muslim.uz
Лондон масжиди соғлиқни сақлаш ходимлари ва муҳтожларга ифторлик беради
Рамазонда Лондондаги энг йирик масжид маҳаллий шифохонада муҳтожларга ва Миллий соғлиқни сақлаш хизмати ишчи-ходимларига минглаб ифтор беради. Ҳар йили Шарқий Лондон масжиди ва Лондондаги мусулмонлар марказида Муқаддас Рамазон ойи давомида қуёш ботиши билан юзлаб одамлар ифторда бўлишади.
Бироқ бу коронавирус билан боғлиқ чекловлар туфайли 2021 йилги Рамазон ойида мумкин бўлмайди ва масжид унинг ўрнига яқин Қироллик Лондон касалхонасида ишчиларга ва муҳтож маҳаллий одамларга ифтор тарқатади.
"Ҳар йили масжидда қиладиган асосий ишларимиздан бири ифторга келган бир неча юз кишини боқишдир. Бироқ ҳозирги кунда давлат директивалари диний муассасаларни фақат намоз учун очишга рухсат беради ва шунинг учун ифторни ўтказа олмаймиз", - дейди масжид жамоатчилик билан алоқалар ва ОАВ менежери Хизар Муҳаммад.
Ифторлик эҳсонлар билан молиялаштирилади ва ҳар бир таом 3 фунт ($4.12) туради.
Islam.ru маълумотларига кўра, 2020 йилда эҳсонларнинг катта миқдори туфайли ва миллий изоляция шароитида масжид ёпилгани учун Бангладешдаги ифторлар молиялаштирилган эди.
"Ўтган йили кўплаб хайр-эҳсонларимиз бор эди, бу бизга кўпроқ одамларни-нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам боқишга имкон берди", - дея қўшимча қилди Муҳаммад.
Озиқ-овқат ҳар хил, лекин ҳар доим гўшт ва вегетариан варианти, шунингдек, мева, хурмо ва бир шиша сув ёки шарбат бор.
"Қироллик Лондон касалхонаси яқинимизда жойлашган ва миннатдорчилик белгиси сифатида биз изоляциянинг бутун даврида ходимларни озиқ-овқат билан таъминлаймиз. Рамазон ойида бу таомлар ҳафталик эмас, кунлик бўлади", - дейди Муҳаммад.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазоннинг 22 баракаси
Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Уларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан 22 тасини келтириб ўтамиз:
1. Рамазонда Қуръоннинг баракаси:
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида «Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у Зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг: Қуръони карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобининг шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ баракотли ой эканлигини билдиради.
2. Рамазонда рўзанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Ҳадиси қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур», –деди. Имом Муслим ривоят қилганлар.
3. Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Хар кеча бир нидо қилувчи: «Эй яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй ёмонликни истовчи, бас қил», – деб нидо қилади», – дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
4. Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднингбаракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
5. Рамазон ойида садақанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У Зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
6. Рамазонда ифторнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики, ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жала: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари» , деб айтди», дедилар.
7. Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади.бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.
8. Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида: «Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни)қабул қилгин. Албатта, Сен ўзинггина эшитувчи, билувчисан», демоқни васият қилдилар.
9. Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор», дедилар. Бошқа бир ҳадисда «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
10. Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Чунки Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.
11. Рамазонда саҳарликни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда: «Бизларнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ», деганлар.
12. Рамазонда фитр садақасини баракаси: Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилган хато ва камчиликларни тўлдириш учун беради. Фитр садақаси Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.
13. Рамазон ойида умранинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир», деганлар.
14. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
15. Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки уришса, мен рўзадорман», десин», дедилар.
16. Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос», дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.
17. Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара сураси, 187-оят).
18. Рамазоннинг ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:
Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сураси 184-оятида:«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим», деб марҳамат қилган.
Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.
19. Рамазонда жаннатнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло рамазонниг хар кунида жаннатини зийнатлайди», деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги айтилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди.«Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.
20. Рамазонда истиғфорнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар», дедилар.
21. Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:
Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловат қилар эдилар.
22. Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:
Рамазонда барча тоатлар жамланади. Мисол: намоз, рўза, кечқурун қоим бўлиш, Қуръонни хатм қилиш, умра, ифторлик қилиб бериш, истиғфор, тавба, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.
Обид МИРҲАМИДОВ,
Чирчиқ шаҳри бош имом-хатиби
Рамазон ойи муносабати билан қутловлар
Бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарларидан, таниқли дин арбобларидан самимий қутловлар келмоқда.
Мактубларда хорижий ҳамкорларимиз томонидан Ўзбекистон Президенти ва кўп миллатли халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром билдирилиб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.
Қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси
Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев
Бирлашган Араб Республикаси Президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён
Тунис Республикаси Президенти Қаис Саид
Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Таббун
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос
Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ал Саид
Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ
Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II
Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум
Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён
Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг бош котиби Юсуф ал Усаймин
Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажар
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳоди Сулаймонпур
Миср Бош имоми, Ал-Азҳар университети раҳбари Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб.
Қутловлар келишда давом этмоқда.
Саҳарлик фазилатлари
Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Рамазон ойида яқин Шарқнинг 20 мамлакатидаги муҳтожларга 100 миллион дона озиқ-овқат берилади
Бирлашган Араб Амирлиги расмийлари энг йирик "100 миллион порция озиқ-овқат" хайрия тадбири бошланганини эълон қилишди. Бу ҳақда Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум маълум қилди.
Озиқ-овқат яқин Шарқнинг 20 мамлакатларида кам таъминланган оилаларга тарқатилади. Ҳаракат рўзани бошлаган мусулмон муқаддас Рамазон ойининг бошланиши билан бир вақтга тўғри келади. Озиқ-овқат барчаси 30 кун давомида тарқатилади.
"Кампания БААнинг ирқи, дини ёки миллатидан қатъи назар, аҳолининг энг заиф қатламларига ёрдам бериш учун инсонпарварлик тамойилларини акс эттиради", - деб маълум қилди Муҳаммад Ал Мактум жамғармаси матбуот хизмати.
Хайрия акцияси ташкилотчилари ўз акцияларининг бир қисми сифатида маблағ йиғишни эълон қилишди. Озиқ-овқат банкининг минтақавий тармоғи ва БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан аллақачон ташаббусни қўллаб-қувватлашлари эълон қилинди.
Islam.ru маълумотларга кўра, БАА ҳукумати ташаббуси "10 миллион порция озиқ-овқат" деб номланган ўтган йилги кампаниянинг давоми бўлди. 2020 йилда Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг жамғармаси коронавирус пандемиясидан зарар кўрган одамларга озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш учун уни минтақа миқёсида ўтказди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати