muslim.uz
Имконияти чекланган юртдошларимиз учун маърифий суҳбат ўтказилди
“Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган юртдошларимиз билан маърифий суҳбат ўтказилди. Унда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти Матбуот бўлими раҳбари Аброр Мухтор Алий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси М.Абубакирова, Тошкент шаҳар тарғибот гуруҳи раҳбари Д.Аҳмедова, Шайҳонтоҳур тумани отинойиси М.Ирчиева иштирок этди.
Маърифий тадбир давомида Аброр Мухтор Алий домла “Ислом дини асослари” мавзусида таъсирли маъруза қилди, имконияти чекланган фуқароларнинг турли хил, жумладан, намоз, омонат, судхўрлик, талоқ каби мавзусидаги саволларига батафсил жавоб берди. Иштирокчиларни миссиёнер ва бузғунчи оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун кўпроқ илм олишга чақирди. Маъруза, саволлар ва фикр-мулоҳазаларни 4 нафар сурдо таржимони қатнашчиларга таржима қилди.
Мазмунли ўтган суҳбат барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, бундай суҳбатларни янада кўпроқ ўтказиш таклифини билдиришди.
Тадбир сўнгида Аброр Мухтор Алий домла хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Эр-хотиннинг икки ота-онаси
Шариъатнинг бир масъаласи шуки, никоҳдан олдин эрнинг бир отаси ва бир онаси бўлади. Лекин никоҳдан кейин, энди, унинг икки отаси ва икки онаси бўлди. Яъни, унинг қайнонаси она ва қайнотаси ота кабидир. Худди шундай тўйдан олдин қизнинг бир онаси ва бир отаси бор эди.
Лекин никоҳ бўлгач, энди, унинг икки отаси ва икки онаси бор. Яъни, қайнона ва қайнота қиз учун она ва ота кабидирлар. Ёдда тутинг, қачонки, қиз қайнона ва қайнотасини ота-она каби кўришни бошласа, хеч қачон улар ўртасида гап қочиши мумкин бўлмайди. Қачонки, келин ўзининг ота-онасини “ота-она” деб билса ва эрининг ота-онасини “қайнона-қайнота” деб билаверса, худди шундай қайнона ўзининг қизини “қиз” деб билса ва келинини “келин” деб билаверса, ўша пайт иш расво бўлади.
Қайси кун қайнона келинига ўзининг қизи каби назар ила қарашни бошласа, ўша кундан бошлаб уйдаги жанжаллар барҳам топади. Биз кўрдикки, она қизининг айбларини беркитиб юради. Агар айни ўша айб келинидан содир бўлиб қолса, уни бўрттириб юради. Бу нақадар аҳмоқликдир. Аҳир, келин ҳам қиз каби бўладику. Шунинг учун она бу қизни ҳам ўйласин. Шундай аёлларни кўрдикки, куёвим қизимга яхши қарамайди деб эзилиб юрадилар. Ўзи эса келинига уйда кун бермайди.
Сиз келинингизга уйингизда кун бермасангиз, у ҳолда Аллоҳ таъоло сизнинг қизингизни нохуш қилиб қалбингизга азоб беради. Қачонки, биз ўзгаларнинг қизини дилини оғритсак, у ҳолда Аллоҳ таъоло қандай қилиб бизнинг қалбимизни қувонтиради? Шунинг учун катта ёшдагилар ва ота-она даражасида бўлганлар, ўз мақомларини ёдда тутишлари керак. Тўйдан олдин бир она ва бир ота, тўйдан кейин эса, икки ота ва икки она. Доимо қайнона ва қайнотага ота-она мақомини беринг.
Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ.
“Сукунэ дил” китобидан. 145-бет.
Абдулқайюм Комил таржимаси
Бобур ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти билан ҳамкорликда “Sintez film” киностудияси томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида тарихий-ҳужжатли фильм тасвирга олинмоқда.
