muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 05 تموز/يوليو 2018 00:00

Тил офатлари

Инсонни гўзал суратда яратиб, қаддини расо қилган, дилини иймон нури билан зийнатлаб, тилига нутқ ато этган ва жамики маxлуқотидан афзал қилган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин.

            Аллоҳ инсон қалбини илмлар хазинаси билан тўлдириб, уни раҳмат пардаси билан ёпди. Сўнгра инсон ботинни зоxирга таржима қиладиган тил билан қувватлантирилди. Ёпилган парда кўтарилди, тил ҳақни деди, нутқ равон бўлди. Бу эътибор, бу фазлдан марғуб тилдан фақат шукроналар сочилди.

            ТИЛ - Аллоҳнинг улуғ неъмати, ажибу латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлса хам итоати туфайли топадиган савоби ёхуд итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки, куфр хам, иймон  хам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир.

            Шу билан бирга ҳар қандай борлиқ ёки йўқлик, маълум ёки номаълум нарсанинг барчаси тил воситасида изоҳланади ва ҳар қандай ҳолатда ўша нарсага тил ўзининг исботи ёки инкори билан рўбарў келади. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни миниб олади, жар ёкасига ҳайдаб, халокатга судрайди. Одамлар тиллари “эккан ҳосил” лар туфайли жаҳаннамга юзтубан қулайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади.

            Бас, шундай экан, тил дунё ва оxиратга фойдаси бор нарсани гапирсин. Хозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилсин. Нима мақтовга, нима мазамматга сабаб бўлишини билганидан сўнг, гарчи оғир бўлса ҳам, билганига амал килсин. 

            Тил туфайли жуда катта xатарлар етади. Бундан сақланишнинг ягона йўли жим юришдир. Шунинг учун шариатимиз жим юришни мақтайди ва жимликка ундайди. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтган эдилар: “Жим юрган киши нажот топади” Термизий ривояти.

            Яна Расулуллоҳ (с.а.в): “Жим юриш - хикмат. (Аммо) бунга амал килувчилар кам” деган эдилар.    

 “Расулуллоҳ сўралди: Одамларнинг жаннатга киришга нима кўпроқ сабаб бўлади? 

– тақво ва гўзал xулқ, дедилар.

   Дўзаxга киришларигачи?

– иккита бўшлик: оғиз ва фарж, дедилар. Расулуллох (с.а.в)”

“Оғиз” дейилганда тил ва қорин назарда тутилган. Чунки, оғиз-тилнинг макони. Шунингдек, қоринга тушадиган нарса хам факат оғиз орқали ўтади.

Абдуллох Сакафий дейди: “Расули акрамга шундай дедим:

– Эй Аллохнинг Расули, махкам ушлашим керак бўлган нарсани айтинг.

– Роббим Аллох дегин, сўнг тўғри бўл, дедилар.

– Эй Расулуллох, мен учун нимадан кўпроқ xавфланасиз? Сўрадим. Тилларини

ушладилар,   

   сўнгра:

– Мана бу! Дедилар.”

Расулуллоҳ (с.а.в) нинг шундай деганлари Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Одам боласи эрталаб уйқудан уйғонган пайтда, жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: “Орамизда сен Аллоҳдан (кўпрок) қўрқ! Чунки, сен тўғри бўсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз хам эгри йўлга кетиб коламиз”.

Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: “Сўзлаётган тил борки, албатта, унинг олдида Аллоҳ турибди. Бас, нима деяётганини англаган киши Аллоҳдан қўрқсин”.

Исо алайҳиссалом: “Ибодат ўн қисмдир. Шундан тўққистаси жим юришда ва биттаси одамлардан узлатда” деди.

Расули акрам дейдилар: “гапи кўп одамнинг йиқилиши кўп. Йиқилиши кўп одамнинг гуноҳи кўп. Гуноҳи кўп одам жаҳаннамга лойикдир”.

