muslim.uz
Ҳанафийларга ҳадис етиб келмаганми ? Ёҳуд Aҳли рай ва аҳли ҳадис
Динда саволим бор: “Отаси қизини бировга ваъда қилибди” деган гап шариатимизга кўра, мумкинми?
— “Отаси қизини бировга ваъда қилибди, қулоғини тишлатибди”, деган гапларни кўп эшитганмиз. Бу иш шариатимизга кўра, мумкинми?
— Шариат бўйича бундай қилиш мумкин эмас. Қиз бола вояга етгач, унинг кимга турмушга чиқиши борасида изни олинади. Қиз болани мажбурлаб эрга беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жувон (aввaл турмуш кўрган aёл) ўзи билан маслаҳат қилинмагунча турмушга берилмайди. Бoкирa қизни унинг изни-рoзилиги олинмагунча турмушга берилмайди”. Сaҳoбaлaр: “Ё Расулуллоҳ, унинг рoзилиги қaндaй (билинади)?” деб сўрашди. “Сукут сaқлaши (розилигидир)”, дeдилaр (Муттафақун алайҳ). Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг 1255 йиллигини халқаро миқёсда нишонлайлик
Мустақиллик йилларида шўро даврида бир муддат унутган кўплаб улуғ аждодларимизни яқиндан танидик. Мамлакатимизда Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқаларнинг таваллуд тўйлари халқаро миқёсда нишонланди.
Аммо ҳали ҳаёти ва ижоди ўрганилмаган, халққа тўла етказилмаган буюк алломаларимиз ‒ яна қанча!
Шулардан бири ‒ Абу Ҳафс Кабир Бухорий.
Унинг муборак номини муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 2 сентябрида Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг тўғридан-тўғри ўтказилган, 57 мамлакатдан вазирлар ва расмий шахслар, шунингдек, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари мутасаддилари, ишбилармон доира вакиллари қатнашган 46-йиллик йиғилишидаги нутқида фахр билан тилга олди.
“Асрлар давомида Ўзбекистон замини мусулмон оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг марказларидан бири бўлганидан сизлар, албатта, хабардорсиз. Қадимий Ўзбекистон, яъни Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир. Бухоролик буюк уламо ‒ Имом Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари Имом ал-Бухорий ва Имом Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир”, ‒ деди давлатимиз раҳбари.
Бу эса жамоатчилик диққатини ҳазрати имомимиз ‒ Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳаёти ва фаолиятига қаратди. Кўп ўтмай “Адолат” газетасининг шу йилги 10 сентябрь сонида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимовнинг “Абу Ҳафс Кабир Бухорий ким бўлган?” сарлавҳали мақоласи босилди. Унда олимнинг ҳаёти ва фаолияти қисқа сатрларда ёритилган.
Исломда мазҳаб ўта муҳим масала ҳисобланади. Биз ‒ Марказий Осиё мусулмонлари Абу Ҳанифа Имом Аъзам асослаган ҳанафия мазҳабидамиз. Жаҳон мусулмонларининг 47 фоизи ‒ шу мазҳабда. Бу эътиқод йўлини юртимизга айнан Абу Ҳафс Кабир Бухорий олиб келган. У Бағдодда Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммаддан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини ўзлаштиради. Юртга қайтиб, шунинг тарғиби билан шуғулланади.
Энг муҳими, Имом Бухорий, Имом Термизийдек буюк муҳаддисларга устозлик қилади.
Мустақиллик йилларида Бухоро вилояти ҳокимлиги ва ҳозирда Бухоро вилояти нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, 1996–2011 йилларда Бухоро вилояти ҳокими Самойиддин Ҳусенов ташаббуси билан Абу Ҳафс Кабир Бухорий мангу макон тутган мажмуа обод қилинди. Мажмуа дарвозахонаси, худди Исмоил Сомоний мақбарасига ўхшаб кетадиган мақбара, янги масжид, ўз ўрнида Бухоронинг қадимий Ҳақроҳ (Абу Ҳафс Кабир) дарвозаси қурилди. Шу тариқа бу ер мамлакатимизнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бирига айланди.
Имом Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий милодий 768 йили Бухорода туғилиб, 832 йили она шаҳрида вафот этган. Бу улуғ зот ислом оламига Абу Ҳафс Кабир Бухорий номи билан танилган фиқҳшунос ва файласуф, илоҳиётшунос, буюк муҳаддис, беназир авлиё, уламолар султони ва сардафтари Имом Бухорийнинг замондоши ва устози.
Бухородан узоқ ислом шаҳарлари, хусусан, ўша даврда исломий илм ва маданият пойтахти ҳисобланмиш Бағдодга бориб, ҳанафий мазҳабининг асосчиси, илоҳиётчи, фақиҳ, муҳаддис Абу Ҳанифанинг таниқли шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийга шогирд тушган. Қайтганида уни бухороликлар байрам қилиб кутиб олиб, оммага хизмат қилишини сўраганлар, масжидни безаб, ўрин тайёрлашган, токи Ироқдан олиб келган илм ва маърифатга бўлган чанқоқларини қондирсинлар.
Имом Аъзамнинг невара шогирдлари Абу Ҳафс Кабир ислом ҳуқуқшунослиги асосларини яратган йирик олим бўлган. Наршахийнинг ёзишича, унинг шарофати билан Бухоро “Қуббат ул-ислом” – “Ислом динининг гумбази” унвонини олган. Абу Ҳафснинг ўзига “Кабир Бухорий” – “Бухорийларнинг каттаси” ва “Имоми ҳожатбарор” – “Ҳожатларни чиқарувчи имом”, “Ҳазрати имом” деган унвонлар берилган. Абу Ҳафс Кабирнинг “Фатовойи Абу Ҳафс” (Абу Ҳафснинг фатволари) ислом оламида маълум ва машҳур бўлиб, барча фақиҳлар ҳазратнинг фатволарига суяниб иш юритган.
Авлиё ва уламолар тарихига доир қайси бир китобни варақламайлик, албатта уларда Абу Ҳафс Кабир ва бу улуғ зотнинг фарзанди, таълимоти давомчиси Абу Ҳафс Сағир тўғрисидаги маълумотлар қайд қилинади. Бухоро уламолари ҳақида гап борганда, албатта дастлаб Абу Ҳафс Кабирнинг муборак номлари тилга олинади.
Шарқ аёлининг маданий-маърифий соҳадаги ғайратига ҳам тарихдан кўплаб мисоллар топиш мумкин. Жумладан, буюк фақиҳ Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорийнинг аёли унга ўз маслаҳатлари билан кўмак берар эди. Бундай доно ўгитлардан ҳайратда қолган буюк имом бир куни аёлига шундай деган экан: “Я айятуҳа ал-маръа, рамайти бисаҳмин нофиз” (Эй аёл, тешиб ўтадиган ёй отдинг). Яъни аёллари ҳам фиқҳ ва ҳадис илмида ўз замонасининг яктоси бўлганлигидан кишилар бирор масала сўраб келсалар камондан ўқ қандай тез отилиб чиққанидай ҳозиржавоб бўлганлар.
Абу Ҳафс Кабир Бухородаги Дарвозаи Нав қаршисидаги тепаликда дафн этилган. Бухороликлар у жойни муқаддас санаб, “Ҳақраҳ” (“Ҳақ йўл”) ва “Тали Хожа Имом Абу Ҳафс” (“Хожа Имом Абу Ҳафс тепалиги”) деб атаганлар.
Абу Ҳафс Кабир Бухорий Бухородан Бағдодга бориб, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийга шогирд тушганлар. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Абу Ҳанифанинг йўлидан бориб шариат ҳуқуқ нормаларини назарий томондан асослаб тизимга солади, қиёсни татбиқ қилади. Яъни Қуръон ва Суннада бўлмаган масала қиёсда таққослаш йўли билан ҳал қилинган.
Аллома ислом ҳуқуқшунослигида истиҳсон (бир нарсани яхши деб ҳисоблаш) тамойилини ишлаб чиқди. Маҳаллий ҳуқуқ нормаларини ҳуқуқшуносликка татбиқ қилишнинг назарий асосларини ривожлантирди. Шариат ҳуқуқшунослиги тизимини яратишда Қуръони карим ва исломда мусулмонлар учун ибрат ҳисобланган Ҳадиси шарифни асос қилиб олади.
Абу Ҳафс Кабир Қуръоннинг ҳуқуқий нормаларини ҳаёт билан боғлади. Бу даврда Араб халифалиги ҳудудида турли халқлар яшар эди. Ўз ўзидан маълумки, уларни бир хил қонун ўлчовда сақлаш яъни ҳамма жойда ягона қонун жорий қилиш мумкин эмас эди. Турли синф ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари ҳадислар тўқиб, уларда ўз манфаатларини ифодалашга уринар эди.
Шунинг учун Абу Ҳафс Кабир Абу Ҳанифа йўлидан бориб, маҳаллий шароитга мос келадиган умумий шариат нормаларини ишлаб чиқади. Х аср тарихчиси Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китобида Имом Абу Ҳафс Кабир ўз даврининг фақиҳларидан биридир, зоҳид ва ҳам олим бўлган, дейилади. Абу Ҳафс Кабир ва ўғиллари Абу Ҳафс Сағир ташаббуслари билан Бухоро ва умуман Мовароуннаҳрда ҳанафия мазҳаби таълимотига асосланган маҳаллий ислом ҳуқуқшунослиги мактабига асос солинган.
Суннийлик йўналишига мансуб бўлган, имом Абу Ҳанифа томонидан асос солинган ҳанафий мазҳаби қонунлари нисбатан юмшоқ ва мўътадиллиги, халқларнинг миллий анъаналари, урф-одатларини эътиборга олгани сабабли дунёда кенг тарқалган. Диёримиз мусулмонлари ҳам 14 аср мобайнида ҳанафийлик мазҳабига эътиқод қилиб келмоқда.
Абу Ҳафс Кабир Мовароуннаҳрда нафақат фиқҳ илмининг, балки Бухоро калом (ислом фалсафаси, илоҳиётшунослик) мактабининг ҳам асосчисидир. У зотнинг Бухорода, қолаверса Мовароуннаҳрда ислом оламидаги салоҳияти ва нуфузи беқиёсдир. Абу Ҳафс Кабир Бухорода бир неча масжид ва мадрасалар қуриб, толиби илмларга фиқҳ, ҳадис, тасаввуф, ақида илмларидан дарс ўтиб, одамларда пайдо бўлган турли саволлар ва масалаларнинг жавобларини айтиб берар эди.
Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби таълимотларини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келди. Унинг қўл остида кўпгина фақиҳлар ва олимлар етишиб чиқди. Тарихчиларнинг таъкидлашича, Бухорода илмнинг тарқалиши, имом ва уламоларнинг ҳурмат топишига сабабчи бўлган киши Абу Ҳафс Кабир бўлган. Абдулкарим ас-Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс кўпгина фақиҳларни тарбиялаб, камолга етказган.
Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида жонбозлик кўрсатган бўлса, унинг оиласи, хусусан, ўғли Фақиҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ҳафснинг ҳам бу борада хизмати буюк бўлган. Шунинг учун ҳам уни Абу Ҳафс Сағир, яъни кичик Абу Ҳафс деб аташган.
Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Бухорога, қолаверса, бутун ислом оламига тарқалади. Ҳатто, араб диёри олимлари бирор масаланинг жавобини топишга қийналиб қолишса, Бухорога Абу Ҳафс Кабирнинг олдига бир кишини юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар экан. Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатларидан Бухорода фиқҳ шу даражада ривожланадики, Бухоро фақиҳлари ислом оламининг асосий шаҳри Бағдод фақиҳларидан устун бўлганлар. Наршахийнинг таъкидлашича, одамлар Бағдоддан қайтган пайтларида Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорийдан бирор масалани сўраш учун ҳам келардилар. Имом Абу Ҳафс ал-Кабир улардан ажабланиб сўрарди: “Нима учун Ироқ олимларидан сўрамадингиз?” Унга жавобан: “Улардан сўрадик, лекин улар жавоб беролмадилар, Ироқ олимлари “Бухорога бориб, Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ё ўғиллари Абу Ҳафс ас-Сағирдан сўранглар, деб айтишди”. Абу Ҳафс Кабир бошлиқ Бухоро фақиҳлари фиқҳни чуқур биладиган ва кучли хотирали деб тавсифланганлар.
Ўша давр уламолари унинг илму фазлини баҳолаб, уни “Муаллими ислом”, яъни ислом динининг муаллими, унинг шарофати билан Бухорони “Қуббат ул-ислом”, яъни ислом дини гумбази ва у киши яшайдиган маҳалла дарвозасини “Ҳақ роҳ”, яъни ҳақ йўл деб аташган.
Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатидан сунний ақиданинг ҳанафия мазҳаби тез орада бутун Ўрта Осиё, қолаверса Мовароуннаҳру Хуросонга ёйила бошлади. Аҳолининг асосий қисми бу мазҳабга мойил эди. Бухорода ҳанафий мазҳаби алломаларининг кўпи пайдо бўлди, уларнинг бошида Абу Ҳанифанинг ўзининг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг шогирди – Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий лақабини олган Имом Аҳмад ибн Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий турарди. Абу Ҳафснинг минглаб талабалари бор эди. Ҳорис ибн Абул Вафо ал-Бухорий ва ўғиллари Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс аз-Зибарқонлар ҳам шулар жумласидандир. Абу Ҳафс Кабир шогирдларининг дунё тан олган биргина ягона шогирдини эслаш кифоя. Бу муҳаддислар султони – Имом ал-Бухорийдир.
Аллоҳ таоло Имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ёд олиш ва барча ишларни яхшилаб қилиш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишини кичиклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшлик бола бўла туриб ўз устозлари Ад-Дохилийнинг хатоларини тузатишлари бунга далилдир.
Отасининг дарсхонасида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафсдан Суфённинг “Жомеъ” китобини тинглар эди. Абу Ҳафс ал-Кабир бир ҳарфда хато қилган эди, у қайтарди. Иккинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. Учинчи марта хато қилган эди, яна қайтарди. У бир муддат сукут сақлаб турди-да:
“Бу ким?” деди.
“Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Бардизба”, дейишди.
“Бунинг айтгани тўғри экан. Эслаб қолинглар! Албатта, у бир куни буюк Одам бўлади”, деди Абу Ҳафс.
Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатидан ислом дини таълимотининг равнақ топиши ва тарғиботининг кенгайиши боис кўп ўтмай, Бухоро шаҳри марказга айланди. Абу Ҳафс Кабир мадрасасидан жуда кўп етук фиқҳшунос олимлар, қозилар, авлиёлар, зоҳид имомлар етишиб чиқди. Шу боисдан IX асрдан бошлаб Бухоро “Қуббат ул-ислом” (“Ислом гумбази”) номи билан шуҳрат топади.
IX–XII асрлар Шарқ уйғониш даври ва Ўрта Осиёда илму фан, айниқса фиқҳ илмининг ривожи учун олтин давр ҳисобланади. IX асрда Абу Ҳанифанинг мумтоз шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан Ироқ йўналиши бўйича фиқҳ илмини ўрганган бухоролик фақиҳ – Абу Ҳафс Кабир ўз ватанига қайтиб, Бухорони фиқҳ илми марказига айлантирди ва кўп сонли шогирдлар тарбиялаб, камолга етказди.
Фиқҳ илми ўша асрда ўзининг ривожланиш палласига кирган эди. Мазкур илмни тўла эгалламай туриб, диний масалаларда ҳукм чиқариш мумкин эмас эди. Шу даврга келиб калом илми (теология) ҳам ниҳоятда ривожланган эди. Мовароуннаҳрда жуда катта каломчилик мактаби яратилиб, унинг асосчиси Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳисобланар эди.
Мазкур зот тўғрисида тарихий китобларда ҳам, турли диний тасаввуфий манқабавий асарларда ҳам жуда кўплаб маълумотлар учрайди. Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг илмий салоҳияти тўғрисидаги машҳур бир ривоятда айтилишича, араб халифалигининг вассали бўлган Бухоро шаҳрига халифаликнинг бош вазири ташриф буюради. Вазир келганда кун қорайиб кеч кирган экан. Бухоро шаҳри дарвозалари беркитилган бўлиб тонггача шаҳарга зоғ ҳам кириши ман этилган. Вазир дарвозабондан дарвозани очишни талаб қилади.
Дарвозабон бунга рози бўлмагач, у ўзининг халифаликнинг бош вазири эканлигини айтади. Шунда дарвозабон ислом динининг тиргаги ҳисобланган юртдан келган меҳмонга шундай дейди: “Мен сенга бир савол бераман, агар сен ҳақиқатдан халифаликнинг вазири бўлсанг, мазкур саволга жавоб бера олсанг, сўнг мен дарвозани очаман”, дейди ва шундай савол беради: “Камоли иймон надур?” Вазир жавоб бера олмайди.
Тонг отиб вазир келганлиги маълум бўлади ва аркони давлат уни кутиш учун дабдаба билан дарвоза олдига келади. Шунда вазир дарвозабонни чақиртириб ундан берган саволнинг жавобини сўрайди. Шунда дарвозабон “Камоли иймон сабрдир” деганда вазир буни кимдан ўрганганлигини сўрайди. Дарвозабон фахр билан “Шайхимиз Абу Ҳафс Кабирдан” дея жавоб беради. Ва вазир Сомоний подшоҳ билан Абу Ҳафс Кабир ҳузурига борган экан.
Абу Ҳафс Кабир нафақат фиқҳшунос, ҳадисшунос, илоҳиётшунос олим, балки у халқпарвар ҳомий ҳам бўлган. Унинг халққа шафқати шунчалик бўлганки, бир йили Бухорода қимматчилик пайтида у бир харвор буғдойни 100 динорга сотиб олиб, 90 динорга сотган экан. Охири ҳазратнинг кароматидан бир харвор буғдой нархи 10 динорга тушибди. Инсонларга манфаат етиши учун у ўз хазинасини ҳам сарф этибди.
Ҳазрати Имом Абу Ҳафс бир хонақоҳ бино этмоқчи бўлдилар ва бунинг учун 80 минг динор вақф этишни ният қилдилар. Бироқ истихора ва машварат айлаб айтдиларки, мен мутаваллийнинг вақф шартларига хилоф иш тутишидан қўрқаман. Қиёматда эса унинг азобга тушишини хоҳламайман. Алқисса, хонақоҳ қурилишининг барча сарф-харажатига тенг бўлган 80 минг динор қимматдаги ер ва мулкни фақирлар, ғариб ва толиби илмлар, уламога садақа сифатида бўлиб бердилар.
Тарихчилар ислом маданияти тарихидаги биринчи тизимли мадраса ҳ.459 /м.1066 йили салжуқий вазир Низом ул-Мулк барпо этган Бағдодда бўлган дейишади. Аммо манбаларда Бағдод мадрасасидан тахминан бир аср аввалроқ Бухорода тизимли мадрасалар бўлганлигини манбалар исботлайди.
У Абу Ҳафс Кабир мадрасасидир. Бухородаги энг қадимий олий ўқув юрти, 800-810 йиллар атрофида асос солинган. Илмий фаолиятига ҳозир 1220 – 1210 йил тўлди. Унда машҳур имом Бухорий ҳазратлари ҳам таълим олган. IX – Х асрларда кўплаб йирик таниқли олимлар шу илм даргоҳида ўқиган. Мадраса билан боғлиқ айрим тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Айримлари таъмирланган. Шўролар инқилобига қадар дарс ўтилган.
Калобод (Гулобод) мадрасаси. Бу мадраса ҳам юқоридаги мадрасанинг тенгдошидир. Унда ҳам Имом Бухорий ва кўпгина машҳур тарихий шахслар таълим олган. 1980 йилларда биноси сақланиб турган. IX аср бошида (800 – 810 й.) қурилган. «Арслонхон», «Хон мадрасаси» номлари билан ҳам шуҳрат қозонган. Шўролар инқилобига қадар дарс ўтилган.
Ғарибия мадрасаси. ХХ аср бошларигача ҳам Бухоро олимлари «Калобод қадимийми ё Ғарибия» деб баҳс юритиб келишган. Шу каби маълумотларга кўра, мазкур олий ўқув юрти ҳам IX аср бошида тахминан, 800 – 810 йилларда қурилган. Шўролар инқилобига қадар дарс ўтилган.
Форжак мадрасаси. У тўғрисидаги дастлабки маълумот Наршахийга тегишлидир. У ҳам тахминан, IX асрда Самарқанд дарвозадан чиқиладиган йўлда қурилган. Бухоронинг энг қадимий мадрасаларидан бири эди. Милодий 937 йили май-июнь ойида ёниб вайрон бўлган. Кейинчалик мадраса қайта таъмирланади. XIII асрда унда мударрис Масъуд Имомзода дарс ўтган. Биноси сақланмаган.
Исломнинг узоқ минтақаларидаги толиби илмлар бу мадрасада таълим олишни орзу қилган. Мазкур мадрасада Абу Ҳафс Кабир, ўғли Абу Ҳафс Сағир (Абу Абдуллоҳ), неваралари Абдуллоҳ ибн Муҳаммад фиқҳ, ҳадис, калом, тасаввуф каби илмлардан сабоқ беришган. Манбаларда Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорий бомдод намозидан кейин одамларга дарс берган деб қайд этилади. Абу Ҳафс Кабирнинг аёллари ҳам йирик фиқҳшунос олима бўлиб, аёлларга сабоқ берганлар. Аллома баъзи масалаларда қийналган пайтлари уларни ҳал қилишга аёллари кўмаклашган.
Манбаларда ёзилишича, X асрнинг таниқли қозиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ибн Шоҳивайҳ Бухорога бориб “Абу Ҳафс ал-Кабир” мадрасасида таълим олган. Яъни мадраса бу санадан олдинроқ ҳам бўлган. Наршахий “Кулар Текин мадрасаси”ни зикр этади. Кулар Текин хуросонлик Муқанна инқилобчиси саркардаларидан биридир. Бу тахминан ҳ.163/м.779 йили бўлган. Бу бизни VIII аср ўрталарида Бухорода масжиддан мустақил тизимли мадрасалар бўлган, деган фикрга олиб келади. “Равзат ул-жаннот” (“Жаннат боғлари”) китоби муаллифи Ал-Хавонсорийнинг қуйидаги гапи фикримиз далилидир: “Биринчи қурилган мадраса Бухорода бўлган”. Шунингдек, бу фикрни ислом мадрасалари тарихини ўрганган ироқлик профессор Ножий Маъруф ҳам бир неча китобида маъқуллайди.
