Ўзбекистон янгиликлари

Олматада Ўзбекистонда зиёрат туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Куни кеча мамлакатимизнинг Олматадаги Бош консуллигида Қозоғистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда зиёрат туризм» мавзусида тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тақдимотда «Akbar Travel Asia» (Хоразм вилояти) бош директори Ислом Ибрагимов ўз компанияси фаолияти ҳақида маълумот тақдим этди. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги дунёга машҳур Ислом оламининг қадимий ёдгорликлари ва зиёратгоҳларига ташриф буюриш учун зиёрат туризмини ташкил қилиш бўйича Ўзбекистонда кўрилган чора-тадбирлар хусусида батафсил ахборот берди.
Коронавирус пандемияси шароитида туризм соҳасини ривожлантириш, хусусан, санитария-эпидемиология хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, хорий сайёҳлар Ўзбекистонда Covid-19 юқтирган тақдирда уларга товон пули тўлашга тартиби тушунтирилди. Туристик объектларни стандартларга жавоб берадиган сертификатлаш тизимини жорий этилаётгани таъкидланди.
Тур компаниялари раҳбарларига Қозоғистон фуқароларини, жумладан жамоатчилик, ишбилармон доиралар, дин вакиллари ва бошқаларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонга зиёрат турларини ташкил этишда фаол иштирок этиш таклифи билдирилди.
Учрашув иштирокчилари ўз чиқишларида коронавирус пандемиясига қарамай, қозоғистонликларнинг Ўзбекистон зиёрат туризмига бўлган катта қизиқишини қайд этдилар. Шунингдек, нархларнинг қимматлиги, Олмаота-Тошкент-Олмаота йўналишида авиачипталарни бронь қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳам таъкидланди.
Шу муносабат билан коронавирус пандемияси даврида ҳукуматлараро даражада икки мамлакат туроператорлари ўртасида келишув асосида автобусларда Ўзбекистонга саёҳатлар ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Унга кўра, қуруқлик чегараси бўйлаб ўзбек туроператорларидан сайёҳлик йўлламанларини сотиб олган туристик гуруҳлар учун «яшил» йўлак яратиш, давлат чегарасини кесиб ўтиш учун фуқаронинг мақомини тасдиқловчи «турист ваучер» тушунчасини жорий этиш каби таклифлари билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1574 марта ўқилди

Янгиликлар

Top