muslim.uz

muslim.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.


Аллоҳ таолога шукрки, 2021 йил халқимиз учун баракали кунларга бой ўтмоқда, биргаликда кўп хайрли ишларни бажардик, тарихий воқеалар гувоҳи бўлдик. Шундай мунаввар кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонладик.
Бу йилги байрам янги бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғида, Мустақиллик монументига туташ майдонда бўлиб ўтганида ҳам катта ҳикмат бор. Зеро, “Янги Ўзбекистон” боғи кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик саъй-ҳаракатларининг тимсоли сифатида яратилди, Мустақиллик монументи эса Ватанимизнинг 3 минг йиллик тарихидан сўзлаб, аждодларимизнинг шонли йўли, дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва буюк давлатчилигимиз фалсафасидан сўзлайди.
Президентимиз байрам нутқида “Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ” деди. Дарҳақиқат шундай. Шу маънода, истиқлолдек буюк неъматга эришиш йўли нақадар мураккаб бўлгани, қанчадан-қанча зиёли, мард, ватанпарвар боболаримиз шу кунлар умидида шаҳид бўлганини эслаш, уларни хотирлаш, дориломон дамлар учун дилдан шукрона айтиш, мустақилликнинг қадрига етиш ҳар биримиз учун жуда муҳимдир.
Бугун дунё ҳамжамиятида ўзига хос мавқега эга бўлишимиз, муборак динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланиши, ибодатларни эмин-эркин адо этишимиз, бой тарихий меросимиз, мустақиллик шарофатидан десак, муболаға бўлмайди.
Сўнгги беш йилда мамлакатимизда турли миллат ва динлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинч-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат олиб борилмоқда.
2017 йили бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.
Охирги йилларда диний-маърифий соҳа ислоҳотига доир жами 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Президентимизнинг 2 та фармони, 17 та қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 15 та қарор ва 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Шу ўринда Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа фаолиятини ташкил этишда дастуриламал ҳужжат бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилингани ҳам барчамизни хурсанд қилди. Бу қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан янада аҳамиятлидир.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда масжидлар сони 2093 та етди. Хусусан, кейинги 5 йилда 60 га яқин янги масжид oчилди, биргина жорий йилда 14 та масжид иш бошлади. Айни пайтда барча масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўплаб масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, халқимизга янада қулайлик яратилди. Бундай хайрли ишлар қизғин давом этмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний, илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази эса халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади, Аллоҳ хоҳласа.
Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Ҳадис, Калом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ илмий мактаблари фаолият олиб бормоқда. Янги ташкил этилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Сурхондарёдаги Имом Термизий мадрасаси ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби сингари олий ўқув юртларида ҳам малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилиши диний тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқди. Академия таркибидаги малака ошириш маркази фаолиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида унинг ҳудудий филиаллари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам диний соҳа ходимларининг замонга мос тарзда малака ва маҳоратини ошириб боришида жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз фармони асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам замин бўлди. Фонд томонидан ёрдамга муҳтож оилаларга моддий кўмак бериш, ногиронлиги бор кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, олис ва чекка ҳудудларда сув чиқариш ҳамда масжид, мадраса, зиёратгоҳларни обод этиш, диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва диний таълим муассасалари талабалари ўқув-шартнома тўловларини тўлаб бериш бўйича хайрия ишлари кенг миқёсда амалга оширилмоқда.
Мустақиллик йилларида 305 минг юртдошимиз Саудия Арабистонига зиёрат учун борган бўлса, шулардан 130 минг киши Ҳаж, 175 минг киши эса Умра амалини бажаришга муваффақ бўлган. 2018 йилдан эътиборан Умра зиёратини йил давомида амалга ошириш белгиланди. Ҳаж зиёратини ташкил қилишда ҳам ўзига хос янгиликлар бўлди. Эътиборлиси, Ҳаж ибодатини бажариш квотаси 5000 дан 7200 га кўпайиши натижасида 2017–2019 йилларда қарийб 21 минг 750 нафар мусулмон биродарларимиз Ҳаж зиёратини амалга оширди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар билан келишиб, ҳамюртларимиз Умра зиёратини давом эттиришига ҳаракат қилмоқда.
Қуръони каримга мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими ташкил этилди, мавжуд олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” курслари кўпаймоқда. Илғор ва хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда ушбу дастурларни замонавий андозаларга солиш ва муқобил шаклда амалиётга жорий этиш устида иш олиб борилаётир. Зеро, Юртбошимиз “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу – муваффақият бўлади. Элимизга нур келади!”, деган эди.
Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар ва бой маънавий-моддий меросимиз хорижий давлатларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Қўшни давлатлар мусулмонлари идоралари ва Миср Араб Республикасидаги ал-Азҳар дорулфунуни билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Биз диний-маърифий соҳада амалга оширилган ва жадал давом этаётган айрим хайрли ишларнигина тилга олдик холос. Келгусида ҳам бу борадаги улкан ислоҳотлар, эзгу ишлар изчил давом этишига аминмиз.
Дин тарғиботчиси, шариат пешвоси бўлган имом-хатиблар ҳам жамиятдаги хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлангани қувонарлидир. Бугун шу йўлда масжидларимизда 2 мингдан зиёд имом-хатиб, 1300 дан ортиқ имом ноиби хизмат қилмоқда.
Зеро, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш имом-xатибларнинг асосий вазифаси саналади. Улар жума мавъизалари, кундалик намозлар, маҳалла ва турли жамоат ташкилотларида бўладиган тадбирларда илмсизлик ва ёт ғояларга қарши фаол курашмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг кечиримлилик ва юксак инсонпарварлик сиёсати ҳам таҳсинга лойиқ. Буни ўтган йилларда юзлаб юртдошимиз, асосан аёллар ва болалар “Меҳр” операцияси доирасида уруш ўчоқларидан тинчлик ва фаровонлик ўлкаси бўлмиш Ватанимизга қайтарилгани мисолида ҳам англаб етиш мумкин.
Шу ўринда куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиш жоиздир.
Тарихий тадбирда Президентимиз ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Жумладан, “Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз”, деди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк алломаларнинг бой илмий мероси нафақат Ислом дини ривожи, балки дунёвий билимларни ҳам такомилига етказиб, инсоният учун янги тамаддун йўлини очди.
Шу маънода, ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишининг пойтахтимизда бўлиб ўтгани кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ислом дунёсида мавқеи юксала бораётганидан, минтақа давлатлари билан дўстона муносабатларни ўрнатганидан, муқаддас заминимизда том маънода Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётганидан ҳам дарак беради.
Президентимиз ўз нутқида ИТБ билан ҳамкорлик нуқтаи назаридан бир қатор долзарб таклифларни ҳам илгари сурдики, Аллоҳ насиб этиб, улар амалга ошса, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Янги Ўзбекистонда диний маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан эзгу ислоҳотларга камарбаста бўлиб, Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, тинчлик ва осойишталикни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда алоҳида фидойилик кўрсатаётган таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва диний соҳа ходимлари ўзига хос ҳурмат, эътибор намунаси сифатида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Аллоҳ насиб этса ушбу юксак мукофотни қўлга киритган 300 га яқин диний соҳа ходимлари мамлакатимиз равнақи, динимиз ривожи, элимиз фаровонлиги йўлида янада шижоат ва ғайрат билан меҳнат қилиб, давлатимизнинг юксак эътирофига муносиб бўлади.
Шундай шукуҳли кунларда эсдан чиқармайлик, Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилишининг ваъдасини берган: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”(Иброҳим сураси 7-оят).
Дарҳақиқат, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган қимматли макон. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали бўлган ишларга бирдамликда ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло юрт тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларда барчамизга куч-қувват берсин!

