muslim.uz
"ВАҚФ" фонди 3 та қишлоқни сув билан таминлади
Барча рост ҳам дегулик эмас
Оммавий ахборот воситалари ҳам бозор тартиботлари асосида мавжуд бўлади, яъни оммавий ахборот воситалари ахборот сотади. Сотаётган ахбороти қанчалик қизиқарли ва ўқишли бўлса, кўраётган даромади ҳам шунча салмоқли бўлади. Шунингдек, муайян оммавий ахборот воситасида фаолият юритадиган журналистлар ҳам бозор талаби асосида ишлайди. Шунинг учун ҳам дунё бўйича энг қизиқарли, шов-шувли ахборотга ҳарислик тобора авж олмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг функцияси фақат ахборот узатиш билан ниҳоясига етмайди. Улар шу аснода жамоатчилик фикрини ҳам шакллантиради. Шунинг учун ҳам “Бутун бошли армиядан бир дона газета хафлироқдир”, деган эди француз императори Наполеон.
Шу хусусиятни эътиборга олиб, “Оммавий ахборот воситалари” тўғрисидаги қонуннинг 11-бандида муассисга; 20-моддасида ҳомийларга таҳририятнинг ижодий фаолиятига аралашиш тақиқлаб қўйилган. Чунки холислик ва ҳаққонийлик четда қолиб, ОАВ ёритилаётган масалага муассис ва ҳомийларнинг манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашишга мажбур бўлиб қолиши мумкин.
Компьютер технологияларининг бемисл ривожланиб бораётгани халқ минбарининг ҳам кенгайиб боришига, янги-янги, порталлар, сайтлар, ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишига, газета, журналлар, соҳалар, ташкилотлар, блогерлар, барча-барча Интернетда ўзининг минбарини яратишига қулайлик яратмоқда. Аммо Интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли баъзилар одоб-ахлоқ, рост-ёлғон, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғуларга, қонун-қоида каби давлат ва жамият меъёрларига риоя қилмаётгани ҳам кўзга ташланмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (Қоф сураси, 18-оят).
Ушбу ояти каримадан ҳар биримизнинг, яъни журналистларнинг ҳам айтганларимиз ва ёзганларимизни бизга муаккал бўлган фаришталар ёзиб бориши, вақти етиб дафтаримиз кўтарилганда бугун ёзганларимиз эртага ўзимизнинг фойдамизга ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда.
Шундай экан, одамларни ҳайратга соладиган, уларни ўзига жалб қиладиган хабарларни топганимизда бошқалар ҳам хабар топиб қолмасидан биринчи бўлиб биз берворайлик, дея шошилмасдан ушбу хабарнинг ростми ёки ёлғон эканини текшириб олиб, ундан кейин уни эълон қилиш ёки қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилмоғимиз даркор. Зеро, Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Банданинг гуноҳкор бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дея биз умматларини қулоғимизга чалинган ҳар бир гапни гапириб, ёзиб юриб гуноҳга ботиб қолишимиздан қайтарганлар.
Демак, бизга ҳам минбар тегиб қолибди, деб ҳовлиқмасдан сўз айтиш, ёзиш борасида донишманд боболаримизнинг ўгитларига ҳам қулоқ солсак, фойдали бўлади. Жумладан, Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Хирадманд улдурким, ёлғон демас, аммо барча чин, дегулук ҳам эмас”, деб насиҳат қилганлар.
Бинобарин, ёлғон айтиш қатъиян мумкин бўлмагани каби баъзи ростлар борки, мардлар у ростлар ҳақида асло сўз очишдан, қалам юритишдан ҳаё қиладилар. Чунки у нарсалар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси ҳақидадир.
ОАВда тарқатилган хабарларнинг ҳаққоний, қонунларимизга, миллатимиз маънавиятига, одоб-ахлоққа, инсонларнинг қадр-қимматига зиён етказмайдиган бўлиши билан бирга, уларни одамларнинг онги қабул қиладиган ҳам бўлмоғи даркор. Акс ҳолда ахборот муаллифи ўзининг бошига кўп ташвишлар орттириб олиши мумкин.
Бу ҳақда “Қобуснома” муаллифи ўз бошидан ўтказган қуйидаги воқеани ёзган. Ҳикоя узунроқ бўлгани учун қисқача мазмунини айтиб қўя қоламиз. Кайковус бир йили Ганжада меҳмон бўлади. Ганжа ҳукмдори Абу Суворнинг унга ҳурмати баланд бўлиб ҳар доим анжуманларга ва зиёфатларга уни чақиради. Бир сафар суҳбатда Кайковус Гургоннинг Сиёвак деган қишлоғида булоқдан сув олишга борган аёллардан бири кўзасини бошқа бирига бериб ўзи йўлни тозалаб боришини, чунки у ерда кўк қурт борлигини, агар аёллардан бири бехосдан ўша қуртни босиб олса, ҳаммасининг кўзасидаги суви бадбўй бўлиб қолишини айтади. Унинг бу гапини эшитган подшоҳ юзини ўгириб олади. Шу бўйи уни асло чақирмай қўяди. Изтиробга тушган Кайковус одам ёллаб Гургонга жўнатади. У одам Сиёвакка бориб, қишлоқ улуғларидан ҳақиқатан шундай қурт борлиги ва унинг Кайковус айтган хусусиятга эга эканини тасдиқловчи хат олиб келгунча тўрт ой вақт ўтади.
Кайковус хатни подшоҳга олиб киради. Абу Сувор хатни ўқиб жилмаяди ва унга: “Рост гапирганингизга шубҳам йўқ эди, аммо сиздек донишманд одамнинг икки юз киши гувоҳлик бериши зарур бўладиган гапни айтишга нима мажбур қилганига ажабланган эдим”, дейди.
Тезкорликда биринчи бўламан, ҳаммани лол қолдирадиган материал ёзаман, дея арзон шуҳратга учиб, холислик ва ҳаққонийликни бой бериб қўйиш, аслида катта йўқотишдир. Бу – журналистика қонун-қоидалари ҳамда этикасига ҳам тўғри келмайди. Ахборот ортидан қувиш керак, лекин журналистиканинг олтин қоидаларини четлаб ўтмаслик лозим. Бугун юртимизда фаолият юритаётган баъзи ижтимоий тармоқлар, хусусан, Интернет сайтларида ана шундай ҳолатлар кузатиляптики, бундай масъулиятсизликлар аҳоли, хусусан, ёшларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб уларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.
Шунинг учун ҳам ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таолонинг, Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимизнинг ибратлари, кўз ўнгимизда эса азиз ватандошимизнинг сиймоси, шаъни, қадр-қиммати пайдо бўлса, зиммамиздаги сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик, деб умид қиламиз. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъмин этувчи муҳим омил ҳам шу эмасми, ўзи!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Анаснинг кўзи
Шомнинг “Солиҳия” маҳалласида “Муҳйиддин ибн Арабий” номли хайрия жамияти бор. Жамиятнинг бош котиби ажойиб, фозил киши Абу Файсал эди. У ушбу жамиятда фақиру муҳтожларга моддий ёрдам, беморларнинг дориси учун пул, толиби илмларга кўмак бериб турарди. Бу ишларни фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун қиларди.
Унинг Анас исмли кичкина ўғли бор эди. Кунларнинг бирида у кўчада болалар билан ўйнаб юрган пайтда ўртоқларидан бирининг қўлидаги ўткир учли темир учиб келиб, Анаснинг ўнг кўзига тегиб, жароҳатлади. Болани дарҳол шифохонага олиб борилди. Докторлар текшириб, “Вазият оғир. Болакайни кучлироқ шифокорга кўрсатиш керак” деб, кучлироқ мутахассисларга хабар беришди. Мутахассислар келиб кўришгач, отасига:
“Эй Абу Файсал, боланинг кўзини зудлик билан ўйиб олиб ташлаш керак. Акс ҳолда, чап кўзига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин” дейишди. Ота:
“Бундан бошқа бирор йўли борми?” деб сўради. Шифокорлар:
“Йўқ” деб жавоб беришди.
“Агар бирорта махсус шифохонага олиб борсакчи?” деб сўради Абу Файсал. Докторлар:
“Фойдаси йўқ. Чунки биз кўз муолажасига ихтисослашган бошқа шифохоналарда ҳам фаолият олиб борамиз” дейишди. Абу Файсал:
“Агар хорижий давлатдаги кучлироқ мутахассисга кўрсатсакчи?” деди. Шифокорлар:
“У ерларда ҳам бир иш чиқмайди. Сизга маслаҳатимиз шуки, бу ишни тез амалга ошириш керак” дейишди.
“Демак, умуман иложи йўқ-а?” деб сўради отаси. Докторлар:
“Ҳа, шундай” дейишди. Шунда бечора ота:
“У ҳолда майли, нима қилиш керак бўлса, шуни қилинглар” деди.
“Эртага эрталаб соат еттида амалиётни ўтказамиз” дейишди докторлар.
