muslim.uz
“Термизнинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий онлайн-конференцияcи ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш; турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш; хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш вазифалари белгиланган.
Юқорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA), Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида “Термизнинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий онлайн-конференцияcи ўтказилади.
Конференция аввалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурилдаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари М.Комилов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари К.Ишматбеков, Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Б.Қодиров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Мунаваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Умаров сўзга чиқишиб, улар томонидан конференциянинг бугунги кундаги аҳамияти, халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини ҳозирги таҳликали замонда муҳим эканлигини таъкидлаб ўтилди.
Кириш қисмида Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) директори Халит Эрен ҳам сўзга чиқди ва қуйидагилар сўзларни айтиб ўтди: “Ушбу конференцияда қатнашиб унинг очилишида сўзга чиқишдан хурсандман. Термизий рутбасини тарихий асарларда кўп учратамиз. Бунга сабаб Термиздан кўп олимларнинг чиққанлигидир. VII-IX асрларда Термиз ислом маданияти ва маърифати марказига айланди. Конференцияда тақдим қилинадиган тадқиқотлар оммалашади. Марказий Осиё Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA)нинг доимо диққат марказидадир. Марказимиз бундан олдин Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тожикистон фанлар академияси, Қозоғистон ва Қирғизистон республикалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Айни пайтда имзоланиши кутилаётган меморандум Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўрганилаётган термизий олимлар асарларининг дунё бўйлаб ўрганилишига эришади”.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) ташкилотлари ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.
Туркиянинг Мармара университети илоҳиёт факултети ҳадислар бўлими илмий ходими Aйше Эсра Сaҳйaр “Сунан ат-Термизийнинг аҳамияти ва унинг шарҳи”, Инону университети илоҳиёт факултети илмий ходими Вейсел Ўздемир “Имом Термизийнинг “Илм ал-ҳадис” даги маҳорати”, Сакаря университети ўқитувчиси Эндер Буюкўзкара “Ҳаким Термизий ва Бурҳониддин Термизий қарашларида қалб масаласи”, Туркия Шеҳир университети ўқитувчиси Бетул Синан Низам “Бурҳониддин Термизий ирфони”, Туркия қўлёзмалар институти, қўлёзмалар бўйича мутахассис Aрафат Aйдин “Исо ат-Термизийнинг ал-Жомеъ ва Шамоил ан-Набавиянинг баъзи қўлёзмаларига оид кузатишлар”, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Мирза Кенжабек “Сунани Термизий асарида номлари зикр қилинган муҳаддис термизийлар”, Халқаро ислом тадқиқотлар академияси директори ўринбосари Aбдузар Ҳайрий “Термизнинг ижтимоий-маданий қийматининг аҳамияти”, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Жалолиддин Мирзайев “Ислом даврида Термиз тарихи: натижалар, муаммолар, ечимлар”, Хўжанд давлат университети ўқитувчиси Aзизов Сорбон “Бурҳониддин Термизий “Маъориф” асарининг аҳамияти”, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Жўрабек Чўтматов “Илк Ислом манбаларида Термиз маънавий муҳити”, Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) котибият мудири Aширбек Мўминов “Термизнинг Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни”, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги исломшунослик маркази директори ўринбосари Рустам Aзизий “Илк ҳанафийликда Термизнинг тутган ўрни”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Иброҳим Усмонов “Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарининг аҳамияти”, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Саидакбар Муҳаммадаминов “Термизий алломалар қўлёзмаларининг жаҳон фондида сақланиши” мавзуларида маърузалар қилишди.
Конференция давомида дунё бўйлаб Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан алломаларимизнинг бой илмий меросини ўрганиб, уни тадқиқ қилиб келаётган олимларнинг юртимиз, ҳусусан, термизий нисбасидаги Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Термизий, Хожа Самандар Термизий ва Ислом маданиятига улкан ҳисса қўшган бошқа термизийлар алломалар ва уларнинг илмий меросларинининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ислом цивилизацияси тарихини ўрганишда Марказий Осиё омили асосий ўринлардан бирида туради. Бу ерда мавжуд улкан илмий мероснинг шаклланиш асосларини тадқиқ этиш, алоҳида хусусиятларга эга мактаб сифатида баҳолаш ва бутун ислом оламига таъсир доирасини белгилаш кабилар долзарб аҳамиятга эга.
Термиз – Марказий Осиё исломий тарихининг бошланғич муҳим нуқталаридан бири сифатида алоҳида диққатга сазовордир. Вилоят ва шаҳар сифатидаги ушбу ҳудуд милодий VII асрнинг охирги чорагидаёқ ўзининг янги исломий тарихини бошлаган. Шундан сўнг асрлар давомида Термиздан юзлаб олимлар етишиб чиқиб, улар томонидан тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф илмларида ўзига хос мактаб яратилди, шунингдек, астрономия, математика, табобат каби фанларда ҳам бир қатор асарлар битилган.
