Ўзбекистон янгиликлари

Мусибатга учраган хонадонга 45 миллион сўмлик ёрдам берилди

Жума куни тонгда маҳалла фаоллари олдимга бир хат билан келишди. Унда шу йил 30 ноябрь куни Чилонзор тумани “Катта Дўмбробод” кўчаси 216-уйда ёнғин бўлгани, барча ашёлар қатори 3 нафар норасида боланинг кийимларигача ёниб кетгани, бу ерда (акасининг уйида) ногирон укаси ҳам яшаши ёзилганди.

Воқеадан хабар топгач, жума намози олди ноибларим билан мусибатга учраган хонадонга бориб, уларга тасалли бериб келдик. Жума намозидан кейин хатни намозхонларга ўқиб бериб, имкон қадар мусулмонлик вазифамизни тушунтирдим.

Шундан сўнг масжидга келган азизларнинг саҳовати билан ёнғиндан азият чеккан оилага 612 АҚШ доллар ва 39 825 000 сўм жами 45 975 600 сўм йиғилди. Аллоҳ хайру садақа қилганлардан рози бўлсин, ажру савобларини кўпайтириб берсин.

Куннинг иккинчи ярмида жумадан сўнг бошига ташвиш тушган оила аёли омонатни олиб, эҳсон қилган барчанинг ҳақига дуо қилиб: “Аллоҳга шукр, азиз халқим омон бўлсин” деб йиғлаб юборди, бошқа гапиролмади...

Ҳа, азизлар, бу қалб қўридан чиқган дил сўзи, мустажоб дуо эди! Халқимиз доим омон бўлсин, Аллоҳ офат ва фалокатлардан паноҳида асрасин!

 

Муҳаммадназар домла ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими мудири

1723 марта ўқилди

Янгиликлар

Top