Абу Файсал айтади: “Шифохонадан чиқиб, уйимга пиёда кетдим. Йўлма-йўл йиғлаб, Роббимга “Эй Роббим, ўғлимнинг кўзини даволашдан шифокорлар ожиз бўлишди. Мен Сенинг бандангман. Ўғим Анас ҳам Сенинг бандангдир. Эй Роббим, мен Сенинг розилигинг учун бандаларингга хизмат қилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қиламан” деб муножот қилдим. Туни билан намоз ўқиб, зикр қилиб, Қуръон тиловат қилиб, ўғлимга шифо сўраб йиғлаб чиқдим. Тонг отгач, бомдодни ўқидим. Кейин пиёда шифохонага қараб юриб кетдим. Бир соатдан кейин ўғлимни амалиёт хонасига олиб киришлари керак. Шифохонага етиб бориб, ўғлим ётган қаватга кўтарилдим. Унинг хонасига яқинлашиб бораётганимда ичкаридан аёлим чиқиб қолди. Аёлимни ўғлимнинг ёнида қолдиргандим. У мени кўриб, “Эй Абу Файсал, келинг, Анасни кўринг” дея қичқириб юборди. “Унга нима бўлди?” деб сўрасам, у “Анаснинг (ўнг) кўзи ҳам кўряпти” деб жавоб берди. Ўғлимнинг олдига кириб, кўзи устидан боғланган бинтни олгандим, у “Отажон!” деб қувониб кетди. Кейин “Бу стол, бу чироқ...” деб хонадаги нарсаларни бирма-бир кўрсата бошлади. Мен “Анас, сен мени кўряпсанми?” деб сўрасам, у “Ҳа, сизни кўряпман” деди”.
Абу Файсал аёлидан “Нима бўлди?” деб сўради, аёли “Эрталаб ҳамшира кирди. Ўнг кўзини очиб, уни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш учун ювмоқчи бўлди. Шу пайт Анас атрофидаги ҳамма одамларни кўраётганини айтиб бақирди” деб жавоб берди.
Бироз вақт ўтиб, соат олти яримда шифокор келди. Ярим соатдан кейин болакайни жарроҳлик амалиётига олиб кириши керак. Ота қувонч билан: “Ўғлим кўряпти” деди. Доктор ҳайрон бўлиб боланинг ўнг кўзини кўрдию, “Бунинг кўзига ҳеч нарса бўлмабди-ку! Жарроҳлик амалиёти нега керак?!” деди. Иккинчи шифокор келиб кўргач, у ҳам “Бу болакайнинг кўзлари соппа соғ” дейди. Учинчи табиб келиб болани кўрди, кейин отасига қараб, “Эй Абу Файсал, ўзинг нимадир қилдингми?” деб сўради. “Мен ҳеч нарса қилмадим. Бу ишни қилган Зот Маликул мулук (подшоҳларнинг Подшоҳи бўлмиш Аллоҳ таоло)дир. Мен Унинг бандаларига яхшилик қилгандим. У менинг ўғлимга шифо ато этди” деб жавоб берди.
Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини кўзлаб қилинган яхшиликни мукофотсиз қолдирмайди. Унинг мукофотини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам беради. Шунинг учун яхшилик қилишга шошилайлик! Биродаримизнинг юзига табассум ила боқишми, фақирларга таом беришми, ташна инсонларни сув билан суғоришми, қарздорнинг қарзини узишга ёрдам беришми, хуллас, қандай солиҳ амал бўлса ҳам бажаришга, қўлимиздан келганича ортимиздан яхшиликлар, яхши ном, яхши из қолдиришга ҳаракат қилайлик!
Шайх Муҳаммад Хайр Шаъъолнинг ҳикоясини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди
АҚШда муслима ночорларни боқмоқда
Имтиҳонларга тайёрланиш билан жуда банд бўлган 21 яшар коллеж талабаси Алейна Нур Сарап АҚШнинг Олбани шаҳридаги “мусулмонча шўрва ошхонаси”да кўнгиллилар иши учун вақт топа олмоқда.
islamisemya.com хабарига кўра, “Мусулмонча шўрва ошхонаси” лойиҳаси «Ал-Ҳидоя» маркази қошида ташкил этилган ва ишга туширилган. 2003 йилдан эътиборан жамиятга хизмати учун кўплаб мукофотларга сазовор бўлди.
Лойиҳа доирасида мусулмонлар уйи йўқ ва ночорларни иссиқ овқат билан таъминлашади, шунингдек ҳар йили гўшт ва гигиена тўпламларини тарқатиш билан боғлиқ акцияларни ўтказишади.
«Ал-Ҳидоя» маркази раҳбари Узма Попалнинг гапларига кўра, ёрдам учун кўпроқ бошқа дин вакиллари мурожаат қилишади. «Биз уларга ёрдам бергимиз ва шу орқали уларга Ислом таълимотининг гўзаллигини кўрсатишни истаймиз», — дейди унинг ёрдамчиси Алейна Сарап.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ушбу олимларни ажрата оласизми?