            Тил билан бировни ғийбат қилиш харом қилинди. Чунки, унда биродарининг нуқсонини, агар ўзи эшитса, xафа бўладиган бирор камчилигини ўзгага билдириш бор. Шунингдек, кимнидир қоралаш маъноси яширинган барча феллар – киноями, имо-ишорами, кўз қисишми, хатда ёзишми, xуллас, шу мақсадни англатадиган барча ҳаракатлар ғийбат худудига киради ва у xаромдир.

“Айтилишича, қабр азоби уч қисм: бири ғийбат, бири чақимчилик, бири бавлдан эҳтиёт бўлмаслик туфайлидир”.

Ҳасан Басрий дейди: “Аллоҳга қасамки, ғийбат мўмин кишининг динига таом жасадга етганидан ҳам тезрок таъсир қилади”.

Абу Xурайра дейди: “Биродарингизнинг кўзига тушган заррани кўрасиз-у, жонингизга туташаётган оловни кўрмайсиз”.

Абдулла Авлоний ўз мисраларида шундай ёзади: “Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз, тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз”.

Умар розияллоҳу анҳу шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таолонинг зикрини маҳкам тутинг, чунки у шифодир. Одамларни гапиришдан сақланинг, чунки у дардддир”

            Аллоҳ таоло барчаларимизни ўз ҳидоят йўлида бардавом килсин.

 

Манбалар асосида Хўжаобод тумани

“Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Муҳаммадқуддус Абдулманнон тайёрлади.

Бугун, 5 июль куни Нурсултон Назарбоевнинг таклифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга сафар қилади. Бу ҳақда "uznews.uz" хабар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг 6 июль куни Остона шаҳрининг ташкил топишининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган байрам тантаналарида иштирок этиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевнинг таваллуд айёми билан табриклаган эди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу баракотуҳ! Жуда кўп мусулмон халқимиз чет элда ўқиш ва ишда юришади. Улар мусулмон бўлмаган халқлардан совға ёки пул олса бўладими?

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Ҳадяни олиш жоиз.

Савол: Ассалому алайкум устозлар! Ишим нақд пул билан боғлиқ. Қўлимдан жуда кўп нақд пуллар ўтади. Жуда кўп одамлар бозордан чорва моллари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, полиз экинлари ва сабзавотлар сотиб олиш мақсадида пластик картасидаги пулларини 5%-7% бўлса ҳам пул қилиб беришимни сўрайди, лекин бу ишни ҳалол эмас деб эшитганман. Сизларнинг фикрингиз қандай? Бу касб билан шуғуллансам бўладими, ахир бу маҳсулотлар ҳеч қайси бозорда пластик картага сотилмайди-ку?

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Бу иш ҳаромдир, рибодир. Тенгма-тенг миқдорда нақд қилиб бермаслигингиз шариатда гуноҳ-рибо, қонунда жиноятдир.

Савол: Ассалому алайкум, қадрли устозлар, олиб бораётган ишларингизга Аллоҳим ажру савобини барокотли қилиб берсин. Саволим шундан иборатки, ўғлимнинг исмини Муҳиддин деб қўйганмиз, бу исм Қуронда борми, бор бўлса маъносини айтсангиз ёки ўғлимнинг исмини Мухриддин деб ўзгартирсам бўладими? Мухриддиннинг ҳам маъносини айтсангиз.

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Муҳйиддин исми "Динни жонлантирувчи" деган яхши маънода. Ҳужжатига Муҳиддин ёзилиб қолган бўлса ҳам, Муҳйиддин деб чақиринглар. Бу исм Қуръонда зикр қилинмаган. Ҳар бир яхши маъноли исм Қуръонда зикр қилинган бўлиши шарт эмас.

 

Барча жавобларга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери, сиёсий партиялар раҳбарлари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ҳар бир ёш жамиятда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Хусусан, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувлар амалиётга жорий этилмоқда. Мамлакатимизда 30 июнь Ёшлар куни сифатида биринчи марта кенг нишонланди.

Аммо ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд. Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини “кўз-кўз” қилишга ўхшаб қолаяпти. Жойлардаги 4 сектор раҳбарларининг аксарияти ҳали ёшлар масаласи билан фаол шуғулланмаяпти. Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг бу борадаги ишлари қониқарсиз. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари жонбозлик кўрсатаяпти, деб бўлмайди. Аксинча, бу масъул лавозимлар айрим ҳолларда вакант бўлиб қолмоқда.

