muslim.uz
Учинчи ренесанс – уйғонишга ундайди
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган илк “Алақ” сураси “Иқро” деган калом билан бошланган.
Бу – ўқи дегани. Кейин, илмини зиёда этишлигини сўраш марҳамат қилинган. Илм исташ аслида машаққатли юмуш. Мирзо Бедил уни поёнсиз уммонга ўхшатиб, кимки сувнинг тубига чуқур шўнғисагина марварид териши мумкинлигини таъкидлаган.
Шукрки, ўтмишимиз мана шундай беназир зотларга бой. Тарихимиз тархида рўй берган иккита ренесанс даври ана шунинг яққол тасдиғидир. Олиму алломаларимиз фаннинг қайси йўналишида машғул бўлишмасин дунёга довруқ таратганлар. “Устоз ул-араб вал-ажам” – Маҳмуд Замахшарий арабларга араб тилини ўргатган олим сифатида мусулмон шарқида машҳур. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" асари Қуръони каримдан кейин тургувчи муҳим манбаа сифатида талқин қилинади. Аҳмад Фарғоний Нил дарёсининг сатҳини белгиловчи асбоб ясаб – нилометрга асос солган, асарлари “Алфраганус” номи билан таржима қилиниб, Европанинг бир қатор университетларида дарслик қўлланма сифатида амалда бўлган. Ибн Сино – медицина асосчиси, Абу Райҳон Беруний бобомиз эса Христофор Колумбдан бир неча аср муқаддам улкан уммон ортида қуруқлик борлигини башорат қилиб – Америка заминини очган. Амир Темур Соҳибқиронга фарангистонда Европанинг халоскори сифатида тилладан ҳайкал қўйишган бўлса, Улуғбек Мирзонинг даҳоси ва бетакрор закоси бутун дунёга фалакиёт илмидан ҳозирга қадар сабоқ бериб келади...
Бу маълумотлар бурун ҳам кўп бор айтилган, маърифий мақолалар ва илмий тадқиқотлар мавзуси бўлиб келган. Бироқ, у худдики марварид доналари каби тарқоқ, бир ипга тизилмаганди. Шунинг учун ҳам на муносиб зийнат ва на аслига мувофиқ қиймат касб этарди.
Президентимизнинг буюк хизматлари шундан иборатки, пойтахтимизнинг Хастимом мавзеида қурилаётган ислом маданияти марказини халқаро Ислом цивилизацияси маркази сифати номлаш таклифини билдирдилар. Қурилиш кўлами ҳам ҳам, фаолият тури ҳам шунга мувофиқ кенгайди. Улуғвор ўтмишимизга алоқадор барча осори атиқалар, археологик топилмалар, улуғ аждодларимиз томонидан яратилган қўлёзма ва тошбосма асарларни тўплаш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, бугунги кунда шу борада яратилган ёзма ва аудиовизул асарлар фондини яратиш масаласига жиддий эътибор қаратдилар.
Марказда архив фонди, таъмирлаш устахоналари, нашри ишлари олиб борилади. Республикамиз ва хорижлик мутахассисларнинг илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишлари учун қулай шарт-шароит яратилади. Бинобарин, 813 йили ал Мамун томонидан Боғдодда асос солинган “Байт ул ҳикма”, 1004 йили Урганч шаҳрида хоразимшоҳ Али ибн Маъмун томонидан ташкил этилган Академия ҳам бебаҳо бироқ тарқоқ тошларни бир ипга тизиш тадорига билан бошланган эди.
Марказ биноси марказидан Усмон мусҳафининг ўрин олиши эса илму ирфон борасида улуғ аждодларимиз қўлга киритилган барча ютуқ ва натижалар ислом таълимотига таяниб эришилганига ишора. Бу эса ислом дини маърифатга молик таълимот эканига берилган яна бир юксак баҳо бўлиши баробарида, қайси бир соҳада бўлмасин “Бисмиллоҳ” билан бошланган иш барорли бўлишига эслатма ҳамдир. Муҳими, бу ғоя милатимизни уйғонишга ундайди. Ўсиб келаётган ёш авлодда илмга иштиёқ пайдо қилади. Парвозга шайлайди. Зотан, муборак ҳадисларда “Илм исташ ҳар бир муслиму муслима учун фарз” экани марҳамат қилинган.
Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилоят бош имом хатиби
Ўзбекистон Осиё мамлакатларини COVID-19 танаффусидан кейин сайёҳлик ривожланишини рағбатлантиришга даъват этди
Хитойдаги энг нуфузли кундалик нашрлардан бири «Жэньминь Жибао» газетасининг веб-саҳифасида («Жэньминь жибао»-онлайн) Ўзбекистон туризм салоҳияти мавзусига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материалда Ўзбекистон COVID-19 пандемияси шароитида иқтисодий қайта тикланиш учун Осиё мамлакатларини сайёҳлик ривожланишини рағбатлантиришга чақиргани маълум қилинган.
«Бу ҳақда «Янги хавфсиз ва соғлом туризм» мавзусида видеоконференция шаклида бўлиб ўтган Осиё ҳамкорлик мулоқотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг XVII йиғилишида баёнот берилди», деб ёзади нашр.
Тадбир чоғида COVID-19 пандемияси шароитида жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш, жумладан, туризм соҳасини рағбатлантиришга фаол тайёргарлик кўриш босқичига ўтиш учун қатъий чоралар қабул қилиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Хитой нашри таъкидлаганидек, Ўзбекистон делегацияси мамлакатда сайёҳлик индустриясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тўғрисидаги маълумотларни ўртоқлашди. Қайд этилганидек, сайёҳлик қайта йўлга қўйилганидан кейин республикага келган хорижий сайёҳлар «туризмни янги шаклда» – янада хавфсиз, янада ранг-баранг ва янада индивидуал ҳолда кўришлари мумкин бўлади.
«Илгари хабар берилганидек, зиёрат сайёҳлигини ривожлантириш доирасида Ўзбекистонда зиёратчиларни элтиш чоғида 50 фоизлик, ҳаво қатновлари жўғрофияси кенгайтирилгани ва мамлакат аэропортлари жозибадорлиги яхшилангани учун 30 фоизлик чегирма тақдим этилган», дейилади мақолади.
«Жэньминь жибао»-онлайн, шунингдек, Ўзбекистон 2021 йилда 1,7 миллион хорижлик ва 7,5 миллион нафар ички сайёҳларни жалб этишни режалаштирганини қайд этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Дадамни яхши кўр! Худди мен сени яхши кўргандек...(бўлган воқеа)
Куни бўйи ишхонада югур-югурлар кўпайди. Камига анча вақт сарфлаб қилган ишим бошлиғимизга ёқмади... Бир уюм камситишлар ила нўноқликда айблади.
Уйга қайтяпман. Қаттиқ асабийлик оқибатими ёки хаёлим қочдими йўлдаги "таниш чуқурчани" кўрмай қолиб машинанинг ғилдирагини расво қилдим.
Уйга келсам овқат қилинмаган устига устак аёлим ҳам бетоб. Унга овозим борича бақирдим ва жаҳл билан ётоққа кириб ётиб олдим. Хаёлимда фақат раҳбарнинг асабий кўриниши ва айтган гаплари...
Шу пайт, уч ёшли ўғлим келиб "дадажон машинангизни мингим келяпти", деганча, устимга ўзини отди (одатда шундай қилиши менга жуда ҳам ёқарди). Уни устимдан улоқтириб "йўқол кўзимдан" деб ўшқирганча хонадан чиқариб юбордим. У йиғлаб-йиғлаб онасини ёнига кетди.
Орадан қанча вақт ўтди билмайман, кўзим илинган экан. Соат тунги 01:00. Ўғлим жажжи қўллари билан юзимдан силаб, бироз қўрқув билан уйғотди: "Дадажон хуфтонни ўқимай ухлаб қолибсиз". Қарасам қўлида жойнамоз. Бироз бир-биримизга тикилдик. Ўғлимнинг кўзида маъюслик ва меҳр қалқиб турибди. Бориб таҳорат олдим, ўғлим эса жойнамоз кўтарганча ортимдан эргашиб юрди. Унинг қўлидаги жойнамозни олиб, намоз ўқишни бошладим.
Бир маҳал ўғлим оёқларим орасига кириб: "Аллоҳим дадамни хафа қилганларни яхши одамга айлантир, дадамни яхши кўр, худди мен сени яхши кўргандек", дея, овоз чиқариб дуо қилди...
Мен эса йиғидан ўзимни тўхта олмадим, ҳатто, соқолим ва кўйлагим ҳўл бўлиб кетди…
Саидаброр Умаров
Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ – замон талаби
XXI юз йиллик ахборот асри бўлиб, ҳозирги давр авлоди глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Айнан ёш авлод турли кўринишдаги ғоявий хуружлар нишонига айлангани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бир томондан экстремистик оқимлар фаолияти, бошқа томондан миссионерлар ҳаракати, учинчи томондан эса “оммавий маданият” тарғиботчилари ёш авлод онгига соф Ислом дини таълимотига зид ақидаларни сингдириш, муқаддас эътиқодимиздан айириш ва ўзбекона миллий ва диний қадриятларимиздан воз кечишга чақириш йўлида муттасил фаолият олиб бормоқда.
Бунинг оқибатида соф Ислом таълимотидан етарли даражада хабардор бўлмаган баъзи ёшлар экстремистик ғояларга чалғиб, турли жиноятларга қўл уришмоқда. Баъзилари, афсуски, ана шундай жиноятларнинг қурбонига айланмоқдалар. Айримлари Исломдек маърифатпарвар, тинчликпарвар, бутун инсониятга фақат яхшиликни таълим берувчи динни арзимаган дунё матоҳига алмашиб, ўзга динни қабул қилишяпти.
Бошқалари эса, ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийлик ва динийликка ёт усулларни ўзига маъқул кўрмоқдалар. Буларнинг барчаси охир-оқибат порлоқ келажагимизга рахна соляпти.
Ислом таълимотида мусулмон киши эътиқодга, ҳур ва озод яшашга, бир сўз билан айтганда, сокин ҳаёт кечиришга рахна солувчи ҳар қандай кучга қарши курашиши лозимлиги таъкидланади.
Анфол сурасининг 60-оятида бундай амр қилинган: «Улар учун имконингиз борича куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур».
Мазкур оятнинг мазмунига қарайдиган бўлсак, тинчлигимиз, халқимизнинг бирдамлиги, келажагимиз умидлари бўлмиш ёшларимизнинг камолотига рахна солиб турган ғоявий таҳдидларнинг олдини олишимиз учун Аллоҳ таоло бизларни йигирма биринчи асрдаги ғоявий зуғумларга қарши, миллатимиз ва динимиз душманларига қарши замонавий “куч”ни тайёрлаб қўйишга буюрмоқда.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ўмон Султонлигининг етакчи нашрида Ўзбекистон маънавий-маърифий ҳаётига бағишланган мақола чоп этилди
Ўмон Султонлигининг етакчи нашрларидан бири - «Asdaa Oman» газетасида журналист Али ал-Ҳасанийнинг «Президент Шавкат Мирзиёев: Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши тафсилотлари маълум қилинган.
Муаллиф сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилингани, мамлакат Президенти республика маънавият ва маърифат кенгашининг раиси экани ҳақида ҳикоя қилган. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилган. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлат сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.
А.Ҳасаний Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» деган сўзларига газета ўқувчилари эътиборини қаратган.
Ўмон нашри қайд этганидек, яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис мамлакат Президенти миллий мафкуранинг асосий ғоясини таъкидлаб ўтган.
“Ўзбекистон Президенти «Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган» деб қайд этди”, - дейилади мақолада.
Али ал-Ҳасаний, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази иши танқидий ўрганиб чиқилиб, ушбу ташкилот фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилган.
«Президент ушбу марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди», - дейди муаллиф. — Шунингдек, мазкур йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.
Бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб боради».
Мақолада таъкидланишича, мажлисда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати