muslim.uz

muslim.uz

Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини пойтахтимиз Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Бу давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофидир.

Мамлакатимиз 1973 йилда ташкил топган Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон замини асрлар давомида ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти марказларидан бири бўлганини таъкидлади. Бу анъаналарни давом эттирган ҳолда, юртимизда ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда Имом Бухорий номидаги халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академияси ташкил қилинди. Янги мактаблар, илм-фан масканлари барпо этилди. Сўнгги беш йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Айниқса, янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларга ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда.

Бугун дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари банк фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни билдирди. “Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак” номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди. Унинг амалга оширилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишга, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади.

Ислом тараққиёт банки мамлакатимизда тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш, катта, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш учун 141 миллион АҚШ доллари ажратди. Бу каби ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва ИТБ ҳамкорлигида ташкил этилаётган Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси муҳим ўрин тутади. 34 минг кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаши кутилаётган ушбу жамғарма 100 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш ва камбағалликни қисқартиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Жаҳон ҳамжамиятида ўзига хос ўрин ва мавқега эга бўлган Ислом тараққиёт банкининг Тошкентдаги йиллик анжумани пандемия бошланганидан буён халқаро миқёсдаги биринчи йирик офлайн тадбир ҳисобланиб, аъзо мамлакатларнинг мураккаб муаммоларини ҳал килиш учун жуда катта имконият яратади. Зеро, шу кунга қадар мазкур нуфузли халқаро молиявий ташкилот юртимизда турли соҳа ва тармоқларда 100 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб қувватлади.

Шариббой Эргашев,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори

Вторник, 07 Сентябрь 2021 00:00

Хотира: Камтарликда комрон эдилар

muhaddis.uz

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) га аъзо давлатлар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида "Капиталбанк"ва ХСРИК ўртасида умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган шартнома имзоланди. ХСРИК томонидан мурабаҳа принципи бўйича ажратилган маблағ Ўзбекистонда кичик бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади. Ислом иқтисодиётининг моҳияти, биринчи навбатда, фоиз ва фючерс битимларини рад этишдан иборатдир. Шу муносабат билан банк ишида шариат тамойилларига асосланган молиявий фаолиятни назарда тутган "ислом банки" тушунчаси ривожланган.

«Ислом банк маҳсулотларининг жаҳон бозори, ҳар йили, барқарор ўсишни кўрсатмоқда. Мамлакатимизда ҳам бундай маҳсулотларга қизиқиш ортиб бормоқда. Биз, ўз навбатида, глобал тенденцияларга ва мижозларимиз талабига эътибор қаратамиз. Бу соҳанинг ривожланиши биз учун стратегик аҳамиятга эга ва шунга мувофиқ, бу Капиталбанкнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясида ўз аксини топган. Мурабаҳа тамойили бўйича ушбу йўналишнинг жалб қилиниши банкнинг анъанавий банк хизматларидан фойдаланмайдиган, ҳозирги ва потенциал мижозларига бизнесни ривожлантириш учун маблағ тўплаш имконини беради», - деди Капиталбанк Бошқарув Раиси Алишер Мирзаев.

Таъкидлаш жоизки, Капиталбанк ва ХСРИК ўртасидаги ҳамкорлик 2019 йилда банкда ахборот технологиялари, маркетинг ва коммуникациялар, юридик ва кадрлар масалалари бўйича исломий банк тамойилларига асосланган комплекс ечимларни тақдим этишни ўз ичига олган, исломий ойна яратиш учун техник консалтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланиши билан бошланган.

Маълумот учун, ИТБ Кенгашининг 46 -йиллик йиғилиши Тошкентда 2021 йил 31 августдан 4 сентябргача бўлиб ўтди. Тошкент халқаро конгресс марказида, ИТБга аъзо давлатлар келгусида ривожланиш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишди. Йиллик йиғилишда ИТБга аъзо мамлакатларнинг 57 губернатори - ҳукумат аъзолари ва молия ва иқтисодга масъул вазирлар, шунингдек, банклар, халқаро ташкилотлар, бизнес сектор ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари устоз Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли Тошкент Ислом институтида 2020-2021 ўқув йили давомида устоз ва талабаларни қўллаб-қувватлаш, таълим сифати ва самарадорлигини янада такомиллаштиришда қўшган ҳиссаси учун мақтов ёрлиғи ва ташаккурнома билан тақдирланди.

Мазкур тақдирлов Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Тошкент Ислом институти жамоасининг Ватанимиз мустақиллиги 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирида бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган ўқув йили давомида фонд томонидан Тошкент Ислом институтига 890 600 000 сўмдан зиёдроқ маблағ хайрия ишлари учун сарфланди.