Бунинг оқибатида ёшлар жиноятга қўл уришининг олди олинмаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келиши бунинг тасдиғидир. Мамлакат бўйича жиноят содир этган 22 минг шахснинг 11 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, бу кўрсаткич Андижон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, айниқса, юқорилигича қолмоқда.

Қашқадарё вилоятида жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этган. Бу кўрсаткич Андижон вилоятида 57, Сурхондарё вилоятида 43, Жиззах вилоятида 42 фоизга тенг.

Афсуски, нафақат уюшмаган ёшлар, балки коллеж ва мактаб ўқувчилари орасида ҳам жиноятларни сезиларли даражада камайтириш таъминланмаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 371 ўқувчи жиноят содир этган. Коллеж ўқувчилари жиноятлари сони Сирдарё, Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларида кескин ошган. Мактаб ўқувчилари жинояти асосан Жиззах, Навоий, Бухоро, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади.

Хоразм, Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида вояга етмаганлар томонидан қотиллик жиноятлари содир этилгани янада аянчлидир.

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида бошқа вилоятлардан келиб, қаровсиз ва назоратсиз юрган 1 минг 700 га яқин вояга етмаганлар аниқланган, уларнинг 500 нафари мактаб ва 670 нафари коллеж ўқувчиларидир.

Шу муносабат билан Ёшлар иттифоқи, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарларига ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш, қаровсизлик ва назоратсизликнинг олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин қисқартиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Айни пайтда ички ишлар идораларида профилактика ҳисобида турувчи вояга етмаганлар учун ташкил этилаётган “Тарбия-спорт оромгоҳлари” ишини тубдан қайта кўриб чиқиш ва натижадорлигини таъминлашга қаратилган аниқ тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ёшлар ўртасидаги муаммолар, жумладан, жиноятчиликнинг илдизи аксар ҳолларда ишсизликка бориб тақалади. Жойларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида жиддий муаммолар мавжуд. 1 минг 700 дан зиёд меҳнат ярмаркаси ўтказилганига қарамай, уларда иштирок этган ёшларнинг атиги 5 фоизигина ишга жойлаштирилгани, сўнгги бир йилда 509 минг нафар ёшлар узоқ муддатга чел элларга чиқиб кетгани ишга масъулиятсиз ёндашувдан далолат беради.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.

Айни вақтда ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шароит яратиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилмоқда. Бунинг учун мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспортлари ишлаб чиқилди.

Қуйи Чирчиқ тумани мисолида оладиган бўлсак, бу ерда ёшларнинг ҳисоботларда кўрсатилганидек 2,5 минги эмас, балки 6,3 мингдан зиёди ишсиз экани аниқланган. Туман ёшларини қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилган. Ижтимоий-иқтисодий вазият ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигидан келиб чиққан ҳолда, тумандаги 37 та маҳалланинг 13 таси “оғир”, 18 таси “қониқарсиз” ва 6 таси “қониқарли” тоифага ажратилиб, уларни босқичма-босқич “яхши” тоифасига ўтказиш бўйича манзилли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, “Ёшлар меҳнат гузарлари” ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилди, бўш иш ўринлари ярмаркаси ва бошқа тадбирлар натижасида 1 минг 200 дан зиёд ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди, тадбиркорлик фаолияти учун ёшларга 2,3 миллиард сўм кредит ажратилди.

Ушбу тажриба асосида Ёшлар куни арафасида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланди ва уни барча туман ва шаҳарларда амалга ошириш бошланди. Дастур ижроси учун Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилди. Бу тузилма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит берилади. Дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринлари миқдори аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, ҳар бир фермерга биттадан банд бўлмаган ёшни бириктириш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари муваффақиятга эришган ёш тадбиркорлар орасидан 2 ҳафта муддатда Жамғарманинг туман ва шаҳар филиаллари раҳбарларини тайинлаш, Инвестиция ва Ижтимоий масалалар комплексларининг республика ва ҳудудий органлари ҳамда тижорат банклари ходимларининг 30 фоизини лавозими ва иш ҳақини сақлаган ҳолда, янги тузилмага, унинг туман ва шаҳар филиалларига бириктириш лозимлигини таъкидлади.

Дастур ижросини самарали мувофиқлаштириб бориш учун Бош вазирга Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссияси аъзоларини ҳар бир ҳудудга шахсан масъул этиб бириктириш ҳамда улар бошчилигида давлат идоралари, жамоат ташкилотлари раҳбар ходимлари ва вилоят прокурорларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлар ташкил этиш вазифаси топширилди.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар ҳафта камида икки кун уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиши, энг аввало, бандлигини таъминлаш чораларини кўриши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, уларни музей, театр ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этиш орқали бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш зарур.

Фарзанд тарбияси ва юриш-туришидан огоҳ бўлмасак, уларни илму-ҳунарга ўргатмасак, кўзи меҳнатда қотмаса, муносиб иш топиб бермасак, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш қийин бўлади, деди Президентимиз.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган таъсирчан, амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда ушбу долзарб ишга сенаторлар, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини фаол жалб этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зотан, халқ вакиллари сифатида депутатлар корпуси ёшлар келажаги учун ҳаммадан ҳам кўпроқ жон куйдириши лозим. Улар жойларда сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, амалий учрашув ва тадбирлар орқали мазкур Дастур ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши, ҳудудларда фаолият олиб борадиган ишчи гуруҳларга амалий ёрдам кўрсатиши зарур.

Вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва туғруқлар сони кўпайгани билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Афсуски, эрта турмуш қуриш ва ажрашиш муаммоси бўйича жойларда фақатгина ота-оналарни айбдор қилиш билан чекланиш ҳоллари кузатилмоқда. Аслида бўлар иш бўлганидан кейин эмас, балки салбий ҳолатларни юзага келтирмаслик учун олдиндан манзилли ишлаш тизимини жорий этиш керак.

Шу муносабат билан Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликларига бу йўналишдаги ишларни танқидий қайта кўриб чиқиш ва таъсирчан чора-тадбирларни белгилаш вазифаси топширилди.

Видеоселекторда мутасадди ва жойлардаги раҳбарлар жам бўлгани боис айни кунлардаги яна бир долзарб масала – ғўза парвариши билан боғлиқ чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Бу йил об-ҳавонинг қуруқ ва салқин келиши сабабли ғўза ривожи 10-15 кунга, баъзи жойларда 20-25 кунга кечиккани қайд этилди. Ғўза парваришидаги қолоқликни бартараф этиш, кафолатланган ҳосил яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда 5 июлдан 5 сентябрга қадар “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” эълон қилинди. Бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.

 
ЎзА

Жорий йилнинг 15 июль кунидан бошлаб хорижий фуқаролар Ўзбекистонга кириш визасини олиш учун дипломатик вакиллик ёхуд Ўзбекистоннинг чет эллардаги консуллик идорасига расмий мурожаат қилиши шарт эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни имзолаган ҳужжатда шундай дейилади.

Маълум бўлишича, янги ташкил этилган  «E-visa.uz» кириш визаларини расмийлаштириш тизими орқали чет эл фуқаролари Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини берувчи визани қўлга киритиши мумкин.

Унга кўра, республика ҳудудига кириш ҳуқуқини берувчи визани расмийлаштириш ахборот-коммуникацион технологиялар асосида амалда оширилади.
Таъкидлаш жоизки, сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этишда кўмак берувчи бундай ташаббус Озарбойжон, Арманистон, Грузия, Ҳиндистон, Сингапур ва Туркияда ҳам йўлга қўйилган.

Ҳужжатга кўра, виза 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва ундан тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида фойдаланиш мумкин.

Виза олиш учун мурожаат юборилган кундан ташқари, 2 кун ичида кўриб чиқилади. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун 20 АҚШ доллари миқдорида бож тўланади.



ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top