Маърузалар давомида хорижий фондларда сақланилаётган термизий алломаларига оид қўлёзмаларни асли ёки электрон факсемеле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳақида таклифлар билдирилди. Ўтказилган анжуман Ўзбекистон, Туркия, Ироқ, Ҳиндистон, Тожикистондаги термизийшунос олимлар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйилишига асос бўлди. Анжуман иштирокчилари томонидан ҳар томонлама мафаатли, термизий алломалар ҳаёти ва маънавий меросини тадқиқ этиш бўйича янги қирраларни очилишига асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида термизий алломаларининг қўлёзмалари, даврий нашрлари ва термизий алломалар ҳақидаги тадқиқотларнинг жамлаб бориш таклифи билдирилди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати
Солиҳ ва соғлом фарзанд сўраб дуо қилиш
Жамият ҳаётида муҳим ҳодиса юз берди – янги оила дунёга келди. Никоҳ асосида бошланган янги ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ҳар бир келин-киёв учун унутилмасдир. Айни дамда, гўзал ва осуда ҳаёт орзусида қадам ташлаётган икки қалбнинг энг асосий мақсади – Аллоҳ таоло уларга солиҳ ва соғлом фарзанд беришини сўраб дуо қилишлари бўлиб, бу жуда ҳам аҳамиятлидир.
Бу бежизга эмас албатта. Чунки бу пайғамбарларнинг амалидир. Масалан “Оли Имрон” сурасининг 38 оятида: “Шу чоғда Закариё Роббисига дуо қилиб: Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан”, деди” кўринишидаги дуо. Мазкур дуо ҳали келин ҳомилали бўлмасдан аввал ўқилиши лозим. Айниқса киёв бошчилигида ушбу дуо ва илтижоларнинг қилиниши янада муҳимдир.
Бўлажак отанинг дуоси ижобат бўлиб, бола ҳомила шаклида ривожлана бошлагач, унинг келажакда ақлан ва жисмонан соғлом, шу билан бирга аҳли солиҳлардан бўлишини сўраб дуо қилишда бўлажак онанинг ҳам кўмаги жуда зарурдир. Зеро бу инсоният отаси Одам ва момо Ҳавводан мерос қолган амалдир. Жумладан улар (Одам ота ва момо Ҳавво) оятда зикр этилганидек: “...У (ҳомила) оғирлашганда эса икковлон Роббилари Аллоҳга: “Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтиргувчилардан бўлажакмиз”, деб дуо қилдилар” (Аъроф, 189). Фарзанднинг дунёга келиш вақти яқинлашгани сари бўлажак ота ҳам она ҳам ўзига хос гўзал мақсад ва истаклар билан бирга, онанинг соғлигига оид қўрқув, ҳадик ва фарзанднинг жисман комил ва соғлом ҳамда ақлан етук туғилиши орзуси пайдо бўлади. Айнан мана шу даврга келиб бўлажак ота-она: “Агар бизга солиҳ фарзанд берсанг, албатта, шукр қилгувчилардан бўламиз”, деб доимий дуо қилишлари лозим бўлади.
Дуо қилишга тарғиб бежизга эмас албатта. Чунки замонвий илмий тадқиқотлар асосида олимлар нима учун инсоният кундан кунга ўзаро оқибатсиз, бешавқат ва бераҳмлик сари юз тутаётгани, бир оила аъзоларининг бир бирига ҳурмати ва эҳтиромининг йўқолиши сабабини топганларини эълон қилдилар. Олимларнинг хулосаларига кўра, бунинг асоси боланинг зинодан ва фарзанд кўришни истамаган ота-оналардан туғилиши экан. Бу эса барчага маълум ҳолат яъни, ота-онанинг фарзандли бўлишни хоҳламай тургандаги руҳий ҳолати, ўртада вужудга келадиган ҳомилага ўтиши ва шу билан бирга она қорнида ривожланаётган боланинг дунёга келишига рози бўлмаётган ота-онанинг салбий кайфиятини болага бўлган салбий таъсиридир яъни, унинг ҳаққига дуои хайр қилинмаслигидир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шундай хулоса қилишимиз лозимки, ҳар бир келин-киёв ва ҳар бир ота-она ҳар доим Аллоҳдан мана шу Ватанга, элу юртга манфаатли солиҳ ва соғлом фарзанд сўраб дуо қилиши керак.
ЎМИ мутахассиси Акмалхон АҲМЕДОВ
Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ: Маърифат улашиш энг эзгу амал
Хитойда Қуръон мусобақаси ўтказилди
Хитойдаги Эрон Ислом Республикасининг маданият ишлари идораси Пекиндаги эронлик талабалар жамияти билан ҳамкорликда эронлик талабалар учун жонли (онлайн) дастур орқали Қуръони карим мусобақаси ташкил қилинди.
Эрон Ислом Республикасининг Пекиндаги маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Aббос Aли Вафоийнинг айтишича, мусобақада Хитойнинг турли шаҳарлари, жумладан, Пекин, Ханчжоу, Ухан, Шенчжен, Нанкин, Жинан, Далиан ва Шанхайда истиқомат қилувчи эронлик талабалар катта қизиқиш билан иштирок этди.
Ушбу мусобақада Хитой заминидаги эронлик қори ва қориялар мусобақанинг турли йўналишлари, жумладан, “Эркаклар учун Қуръон тиловати”, “Аёл-қизлар учун Қуръон тиловати”, “Қуръони каримдаги тушунчалар ва тафаккур” ва “Қуръони каримнинг хориждаги талабалар ҳаётига таъсирини баён қилиш” каби йўналишларда беллашди.
Қуръони каримни қоидали ўқиб бериш ва қироат йўналиши иштирокчилари тиловатларини видео шаклида мусобақа ташкилий ҳайъатига юборишди. Ҳакамлар видеоларни баҳолаб, иштирокчи қори ва қориялардан ғолиблар номини эълон қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Унутилаётган суннатлар (25-суннат): Фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиш
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД