muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 25 تشرين1/أكتوير 2017 00:00

Масжид ва черковнинг қўшничилиги

Ушбу иккита диний даргоҳ турли конфессия бўлишига қарамасдан бир-бири билан яхши қўшни бўлиб келмоқда.

Индонезиянинг пойтахти Жакартада истибдод давридан қолган протестантлар черкови ёнидан замонавий масжид барпо этилган.   Ушбу иккита диний даргоҳ турли конфессия бўлишига қарамасдан бир-бири билан яхши қўшничилик қилиб келмоқда. Аксар аҳолиси мусулмон бўлган ва мамлакатнинг аҳоли энг зич яшайдиган шаҳрида уларнинг дўстона муносабатлари турли кўринишда намоён бўлмоқда.  Айниқса, жума ва якшанба кунлари масжид ва черков бир-бирининг автопаркидан фойдаланади. Шунингдек, рамазон  ойида насронийлар ибодатхонаси мусулмонлар масжидига ифторликлар чиқаради.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади


الأربعاء, 25 تشرين1/أكتوير 2017 00:00

Ҳазрати Али (р.а.)нинг Ҳасан (р.а.)га насиҳати

«Ўғлим! Мeн сeнга бир насиҳат қиламан. Агар шу насиҳатимга амал қилсанг, сeнга табибнинг сира ҳам кераги бўлмайди:

қорнинг очмагунча таом ема;

қорнинг тўймасидан ейишдан тўхта;

овқатни яхшилаб чайна;

уйқуга ётишдан олдин ҳожатга бориб кeл».

Ушбу насиҳат замирида кўп ҳикматлар бор. Ҳозирги замон илм-фани, хусусан, тиббиёт фани бу ҳикматларнинг айни ҳақиқат эканини тасдиқлади. Аммо орадан ўн тўрт аср ўтгандан кейингина, узоқ йиллик тажрибалардан кейин, кўплаб адашиш ва хатолардан кейингига шу хулосага келди.

Минг афсуски, бугунги кунда биз мўмин-мусулмонлар бу насиҳатларга амал қила олмаяпмиз. Шунчалик шошамизки, вақтимиз бўлгандагина, икки ишнинг орасида, қорнимиз очмаса ҳам, кейин вақт бўлмайди деб, овқат еб оляпмиз. Кўпроқ нарсага улгуришимиз кeрак деб, овқатни мўътадил чайнай олмаяпмиз. Мудом шошилиб овқатланадиган, чайнамасдан ютадиган бўлиб қолганмиз. Ваҳоланки, яхшилаб, шошилмай чайнасангиз, энг оддий таомнинг ҳам лаззатини ҳис қиласиз. Бир тажриба қилиб кўринг, оддий бир нонни 40 марта чайнаб кўринг, унинг таъмини, лаззатини ҳис қиласиз. Айни пайтда унинг яхши ҳазм бўлишига ҳам ёрдам бeрасиз.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

 

الأربعاء, 25 تشرين1/أكتوير 2017 00:00

Бола ҳуқуқи – азалий миллий қадрият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзланган серқирра нутқида юртимиз тараққиётида “аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб”, “мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан” борилаётгани уқтирилди. Ушбу янги қиёфани яратиш доирасидаги бунёдкор фаолиятда болалар ҳуқуқини муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси ётганлигига алоҳида урғу берилди. Зеро, Президентимиз томонидан таъкидланганидек, “сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ”.

Нуфузли халқаро анжуманга тақдим этилган ушбу маърузада ўз ифодасини топган бениҳоя долзарб таклифлардан бири, шубҳасиз, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси бўлди. Бу таклиф бугунги дунё олдида турган асосий вазифа “...ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир” деган тезислар билан ишончли равишда асослаб берилди. Шунингдек, Президентимиз чиқишида муқаддас динимизнинг эзгулик ва тинчлик қўрғони ҳамда юксак инсоний фазилатлар сарчашмаси экани ҳам алоҳида таъкидлангани барчамизга яхши маълум.  

