Мақолалар

Барча рост ҳам дегулик эмас

Оммавий ахборот воситалари ҳам бозор тартиботлари асосида мавжуд бўлади, яъни оммавий ахборот воситалари ахборот сотади. Сотаётган ахбороти қанчалик қизиқарли ва ўқишли бўлса, кўраётган даромади ҳам шунча салмоқли бўлади. Шунингдек, муайян оммавий ахборот воситасида фаолият юритадиган журналистлар ҳам бозор талаби асосида ишлайди. Шунинг учун ҳам дунё бўйича энг қизиқарли, шов-шувли ахборотга ҳарислик тобора авж олмоқда. 

Оммавий ахборот воситаларининг функцияси фақат ахборот узатиш билан ниҳоясига етмайди. Улар шу аснода жамоатчилик фикрини ҳам шакллантиради. Шунинг учун ҳам “Бутун бошли армиядан бир дона газета хафлироқдир”, деган эди француз императори Наполеон.

Шу хусусиятни эътиборга олиб, “Оммавий ахборот воситалари” тўғрисидаги қонуннинг 11-бандида муассисга; 20-моддасида ҳомийларга таҳририятнинг ижодий фаолиятига аралашиш тақиқлаб қўйилган. Чунки холислик ва ҳаққонийлик четда қолиб, ОАВ ёритилаётган масалага муассис ва ҳомийларнинг манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашишга мажбур бўлиб қолиши мумкин.

Компьютер технологияларининг бемисл ривожланиб бораётгани халқ минбарининг ҳам кенгайиб боришига, янги-янги, порталлар, сайтлар, ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишига, газета, журналлар, соҳалар, ташкилотлар, блогерлар, барча-барча Интернетда ўзининг минбарини яратишига қулайлик яратмоқда. Аммо Интернетдаги бетизгин эркинлик сабабли баъзилар одоб-ахлоқ, рост-ёлғон, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғуларга, қонун-қоида каби давлат ва жамият меъёрларига риоя қилмаётгани ҳам кўзга ташланмоқда.

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деб баён қилган (Қоф сураси, 18-оят).

Ушбу ояти каримадан ҳар биримизнинг, яъни журналистларнинг ҳам айтганларимиз ва ёзганларимизни бизга муаккал бўлган фаришталар ёзиб бориши, вақти етиб дафтаримиз кўтарилганда бугун ёзганларимиз  эртага ўзимизнинг фойдамизга ёки зараримизга ҳужжат бўлиши аён бўлмоқда.

Шундай экан, одамларни ҳайратга соладиган, уларни ўзига жалб қиладиган хабарларни топганимизда бошқалар ҳам хабар топиб қолмасидан биринчи бўлиб биз берворайлик, дея шошилмасдан ушбу хабарнинг ростми ёки ёлғон эканини текшириб олиб, ундан кейин уни эълон қилиш ёки қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилмоғимиз даркор. Зеро, Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Банданинг гуноҳкор бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дея биз умматларини қулоғимизга чалинган ҳар бир гапни гапириб, ёзиб юриб гуноҳга ботиб қолишимиздан қайтарганлар.

Демак, бизга ҳам минбар тегиб қолибди, деб ҳовлиқмасдан сўз айтиш, ёзиш борасида донишманд боболаримизнинг ўгитларига ҳам қулоқ солсак, фойдали бўлади. Жумладан, Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Хирадманд улдурким, ёлғон демас, аммо барча чин, дегулук ҳам эмас”, деб насиҳат қилганлар.

Бинобарин, ёлғон айтиш қатъиян мумкин бўлмагани каби баъзи ростлар борки, мардлар у ростлар ҳақида асло сўз очишдан, қалам юритишдан ҳаё қиладилар. Чунки у нарсалар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси ҳақидадир.

ОАВда тарқатилган хабарларнинг ҳаққоний, қонунларимизга, миллатимиз маънавиятига, одоб-ахлоққа, инсонларнинг қадр-қимматига зиён етказмайдиган бўлиши билан бирга, уларни одамларнинг онги қабул қиладиган ҳам бўлмоғи даркор. Акс ҳолда ахборот муаллифи ўзининг бошига кўп ташвишлар орттириб олиши мумкин.

Бу ҳақда “Қобуснома” муаллифи ўз бошидан ўтказган қуйидаги воқеани ёзган. Ҳикоя узунроқ бўлгани учун қисқача мазмунини айтиб қўя қоламиз. Кайковус бир йили Ганжада меҳмон бўлади. Ганжа ҳукмдори Абу Суворнинг унга ҳурмати баланд бўлиб ҳар доим анжуманларга ва зиёфатларга уни чақиради. Бир сафар суҳбатда Кайковус Гургоннинг Сиёвак деган қишлоғида булоқдан сув олишга борган аёллардан бири кўзасини бошқа бирига бериб ўзи йўлни тозалаб боришини, чунки у ерда кўк қурт борлигини, агар аёллардан бири бехосдан ўша қуртни босиб олса, ҳаммасининг кўзасидаги суви бадбўй бўлиб қолишини айтади. Унинг бу гапини эшитган подшоҳ юзини ўгириб олади. Шу бўйи уни асло чақирмай қўяди. Изтиробга тушган Кайковус одам ёллаб Гургонга жўнатади. У одам Сиёвакка бориб, қишлоқ улуғларидан ҳақиқатан шундай қурт борлиги ва унинг Кайковус айтган хусусиятга эга эканини тасдиқловчи хат олиб келгунча тўрт ой вақт ўтади.

Кайковус хатни подшоҳга олиб киради. Абу Сувор хатни ўқиб жилмаяди ва унга: “Рост гапирганингизга шубҳам йўқ эди, аммо сиздек донишманд одамнинг икки юз киши гувоҳлик бериши зарур бўладиган гапни айтишга нима мажбур қилганига ажабланган эдим”, дейди.

Тезкорликда биринчи бўламан, ҳаммани лол қолдирадиган материал ёзаман, дея арзон шуҳратга учиб, холислик ва ҳаққонийликни бой бериб қўйиш, аслида катта йўқотишдир. Бу – журналистика қонун-қоидалари ҳамда этикасига ҳам тўғри келмайди. Ахборот ортидан қувиш керак, лекин журналистиканинг олтин қоидаларини четлаб ўтмаслик лозим. Бугун юртимизда фаолият юритаётган баъзи ижтимоий тармоқлар, хусусан, Интернет сайтларида ана шундай ҳолатлар кузатиляптики, бундай масъулиятсизликлар аҳоли, хусусан, ёшларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатиб уларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таолонинг, Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимизнинг ибратлари, кўз ўнгимизда эса азиз ватандошимизнинг сиймоси, шаъни, қадр-қиммати пайдо бўлса, зиммамиздаги сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик, деб умид қиламиз. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъмин этувчи муҳим омил ҳам шу эмасми, ўзи!

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

2596 марта ўқилди

Мақолалар

Top