Қуртубийларни таниб олинг:
Бири тафсир китобининг соҳиби, бири эса “Саҳиҳи Муслим”га шарҳ ёзган олим. Муфассир Қуртубийнинг куняси Абу Абдуллоҳ, ҳадис шарҳлаган Қуртубийнинг куняси Абул Аббосдир.
Ибн Рушдларни таниб олинг:
Бири “Муқоддимот”, “Ҳажбул маворийс” каби китобларнинг муаллифи, бири эса “Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид” китобининг соҳибидир. Аввалгиси Ибн Рушд бобоси, кейингиси Ибн Рушд унинг набирасидир. Набира Ибн Рушд машҳур файласуф бўлиб, уни Ғарбда “Аверроэс” дейишади.
Зарқонийларни таниб олинг:
Бири “Шарҳу мухтасари Халил” китобининг соҳиби, бири эса “Шарҳи Муватто”нинг соҳиби. Аввалгиси отаси, кейингиси ўғлидир.
Қарофийларни таниб олинг:
Бири “Захийра”, “Фуруқ” китобларининг муаллифи, бошқаси Имом Моликнинг “Муватто” асарининг шарҳини ҳамда “Мухтасару Халил”ни ёзган олимдир. Биринчисининг исми Аҳмад ибн Идрис, кейингисининг исми Муҳаммад ибн Яҳёдир.
Ибн Урфаларни таниб олинг:
Бири “Китабул ҳудуд”нинг соҳиби, бошқаси Дардийрнинг “Шарҳул кабийр” асарига ёзилган машҳур “Ҳошия”нинг соҳибидир. Аввалгиси Тунисий, кейингиси Дасуқийдир.
Мозирийларни таниб олинг:
Бири “Шарҳу Талқийн” ва “Ийзоҳул Маҳсул” китобларининг соҳиби, бошқаси эса Моликий мазҳабидаги “Ат-Таълийқ ал-кабийр” китобининг соҳибидир.
Заркашийларни таниб олинг:
Бири “Мухтасарул хирақий” китобининг шориҳи, бошқаси “Ал-Бурҳон фий улумил Қуръон” китобининг соҳибидир. Биринчиси ҳанбалий мазҳабидаги олим, иккинчиси шофеий мазҳабидаги олимдир.
Шотибийларни таниб олинг:
Бири “Мувофақот”, “Иътисом” асарларининг соҳиби, бошқаси қироатлар илмига оид “Ҳирзул аманий ва важҳут таҳаний” китобининг соҳибидир.
Ибн Арабийларни таниб олинг:
Бири Имом Термизийнинг ҳадис китобларига шарҳ сифатида ёзилган “Ориза” китобининг, шунингдек, “Аҳкамул Қуръан” китобларининг соҳибидир. Бошқаси эса мутасаввиф бўлиб, “Фусус”, “Футуҳот” асарларининг соҳибидир. Икковларининг исми Муҳаммаддир.
Ибн Ҳажарларни таниб олинг:
Бири “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири “Фатҳул Борий”нинг соҳиби Ибн Ҳажар Асқалоний, бошқаси эса “Мишкот” китобини шарҳ қилган Ибн Ҳажар Ҳайтамийдир. Икковларининг исмлари Аҳмад бўлган.
Ғаззолийларни таниб олинг:
Бири “Ҳужжатул Ислом” лақаби билан машҳур бўлган аллома Абу Ҳомид Ғаззолийдир, бошқаси эса замонамизда яшаган мисрлик аллома Ғаззолийдир. Икковларининг исмлари Муҳаммад бўлган.
Нофеъларни таниб олинг:
Бири Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мавло (озод қилган қул)лари Нофеъ, бошқаси эса қироат имоми бўлиб, Варшдан ривоят қилган Нофеъдир. Икковлари ҳам Мадинада яшашган.
Жувайнийларни таниб олинг:
Бири ота Жувайний бўлиб, унинг ўғли “Имомул ҳарамайн” Абул Маъолий, “Бурҳон”, “Варақот” асарларининг соҳиби бўлган Жувайнийдир.
Ибн Касирларни таниб олинг:
Бири машҳур қироат имоми, бошқаси эса машҳур муфассирдир.
Розийларни таниб олинг:
Бири файласуф, табиб, “Ҳовий”, “Шаклар” номли китобларнинг соҳиби, бошқаси усулий олим, муфассир ва мутакаллим ҳисобланади.
Термизийларни таниб олинг:
Бири машҳур муҳаддис, ҳофиз, “Сунан” номли саҳиҳ ҳадислар тўпламининг соҳиби, бири эса Ҳаким Термизий бўлиб, “Наводир”, “Сарахс аҳли сўраган масалалар”, “Одобул муридийн” каби асарларнинг соҳиби бўлган тасаввуфий олимдир.
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади