muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида "Диний бағрикенгликни таъминлаш ва экстремизмга қарши курашиш асослари" мавзусида маъруза ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори ўринбосари Камол Комилов сўзга чиқди.

Тадбирда ташқи сиёсат маҳкамаси марказий аппарати, шунингдек, видеоконференцалоқа воситасида республикамизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идоралари ходимлари қатнашди.

Маърузачилар Ўзбекистон азалдан турли маданиятлар ва динлар вакиллари тинч ва ҳамжиҳатликда яшаб келган ва яшаётган замин эканини таъкидлади. Меҳмондўстлик, қалб саҳовати ва чинакам бағрикенглик ҳар доим ўзбек халқига хос бўлиб, унинг менталитети асосини ташкил қилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар" ижроси доирасида бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда 16 хил конфессияга мансуб 2 минг 300 дан ортиқ диний ташкилот рўйхатга олинган. Уларнинг 2 минг 113 таси ислом диний ташкилотлари бўлиб, жумладан, қарийб 2 минг 100 та масжид фаолият юритмоқда.

2020 йил декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни махсус кузатув рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу Ўзбекистон раҳбариятининг дин эркинлигини таъминлаш соҳасидаги изчил саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилганлигининг яна бир далили бўлди.

Анжуман якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

5. Сандалойин эв ясаб,
элдин кўрарсен сарзаниш,
Ким бу янглиғ кўрди
сандалники, еткургай судоъ.

Сандал – ёғочи қора-сариқ рангли, хуш исли дарахт.
Сандалий – сандал ёғочидан ясалган нарсалар.
Судоъ – бош оғриғи.

“Сандалолйин, яъни сандал рангли кўркам, чиройли уй қурасан-да, халқ бошингга уриб, таъна қилади, халқдан маломат эшитасан. (“Бу инсонни қаранглар, қанақа иморат қўрибди, пулинг ошиб-кетган бўлса, камбалларга ёрдам бер, қариндошларингга қараш, закот бер, мадраса ёки масжид қуриб, савобга эга бўл!” деб одамлар бошингга уради, таъна-маломат қилади.) Ахир, бош оғриғини келтирадиган сандални дунёда ким кўрибди?”
Яъни, эҳтиёждан ортиқ, риёкорона, намойишкорона қасру иморатнинг сенга нима кераги бор?

Хабарда келадики: “Одамлар баланд (безакли) иморатлар қурганда сизлар қабрларингизни безанглар”, дейилди. Қабрни безаш – қабртоши қўйиб, ўзига ҳашаматли мақбара қуриш эмас, балки қабрдаги сўроқ-савол вақтида фойда берадиган яхши амалар, солиҳ-савобли ишлардир.

Булар: ибодатлар, тиловатлар, зикрлар, садақа ва закотлар, хайр-эҳсонлар, муҳтож ва ғарибларга ёрдам бериш, илм аҳлларига эҳтиром кўрсатиб хизматларини қилиш, масжид ва мадрасалар қурилишида ҳисса қўшиш, яхши одоб ва ахлоқ соҳиби бўлиш, ғайратли, ҳимматли, саховатли, ориятли мусулмон бўлиш, инсонлар учун манфаатли инсон бўлиш каби ишлар ва хислатлардир.

Мирзо Кенжабек,
“Навоий муҳаббати”
китобидан.

Бугун, 15 март, соат 9:30 да “Имом Бухорий меросининг ўзига хос-хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуман иштирокчиларини рўйхатга олиш якунланиб, анжуманнинг асосий қисми бошланди.

Анжуманга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов модераторлик қилмоқда.

Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг хайрли дуолари билан бошланди.

Дастлаб иштирокчиларга Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар тўғрисидаги махсус фильм намойиш этилди.

Шундан сўнг унда иштирок этаётган Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллари навбат билан анжуман мавзусига доир маърузалар билан чиқиш қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

XIX асрнинг иккинчи ярми. Нурота тоғ тизмалари табиатини ўрганиш мақсадида Россиядан бир гуруҳ кимёгар ва биолог олимлар Бухоро амирлигига келишади. Орадан бир ойча вақт ўтгач, меҳмонлар ҳолидан хабар
олиш учун Амир мулла Фазлиддин Косонийни Нуротага юборади. Мулла Фазлиддин “Мир Араб” мадрасасининг мударрисларидан эди. Бир мударрисни Амирнинг вакили сифатида юборилгани ҳақида тадқиқотчи олимлар хабар топишади. Ўзларига муносиб, илм-фандан хабардор одам юборилмаганидан уларнинг энсалари қотади: “Амир бизни текшириш учун бир муллани юборибди: жуда олийнасаб, билимдон киши эмиш…”.

Шундай қилиб, тадқиқотчи олимлар содда кийинган, сийрак соқолли, камтарин муллани масхараомуз кутиб олишади. Бироқ Фазлиддин Косоний уларнинг истеҳзоларига парво қилмай, олимлар қўналғаси теварагини кўздан кечиради: ҳамма нарса бетартиб, ҳатто йўл бўйлари ўрнида ва чодирлар атрофидан ҳам ҳожатхона сифатида фойдаланилган. Бадбўй ҳиддан димоғ ёрилиб кетгудек бўларди…

Мулла Фазлиддин индамай қўлига белкурак, супурги ва челакни олдида, чор атрофдаги ахлат-нажосатларни тозалай бошлайди.
Манзарани кузатиб турган тадқиқотчилар ўзаро кўз уриштириб, масхараомуз кулишади. Айниқса, гуруҳ раҳбари Гришин: “Тақсир, биз сизни олийнасаб, мартабаси улуғ одам, деб эшитгандик, лекин қилган ишингиз ҳафсаламизни пир қилди. Ҳатто қуллар ҳам жирканадиган ишдан тап тортмас экансиз. Сиз билан гаплашишга одам ор қилади-ку?!” деди.

Шунда Фазлиддин Косоний босиқлик билан жавоб берди: – Аслзода эканлигим рост. Аммо биз теварак-атрофимиздаги ахлат-нажосатларни
тозалашдан орланмаймиз, аксинча, ифлоспалид ичра ўтиришдан ҳазар қиламиз.

Тадқиқотчиларнинг устидан биров гўё совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Улар мулла Фазлиддинга тик қарай олмай қолишди.

“Комиллик пиллапоялари” китоби асосида
“Мулла Қирғиз” ўрта-махсус ислом билим юрти
талабаси Нуриддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади.

Дубай халқаро Қуръон мукофоти ҳайъати Рамазон ойида бўладиган 24-халқаро Қуръон мусобақасида қатнашишни истаганлардан аризалар қабул қилинишини эълон қилди. Пандемия сабаб эҳтиёткорлик учун БААдаги ислом давлатлари ва айрим давлатлардаги мусулмон жамоалари вакиллари билан чекланади.

Дубай шаҳри ҳокимининг маданият ва гуманитар масалалар бўйича маслаҳатчиси ва мусобақани ташкил этиш қўмитаси раиси Иброҳим Муҳаммад Бумалҳа бундай деди: “Мамлакатдаги тегишли идоралар билан маслаҳатлашгандан сўнг Дубайдаги халқаро 24-халқаро Қуръони карим мусобақасини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди. Унинг шартларига кўра, иштирокчилар БААда истиқомат қилувчи маҳаллий ва хориж фуқароларидан бўлади, Қуръони каримни тўлиқ ёддан билиши, ёши 25 ёшдан ошмаган ва Халқаро Дубай Қуръони карим мусобақаларида қатнашмаган бўлиши белгилаб олинди”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Top