Мазкур фильм Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан амалга оширилмоқда. Мазкур кинокартина "Халқ юраги" номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмлардан бири.
Кинокартинада шоҳ ва шоирнинг кенг дунёқараши, улкан ақл-заковати, салтанатни бошқаришдаги салоҳияти ёритилади, Бобур Мирзо ҳаётининг хронологияси қамраб олинади. Шунингдек, воқеалар ривожига “Бобурнома” асари асос қилиб олинган бўлиб, асарда Бобур ўз қўллари билан баён этган ҳаёти давомидаги залворли воқеаларни жонлантириш орқали фильм мазмуни очиб берилади.
"Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати билдиришича, сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Бобур Шер ўғли, иккинчи режиссёр Ботир Абдураҳмонов, постановкачи оператор Диёр Исматов, постановкачи рассом Санъат Кенжаев, продюсер Хуршид Алихўжаев.
Актёрлар Илҳом Бердиев, Элбек Файзиев, Илмира Раҳимжонова, Баҳрилло Раҳимов, Алишер Йўлдошев, Мансур Абдухолиқов, Райҳон Асадова, Умид Зокиров, Далер Темуров, Зариф Ҳасанов, Умар Жумаев, Нида Хан, Ҳажра Ҳаниф, Нир Муртаза, Вимал Саини ва бошқалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказди
Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Фарғона вилоятида бўлиб турибдилар. Меҳмонларга Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилмоқда.
Меҳмонлар дастлаб Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳамда имом-ноиблари билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот ўтказдилар.
Мулоқот давомида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик оммасига етказишда имом-хатиблар ҳамда имом-ноибларнинг ўрни ҳақида сўз борди.
Шунингдек, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани, ёшларни соф Ислом таълимотлари асосида, ватанга садоқат руҳи билан тарбиялашда нафақат имом-хатиблар, балки имом-ноибларининг ҳам масъулияти юксак экани алоҳида қайд этилди.
Жумладан, имом-хатиб ва имом-ноибларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ва соғломлаштириш, бузғунчи ғояларга қарши маърифат билан курашиш, бу борада диний соҳа ходимларининг масъулиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида имом-хатиблар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб олдилар.
Ташриф давом этмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистонликлар Теҳронда бўлиб ўтган биринчи халқаро ҳаттотлик фестивалида иштирок этишди
29 январь куни хорижий дипломатлар ҳузурида Ипак йўли ҳаттотлик Қалам Рақси бўйича биринчи халқаро кўргазма ва конференция ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда Эроннинг IRNA ахборот агентлиги хабар берди.
Маросим Теҳрон шимоли-ғарбидаги Читгар кўли яқинида жойлашган дунёдаги энг йирик савдо мажмуаларидан бири бўлган Shapour Library of Iran Mall савдо марказида бўлиб ўтди.
Фестиваль ЮНЕСКО бўйича Эрон Миллий комиссияси томонидан ташкил этилди. COVID-19 пандемиясининг эпидемияси туфайли тадбир дастлабки олти кун давомида онлайн тарзда ўтказилди (20-январдан 25-январгача).
REGNUM АА маълумотига кўра, Озарбайжон, Франция, Қозоғистон, Испания, Тожикистон, Ўзбекистон, Польша, Эрон, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Сингапур, Мўғулистон, Сурия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Уммон, Қувайт, Ливан, Иордания, Марокаш, Жазоир, Миср, Тунис, Покистон, Афғонистон, Ироқ, Сербия, Босния ва Герцеговинадан рассом ва ҳаттотлар 1000 дан ортиқ санъат асарларини юборишган, улардан 204 таси олти кеча давомида намойиш этиш учун танлаб олинган эди.
Теҳронда бўлиб ўтган маросимда ЮНЕСКО бўйича Эрон Миллий комиссияси раҳбари Хожатуллоҳ Аюбий ва бошқа айрим таниқли арбоблар халқларни бир-бирига яқинлаштиришда санъатнинг ўрни ҳақида сўз юритдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати