Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик сиёсатини халқаро ҳамжамият тан олмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида "Диний бағрикенгликни таъминлаш ва экстремизмга қарши курашиш асослари" мавзусида маъруза ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим Иномов ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори ўринбосари Камол Комилов сўзга чиқди.

Тадбирда ташқи сиёсат маҳкамаси марказий аппарати, шунингдек, видеоконференцалоқа воситасида республикамизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик идоралари ходимлари қатнашди.

Маърузачилар Ўзбекистон азалдан турли маданиятлар ва динлар вакиллари тинч ва ҳамжиҳатликда яшаб келган ва яшаётган замин эканини таъкидлади. Меҳмондўстлик, қалб саҳовати ва чинакам бағрикенглик ҳар доим ўзбек халқига хос бўлиб, унинг менталитети асосини ташкил қилган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар" ижроси доирасида бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда 16 хил конфессияга мансуб 2 минг 300 дан ортиқ диний ташкилот рўйхатга олинган. Уларнинг 2 минг 113 таси ислом диний ташкилотлари бўлиб, жумладан, қарийб 2 минг 100 та масжид фаолият юритмоқда.

2020 йил декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни махсус кузатув рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу Ўзбекистон раҳбариятининг дин эркинлигини таъминлаш соҳасидаги изчил саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилганлигининг яна бир далили бўлди.

Анжуман якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1423 марта ўқилди

Янгиликлар

Top