muslim.uz

muslim.uz

Среда, 05 Декабрь 2018 00:00

Буюк муфассирнинг камтарлиги

Насабшунос олим Исмоил ибн Ҳусайн Ғанавий ҳикоя қилиб айтадилар:

“Машҳур муфассир олим Фахруддин Ар-Розий (маълумот ўрнида айтамиз: бу киши “Ат-Тафсийр ал-кабийр” ёки “Мафотийҳул ғойб” номли тафсир китобини ёзганлар) Марв шаҳрига келдилар. У киши қадри баланд, номи машҳур, виқорли, ҳайбатли киши эдилар. Шу даражада катта олим эдиларки, у кишининг айтган гапларини рад этиб бўлмас, ҳузурларида биров чуқурроқ нафас олишга ҳам журъат этмас эди.

Марвга келган кунларидан бошлаб улуғ олимнинг олдида дарс ўқишга интилдим. Дарс кунларининг бирида менга: “Талабаларнинг насаби ҳақида бир ажойиб китоб ёзиб берсанг дегандим. Кейин мен ўша китобнингни ўқиб, ёдлаб олардим” дедилар.

Мен устоз айтганларидек қилиб насаблар борасида бир китоб ёзиб бердим. Китобни олиб келиб, у зотга узатганимда, ўтирган курсиларидан пастга тушдилар ва ердаги бўйра устига ўтирдилар. Менга қараб: “Анави курсига бориб ўтир!” дедилар. Мен бундай қилишни ўзимга эп кўрмай, бош тортдим. Устоз мени койидилар, хафа бўлиб, баланд овозда “Айтган жойимга ўтир!” дедилар. Ҳайбатларидан чўчиб, у киши айтган курсига бориб ўтирдим.

Кейин олдимда ўтирганча менинг китобимни ўқий бошладилар. Ора-орада тушунмаган жойларини мендан сўраб қўярдилар. Шу тарзда китобни охиригача ўқиб тугатдилар. Кейин менга қараб “Ана энди истаган жойингда ўтиравер! Бу насаб илмида сен менга устозсан. Мен эса бу борада сендан фойдаланаман, сенга шогирд ҳисобланаман. Шогирд устозидан пастроқда, олдида ўтириши одобдандир ” дедилар”.

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Эй Роббим! Менинг қайтиб боришим Ўзингнинг ҳузуринггадир. Мени ҳидоятда собит қилгин, гуноҳларимни мағфират этгин ва хотимамни гўзал қилгин!

*****

Донишмандлардан бири айтди: “Онангдан дуони, отангдан насиҳатни олгин-да, ҳаётдаги мусибатлар устидан ғалаба қозон”.

*****

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўли шол бўлган кишидан унга нима бўлганини сўрадилар. У одам “Отам жоҳилият пайтида мени дуоибад қилган эди. Қўлим ўшандан бери шундай” деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Оталарнинг жоҳилият пайтидаги дуоси шунчалик бўлса, Исломдаги дуоси қандай экан!” дедилар.

*****

Баъзи одамларни йўқотамиз. Йўқ, улар вафот этишмаган. Лекин бизнинг севгимизга сабаб бўлган аввалги сифатлари ўлган.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Кўп ақлга эга бўлишинг етарли эмас, муҳими ўша ақлни ўз ўрнида ишлата олишингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Неъматларнинг яхшиларидан бири – ақлдир.

Мусибатларнинг ёмонларидан бири – жоҳилликдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Энг мустаҳкам дўстлик учрашишларнинг камлиги ҳам унга таъсир қилмайдиганидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Охирида ҳеч ким сени деб ёнингда қолмаслигини тушуниб етасан. Кўпчилик ўзининг ҳожати миқдорича ёнингда қолади-да, кейин жўнаворади.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бирорта шахсга ўз ҳажмидан кўпроқ беҳо берма, тағин сени ҳам босиб ўтиб кетмасин.

Бирорта шахсга ўз қадридан озроқ баҳо берма, тағин хафа бўлиб кетиб қолмасин.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Қийин вазиятлар одамларнинг аслини кўрсатиб қўяди. Яхши деб ўйлаган инсонларинг гумонингни пучга чиқаради. Баъзи инсонлар эса гумон қилганингдан ҳам яхшироқ эканини кўрсатади.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бир аъробий ёнидаги шеригига ғазаб қилди. Шериги ундан “Нега мендан ғазабланяпсан?” деб сўради. “Ишончи одамлардан бири менга сен ҳақингда баъзи нарсаларни айтди, шунга ғазабланяпман” деди. Шунда шериги бундай деди: “Агар ўша киши ишончли бўлганда, чақимчилик қилмаган бўларди”.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

  

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Среда, 05 Декабрь 2018 00:00

Илм – икки дунё саодати

Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мўъмин-мусулмон зиммасидаги буюк фарздир.

Қуръони каримнинг илк ояти “Ўқи” амри билан нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бешикдан қабргача илм изла, илмни Чин мамлакатидан бўлса ҳам ўрганинглар”, деб таълим берганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ таоло қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11-оят).

Муовия ибн Абу Сўфён разияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишларида фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм ҳақида яна бундай мажозий ўхшатиш сўз гапирганлар: “Иймон ялонғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси илмдир”.

Луқмони хаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”. (Имом Термизий ривоят қилган).

Абу Ҳомид Ғаззолий шундай деганлар: “Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу-зулматдан нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади”.

Аллоҳ таоло барчамизни манъфатли илм олишни, илм туфайли Ўзини жамолини кўришни насиб қилсин!

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек Маърупов

Бирлашган Араб Амирликларида фаолият олиб борувчи адвокат мамлакатда ёш оилаларнинг ажримларига тушунарсиз ва мантиқсиз бўлган ҳолатлар сабаб бўлаётганидан ташвишда эканини билдириб ўтган.

Ажрашиш учун ариза ёзган ёшларнинг ажрим учун келтираётган сабаблари адвокат Ҳасан ал Марзукини қийин аҳволга солиб қўйди. Марзукининг айтишича, яқинда бир аёл ўз эри билан никоҳ ўқилганидан сўнг ҳеч қанча ўтмасдан ажрашган. Бунга сабаб сифатида тўй маросимининг ўтказилиш жойи унинг розилигисиз ўзгартирилгани бўлган. Бу ҳақда Al Bayan нашри хабар берди.

Бошқа бир ҳолатда амирликлар фуқароси бўлган аёл ажрим учун аризани турмуш ўртоғи унинг таваллуд айёми кунини ҳамда тўйлари бўлган санани бир неча бор унутиб қўйгани учун судга тақдим этган.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, оила билан боғлиқ қадриятларнинг ёшлар томонидан тушунилмаслиги бу сингари ўйланмасдан амалга оширилаётган ажримларга сабаб бўлмоқда.

Шу сингари ҳолатларни инобатга олган ҳолда Марзуки ҳукуматга турмуш қураётганлар учун никоҳдан олдинги ўқув курсларига жалб қилишни таклиф қилмоқда. Курсларда оила масъулияти ва қийинчиликларига тайёрлаш йўлга қўйилиши зарур деб ҳисоблайди адвокат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top