muslim.uz
Имом Табарий: Қирқ йил давомида кунига қирқ варақдан асар ёзган олим
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», дея марҳамат қилганлар.
Ҳадиси шарифда таърифи келган ана шундай йўлчи юлдузлардан бири билан қисқача танишсак.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг тафсир китоблари ичида энг мўътабарларидан саналувчи «Тафсири Табарий» асари ва «Мусулмон тарихчилигининг отаси» унвонига сазовор этган «Тарихи Табарий» номи билан машҳур асарлари орқали танимаган илм толиблари кам топилади.
839 йилда ҳозирги Эроннинг тарихий вилояти Табаристон таваллуд топган Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёшлиги ҳақида сўзлаб: «Етти ёшимда Қуръони Каримни ёд олдим. Саккиз ёшга тўлганимда, таровеҳ намозларида инсонларга намоз ўқиб берар эдим. Тўққиз ёшга тўлганимда эса, ҳадис ёза бошладим» деган эканлар.
Бўлажак олим 12 ёшида илм йўлида сафар қилган. Кўплаб илм марказларида бўлиб, таниқли уламолардан дарс олган.
Бир неча йиллик илмий сафарлардан сўнг 870 йили Мисрдан Бағдодга келган олим кейинги 50 йиллик ҳаёти давомида ўта баракали ва сермазмун илмий фаолият олиб борган.
Ўзини бутунлай таълим ва илмга бағишлагани сабабидан замондошлари ва кейинги авлодларнинг юксак эътирофи ва таҳсинига сазовор бўлган.
Имом Абу Бакр Хатиб ўзининг «Тарихи Бағдод» китобида шундай ёзади: «Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди. У ҳадис илмида ҳам беназир бўлиб, саҳобалар, тобеинларнинг ҳаётлари, ҳақида ҳам ҳаммадан яхшироқ билар эди».
Имом Табарий юксак эътирофларга сабаб бўлган «Тафсир»ини етти йил давомида шогирдларига айтиб туриб ёздирган. Хатиб Бағдодий шундай дейди: «Али ибн Убайдуллоҳ Симсимийдан эшитдимки, ибн Жарир Табарий қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан асар ёзган».
Табарий тарих, фиқҳ ва тафсир ва қироат илмларидан ташқари араб шеърияти, наҳв, математика ва тиббиёт илмларини ҳам яхши ўзлаштирган. У зот вақтини жуда ҳам тартибли равишда илм олиш ва таълим беришга тақсимлаб, шунга қатъий амал қилган.
Хатиб Бағдодий ривоят қилади: «Абу Жаъфар Табарий бир куни ўз шогирдларига айтди: «Тафсир ўқишни ҳохлайсизларми, ёзиб берайми?»-деди. Улар: «Қанча варақ бўлади?» –деб сўрашди. У киши: «Ўттиз минг саҳифа бўлса керак…» - деб, жавоб берди. Шунда шогирдлари: «Китобни охирига етмасдан умримиз тугаб қолади-ку!» -деб, жавоб бердилар. Сўнг Абу Жаъфар Табарий китобни уч минг саҳифага қисқартириб, таълиф қилди.
Сўнгра шогирдларидан: «Одам алайҳиссаломдан бизнинг вақтмизгача бўлган олам тарихини ёзиб берайми»-деб, сўради. Улар: «Неча саҳифа бўлади?»-деб, сўрашди. Абу Жаъфар тафсир китобининг ададича миқдорни айтган эди, шогирдлари ҳам худди ўшандай жавоб қайтаришди. Шунда Абу Жаъфар: «Инна лиллаҳи! Одамларда ҳиммат камайиб кетибди.» –деб, тафсирни қисқартирган миқдорда қисқартириб ёзди».
Муфассир, фақиҳ, муҳаддис ва тарихчи олим ибн Жарир Табарий 86 ёшида Бағдодда вафот этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимга илм талаб қилиб турган ҳолида ажали келса, у билан пайғамбарларнинг ўртасида фақат пайғамбарлик бўлади, холос», (Имом Термизий ривояти) деган муборак сўзлари ҳаётининг сўнгигача ўзини илмга бағишлаган олимлар ҳақида айтилган бўлса керак, Валлоҳу аълам.
Манбалар асосида Бобур Аҳмад тайёрлади
Унутилаётган суннатлар (27-суннат): Таҳиятул масжид намози
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин", дедилар (Бешовлари ривоят қилган).
Ҳанафий мазҳабида имом хутба ўқиётган бўлса таҳийяти масжид ўқилмайди.
Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийяти масжид намозини ўқий олмаса, "Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар"ни айтса кифоя қилади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бахтиёр домла САТТОРОВ: Маърифат улашиш энг эзгу амал
Ҳанафий Ислом ҳуқуқи сабоқлари: Фиқҳ илмининг аҳамияти (аудио)
Ўзбекистон ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади
Ўзбекистон раҳбарияти томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг Сеулдаги элчиси Виталий Фен бугун Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раиси, имом Ли Жу Хва (Абдулраҳмон Ли) билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Мазкур федерация 1967 йил ташкил этилган. Ташкилот Жанубий Корея мусулмон талабалари уюшмаси ва Жанубий Корея ислом маданияти институтини назорат қилади, Қуръон ўрганиш бўйича мадрасалар фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Абдулраҳмон Ли, шунингдек, Жанубий Корея мусулмонлар жамоатининг бош имоми ҳисобланади.
Музокараларда Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва чет эллик саёҳатчилар учун қулай шароитлар яратиш, маданий мерос объектлари ва ислом маданиятига оид муқаддас қадамжоларни тиклаш бўйича бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот тақдим қилинди. Ислом тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний ва бошқа таниқли ўзбек олимлари ва мутафаккирлари ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ўзбекистонда бугунги кунгача сақланиб қолган ушбу буюк шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ёдгорлик мажмуалари, мақбаралар ва музейлар дунёнинг турли ўлкаларидан келаётган кўплаб мусулмонларнинг зиёратгоҳига айлангани таъкидланди.
Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбари Имом Бухорий, Нақшбандий ва бошқа буюк алламоларнинг бебаҳо мероси туфайли Ўзбекистон ислом оламида алоҳида мавқега эга эканини қайд этди. Ўзбекистонда сўнгги йиллар зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган қулай шарт-шароитлар мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги машҳурлигини янада ошираётганига ишонч билдирди.
Имом Ли Жу Хванинг айтишича, бугунги кунда Жанубий Кореянинг 45 мингдан зиёд фуқароси ислом динига эътиқод қилади, уларнинг бир қисми ҳар йили Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга оширади. Шу нуқтаи назардан, у Жанубий Корея мусулмонлари учун ҳаж сафарларини Ўзбекистон орқали ташкил этиб, уларга бутун дунёда ҳурматга сазовор бўлган қадамжоларни зиёрат қилиш имкониятини яратиш зарурлигига эътибор қаратди.
Учрашув якунлари бўйича элчихона ва федерация ўртасида зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда корейс мусулмонларини Ўзбекистонга зиёрат туризми доирасидаги сафарларга жалб қилиш бўйича қўшма тадбирлар мажмуасини амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларга зиёрат туризми бўйича инфотурлар уюштириш, Жанубий Кореядан Ўзбекистонга чартер рейслар ва зиёратчиларнинг сафарларини ташкил қилиш, шунингдек, исломшунос олимлар иштирокида биргаликда анжуманлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати