muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 27 حزيران/يونيو 2016 00:00

Янги 2016-2017 ўқув йилига қабул бошланди

Жорий йилнинг 27 июнь кунидан бошлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасаларида янги 2016-2017 ўқув йили учун ҳужжатлар топширилиши бошланди. ЎМИнинг 16.06.2016 йил 01А/038-сонли буйруғи ижроси юзасидан қуйидагиларни акс эттирган лавҳа (доска) ташкил этилди:

Қабул ҳайъат таркиби

Қабул қилинадиган ҳужжатлар рўйхати

Ариза намунаси

Қабул қоидалари

Қабул режаси

Суҳбат ва қабул имтиҳонлари билетлари саволларидан намуналар.

Қабул жараёни учун зарур барча хужжатлар намунаси.

Лавҳ (доска)да қабул ишларининг бориши имтиҳон натижалари акс эттириб борилиши белгилаб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, ўрта махсус ислом билим юртига ҳужжатлар 2016 йил 27 июндан 5июль кунига қадар, Тошкент ислом институтига эса 27 июндан 20 июль кунига қадар топширилади.

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

الإثنين, 27 حزيران/يونيو 2016 00:00

Рамазон ва ҳалол таом

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оила аъзолари ва илм булоқлари бўлган саҳоба (розияллоҳу анҳум)ларга салавот ва саломлар бўлсин.

Таомнинг ҳалол ва ҳаромлиги инсон ҳаёти, тутган йўли, хулқу одоби ва маънавий дунёсида муҳим ўринга эга. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга ҳамда мўмин-мусулмонга қуйидагича амр қилади:

“(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) «Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман (Муъминун, 51).

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара, 172).

Ояти каримада зикр қилинган покиза нарсалар Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқали мўмин бандаларга ҳалол қилган нарсалардир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади” (Аъроф, 157).

Банда барча аъзолари ҳамда руҳий-маънавий олами билан рўза тутмоғи – энг буюк ҳамда мукаммал рўзадир. Инсон Рамазонда кўз, оғиз ва қулоқ сингари аъзоларини ҳалол бўлмаган жойларга қараш, ғийбат қилиш ва лағв нарсаларни эшитиш каби иллатлардан тийгани каби қорнини ҳам ҳаром нарсалардан асраши лозим. Банда ҳаром луқмадан сақланиш, Рамазон кундузида таом ва ичимликдан тийилиш, ифтор вақтида ҳалол бўлмаган нарсаларни емаслик билан қорин рўзасини тутади. Шунингдек, бошқалар ҳақидан қўрқиб, етимнинг ҳақини ўз ўрнига қўяди ва рибо (судхўрлик)дан емайди. Зеро рибо егувчиларга оламлар Раббиси ғазаб қилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз” (Оли имрон, 130).

“Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган” (Бақара, 275).        

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рибо ҳақида: “Аллоҳ таоло судхўрлик қилувчи, унга вакил бўлувчи, ёзиб турувчи ва гувоҳ бўлувчиларни лаънатлади. Уларнинг барчаси гуноҳда баробар”, дедилар” (Имом Муслим).

Муқаддас динимиз инсон бошқага муҳтож бўлмаслиги учун касб қилишга буюради ҳамда ҳалол ризқ талаб қилишга чақиради. Ўтган барча пайғамбар (алайҳимуссалом)ларнинг ўз касблари бўлган. Закарийё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Давуд (алайҳиссалом) темирчилик, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўй боққанлар, тижорат билан шуғулланганлар.

Аллоҳ таоло касб қилиш, ҳалол ризқ талаб қилиш ҳамда етим ва бошқаларнинг ҳақини ейишдан қайтариб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо, 10).

“Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара, 188).

“Ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).

Илм ва тақвода намуна бўлган буюк зотлар шубҳали бир луқма еб қўйсалар, қалблари ўзгариб қолар экан. Шунда қалбларини соф қилиш учун бир муддат таом ва ичимликдан тийиларканлар, натижада ўзгаришни ҳис қиларканлар. 

           Баҳриддин ПАРПИЕВ

الإثنين, 27 حزيران/يونيو 2016 00:00

Фитр садақаси

Фитр садақаси фақирларга ғамхўрлик, уларга ҳайит кунини хурсандчилик билан ўзказишлари учун кўмакдир, уни берганлар учун эса, Рамазонда йўл қўйилган баъзи камчиликларга каффоратдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини рўзадорга беҳуда ишлар ва ёмон сўзлардан покланиш бўлиши учун, мискинлар учун егулик бўлиши учун буюрдилар” (Абу Довуд ривояти).

Фитр садақаси кумуш нисобидаги, ҳожатидан ортиқча молга эга мусулмонга вожиб бўлади. Ана шу миқдордаги мулкка эга киши фитр садақасини ўзи ва ёш болаларидан бериши вожиб. Балоғатга етган фарзандлари ва хотини учун фитр садақа бериши вожиб эмас. Агар балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун, улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Фитр садақасининг вожиб бўлиш вақти ҳайит куни тонг отиш пайтидир. Шунинг учун, ҳайит кечаси туғилган чақалоқдан ҳам фитр садақа бериш вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун фитр садақаси вожиб бўлмайди.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитр садақасини одамлар намозга чиқмасдан олдин беришни буюрдилар”. Аммо бу вақтдан олдин, масалан, Рамазон кириши билан берса ҳам бўлади. Лекин намозга чиқишдан олдин бериш мустаҳабдир. Фитр садақаси вожиб бўлиб, уни беролмай қолган киши зиммасидан соқит бўлмайди.

Фитр садақаси буғдой, буғдой уни ёки ёрмасидан ё майиздан ёки хурмо ё арпадан берилади. Буғдой ё унинг уни ёки ёрмасидан ва майиздан ярим соъ (тахминан 2 кг.), арпа ва хурмодан бир соъдир. Мазкур нарсаларнинг қийматини ҳам берса бўлади.

Фитр садақаси закотга ҳақдор бўлган кишиларга берилади.

Жамшид Шодиев тайёрлади.

الإثنين, 27 حزيران/يونيو 2016 00:00

Хитой Америкадан ўзиб кетди

 

Хитойда бугунги кунда энг қувватли компьютер бўлиб ҳисобланган супер компьютер ишлаб чиқилди.

Унга Sunway Taihu Light номи берилди ва у Хитойда ишлаб чиқилган бошқа супер компьютерларни ортда қолдирди. Бундан олдинги суперкомпьютер ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган бўлсада, у Американинг Intel компанияси процессорлари билан жиҳозланган эди. Янги компьютернинг эса барча қисмлари ва жиҳозлари Хитойда ишлаб чиқарилган. Эндиликда хитойликлар дунёдаги биринчи рақамли суперкомпьютер билан фахрлансалар бўлади.

Суперкомпьютер унумдорлиги 93 петафлопсни ташкил этади, бу 1 секундда 93 квадратиллион ҳисобни амалга ошира олади, дегани. Унинг ядроси эса 10,65 миллионга тенг. Sunway Taihu Light компьютерининг 16 фоиз қуввати учинчи ўринда турган 500 нафар компьютер қуввати йиғиндисига тенгдир. Шунингдек, суперкомпьютер кам энергия сарфлаши билан ҳам ажралиб туради.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Хитойда 167 та, АҚШда эса 165 та суперкомпьютерлар мавжуд.  

                                                                                 М.Зуфарова таржимаси

 

الإثنين, 27 حزيران/يونيو 2016 00:00

Қулоқ рўзаси

Бизларга эшитиш неъматини берган Аллоҳ таолога ўзига хос ҳамду санолар бўлсин. Эшитиш одобларини таълим берган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандага берган буюк неъматлари қулоқ, кўз ва дил ҳақида шундай марҳамат қилади:

“..Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).

Қулоқ Аллоҳ таолонинг ҳузурида эшитган нарсалари ҳақида сўралур. Солиҳларлар сўзни эшитиб, уни гўзалига эргашадилар, ҳидоятни эшитадилар ва ҳақдан қулоқларини ёпмайдилар.

Қулоқ уятсиз гаплар, турли-туман маъносиз қўшиқлар, фаҳш ва адабсиз нарсаларни эшитмаслик билан рўза тутади. Яхши инсонлар Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам Аллоҳ таоло ғазаб қилмайдиган нарсаларни эшитадилар.

Башарият ичида Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган аъзоларни буйирилгандек ишлатмаганлари учун нажот топа олмайдиганлари бўлади. Бу хусусида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини  яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»..” (Аъроф, 179).

Оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда. Ҳа, уларниниг қулоқлари бор, лекин, гўзал марузани эшитмайди, уни тафаккур қилиб фаҳмламайди, эътибор қилмайди. Шунинг учун уларни эшитишида дунё ва охиратларига манфаат ҳам фойда ҳам бўлмайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ёки Сиз уларнинг кўпларини (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ёхуд англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Йўқ, асло!) Улар ҳайвонларнинг худди ўзи. Балки, (ҳайвонлардан ҳам) улар кўпроқ йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон, 44).

 Оятлардан билдикки, Еру осмонлардаги барча нарсалар, шу жумладан, ҳайвонлар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтиб, сажда ҳам қиларкан. Онгли мавжудот бўла туриб яратганни тан олмаган ва Унинг неъматларига ношукурлик қилган инсонлар яхшиликни биладиган, эгасининг хизматидан бош тортмайдиган баъзи онгсиз ҳайвонлардан бадтар экани таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло бизларни шундай бўлиб қолишдан асрасин.

Баъзи кимсалар ҳаром нағмалар, гуноҳга олиб борувчи сўзлар ҳамда дунё ва охират фойдаси йўқ лағвларни эшитиш билан оворалар. Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни тинглашдан мосуводирлар. Аслида манашу шаръий тинглаш бўлиб, буюк набавий суннатдир.

Қуръони каримни тинглаш имон, ҳидоят, нур ва нажотни зиёда қилади.

Қуръони каримни эшитиш қалбни ҳикмат, сукунат, хотиржамлик ва шодликка тўлдириб, унга ором бахш этади.

Қуръони каримга қулоқ тутиш нотўғри йўлга оғишдан, хатарли васвасалардан ва гуноҳлардан сақланишга ёрдам беради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни эшитувчилар ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз” (Моида, 83).

Ана ўшалар буюк фойдани топадилар ва энг гўзал нарсани эшитадилар.

Манбалада Аллоҳ таолони зикр қилиш, фойдали илм, жаннатни васфлаб, дўзах азобини эслатадиган, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтарадиган гўзал маруза, таълим-тарбия дурдонаси ва чиройли сўзлар қулоқнинг озуқаси деб таъкидланади. Мусулмонниниг қулоғига гуноҳга ундовчи сўз кирса, қалб уйини харобага айлантиради, ирода қасрини бузуб ташлайди, таълим-тарбия бўстонини ер билан яксон қилади. Ҳақни эшитиш қалбни ҳақиқат узра қарор топтиради. Аллоҳ таоло бизларни ҳақни эшитувчилардан қилсин.

Ҳар бир мусулмонга эшитиш неъматини берган Аллоҳ таолога ҳамд айтиши, қулоқни рабби рози бўладиган йўлда ишлатиши вожиб бўлади. Қуръон карим ва илм дарсларини эшитишни кўпайтиради, қулоқни ғийбат, лағв ва фаҳш каби гуноҳлардан  ҳамда барча Аллоҳ таолони йўлига тўсиқ бўладиган нарсалардан тияди.

Аллоҳ таоло солиҳ бандалари ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Қачонки, беҳуда гапни эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Омон бўлингиз! Бизлар нодон кимсаларни истамаймиз», – дерлар” (Қисос, 55).

  “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар” (Фурқон, 72).

Аллоҳ таоло бизларни сўзни эшитиб унинг гўзалига эргашадиганлардан қилсин. Ушбу Рамазон ойида қулоқни ҳалол бўлмаган нарсалардан тийишни одат қилиб, йил давомида унга амал қилишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.

 Баҳриддин ПАРПИЕВ

 

Мақолалар

Top