muslim.uz

muslim.uz

السبت, 30 حزيران/يونيو 2018 00:00

Саламнинг шартлари

Саламнинг шартлари: саламга қўйиладиган нарсанинг жинсини (мисол учун, буғдой) навини (суғориладиган), сифатини (яхши) ва муддатини (фалон куни) баён қилишдир. Унинг ози бир ойдир.

Шунингдек, кайлий, вазний, ададий нарсаларда раъсулмолнинг ва нақл қилишга харажат кетадиган нарсаларда топшириладиган маконнинг ҳам баён қилишини шарт.

Тарафлар бир-биридан айрилишидан олдин сармояни қўлга олиш саламнинг боқий қолиши шартидир.

Қўшимча маълумотлар

Савдогарлик (тожирлик) касбларнинг энг яхшиси, энг шарафлиси саналади. Фақат савдо одобларига риоя қилгандагина, савдонинг ҳалол бўлишига эришилгандагина, у хайрли ва баракали бўлади. Одобимиздаги барча тартиб-қоидалар кишилар ўртасида чиқиши мумкин бўлган низо-келишмовчиликларнинг олдини олишга, уларни бартараф қилишга қаратилган.

Сотувчи ва олувчи молнинг (ёки хизматнинг) нархига келишганларидан сўнг сотувчининг «сотдим», олувчининг «олдим» сўзлари каби ҳар икки томоннинг розилигини ифодаловчи барча мувофиқ сўзлар билан савдо амалга ошган ҳисобланади. Агар тарафлардан бирортаси рози бўлмаса, савдо ҳалол бўлмайди.

Сотувчи ҳам, олувчи ҳам ақлли бўлишлари керак, телба-жинни кишилар ва фойда-зарарни билмайдиган ёш болалар билан савдо қилинмайди.

Сотувчи «Сотдим», деса-ю, аммо харидор ҳали «Олдим», демаган бўлса, сотувчи «Йўқ, сотмайман», дейишга ҳақли. Олувчи ҳам молнинг сифати қониқтирмай қолса ёки нархи ёқмаса, савдони бузиш ҳуқуқига эга.

Сотилаётган нарса мавжуд ва олувчига уни топшириш мумкин бўлиши керак. Йўқ нарсани, йўқ бўлиши хавфи бор нарсани (масалан, етилмаган мева ёки дон, овланмаган қуш ёки балиқни) сотиб бўлмайди.

Сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ёки уни сотишга сотувчининг ваколати бўлиши керак. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас.

Сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар қўйилмаслиги, савдога икки тараф ҳам рози бўлиши, мол насияга сотилганда пулини тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошқа молларни харидор қабул қилиб олиши лозим. Агар юқорида саналган шартлардан бирортаси бўлмаса, бу савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.

Сотувчи молнинг нави, жинси, масдари, харажатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай, ҳақиқий сифати билан харидорларга айтиши керак.

Сотувчи ҳам, олувчи ҳам ўзаро муомалада бағрикенг бўлишлари лозим. Яъни сотувчи молнинг нархидан тушиб бериши, олувчи ошиқроқ тўлаб, ҳиммат кўрсатиши керак.

Савдода ҳатто гапи рост бўлса ҳам, қасам ичишдан, айниқса, Аллоҳ номи билан қасам ичишдан тийилган маъқул. «Қасам молни бозоргир қилса-да, баракасини кетказади».

Сотувчиларнинг тарозидан (метр ва бошқа ўлчовлардан) уриб қолишлари катта хато – гуноҳ ҳисобланади. Агар унинг кам тортиб ёки ўлчаб бераётганини кўрсангиз, «Тўғри тортинг», деб танбеҳ берасиз, агар кўнмаса, бошқа ҳалол сотувчидан харид қиласиз. Танбеҳни қабул қилиб, тўғри тортиб берса, пулини тўлаб, молни оласиз. Агар кам тортганини кейин билиб қолсангиз, етмаган миқдорнинг ҳақини сотувчидан талаб қиласиз, истасангиз, молини бериб, тўлаган пулингизнинг ҳаммасини қайтариб оласиз.

Қуйидаги нарсаларнинг савдоси дуруст (ҳалол) бўлмайди:

 – ҳаром ўлган ва истеъмоли тақиқланган нарсалар (қон, ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, хамр, чўчқа ва унинг гўшти кабилар) савдоси;

 – савдоси ҳалол молни ҳалол бўлмаган молга қўшиб сотиш. Масалан, ҳалол сўйилган молнинг гўштини ҳаром ўлган мол гўштига қўшиб сотиш (бунда ҳар иккаласининг ҳам савдоси бузилади);

 – ҳалол молни ҳаром мол эвазига сотиш ёки айрибошлаш. Масалан, газмол бериб, чўчқа гўшти олиш ёки аксинча;

– сувдаги балиқни, осмонда учиб юрган парранда-қушларни тутиб олмасдан, тоғдаги ўтинни териб-тўпламасдан илгари сотиш;

– савдо қилинганда харидорга топширишга қодир бўлинмаган нарсаларни сотиш. Масалан, тутиб, ҳовузга ташлаб қўйилган балиқ каби;

– харидорга берганда ўзи зарар кўрадиган нарсаларни (масалан, уйининг тўсин-хариларини) сотиш;

– алданиш эҳтимоли бор нарсаларни (масалан, она қорнидаги болани) сотиш;

– аниқ бўлмаганидан жанжалга сабаб бўладиган нарсани (масалан, қўй устидаги жунни қирқмай туриб) сотиш;

– дарахтдаги мевани ундан узиб, қуритилган мевага чамалаб сотиш;

– одам аъзоларини (масалан, сочи, сути) сотиш;

– ҳаром ўлган мол-қўйларнинг терисини ошламай (ҳўлини кетказмай) туриб сотиш;

– сотган нарсасини пулини тўламай туриб, сотган нархидан арзонга сотиб олиш;

– савдо тақозо қилмаган, аммо сотувчи ёки олувчидан бирига фойдали бўлган шарт билан сотиш мумкин эмас.

– турли жинсли молларни айрибошлашда бир-бирига тенг қилиб, нақд (яъни бир жойда) айрибошлаш лозим. Агар бири иккинчисидан ошиқ ёки насия бўлса, рибо (судхўрлик) бўлади. Масалан, юз килограмм гуручни бир юз ўн килограмм гуручга, рўпарада турган арпани насия буғдойга алмаштириб бўлмайди, бу рибо ҳисобланади.

Харидорга дағаллик қилмай, мулойим гапириш, молни ҳадеб мақтамаслик, молнинг айбини яшириб, қалбаки, сифатсизини сотмаслик, агар харидор молни қайтариб келса, унга зарар етмаган бўлса, савдо битимини бузиш, харидорнинг ҳақидан уриб қолмаслик, мўътабар одамнинг пули етмай қолса, насияга бериш, бозор талабидан ошириб сотмаслик кабилар нарса сотишнинг одобларидандир.

Молни ҳалол пулга сотиб олиш, бозор нархидан камга олмаслик, сотувчига қўпол муомала қилмаслик, уни «Молни қаердан келтирдинг?», «Қанчага сотиб олдинг?» каби саволлар билан овора қилмаслик, сотиб олган нарсасини сотувчига қайтармаслик, сотувчидан тортилган (ўлчанган) нарса устига яна озгина кўпайтириб қўйишни талаб қилмаслик, харид қилган нарсасини идишга солиб, ўраб олиш нарса сотиб олишнинг одобларига киради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

("Бозор ва унга боғлиқ масалалар" китобидан)

السبت, 30 حزيران/يونيو 2018 00:00

Британия шаҳзодаси Ақсога келди

Қуддусга сафар уюштирган Буюк Британия шаҳзодаси Уильям мусулмонлар учун муқаддас саналадиган масжидлардан бўлмиш Ақсога ташриф буюрди.

"Al-Arabiya" нашрининг ёзишича, Британия қироллик оиласи аъзоси ўзининг Яқин Шарққа қилган бир ҳафталик турнеси давомида Қуддуснинг қадимий қисмида ҳам бўлди.

Бунга қадар шаҳзода Фаластинда давлат етакчиси Маҳмуд Аббос ва қочоқлар лагерида яшаётган фаластинликлар билан учрашганди.

Тель-Авивда эса Исроил бош вазири Нетаньяху билан учрашди.



ЎМИ Матбуот хизмати

الجمعة, 29 حزيران/يونيو 2018 00:00

АҚШда йирик ҳалол кўргазма ўтказилади

Жорий йилнинг 30 июнь куни АҚШнинг Калифорния штатида йирик "Halal Fest" номли йирик кўргазма ташкил этилади. Ушбу кўргазмада ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва тайёрловчи компаниялар, ошпазлар ва етказиб берувчилар иштирок этадилар.

Тадбир доирасида араб ошхонаси ярмаркаси, Ўрта ер денгизи, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари ошхоналарининг кўргазмаси ташкил этилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, кўргазмага ташриф буюрган кишилар ҳалол косметика, парфюмерия, бижутерия ва бошқа маҳсулотлар билан танишишлари мумкин.



ЎМИ Матбуот хизмати

Ингушетияда намозга чақириқ бўлган азон айтилиши учун ягона вақт тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу таклиф диний соҳа вакиллари ва Ингушетия Республикаси раҳбари томонидан ҳам мақулланган.

Ушбу масала кўп бора кўтарилган бўлсада ечимсиз қолдирилган. Ёнма ён жойлашган турли масжидлардан 5-10 дақиқа фарқ билан азон овозининг эшитилиши мамлакат меҳмонлари олдида уятли ҳолатларга сабаб бўлаётгани қайд этилган.



ЎМИ Матбуот хизмати

Озарбайжон Республикасида дин уламоларининг ягона базасини яратиш билан боғлиқ ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда islam-today нашри хабар берди.

Озарбайжонда ташкил этилган "Диний таълим: бугунги ҳолат ва мақсадлар" номли анжуманда нутқ сўзлаган Илоҳиётшунослик институти ректори Жейхун Мамедов бу ҳақда ўз нутқида айтиб ўтди. Таълим вазирлиги билан ҳамкорликда диний таълимнинг янги стандартлари ишлаб чиқилаётгани ҳам таъкидланган.

Эндиликда мамлакатда турк тилида бўлган бўлажак имомлар учун дарсликлар ўрнига янги ўқув қўлланмалар тайёрланади.

Маълумот учун, жорий йилнинг бошида Озарбайжонда Илоҳиётшунослик институти ташкил этилиши айтилган эди. Ушбу даргоҳнинг жорий йилнинг сентябрь ойидан ўз фаолиятини бошлаши маълум қилинди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top