muslim.uz

muslim.uz

Булғор ислом академияси ректори Дониёр Абдраҳмоновнинг таклифига биноан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан академиянинг магистр ва доктарантлари учун Zоом видеоконференция дастури орқали «Марказий Осиёда ислом таълимоти» мавзусида беш кунлик ўқув курси ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Таъкидлаш керакки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Миср, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондаги 30 га яқин етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолаган.
Татаристондаги Булғор ислом академияси ҳам марказнинг яқин ҳамкорларидан бири саналади.
Ҳар икки илмий муассаса ўртасида эришилган келишувларга кўра илмий тадқиқотчилар мазкур илм масканларида ташкил этилаётган семинарлар, конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Курс давомида марказнинг етакчи илмий ходимлари томонидан «Мовароуннаҳр калом илми тарихида мотуридия таълимоти», «Марказий Осиё кутубхоналари тарихи», «Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ўрни», «Фиқҳга оид манбалар таҳлили», «Имом Термизий илмий мероси тадқиқотчилар нигоҳида» сингари мавзуларда маърузалар ўқилди.
Ўқув курсининг якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Булғор ислом академияси раҳбарларининг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.
Булғор ислом академияси ректори Дониёр Абдраҳмонов икки муассаса ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбир муқаддас ислом дини ривожида Мовароуннаҳрда камол топган буюк аллома ва муҳаддислар, диний уламолар илмий меросининг ўрни ва аҳамиятини чуқур тадқиқ этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Бунинг учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ва жамоасига миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида икки муассаса ўртасида ҳамкорликка оид имзоланган меморандумда белгиланган вазифаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, илмий ходимларнинг мақолаларини нашр этиш, малака ошириш курсларини ташкил қилиш, конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш, бу борада ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Жума куни тонгда маҳалла фаоллари олдимга бир хат билан келишди. Унда шу йил 30 ноябрь куни Чилонзор тумани “Катта Дўмбробод” кўчаси 216-уйда ёнғин бўлгани, барча ашёлар қатори 3 нафар норасида боланинг кийимларигача ёниб кетгани, бу ерда (акасининг уйида) ногирон укаси ҳам яшаши ёзилганди.

Воқеадан хабар топгач, жума намози олди ноибларим билан мусибатга учраган хонадонга бориб, уларга тасалли бериб келдик. Жума намозидан кейин хатни намозхонларга ўқиб бериб, имкон қадар мусулмонлик вазифамизни тушунтирдим.

Шундан сўнг масжидга келган азизларнинг саҳовати билан ёнғиндан азият чеккан оилага 612 АҚШ доллар ва 39 825 000 сўм жами 45 975 600 сўм йиғилди. Аллоҳ хайру садақа қилганлардан рози бўлсин, ажру савобларини кўпайтириб берсин.

Куннинг иккинчи ярмида жумадан сўнг бошига ташвиш тушган оила аёли омонатни олиб, эҳсон қилган барчанинг ҳақига дуо қилиб: “Аллоҳга шукр, азиз халқим омон бўлсин” деб йиғлаб юборди, бошқа гапиролмади...

Ҳа, азизлар, бу қалб қўридан чиқган дил сўзи, мустажоб дуо эди! Халқимиз доим омон бўлсин, Аллоҳ офат ва фалокатлардан паноҳида асрасин!

 

Муҳаммадназар домла ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими мудири

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар хўрознинг қичқириғини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан фазли ва марҳаматини сўранг. Чунки у (хўроз) фариштани кўргандир. Агар эшакнинг ҳанграшини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан шайтондан асрашини сўранг. Чунки у (эшак) шайтонни кўргандир», деганлар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

«Асда Ўмон» газетаси ўз мухлисларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самаралари билан таништиришда давом этмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Ушбу газета сайтида чоп этилган мақола мамлакатимизнинг диний эркинлик соҳасида эришаётган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганига бағишланган.
АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео баёнотига таянган ҳолда, Ўзбекистон сўнгги йилларда республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида диний эркинлик бўйича махсус кузатув остида бўлган давлатлар рўйхатидан чиқарилди, деб таъкидлаган мақола муаллифи Aли ал-Ҳассаний.
АҚШ Давлат котибининг қайд этишича, Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш бўйича кўрилган амалий чоралар бошқа давлатларга ўрнак бўлиб хизмат қилади, деб ёзади «Асда Ўмон».
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистонда 33 миллиондан ортиқ кишидан иборат аҳолининг 90 фоизидан кўпини мусулмонлар ташкил этиши айтилган.
Қисқа вақт ичида Ўзбекистон раҳбарияти ички сиёсат ва иқтисодий ривожланиш моделининг муҳим ислоҳотларини бошлаб берди, шунингдек, маданий ва диний дастурларни амалга оширишда янги стратегия ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги диний-маърифий марказ мавқеини тиклашга қарор қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом академияси очилди.
Газета Тошкент диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ғоясини фаол илгари сураётганини таъкидлаган. Бунинг амалий тасдиғи ўлароқ, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияси қабул қилингани айтилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top