Юртимизнинг бугунги тараққиёти кўзгуси орқали қаралганда, мамлакатимиз раҳбарининг таклиф ва мулоҳазалари Янги Ўзбекистонда баркамол авлод тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш энг устувор вазифага айланиб бораётганига асослангани аён бўлади. Сўнгги чорак аср давомида мамлакатимизда қабул қилинган 22 та қонун, 15 кодекс ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатларида бола ҳуқуқлари ва манфаатлари ўз ифодасини топгани, бола ҳуқуқларига оид норматив ҳуқуқий базанинг мунтазам мустаҳкамланиб, унинг институционал асослари шаклланиб бораётгани ушбу фикрнинг ёрқин исботларидир.

Мамлакатимиз раҳбари нутқида баён этилган ғоялар донишманд аждодларимиз томонидан болалар ҳуқуқи масаласида тўпланган ибратли тажриба билан ҳам тўлиқ ҳамоҳангдир.

Таъкидлаш жоизки, мусулмон дунёси ҳудудидаги бола ҳуқуқига оид илк илмий-назарий ва амалий-татбиқий қарашлар тизими XIII асрда айнан бизнинг юртимизда ишлаб чиқилган бўлиб, бу ҳол инсоният тарақиётидаги беназир тарихий ҳодисадир. Гап Жиззах воҳасидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир, буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ал-Уструшаний қаламига мансуб “Жомеъ аҳком ас-сиғор” (“Бола ҳуқуқлари тўплами”) асари ҳақидадир. Айнан шу асар болалар ҳуқуқига бағишланган дунё тарихидаги биринчи ёзма ҳуқуқий манба саналади. Шунга кўра, ал-Уструшанийнинг “Жомеъ аҳком ас-сиғор” асари, шубҳасиз, умуминсоний цивилизацияда намоён бўлган ҳуқуқий моҳиятга эга бетакрор феномен сифатида баҳоланишга ҳақлидир. 

Айтиш лозимки, мамлакатимиз ҳудудларида боланинг юксак қадрият эканлиги энг қадимги даврлардан бошлабоқ тан олинган бўлиб, бу ҳол қадимги ёзма манбаларда ўз тажассумини топган. Хусусан, «Авесто», Сўғд ёзма манбалари ва ҳужжатларида ҳуқуқий моҳиятга эга миллий анъаналар ва урф-одатлар ҳамда оилавий маросимларга оид кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Шунингдек, «Ал-Ҳидоя», «Ал-Муҳит», «Мажмаъ ул-Мақсуд» каби мўътабар манбалар, шунингдек, бизгача етиб келган кўп сонли қозилик ҳужжатлари болалар ҳуқуқига оид исломга асосланган миллий қарашлар тизимини ўзида акс эттиргани бунинг далилларидир. “Жомеъ аҳком ас-сиғор” эса, ушбу соҳада эришилган ютуқларнинг чўққиси бўлди дейилса, ҳақиқатга асло хилоф бўлмайди.

Маълумки, ислом динида инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади. Тарихий Уструшана – бугунги Жиззах воҳасидан етишиб чиққан ва Марказий Осиё Ренессансига салмоқли ҳисса қўшган олимлар ичида буюк фақиҳ Муҳаммад ал-Уструшанийнинг ушбу масалага оид илмий мероси алоҳида ўрин тутади. Унинг шоҳ асари бўлган “Жомеъ аҳком ас-сиғор” болалар ҳуқуқини ўрганишга бағишланган дунёдаги биринчи ва беназир ёзма ҳуқуқий манба саналади. Зеро, XX асргача бўлган даврда инсоният тарихида болалар ҳуқуқига бағишланган бошқа асар яратилгани ҳозирча маълум эмас. Мазкур факт XII асрнинг охири-XIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига улкан ҳисса қўшган аллома ва фақиҳ Муҳаммад ал-Уструшаний илмий хизматларининг нечоғлик залворли эканини кўрсатади.