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.

Устоз Исҳоқжон домла Бегматов

— Хонадонимизнинг шифтида қалдирғочнинг тўртта ини бор. Яқинда уйни таъмирламоқчимиз, лекин шу инларни бузишга иккиланиб турибмиз. Қалдирғочнинг уйини бузса, қарғайди деб эшитганман. Динимизда қуш ва жониворларга озор бермаслик кераклиги айтилган. Агар биз бузсак, уларга озор берган бўлиб қолмаймиз-ми?

— Қалдирғоч ҳам ҳамма қушлар каби қуш. Унинг мўътабар жиҳатлари йўқ. Кимнингдир уйига ин қурса бахт, қурмаса бадбахтлик эмас. Агар вазият шуни тақозо қилган бўлса, иложи бўлса, қуш ёки жонзотларга озор бермай, инини бошқа ерга кўчириб қўйиш мумкин. Мабодо ин ичида тухумлари бўлса, уларни ҳам эҳтиётлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари 

Ҳомиджон Ишматбеков

Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулла АБДУЛЛАЕВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум, муҳтарам домла. Аксарият одамлар тушунчаси, тасаввурида диний соҳа ходими, умуман, мусулмон киши ўртаҳол ёки фақирроқ кўринишда жонланса керак. Чунки жамиятдаги айрим нопок йўл билан бойлик орттирувчи жоҳиллар бой бўлиш учун албатта қайсидир ҳаром ишга қўл уриш керак, ҳалол йўл билан бойиб бўлмайди, деб ўйлашади. Хўш, аслида динимизда бойлик ва фақирликка муносабат қандай? Шу ҳақда суҳбатлашсак.

