muslim.uz
Мусулмонлар билан машҳур бўлган АҚШдаги Мичиган штати
2015 йилда Мичиган штатидаги олтита шаҳардан тўрттаси мусулмонлардан иборат бўлган ва Америка тарихида илк маротаба шаҳар кенгашининг кўпчилик аъзолари мусулмон бўлган.
Мусулмон аҳолиси билан машҳур бўлган Мичиган ҳудуди 2021 йилга келиб АҚШнинг олтинчи йирик штатига айланди (биринчиси Иллинойс штати).
Мичиган штатидаги Хамтрамк - Шимолий Америкада ва АҚШда мусулмонлар яшайдиган биринчи шаҳар ҳисобланади. 2010 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, шаҳар аҳолиси 22423 кишини ташкил этган. Хамтрамк Мичиган штатининг энг гавжум шаҳарларидан биридир.
Хамтрамк йигирманчи асрда Полша-Америка ҳаёти ва маданиятининг маркази сифатида танилган эди, аммо сўнгги 30 йил ичида шаҳарга, айниқса Яман ва Бангладешдан янги муҳожирлар кириб келди. Натижада шаҳар тузилиши тубдан ўзгариб кетди.
1970 йилда аҳолининг 90 фоизи полшаликлар эди, аммо бугунга келиб Мичиган штатининг бой ҳудудларида иммиграция сабаб аҳолининг атиги 11 фоизини поляклар ташкил этади холос.
Бугунги кунда Хамтрамк шаҳри кўплаб муаммолардан азият чекмоқда. Шаҳарда бир нечта автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарадиган заводларнинг ёпилиши бир неча юзлаб аҳолининг ишсиз қолишига олиб келди. Иқтисодий вазият аҳолининг тахминан 49,1% статистик мезонларга кўра, камбағал деб таснифланган. Оқибатда бу Хамтрамкни Мичиганнинг энг қашшоқ шаҳрига айлантирди.
Freep маълумотлар базасида ёзилишича, ҳозирда поляклардан кейин босниялик мусулмон муҳожирлар шаҳарда энг кўп европалик иммигрантларни ташкил қилади. 2015 йилда Хамтрамк шаҳар кенгашининг олтитасидан тўрттаси мусулмон бўлган ва Америка тарихида биринчи марта шаҳар кенгашларининг кўпчилиги мусулмон бўлган.
Кейинги миграция тўлқинларига албанлар, македонияликлар ва украинлар кирган. 2001 йилга келиб Бангладеш, Босния ва Ироқдан кўплаб халдей насронийлари шаҳарга кўчиб келишди. 2011 йилга келиб, Хамтрамк аҳолисининг тахминан бешдан бир қисмини осиёлик ташкил этарди. (Жануби-ғарбий осиёликлар бундан мустасно). 2003 йилдан бери Хамтрамк шаҳрида 30 дан ортиқ тилларда сўзлашув жараёни амалда ва аҳоли тўртта динга амал қилиб келмоқда. Ислом, насронийлик, ҳиндуизм ва буддизм.
2000 йилларда шаҳарда расмий равишда фаолият олиб юритаётган масжидда азон чақирилиши учун шаҳар кенгашидан рухсат сўралган. Бироқ мусулмонлар ва диний фаоллар масжидни қўллаб-қувватласа-да, баъзи динга қарши фаоллар бу даъватга қарши чиқишди. 2004 йилда шаҳар кенгаши бир овоздан масжидларда азонни оммавий равишда эфирга узатиш ҳуқуқини берди ва АҚШнинг кам сонли шаҳарларидаги масжидда азон садоси янгради. Айни пайтда шаҳарда 4 та масжид мавжуд.
Хуршид Маъруф тайёрлади
42 ёшида қория бўлди
Туркиянинг Коня вилоятида яшайдиган уч фарзанднинг онаси Жоҳида Шан 42 ёшида қориялик бахтига мушарраф бўлди.
