Мақолалар

Ушбу олимларни ажрата оласизми?

Қуртубийларни таниб олинг:

Бири тафсир китобининг соҳиби, бири эса “Саҳиҳи Муслим”га шарҳ ёзган олим. Муфассир Қуртубийнинг куняси Абу Абдуллоҳ, ҳадис шарҳлаган Қуртубийнинг куняси Абул Аббосдир.

Ибн Рушдларни таниб олинг:

Бири “Муқоддимот”, “Ҳажбул маворийс” каби китобларнинг муаллифи, бири эса “Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид” китобининг соҳибидир. Аввалгиси Ибн Рушд бобоси, кейингиси Ибн Рушд унинг набирасидир. Набира Ибн Рушд машҳур файласуф бўлиб, уни Ғарбда  “Аверроэс” дейишади.

Зарқонийларни таниб олинг:

Бири “Шарҳу мухтасари Халил” китобининг соҳиби, бири эса “Шарҳи Муватто”нинг соҳиби. Аввалгиси отаси, кейингиси ўғлидир.

Қарофийларни таниб олинг:

Бири “Захийра”, “Фуруқ” китобларининг муаллифи, бошқаси Имом Моликнинг “Муватто” асарининг шарҳини ҳамда “Мухтасару Халил”ни ёзган олимдир. Биринчисининг исми Аҳмад ибн Идрис, кейингисининг исми Муҳаммад ибн Яҳёдир.

Ибн Урфаларни таниб олинг:

Бири “Китабул ҳудуд”нинг соҳиби, бошқаси Дардийрнинг “Шарҳул кабийр” асарига ёзилган машҳур “Ҳошия”нинг соҳибидир. Аввалгиси Тунисий, кейингиси Дасуқийдир.

Мозирийларни таниб олинг:

Бири “Шарҳу Талқийн” ва “Ийзоҳул Маҳсул” китобларининг соҳиби, бошқаси эса Моликий мазҳабидаги “Ат-Таълийқ ал-кабийр” китобининг соҳибидир.

Заркашийларни таниб олинг:

Бири “Мухтасарул хирақий” китобининг шориҳи, бошқаси “Ал-Бурҳон фий улумил Қуръон” китобининг соҳибидир. Биринчиси ҳанбалий мазҳабидаги олим, иккинчиси шофеий мазҳабидаги олимдир.

Шотибийларни таниб олинг:

Бири “Мувофақот”, “Иътисом” асарларининг соҳиби, бошқаси қироатлар илмига оид “Ҳирзул аманий ва важҳут таҳаний” китобининг соҳибидир.

Ибн Арабийларни таниб олинг:

Бири Имом Термизийнинг ҳадис китобларига шарҳ сифатида ёзилган “Ориза” китобининг, шунингдек, “Аҳкамул Қуръан” китобларининг соҳибидир. Бошқаси эса мутасаввиф бўлиб, “Фусус”, “Футуҳот” асарларининг соҳибидир. Икковларининг исми Муҳаммаддир.

Ибн Ҳажарларни таниб олинг: 

Бири “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири “Фатҳул Борий”нинг соҳиби Ибн Ҳажар Асқалоний, бошқаси эса “Мишкот” китобини шарҳ қилган Ибн Ҳажар Ҳайтамийдир. Икковларининг исмлари Аҳмад бўлган.

Ғаззолийларни таниб олинг:

Бири “Ҳужжатул Ислом” лақаби билан машҳур бўлган аллома Абу Ҳомид Ғаззолийдир, бошқаси эса замонамизда яшаган мисрлик аллома Ғаззолийдир. Икковларининг исмлари Муҳаммад бўлган.

Нофеъларни таниб олинг:

Бири Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг мавло (озод қилган қул)лари Нофеъ, бошқаси эса қироат имоми бўлиб, Варшдан ривоят қилган Нофеъдир. Икковлари ҳам Мадинада яшашган.

Жувайнийларни таниб олинг:

Бири ота Жувайний бўлиб, унинг ўғли “Имомул ҳарамайн” Абул Маъолий, “Бурҳон”, “Варақот” асарларининг соҳиби бўлган Жувайнийдир.

Ибн Касирларни таниб олинг:

Бири машҳур қироат имоми, бошқаси эса машҳур муфассирдир.

Розийларни таниб олинг:

Бири файласуф, табиб, “Ҳовий”, “Шаклар” номли китобларнинг соҳиби, бошқаси усулий олим, муфассир ва мутакаллим ҳисобланади.

Термизийларни таниб олинг:

Бири машҳур муҳаддис, ҳофиз, “Сунан” номли саҳиҳ ҳадислар тўпламининг соҳиби, бири эса Ҳаким Термизий бўлиб, “Наводир”, “Сарахс аҳли сўраган масалалар”, “Одобул муридийн” каби асарларнинг соҳиби бўлган тасаввуфий олимдир.

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

2806 марта ўқилди

Мақолалар

Top