Ҳадиси шариф

Имом Ҳоким

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм аз-Зобий ан-Нисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиул-аввал ойининг учинчи куни таваллуд топдилар. Ёшлик пайтларида илм олишни бошлаб, аввал оталаридан, сўнг амакиларидан дарс оладилар. Ёшлари улғайгач, ҳижратнинг 356 йили Ироқ ва Ҳижозга сафар қилиб, ҳаж ибодатини адо этдилар. Кейин Хуросон, Мовароуннаҳрни айланиб, 2000га яқин устоз кўрадилар. Ҳижратнинг 360 йили яна Ҳижоз ва Ироққа сафар қилиб, у ердаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Кейин ўзлари туғилиб ўсган Нисобурга қайтиб келадилар ва қозилик амалига ўтирадилар. Сўнгра Журжонга қози бўлиб тайинланадилар. Шунинг учун ҳам у кишини Ҳоким деб аташган.

Ибн Халликон айтадилар: «Бу зот ўз вақтининг имоми, кўп китоблар муаллифи ва фиқҳ олимларидан эдилар. Фиқҳ илмини Абу Саҳл Муҳаммад ибн Сулаймон ас-Саълукийдан оладилар».

Абу Ҳозим айтадилар: «Нисобурда Муслим ибн Ҳажжождан кейин ҳадис илмида машҳур бўлган одам Имом Ҳоким эдилар». Яна у киши: «Ҳоким ўз асрларида ҳадис илмининг улуғ олимлари Дора Қутний, Ибн Адий, Ибн Музаффарларга тенг келадилар. Ҳозиргача на Ҳижозда, на Шомда, на Ироқда, на Тобаристонда, на Хуросонда бу шахсга тенг келадиган киши топилади».

Қози Абу Самҳ Абдуллоҳ ал-Асмий агар ҳукм ишида бирор бир ишкаллик бўлиб қолса, Имом Ҳокимга мактуб ёзиб, шу ишнинг ҳукмини сўрардилар. Кейин жавобга қараб ҳукм қилардилар.

Имом Ҳокимнинг таълиф этган китоблари: «Илал», «Амолий», «Фавоидул шуйух», «Маърифатул ҳадис», «Тариху уламои Нисобур», «Мадхалу ила илми ас-саҳиҳ», «Мустадрак ала саҳиҳайни», «Музаккий ал-ахбор», «Фазоилу Имоми аш-Шофеъий», «Фазоилу Фотима», «Тарожимуш-шуйух» ва бошқалар.

Ибн Субкий айтадилар: «Тариху уламои Нисобур» китоби менинг ҳузуримда китоблар саййидидир».

Абу Саҳл ас-Саълукий, Абу Бакр Аҳмад ибн Сулаймон, Абулаббос, Даълажа ибн Аҳмад, Ибн Аҳзом, Абу Али Нисобурий, Дора Қутний ва бошқалар Имом Ҳокимнинг устозлари бўлишган, Имом Байҳақий, Абулфаттоҳ ибн Абулфаворис, Абу Зарр ал-Ҳиравий, Абу Солиҳ ал-Ҳиравий ва бошқалар эса Имом Ҳокимга шогирд бўлишган.

Имом Ҳоким ҳижратнинг 405 йили вафот этдилар.

 

10086 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Имом Муслим Аллоҳ мўминларга раҳмли зот »
Top