«Жомеъ аҳком ас-сиғор»да фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғилиб, тизимлаштирилган ва муайян тартибда тадқиқ этилган. Ўз асарини яратиш йўлида муаллиф ўзидан олдин яшаган 120 дан ортиқ ҳанафий фақиҳлар фикрларини ўрганиб, чуқур таҳлил қилган. Ислом ҳуқуқшунослиги оид ушбу нодир асарда болалар ҳуқуқи бўйича келиб чиқадиган муаммолар адолатли ҳал қилиниб, болаларнинг жамиятдаги хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар кўриб чиқилган. Унда ҳанафий мазҳаби бўйича болалар ҳуқуқига тааллуқли фиқҳга оид 1280 дан ортиқ фатво ўз тажассумини топган. Асарда ушбу соҳада фаолият юритадиган ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари фаолиятини ташкил этишга доир қимматли амалий кўрсатмалар берилган. Китоб ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётган мўътабар манбалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ал-Уструшаний асарининг вояга етмаган болалар ҳуқуқлари хусусида ёзилган фиқҳий асарларнинг энг мукаммали эканини кўрсатади.

«Жомеъ аҳком ас-сиғор»да ўз аксини топган диққатга сазовор жиҳатлардан яна бири шундаки, унда бола туғилмасдан аввал ҳам, туғилганидан кейин ҳам инсон ҳисобланиши, у жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан тўлиқ вояга етиб, мустақил бўлгунига қадар махсус ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидланган. Шунинг учун ҳам у бугунги исломшунослар ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба вазифасини ўташга лойиқдир.

Шу ўринда назарда тутилаётган асарнинг амалиёт билан боғлиқ аҳамияти нималарда намоён бўлади деган масала бўйича бир-икки мисол келтирайлик. Маълумки, бугунги дунёда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши қизғин тортишувларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, айрим ҳолларда бола қачондан бошлаб муайян ҳуқуқларга эга бўлади деган масалада ҳам баҳс-мунозараларга гувоҳ бўлиш мумкин. Таъкидлаш лозимки, ислом динида бола ҳуқуқлари у ҳали туғилмасдан бошлаб муҳофаза қилинади. Бунга мисол сифатида ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганини кўрсатиш мумкин. Бундан мақсад ҳомиладор аёл қорнидаги бола насабининг аниқ бўлишига эришишдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши эса, унинг энг биринчи ҳаққидир. Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Ал-Уструшаний асарининг «Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?», «Бола қачондан бола ҳисобланади?» каби бўлимларида мазкур саволларга ислом шариатига асосланган ишончли жавоблар берилган.

Хулоса қилиб айтганда, «Жомеъ аҳком ас-сиғор» асари – асрлар давомида аждодларимиз томонидан эъзозлаб келинган серқирра миллий қадриятлар ва бой ҳуқуқий мероснинг бола ҳуқуқларига оид баёнини ўзида мужассам этган бебаҳо манбалардан биридир. Бундай манбаларни янада чуқурроқ ўрганиш, уларнинг нафақат илмий доиралар, балки ундан-да кенгроқ жамоатчиликка етказиш мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган ёш авлод тарбиясига оид долзарб вазифаларнинг жадал ва сифатли ҳал қилинишига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими 

.

 

Буюк аждодларимиздан бири ал-Хоразмий 800 йилларда алгебра фани яралишига асос бўлган “Китоб мухтасар мин ҳисоб ал-жабр вал-муқобала” (“Ал-жабр вал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”) асари ёзган. Китоб номи икки муҳим алгебраик амал – ал-жабр ва ал-муқобала билан аталган. Xоразмий алгебраик амалларни, аввал тенгламаларни ечишда қандай қўлланишини баён этиб, сўнг алгебраик шакл алмаштиришларига ўтган. Акс ҳолда китобнинг мақсадини тушуниш қийин бўлар эди.

Ушбу асарни XII аср бошларида кремоналик Герардо, честерлик Роберт лотинчага таржима қилган. Ўшанда асарнинг номи қисқариб француз ва инглиз тилларида “алжебра”; немис ва рус тилларида “алгебра”  деб атала бошлаган ва фан номига айланиб кетган.

Асар муқаддимасида муаллиф китобни нима мақсадда ёзганини қуйидагича баён қилган: “Мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи “Ал-жабр вал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”ни таълик қилдим, чунки мерос тақсимлашда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда, адлия ишларида, савдода ва ҳар қандай битимларда, шунингдек, ер ўлчашда, каналлар ўтказишда, геометрияда ва бошқа шунга ўхшаш турли ишларда кишилар учун бу зарурдир”. 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА

 

 

الأربعاء, 25 تشرين1/أكتوير 2017 00:00

“Нега буниси тўққиз юз етмиш?”

Бир одам Каъбатуллоҳда туриб:

– Эй тўғриларга ёрдам этувчи, ҳаромдан қочганни қурувчи! – деб дуо қилаётган эди.

Унга одамлар “шундан бошқа дуони билмайсанми?” дейишди. Шунда у нега бундай дуо қилаётганининг сабабини қуйидагича изоҳлади:

– Мен Байтул шарифни тавоф этарканман, оёғимга теккан қандайдир нарсани эгилиб олдим. Қарасам, ичи олтинга тўла ҳамён экан. Шу ондаёқ шайтон ва иймоним мужодала этишни бошлади. “Минг тилло ҳазилакам пул эмас, кам-кўстингнинг бутлаб оласан”, деди шайтон. Иймоним эса  “бу сенга ҳаром, бировнинг пули, уни кўтариб юрма, эгасини топиб топшир”, деди. Ана шу мужодала ичида эканман, қулоғимга бировнинг “Шу орада бир олтин тўла ҳамён йўқолди. ким топиб олган бўлса, олиб келсин, ўттиз тилло мукофоти бор”, дея чақириб юргани чалиниб қолди.

Минг ҳаромдан ўттиз ҳалол афзал дедим-да, ҳамённи эгасига топширдим. У хурсанд бўлиб менга ўттиз тилло санаб берди. Ўттиз тиллони чўнтакка уриб мисгарлар бозорини айланиб юрган эдим, бир араб қулнинг бир тиллога сотилишини эшитиб қолдим ва шартта уни сотиб олдим.

Орадан қанчадир вақт ўтиб, қулимнинг ёнида бир тўда араблар пайдо бўлди ва улар сирли равишда шивирлаша бошлади. Ажабланиб қулимдан нимани гаплашганларини сўрадим. У яшириб ўтирмасдан тўғрисини айтди-қўйди: 

– Мен мағриб султонининг ўғлиман. Отам ҳабаш султони билан жанг қилиб мағлуб бўлди. Душманлар мени ҳам асирга олиб бу ерларга олиб келиб сотдилар. Отам бу одамларга эллик минг тилло бериб юбормишларки, мени сотиб олиб борсинлар.  Сен менга кўп яхшилик қилдинг, ўз фарзандингдек меҳрибон бўлдинг. Мен сендан жуда ҳам мамнунман. Улар мени сотиб олмоқчи бўладилар; ҳеч ҳам камига рози бўлма, эллик минг тиллога сот мени.

Унинг айтганидек бўлди. Қулимни эллик минг тиллога сотдим. Шу қадар катта пулга хийла мол олиб Бағдодга бордим. У ерда бир дўкон очдим-да, молларимни сота бошладим. Кунларнинг бирида бир танишим келиб, у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтирди-да, “Машҳур бир тужжор бор эди, вафот этди. Ой каби гўзал қизи етим қолди. Юр сенга ўша қизни сўраб борамиз”, деб қолди. Мен ҳам рози бўлдим. Қизнинг васийларига ҳам маъқул бўлдим ва қизни никоҳимга олдим. 

Уйдаги жавонга териб қўйилган сандиқчалар ичида олтинга тўла ҳамёнлар бор эди. Уларнинг ҳаммасининг устига “минг олтин” деб ёзилган, фақат биттасининг устида “тўққиз юз етмиш” деб ёзиб қўйилган эди. Нега бундайлигини сўраганимда қизгина:

– Отам шу ҳамённи Ҳарами шарифда йўқотиб қўйган экан. Бир ҳалол одам топиб олиб қайтариб берибди. Отам ўша одамга суюнчи деб ўттиз танга берибди, қолгани шу, ичидагилар, – деди.

Унинг гапларини эшитиб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрлар қилдим. Зеро, буларнинг ҳаммаси тўғриликнинг, озгина яхшиликнинг беҳисоб барокати эди. Бўлган воқеаларни қизгинага батафсил сўзлаб бердим, бахтиёрлигимиз янада зиёда бўлди...

 Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси

Мақолалар

Top