muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 02 تموز/يوليو 2021 00:00

Давлат герби – мустақиллик тимсоли

2 июль – Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қабул қилинган кун

1992 йил 2 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир.

Бугун ушбу муқаддас рамзни каттаю кичик бирдек қадрлайди. Унда жонажон Ўзбекистонимизнинг том маънодаги асл тасвирини кўради. Гербимизга ҳар бир ҳамюртимиз алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлиши мамлакатимизда эзгу қадриятга айланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби. Пурвиқор тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб турибди. Бу эса ўхшаши йўқ диёримиз мафтункорлигига ўзига хос ишорадир. Гербнинг юқори қисмида республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Рамз марказида бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston», деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда, лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, ярим ой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланган.  

“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилган.

Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат мамлакатимизда мактабгача таълим масканлари, мактабларданоқ ёш авлод онгига сингдирилади. Бу эса улғайиб келаётган ўғил-қизларда ўзи туғилиб ўсган юрт тақдири учун дахлдорлик, ватанпарварлик, фидойилик, Ватан учун чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ҳақидаги қонун қабул қилинган кун муносабати билан жойларда белгиланган тадбирлар кенг миқёсда, кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилиши режалаштирилган. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотлар ҳамкорлигида “Давлат герби – мустақиллик тимсоли!” шиори остида маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Уларда таниқли олимлар, ёзувчилар, шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, эстрада хонандалари, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестрлари иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Ушбу санага бағишлаб телемарафонлар, Давлат гербининг аҳамияти, уни улуғлашга қаратилган интерфаол маданий-маърифий тадбирлар, флешмоблар, анжуманлар ўтказилади. Буларнинг барчаси Давлат гербининг аҳамиятини ёш авлод онгига янада мустаҳкам сингдириш, уларни улуғ аждодларимизга муносиб, юртпарвар инсонлар этиб камолга етказишдек мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.  

 

Назокат Усмонова, ЎзА

Бугун, 1 июль куни уламоларимиз Тошкент шаҳридаги ташрифлари давомида Ҳомиджон домла Ишматбеков Юнусобод туманидаги “Умар ибн Хаттоб”, Диний идора раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Мирзо Улуғбек туманидаги “Авайхон”, Шайх Абдулазиз Мансур “Юнусобод”, Салоҳиддин домла Шарипов “Мулла Холмирза”, Муҳаммадайюб домла Ҳомидов “Юнусобод оқтепа”, Нуриддин домла Холиқназаров “Камолиддин Ориф ал-Бухорий”, Аброр Мухтор Али домла “Муҳаммад Носир ҳожи”, Абдуқаҳҳор домла Юнусов “Мирза Юсуф” жоме масжидларида пешин намозини жамоат билан адо этдилар.

Ибодатдан сўнг уламоларимиз масжид қавмига бир-биридан гўзал маъруза қилиб бердилар. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар, янгилик ва хушхабарлар, динимиз аҳкомлари, таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, уламоларимиз мўмин-мусулмонларни шаръий ва ижтимоий саволларга батафсил жавоб бердилар.

***

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Юнусобод туманидаги “Меҳнатобод” маҳалласидаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, яхши сўзлар билан уларнинг кўнглини кўтардилар, ҳақдорларга “Вақф” фондининг ёрдам пулларини етказдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда.
Тафсилотларни кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الخميس, 01 تموز/يوليو 2021 00:00

ҲАР ИЛМНИНГ БИР БИЛУВЧИСИ БОР

Нақшбандий йўлининг буюкларидан Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу ёшлик чоғларида устози Шайх Садриддин ҳазратларидан тафсир дарси олаётганларида, ушбу оятга келдилар:

اُدْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

яъни: “Парвардигорингизга тазарруъ билан ичингизда (махфий) илтижо (дуо) қилинг! Зотан, У (Аллоҳ) ҳаддан ошувчи кимсалар (яъни эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчилар)ни севмас” (Аъроф сураси 55 оят)
Шайх Садриддин ҳазратлари оятнинг тафсирини ўқиб бўлгач, Абдулхолиқ Ғиждувоний устозларидан шуни сўрадилар:
Устоз! Бу оятдаги махфий дуо ва зикр қандай қилинади? Шояд инсон, зикр ва дуони очиқ қилса, инсонлар кўради ва эшитади. Зеро бунда риё таҳликаси бордур. Агарда уни ўзи ичида қиладиган бўлса, унда уни шайтон фаҳмлаб қолади. Чунки ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

اِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ اِبْنِ آدَمَ مَجْرَى الدَّمِ

яъни: “Албатта шайтон, томирлар ичида қон юргани каби, инсоннинг ичида юради”, деганлар. Инсонларга ва шайтонларга сездирмасдан Ҳақ таолони қандай пинҳона зикр қилиш мумкин?
Устоз ҳазратлари бу берилган саволни ҳайрат билан қарши олдилар ва "Болам! Бу ладуний, илоҳий бир илмдур. Аллоҳ таоло хоҳласа сени дўстларидан бири билан учраштиради ва у сенга бу пинҳона зикрни ўргатади" деди.
Хожа ҳазратлари ўзларига бу пинҳона зикрни ўргатувчи дўстни кута бошладилар. Ниҳоят Аллоҳ таоло аввал Хизр алайҳиссалом ила, ундан сўнг эса буюк ориф Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари билан учраштирди. Хизр алайҳиссалом нафий ва исбот (ла илаҳа иллаллоҳ) зикрини махфий қилишни ўргатдилар. Юсуф Ҳамадоний қуддиса сирруҳу эса унинг тарбияси билан машғул бўлдилар. Натижада инсонларга иршод йулини кўрсатувчи буюк зот бўлиб етишдилар.
Хўжа Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳу ҳам Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг халифаси ва Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг йўлдоши эдилар. Бу икки буюк валий айни манбалардан тарбия олганлар.

 

Бухоро вилояти Бухоро шаҳар

"Хўжа Исмат" жоме масжиди муаззини

Ҳамдамов Ҳусайн Мухторович

Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Мирзо Улуғбек туманидаги “Авайхон” ва “Мулла Холмирза” жоме масжидларига яқин ҳудудда жойлашган маҳаллалардаги эҳтиёжманд, ташвиши бор, кўнгли чўккан инсонлар ҳолидан хабар олди. Уларнинг кўнглини яхши сўзлар билан кўтариб, диний-маърифий китоблар тўпламларини ҳадя қилдилар, ҳақдорларга “Вақф” фондининг ёрдам пулларини етказдилар.

Суҳбатлар давомида Иброҳимжон домла Ҳақ таоло суйган бандаларини имтиҳон қилиши, банда бу синовларга рози бўлиб, бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эдику, дея шукрона қилиши, ҳар қандай ҳолатда тоат-ибодат, хайрли ишларни кўпайтириши, тилидан шукрона тушмаслиги лозимлиги, мамлакатимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ушбу ташрифлар ҳам халқимизга маърифат улашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ҳар томонлама ёрдам бериш, тегишли муаммоларни ҳал этиш каби эзгу ишлар мақсад қилинганини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top