Мазкур эътибор ва эътироф "Вақф" фонди билан ҳамкорлик қилган, хайрияларга ҳисса қўшган барча юртдошларимизники ҳамдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрида 4 сентябрь куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши ўз ишини якунлади. Шу муносабат билан ташкил этилган матбуот анжуманида 2-4 сентябрь кунлари ўтказилган қатор юқори даражали музокаралар, келишувлар ва якуний натижалар бўйича маълумот берилди.

Мусулмон дунёсининг ААА рейтингига эга Ислом тараққиёт банки (ИТБ) йиғилиш якуни бўйича аъзо мамлакатлар ўртасида пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг 30 та молиявий келишув имзоланганини эълон қилди. Шундан 330 миллион АҚШ долларига тенг маблағ мамлакатимиз манфаатлари йўлида сарфланади.

Анжуманда Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси ишга туширилганига алоҳида эътибор қаратилди. Бу Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Саудия Aрабистонининг хусусий сектори иштирокчилари ўртасидаги 100 миллион AҚШ доллари миқдоридаги стратегик ҳамкорликдир. Қолаверса, бу мамлакатнинг биринчи ижтимоий трансформацион инвестициялар жамғармаси ҳисобланади.

– 100 миллион долларлик жамғарма, шундан 20 миллион доллари ИТБ томонидан ажратилган бўлиб, йирик, ўрта ва кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш орқали 100 минг иш ўрни яратишга қаратилган. Жамғарма Ўзбекистонда 102 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиши, 34 мингдан зиёд кичик ва ўрта корхоналар, ижтимоий тадбиркорлар ва кооперативларни қўллаб-қувватлаши ҳамда камбағалликка қарши курашдаги ҳаракатларни тўлдиради, – деди ИТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида янги жамғарма ишга туширилиши мамлакат тараққиётига ва иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишига ишонч эканини таъкидлади.

ИТБнинг Тошкент анжуманида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик ҳудудларини иқтисодий ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги йирик сармоялар ҳам тасдиқланди. ИТБ, шунингдек, даволаш марказларини жиҳозлаш ва тиббий таълимни кенгайтириш орқали Ўзбекистонда онкологик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга бағишланган лойиҳанинг иккинчи босқичини молиялаштириш тўғрисида келишув имзоланди.

ИТБ Ўзбекистонга ислом банки ва молия соҳасини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун 265 минг AҚШ доллари миқдорида техник ёрдам кўрсатади. Таълим соҳаси ҳам четда қолмади, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси билан ислом ривожланиш смарт синфи яратиш лойиҳаси бўйича 51 минг 535 AҚШ доллари миқдорида шартномалар имзоланди.

Анжуманда COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган глобал етказиб бериш занжиридаги узилишлар ривожланаётган мамлакатлар учун муаммога айлангани яна бир бор қайд этилди. Асосий товарлар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетди, бу эса импортга қарам мамлакатларнинг иқтисодий тикланишини хавф остига қолдирди.

Шу боис Савдони молиялаштириш бўйича Ислом корпорацияси (СМИК) стратегик товарлар, жумладан, энергия ташувчилари ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қўллаб-қувватлаш учун бир нечта мамлакатга савдо молиялаштирилишини тақдим этадиган бўлди. Комор ороллари иттифоқи кейинги уч йил мобайнида озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни қўллаб-қувватлаш учун 392 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ олади.

Буркина-Фасо нефтни қайта ишлашда мамлакатнинг энергетика сектори учун 100 миллион АҚШ доллари олади. Савдони молиялаштириш бўйича Ислом корпорацияси, шунингдек, Гвинея ва Малдив ороллари билан ҳам ўхшаш келишувлар имзоланиб, уларга тегишлича 100 миллион ва 75 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ёқилғи ва озиқ-овқат товарлари импорти учун ажратиладиган бўлди.

ИТБ бошқа иштирокчи мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ҳам йирик лойиҳаларни молиялаштиради. Жумладан, Банк Бенинда умумий қиймати 150 миллион AҚШ доллари бўлган иккита йирик лойиҳага маблағ ажратади.

Биринчиси Бениннинг 2025 йилгача соғлиқни сақлаш бўйича умумий қамровни қўллаб-қувватлаш учун бўлса, иккинчиси сув тошқини хавфини камайтириш учун пойтахт Cотонуда бўронли дренаж тизимини модернизация қилишдир.

Шундай қилиб, ИТБ Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши ўз ниҳоясига етди. Банк кенг кўламли лойиҳаларни имзолаш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва шериклик муҳитини яратиш майдончасига айланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top