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Айтиш керак, мавзу анча баҳсли, бу бо­рада турли қарашлар бор. Баъзилар му­сулмон одам фақирона ҳаёт кечириши, бой бўлишга интилмаслиги лозим. Чунки бойлик кишини ибодат ва яхши фазилат­лардан тўсишга сабаб бўлади деса, бош­қалар мусулмон киши бой бўлгани яхши, пайғамбарлардан ҳам, саҳобалар ҳамда бошқа салафи солиҳлардан ҳам кўплаб бой зотлар ўтган, дейишади. Яна бошқала­ри бойлик жаннатдан узоқлаштиради, фақирлик эса жаннатга яқинлаштира­ди, дейди.

Инсон ҳаёти машаққат, роҳат, бойлик ва фақирлик каби тўлқинлардан иборат. Бойлик ҳам Ал­лоҳ таолонинг бандасига берган инъомидир. Унинг шук­рини ҳар бир инсон адо этиши керак. Бу эса берил­ган неъматни ҳа­лол ва пок ўринларга сарф­лаш, закотини бериш, исрофга йўл қўймай, тежаб фой­даланиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дуо қилар эдилар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул бўладиган амални сўрайман!” (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида бундай ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон унинг зиёратига келиб: “Нимадан шикоятинг бор?” деб сўради. Ибн Масъуд: “Гуноҳларимдан”, деди. Усмон ибн Аффон: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Масъуд: “Раббимнинг раҳматини”, деди. Усмон ибн Аффон: “Сенга табиб буюрайми?” деди. Ибн Масъуд: “Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди”, деб жавоб берди. Усмон ибн Аффон: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” деб сўради. “Унга ҳожатим йўқ”, деди Ибн Масъуд. Усмон ибн Аффон: “Сенда ҳожат бўлмаса, сендан кейин қизларингга қолади”, деди. Ибн Масъуд бунга жавобан: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди».

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади“Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 274-оятида бундай марҳамат қилади: «Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошко­ра эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузу­ри­да (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охи­рат­да) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар».

– Демак, динимиз кишини бой бўлишдан, балки қўлида давлати бор мўмин-мусулмон уни ғанимат билиб, ўт­кин­чи лаззатлар учун эмас, балки дунё ва охиратига манфаатли ўринга сарфлашга чақириб, мол-мулк қадрига етмасликдан қайтарган...

– Шундай. Ин­сон қиёмат куни бошқа амалла­ри­дан сўрал­гани каби бойлигидан қандай фойдалан­гани ҳа­қи­да ҳисоб-ки­тоб қилиниши огоҳлантирилган. Бундан шуни англаш мумкинки, бойликнинг энг асосий жиҳати эҳсон, садақа ва закот деган масалаларга ҳам бевосита боғлиқлиги кўринади. Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу: “Бирон-бир кимса оч қолса, қайсидир бойнинг хасислиги туфайли оч қолибди!” деганлар.

Аллоҳ таоло инсониятнинг ризқини ҳаммага ҳар хил қилиб берган-у, банда­лар эҳсон, садақа ва закот орқали бир-бирларининг ҳолидан хабар олиб тури­шини шарт қилиб қўйган. Бу Аллоҳнинг ҳикматидир!

Парвардигор инсонларнинг баъзиларига бойлик ато этади, баъзиларига фақирликни юборади. Аллоҳ бир бойга кўп мулк берган бўлса, уни яхши кўрганидан эмас, балки унинг имонини синаш учун беради. Бир кимса камбағал бўлишини ирода этган бўлса, уни ёмон кўрганидан эмас, балки мана шу ҳолида ҳам шукрда давомли бўладими, деган буюк имтиҳон учун шуни хоҳлаган бўлади. Унутмаслик керак, бойлик ва фақирлик инсониятнинг ўлчови бўлмаган, балки бу ҳоллар синовнинг икки қутбидир. Кимдир бойлик билан синалади, кимдир фақирлик билан.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг наздида дунёнинг қадри пашшанинг қанотича ҳам эмаслигини айтиб: “Дунёнинг қадри Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотичалик қадрли бўлганида, кофирга бир томчи сув ҳам бермай қўярди!” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

– Баъзан, ўқувчига бадиий йўсиндаги мисоллар ҳам яхши таъсир қилиб, тафаккури кенгайишига, мавзуга доир илмни эслаб қолишига сабаб бўлади...

– Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу­дан келган ривоятда Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилган­лар: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол) дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол) дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бойлик ё фақирлик кишининг Аллоҳга яқинлиги ё узоқлигига далолат қилмайди. Балки ҳар икки ҳолат ҳам Унинг имтиҳони. Асосий масала имон ва қаноатда. Имон қанча бақувват бўлса, киши қанчалик қаноат соҳиби бўлса, шунчалик буюк мақомларга эришади. Аллоҳ барчамизга кенг ва баракотли ризқ ато айлаб, унинг шукрини адо қилувчи солиҳ бандаларидан қилсин!

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди

Top