Мадрасалар нафақат илмий муассаса, балки узоқ ўлкалардан келадиган олим талабалар учун маскан ҳам бўлган. Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорийнинг мадрасаси ислом оламининг турли ўлкаларидаги олимлар ва толиби илмларнинг орзу қилган мадрасаси бўлган. Бу мадрасаларнинг Бухородаги одамлар ва унга қўшни давлатлар орасида исломни ёйишда ҳиссаси беқиёс бўлган.
Юқорида баён этилганлардан шу нарса аёнки, VIII–XI асрларда Бухорода илм-маърифат гуллаб яшнаган. Ана шу муқаддас заминда бунёд бўлган илм, маданият ва маънавият гулшанида бир-биридан улуғвор даҳоларнинг камол топгани, фан оламининг улкан чинорлари осмон қадар юксалгани тасодифий ҳол эмас, балки табиий бир жараён ҳосиласи эканидан далолат беради.
Абу Ҳафс Кабир – Имом Ҳожатбарорнинг Бухорода туғилиб, ислом оламига шу заминдан танилгани, унинг ибратли ҳаёти, бой диний ва маънавий мероси ҳам бу тарихий жараёндан истисно эмас.
2022 йили Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг вафотига 1190, 2023 йили эса таваллудига 1255 йил тўлади.
Таклифимиз шундан иборатки, ё ана шу таваллуди, ё вафоти санасини халқаро миқёсда кенг нишонлаш ‒ лозим.
Шундай қилинса, аввало, ўзимизда, қолаверса, жаҳон миқёсида улуғ аллома ҳаёти ва фаолиятини кенг ва чуқур ўрганиш, меросини тўплаш ва нашр қилиш, унинг ислом цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссасини ҳар томонлама кўрсатиш имконияти пайдо бўлади.
Агар шу санани нишонлаш тўғрисида тегишли қонуности ҳужжати қабул қилинса, давлат гранти асосида илмий экспедиция уюштириб, алломанинг жаҳон китоб хазиналарида сақланаётган асарларини топиб келиш, ўрганиш ва нашр этиш имкони юзага келади ҳам.
Бугун буюкларимиз билан фахрланишимизнинг ўзи етарли эмас. Уларнинг меросини ўзлаштириб, ҳаётимизга жорий этишимиз ‒ зарур. Ислом оламида турли-турли ғояпарастликлар кўпайиб, ҳатто, залолатга бошловчи ҳар хил оқимлар пайдо бўлган бугунги мураккаб мафкуравий вазиятда Абу Ҳафс Кабир Бухорий таълимоти бизни тўғри йўлга бошлаши ‒ тайин.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Комилжон РАҲИМОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, “Нақшбандия” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими.
Таҳоратнинг 4 тури
- Зоҳирий таҳорат.
- Ботиний таҳорат.
- Дил таҳорати.
- Сир таҳорати.
Зоҳирий таҳорат хосга ҳам, омга ҳам маълумдир. Лекин имкон қадар сувнинг пок-ҳалоллигига эътибор бериш керак. Шунингдек, кийимнинг пок бўлиши ҳақида ҳам кўп талаб мавжуд.
Ботиний таҳорат – ҳаром луқма ва ичимликлардан сақланиш. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Бир банда ҳаром луқмани қоринга ташласа, унинг қирқ кунгача амали қабул қилинмайди, деганлар.
Дил таҳорати – номақбул хислату сифатлардан, гинаю кудурат, кўролмаслигу ҳасад, макру хиёнат, душманлигу адоват, зоҳирий дунёга муҳаббат, ўзини кўз-кўз қилишдан сақланиш бўлиб, шулардан покланмаган кимсанинг тоату намози қабул бўлмайди, бундай киши илоҳий ишқу муҳаббат деган буюк неъматга мушарраф бўлолмайди.
Сир таҳорати – қалбни Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан бошқага таважжуҳ қилишдан (юзланишдан) покламоқ.
Ҳомиджон домла Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.