази қошида фаолият юритмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Чўпон ва бўри воқеаси Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг мўъжизаларидан биридир. 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир бўри чўпоннинг олдига келди ва унинг қўйларидан бирини олиб қочди. Чўпон бўрининг орқасидан етиб олиб, қўйини тортиб олди. Шунда йиртқич жонивор (яъни, бўри) бир тепаликка чиқиб думини оёқлари орасига қисиб чўнқайиб ўтирди ва: “Сен Аллоҳ таоло берган ризқни мендан тортиб олдинг”, деди чўпонга қараб. 

“Аллоҳга қасам, мен бўрининг бундай гапирганини ҳеч эшитмаган эдим!”, деб ҳайратланди чўпон. “Бундан ҳам ажабланарлироқ нарса бор”, дея сўзлашда давом этди бўри: “Икки (вулқон ўчганидан кейин ҳосил бўлган) тошлоқ ер ўртасидаги хурмозорда бир одам сизларга бўлиб ўтган ва сизлардан кейин бўладиган ишлар ҳақида хабар бермоқда!” Ҳалиги чўпон яҳудий эди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилди ва бўри билан бўлган воқеани айтиб берди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тасдиқладилар ва: “Бу Қиёмат олдидан бўладиган аломатларнинг биридир”, дедилар. Биров (уйидан) чиқиб кетади. Қайтиб келса, у кетганидан сўнг оиласининг нима билан машғул бўлганини ҳатто оёқ кийимлари ва қамчиси сўзлаб беришига яқин қолади”, дедилар” (Имом Аҳмад).

Бу ва бунга ўхшаш ғаройиб ҳодисалар Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг улуғ мўъжизалари бўлгани учун барчамиз сўзсиз уларга имон келтиришимиз керак.

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал, барча мухлисларимизда муслим.уз сайтининг мобил репортёри бўлиш имконияти борлиги ҳақида эълон берган эдик. Бундай мухбирларга ажойиб нутқ, маъруза, янгилик ёки видео ва фотони бизга юбориш тавсия этилган эди.
Ушбу хайрли ишнинг нишона хабари Қуръон мусобақаси билан бошлангани бизни жуда ҳам хурсанд қилди. Бугун Андижон вилоятининг бир неча туманларидаги Қуръон мусобақаларидан лавҳаларни Аллоҳнинг каломига муҳаббатли хизмат қилишни истаган мухлислар энг ҳаяжонли онларни юборишмоқда.
Зеро, ушбу ўтказилаётган Қуръон мусобақаларимизнинг замирида Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш, Қуръонга амал қилиш, Қуръонга хизмат қилиш ётади. Шунинг учун ҳам бугунги Аллоҳ таолонинг муборак Каломига хизмат қилган азизларимизга ташаккур айтамиз.
Қолган биродарларимизга ҳам ҳаяжонли дамларни тасвирга олиб, фото, аудио ёки матнли кўринишда телеграмдаги “@MuslimMobileReportyorBot”га йўллашни тавсия этамиз. Унутманг, Сиз юборган хабар, мақола ва аудиоматндан ўн минглаб инсонлар манфаат топади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз марҳамати ва раҳмати туфайли башариятга пайғамбарлар юборган. 

Қуръони каримда номлари зикр қилинган пайғамбарлар қуйидагилар:

1. Одам (алайҳиссалом).
2. Идрис (алайҳиссалом).
3. Нуҳ (алайҳиссалом).
4. Ҳуд (алайҳиссалом).
5. Солиҳ (алайҳиссалом).
6. Иброҳим (алайҳиссалом).
7. Лут (алайҳиссалом).
8. Исмоил (алайҳиссалом).
9. Исҳоқ (алайҳиссалом).
10. Яъқуб (алайҳиссалом).
11. Юсуф (алайҳиссалом).
12. Айюб (алайҳиссалом).
13. Шуайб (алайҳиссалом).
14. Мусо (алайҳиссалом).
15. Ҳорун (алайҳиссалом).
16. Юнус (алайҳиссалом).
17. Довуд (алайҳиссалом).
18. Сулаймон (алайҳиссалом).
19. Илёс (алайҳиссалом).
20. Ал-Ясаъ (алайҳиссалом).
21. Закариё (алайҳиссалом).
22. Яҳё (алайҳиссалом).
23. Зулкифл (алайҳиссалом).
24. Исо (алайҳиссалом).
25. Муҳаммад (алайҳиссалом). 

Қуръонда бор-йўғи йигирма беш пайғамбарнинг номи зикр қилинган. Бу дегани фақат йигирма беш пайғамбар ҳақ, дегани эмас. Уларнинг сони қатъий бир адад билан чегараланмайди. Биз барча пайғамбарларга имон келтирамиз. 

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 01 شباط/فبراير 2018 00:00

Савол-жавоб - "Исроф ҳақида"

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top