muslim.uz
Азон дарслари сараланган муаззинлар учун онлайн тарзда ташкил этилди
Жорий йилнинг 16 март куни Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида Республикамиздаги масжидлардан саралаб олинган муаззинлар учун онлайн азон дарслари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли муаззинларга ўзининг керакли тавсиялари ва маслаҳатларини бериб ўтди.
Aзон дарсларида вилоятлардан 157 нафар муаззин ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда, ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 25 нафар муаззин бевосита иштирок этди.
"Бароат кечаси фазилати" ҳақидаги суҳбатдан баҳраманд бўлинг!
Бугун, 17 март куни соат 20:30 да онлайн шаклда "Эй Аллоҳим, бизни Рамазонга етказгин!” номли туркум суҳбатларнинг илк сони Бароат кечаси фазилати ва унга оид масалаларга бағишланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари Шаъбон ойи ва Бароат кечаси фазилатлари ҳақида суҳбат қилиб берадилар, ҳофизи Қуръонлар хатмоналар ўқийдилар ва дуою тазаррулар қилинади.
Мўътабар манбаларда, Ражаб ва Шаъбон ойлари Рамазонга тайёрланиш мавсуми экани, Бароат кечаси файзли кечалиги ҳақида кўп баён этилган. Инсон жисмини, руҳини рўзага тайёрлаб, ибодатлар ила ўтказса, Рамазондаги рўза унга ҳузур бағишлайди. Шундай экан, азизлар, ушбу кунларни ғанимат билиб қолайлик. Руҳимизни ва танамизни поклаб, улуғ ойга тайёрланайлик, зикр ва ибодатларни кўпайтирайлик. Бароат кечасининг файзидан баҳра олайлик.
Ижтимоий тармоқлар орқали гўзал суҳбатлар, чиройли қироат ва хатми Қуръон дуоларини жонли эфирда кузатишни тавсия этамиз!
ЎМИ матбуот хизмати
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ: Бир-бирини такфир қилиш кенг ёйилишига сабаб... (инфографика)
Биз ҳам Аҳли сунна сифатида «Аллоҳнинг наздидаги ҳақ битта бўлади, лекин дунёда ҳақ бир нечта бўлиши мумкин», деймиз. Мана шундай деб ҳисобламагани учун улар (ташаддудчилар) бошқаларнинг фикрини қабул қилмайди. Бу эса қаттиққўлликка, оғирликка олиб боради, гоҳида такфирга ҳам етаклайди. Натижада мусулмонлар орасида бир-бирини такфир қилиш кенг ёйилади. Бунинг сабаби нима экан? Бошқанинг фикрини, ҳеч қандай ихтилофни қабул қилмаслик, биз юқорида айтиб ўтган жиҳатларга эътибор бермасликдир.
Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ
Сурхондарёлик намозхонлар ҳам ёмғирни яхшиликларга сабабчи бўлишини сўраб дуо қилдилар
Шу кунларда мамлакатимизда узлуксиз давом этаётган ёғингарчиликлар оқибатида ўлкамизнинг қатор вилоятларида сел келиши хавфи ортиб, айрим хонадон, жамоат жойларига зарар етмоқда. Албатта, ёмғир Аллоҳнинг неъмати. Бироқ у фойдали бўлиши баробарида офат ҳам бўлиши мумкин. Шу боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир ёғишни бошлаши билан уни манфаатли бўлишини сўраб дуо қилганлар.
Куни кеча Республикамизнинг барча масжидлари қатори Сурхондарё вилоятидаги "Ҳаким Термизий" жоме масжидида ҳам юртимизда давом этаётган ёғингарчиликларнинг оқибатларидан паноҳ ва яхшиликлар сўраб Истисҳо дуоси ўқилди. Намозхонлар Ҳақ таолодан бу ёмғирлар элу юртга манфаатли, хайру баракага сабабчи бўлишини сўраб, дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
“Иссиқ-совуқ”ни яхшилик умидида қилса бўладими!?
Яқинда бир иймон-эътиқодли танишимиз келиб, турмушимизда сеҳр-жоду аломатлари учраётгани, бундай ҳолатларга диний нуқтаи назардан ҳукм қандай бўлишини сўраб қолди. Сеҳр-жодуга динимизни муносабати қандай?
Аввало Аллоҳ таоло ҳар бир амалда инсонга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда келтирадиган нарсани ҳалол, бунинг аксини эса ҳаром қилди. Аллоҳ таолодан умиди бор киши ҳалолини қилиб, ҳаромидан хазар қилиши керак. Ана шундай ҳаром ишлардан бири сеҳрдир. Сеҳргарлик Сулаймон алайҳиссалом даврларида ўта авж олган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Бақара сураси 102–103-оятларида орқали қаттиқ огоҳлантиради:
“…Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар.
…Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни ҳалок қилувчи гуноҳи кабиралардан санаган. Яна бир ҳадисларида 7 та ҳалок қилувчи нарсалардан сақланинг деган бўлсалар, шунинг бири ҳам сеҳрдир. Шу асосларларга биноан уламоларимиз сеҳрни ҳаром амаллардан санаганлар.
Сеҳр, “иссиқ-совуқ” қилувчи ҳам, сеҳр-жодудан кўмак истаб борувчи ҳам гуноҳда тенгдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида: “Сеҳрга борган мўмин жаннатга кирмайди”, дея огоҳлантирадилар.
Яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Аслида, сеҳр қилувчилар бировга душманчилик учун қиладилар. Билсинларки, Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: “…Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас…” (Қасас, 77).
Хўш, сеҳр, “иссиқ-совуқ” яхшилик умидида қилинса-чи? Барибир, унинг яхши-ю ёмони бир хил. Сеҳрни аксарият кишилар ҳасаддан қилишади.
Бировнинг неъматига ҳасад билан душманчилик қилганингизда унинг бойлиги сизга ўтиб қолармиди? Йўқ, асло. Ёки бировга иссиқ-совуқ қилганингизда у бечора қийналса, хасталикда озор чекса, сизга фойда бўладими? Тағин йўқ! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу дунё у дунёнинг зироатгоҳидир», деганлар. Яъни нимани эксангиз, шуни ўрасиз. Шундай экан, ҳасадни ҳавасга айлантирайлик.
Мана шу оят ва ҳадисларни ўқиб тушунган одам сеҳр қилмайди ҳам, сеҳрга бормайди ҳам.
Аллоҳ ҳаммамизга инсоф-тавфиқ бериб, бир-биримизга қўлдан келганча яхшилик улашайлик. Амин ё раббил оламийн.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси Тўхтаев Насруллоҳ