muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 08 أيلول/سبتمبر 2021 00:00

Сафар ойи хосиятли ой (аудио)

ЎМИ матбуот хизмати

الثلاثاء, 07 أيلول/سبتمبر 2021 00:00

Қуръони каримнинг 8 ҳаққи

Уламолар айтишича, Қуръоннинг мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар:

  1. Қуръонга имон келтириш. Қуръони карим Аллоҳ тарафидан нозил қилинганига имон келтирган банда мўмин ҳисобланади. Парвардигоримиз шундай марҳамат қилган: “Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва Ўз Пайғамбарига нозил қилган Китобга (Қуръонга) ҳамда У Зот илгари нозил қилган (барча) китобга имонингиз комил бўлсин! Ким Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди” (Нисо сураси, 136-оят).
  2. Қуръон ўқиш.Қуръонни тиловат қилиш энг катта ҳақлардандир. Аллоҳ таоло Расули акрам ва у зотнинг умматларини Қуръон ўқишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида Қуръон ўқиш фазилатлари ҳақида хабар берганлар. Киши Қуръонни тўғри ўқиш учун асосан икки нарса талаб қилинади:
  • Арабча ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш;
  • Тажвид илмини амалий жиҳатдан ўзлаштириш.

Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак Қуръон ўқишни. Агар ҳафтада маълум кунларни Қуръон ўқиш ва ўрганишга сарфлаганимизда, орамизда Қуръон ўқишни билмайдиган инсон қолмасди.

Аллоҳнинг Китоби Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаганини тушунар-тушунмас такрорлаш эмас. Қуръонни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда ўқилади. Буни тадаббур дейилади.

  1. Қуръон ёдлаш. Қуръон ёдлаш жуда фазилатли амалдир. Ҳадиси шарифларда, Қуръонни қалбга жо қилишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қори жаннатда Қуръон оятларини ўқиб, мартабаси кўтарилиб бориши, ёдлаган охирги оятни ўқиган жойи унинг энг юқори даражаси бўлиши айтилган. Уламолар, “Қуръонни тўлиқ ёд олиш фарзи кифоя. Намозни ўқишга етадиган даражада сура ва оятларни ёдлаш эса фарзи айндир”, дейишган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда намозни тўкис адо этиши учун маълум сура ва оятларни пухта ёдлаб олиши лозим.

Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.

Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:

– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман!, деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:

– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:

– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.

Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.

  1. Қуръон тиловатига қулоқ солиш. Қуръони карим ўқилганида, одам жим туриб, Қуръоннинг оятларига қулоқ тутилади, унда нима дейилаётганига эътибор берилади, Аллоҳ даъватига ижобат этилади. Қуръон ўқилаётганда туриб кетиш, тиловатга бепарво бўлиш мусулмон одамга ярашадиган иш эмас. Айниқса, жамоат намозларида бунга эътибор бериш керак.

Одамлар орасида обрўъ-эътиборга эга шахс гапираётганда унинг гапини бўлиш ёки маърузасига халақит бериш қандай одобсизлик-а. Тўғрими? Энди бутун оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Каломи ўқилаётганда гаплашиш, тиловатга бепарво бўлиш қандай ҳурматсизлик эканини тасаввур қилиб кўринг!

  1. Қуръонни тадаббур (тафаккур)қилиш. Аллоҳ таоло Қуръон ўқиганда унинг оятларини тадаббур қилишга буюрган. Оятларни тадаббур қилмайдиган кимсаларга танбеҳ берилган. Қуръонни тадаббур қилган одам унда бирон ихтилоф йўқлигини, бир оят бошқа бир оят маъносига мувофиқ келишини англаб етади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилган. Агар инсон Қуръонни яхши тушунганида, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўймасди. Демак, Қуръонга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлиши учун уни тўғри ўқиш ва ўқиганларимизни уқиш талаб этилади.

  1. Қуръон кўрсатмаларига амал қилиш. Қуръоннинг нозил қилинишидан кўзланган асосий мақсадлардан бири – кўрсатмаларига риоя этиш, десак муболаға бўлмайди. Зеро, бошқа ҳақлар Қуръонга амал қилиш ҳақига боғлиқ: Қуръонни ўқиган, эшитган, тушунган, Қуръонни эъзозлаган одам Қуръонга амал қилади.
  2. Қуръон илмларини одамларга етказиш. Қуръон илмларини билган одам уни бошқаларга ҳам ўргатади, илмни тарқатади. Шариат илмли кишилардан шуни талаб этади. Илм шу билан одамлар орасида ёйилади. Масалан, кимдир тажвид илмидан хабардор. У инсонларга Қуръон ўқишни таълим беради. Яна кимдир, тафсир илмини билади. Бундай одам ўзгаларга Қуръон маъноларини тушунтириб беради. Хуллас, ҳар ким имкони даражасида Қуръон илмлари тарқалишида ҳисса қўшади. Ҳадис шарифда айтилишича, Қуръонни аввал ўзи пухта ўрганиб, кейин бошқа мусулмонларга ўргатган инсон мусулмонлар ичида энг афзали саналади. Аллоҳ таоло Қуръон йўлида хизмат қилган кишилар мартабасини жуда баланд кўтарган.

Энди ўзимизга савол берайлик: ичимизда неча фоизимиз Қуръон ўқишни билади? Қанча одам Қуръонни бошидан охиригача бехато ўқий олади? Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда? Нима учун Қуръон ўқимаймиз? Нима учун устимизга хотиржамлик, хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик тушишини истамаймиз? Ахир Қуръон касалликларимизга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилинган-ку! Мусулмонман, деган ҳар бир инсон, кунда-кунора Қуръон ўқийди, уни ўрганади, ўқиганини тушунишга ҳаракат қилади.

  1. Қуръон билан даволаниш. Мана шу ҳақ уламолар тарафидан алоҳида зикр қилинади. Сабаби, Қуръон мўмин бандалар учун шифодир. Бандалар Қуръон билан қалбларидаги маънавий иллатларга даво топадилар. Жумладан, эътиқоддаги тойилиш, ҳасад, кибр, нифоқ, худбинлик каби маънавий иллатлар айнан Қуръон билан даволанади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Хабар берганимиздек, бугун, 7 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Бухоро вилоятига ташрифлари бошланди.

Тошкентдан уламолар, диний соҳа раҳбарлари йўлга чиққан Афросиёб тез юрар поезди Бухоро вилоятига етиб борди. Муҳтарам устозларни Бухоро вилояти ҳоким ўринбосари Эркин Мажидов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов, вилоятдаги соҳа вакиллари томонидан кутиб олиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, юртимизнинг таниқли уламлари сафарнинг илк ташрифини Бухоро вилоятидаги масжидларда пешин намозини адо этиб, маърифий маъруза қилиб бердилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

6 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий диний таълим муассасаси ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2021-2022 ўқув йилининг бошланиши ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбар ва маcъул ходимлари, вилоят вакиллари, мартабали меҳмонлар, ўқитувчи ва талабалар, ота-оналар иштирок этди.

Маросимлар давлат мадҳияси, Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра таълим муассасалари раҳбарлари ва мартабали меҳмонлар сўзга чиқиб, талабаларни мутақилликнинг 30 йиллик байрами, янги 2021-2022 ўқув йилининг бошланиши ва қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, таълим муассасаларининг биринчи курсига ўқишга кирган талабаларни билан табриклаб, дуои хайрлар қилдилар.

Шундан сўнг таълим муассасаларининг барча гуруҳларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Мустақиллик дарси” ўтказилди. Ушбу дарслар махсус видео слайдлар асосида олиб борилди.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун олий диний таълим муассасаларига 216 нафар, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 270 нафар, жами 486 нафар абитуриентлар талабаликка қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда барча олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида жами 2212 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 425 нафар малакали педагог-ўқитувчи дарс бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Истанбул тижорат университети ректори Южел Огурлу халқимиз номига ўзининг байрам тилакларини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– Ўзбекистон мен учун алоҳида қийматга эга бўлган юртдир. Тарихий боғлиқлигимиз бир ёнда, қардошлик ришталаримиз бир ёнда. Чунки бизнинг чуқур илмий-маънавий илдизларимиз бугунги Ўзбекистон тупроғига бориб туташади. Буюк маданиятимизнинг бешиги бўлган Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон каби қуббатул илм марказлари замонавий Ўзбекистон чегараларида экани юртингиз обрўсини янада оширади.

Ўзбекистон замини нафақат туркий тилли ва ислом дунёси, балки бутун башарият учун илм сарчашмаси бўлиб хизмат қилган. Бу заминда туғилиб вояга етган, ўзидан биз авлодларга буюк мерос қолдирган уламолар, орифлар дунё аҳлини ҳануз лол қолдириб келмоқда. Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг юрагидир.

Фурсатдан фойдаланиб қардош ўзбек халқини истиқлол айёми билан табриклайман. Мустақиллик шодиёнаси абадий бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top