У бошланғич мактабни тамомлагач, анча йилгача таълимни давом эттира олмаган. Турмуш ўртоғининг ва фарзандларининг қўллаб-қувватлаши билан аввалига ўрта мактаб ва лицейни сиртдан тамомлади, кейин эса ижтимоий фанлар ва илоҳиёт касб-ҳунар олий мактабларида ўқиди. Қирқ ёшида эса Қуръони каримни ёдлашга қарор қилиб, уйлари яқинидаги Қуръон курсига қатнай бошлади.
«Аллоҳ 42 ёшда қорияликни насиб қилди. Жуда ҳам хоҳлагандим. Қарийб 2 йил давом этди. Уй ишлари ва бошқа ишлар билан қийналиб қолган пайтларим бўлди, турмуш ўртоғим ва болаларим ҳар доим қўллаб-қувватлашди. Жуда ҳам хурсандман», – дейди Жоҳида Шан.
azon.uz
Тўрақўрғонда ноёб китоблар хазинаси топилди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг Мозори кўҳна қишлоғида X асрга оид ва XX аср бошларида ёзилган ноёб китоблар топилди.
Мазкур қишлоқ номи бундан беш аср муқаддам ёзилган «Жоме ул мақомат», «Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби» асарларида Бозори кўҳна шаклида ёзилган. Қишлоқда Абдуғафур Ҳакимовни кўпчилик яхши ном билан эслайди. Бутун аждодлари мулла бўлиб, элни илм олишга чорлаган марҳум Абдуғафур ота хонадонида бир сандиқ китоб топилди. У ерда X асрга оид ҳамда XX аср бошларида ёзилган ноёб асарлар мавжуд.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА
Бир савол сўрасам: Еган, ичганларимизнинг савобини ўтганлар руҳига бағишлаш мумкин-ми?
— Кўпинча овқатлангандан сўнг “едик, ичдик, савобларини ўтганлар руҳига бағишладик”, деб дуо қилинади. Инсон овқат тановул қилса ҳам савоб бўладими, бунинг ҳикмати нимада? Аслида дастурхонга нима деб дуо қилиш керак?
— Қилинган барча яхшиликнинг савобини ўтганларга бағишлаш жоиз. Шунингдек, таом бериш каби яхшиликлардан ҳосил бўлган савобни бағишлаш шариатимизда бор. Таомдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо қилар эдилар. Шуниси суннат.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон дастурхонлари йиғиштирилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз”, дер эдилар” (Бешовларидан фақат Имом Муслим ривоят қилмаган).
Имом Бухорийнинг ривоятида: “Бизга кифоя қилган ва бизни қондирган, Ундан ўзга кифоячи йўқ ва инкор ҳам қилинмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дейилган.
“Сунан” соҳибларининг ривоятида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомларидан фориғ бўлсалар: “Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар”, дейилган.
Муъоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таом еса-ю, кейин: “Шуни менинг куч-қувватимсиз менга таом қилиб, ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилингай”, дедилар” (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларига бағишланган музейга ташриф
Малайзия Бош вазири Муҳиддин Ясин Мадинадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таржимаи ҳоли ва Ислом цивилизацияси халқаро музейига ташриф буюрди. Музей Бутунжаҳон мусулмонлар лигаси томонидан бошқарилади ва Исломнинг адолат, тинчлик, раҳм-шафқат, бағрикенглик ва мўътадиллик ҳақидаги ғояларини тақдим этишни мақсад қилган.
Ясин музейнинг турли бўлимларида бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари тасвирланган экспонатларга алоҳида қизиқиш кўрсатди.
Бу ерга келувчилар араб тилидан ташқари инглиз, испан, урду, француз, турк ва индонез тилларида ҳам маълумот олиши мумкин. Кўргазмада ўнлаб расм ва интерфаол дисплейлар мавжуд. Шунингдек, бу ердаги 4DX кинотеатрда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларига бағишланган фильмлар намойиш этилади.
Islam.ru маълумотларига кўра, кўргазмадаги йигирма беш павильондан бирида аёлларнинг Исломдаги ўрни, унинг тарқалишида аёлларнинг ўрни ўйнагани ҳақида ҳикоя қилинади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати