muslim.uz

muslim.uz

 Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳ қилган одам чиройли (суннат ва одобига риоя қилган ҳолда) таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиса ва Аллоҳ таолодан гуноҳининг кечиришини сўраса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Абу Довуднинг ривоятида: “Аллоҳ таоло уни албатта мағфират қилади”, дейилган.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам қилган гуноҳларимиз кечирилишини Аллоҳ таолодан сўраб, тавба намозини ўқишга одатланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Бугун, 14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази қурилиш жараёни ва келгусидаги фаолияти билан яқиндан танишишди. Унда Тошкент вилоятида хизмат қилиб келаётган обрў-эътиборли, тажрибали имом-хатиблар иштирок этди.

Тадбир давомида тингловчилар мутасадди вакиллар Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан таништириш билан бирга, ушбу марказнинг аҳамияти ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, унинг маънавий ва маърифий соҳада, аждодларга муносиб авлодлар етиштиришдаги ўрни айтиб ўтилди.  

Шунингдек, иштирокчилар Ислом маърифати ва соф Ислом таълимотини ёйишга хизмат қилувчи ушбу маскан ҳақидаги давомли тарғибот ишларини амалга ошириш кераклигини таъкидашди.

Четверг, 15 Октябрь 2020 00:00

Суҳбатимиз зикр бўлсин!

Одатда кўпчилик ўзаро яхши нарсалар ҳақида суҳбатлашганидан сўнг қўлларини очиб: “Ё Аллоҳ, барчамизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт”, деб чиройли дуолар қилишади. Лекин баъзи давра вакиллари борки, суҳбатларидан ўзлари ҳам уялиб: “Ер бориб етказмасин”, “Гапларимиз суҳбат бўлсин, ғийбат эмас”, дея қилмишларини оқлашга уринишади.

Ғийбат гуноҳи кабира экани, унинг салбий оқибатларидан каттаю кичик хабардор. Гуноҳ эканини тушуниб етмаганлар ҳам, лоақал бу иллатни ёқтиришмайди. Чунки ҳар ким ўзи ҳақидаги ножоиз гапни эшитганда, дили вайрон бўлади. Ачинарлиси, кўнгли оғриган ўша инсонлар ҳам ўзгаларни бот-бот ғийбат қилиб туришади. Афсус, бу иллат тобора қулоч ёзиб бормоқда. Ҳатто ғийбатнинг кўринишларидан бири – тақлид санъат турига ҳам айланиб улгурди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Софиянинг мана бундай, мана бундай экани етарлидир”, деб айтдим. (Баъзи ровийлар: “Бўйининг пастлигини назарда тутган”, дейишган.) Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Дарҳақиқат, сен бир калимани айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни лойқалатиб юборарди. Гарчи менга мана шунча, мана шунча нарса ваъда қилинсада, бир кишининг камчилигини кўрсатиб, уни масхараламаган бўлардим”, дедилар».

Муҳаммад Муборакфурий “Туҳфатул Аҳфазий” асарида ушбу ҳадисни бундай шарҳлайди: «Олимлар: “Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) София онамизнинг бўйи пастлигига ишора қилиб, тақлидан кўрсатиб берган”, дейишади. Чунки матндаги арабча “ҳакайту” лафзи шуни билдиради.

“Гарчи менга мана шунча, мана шунча нарса ваъда қилинса-да, бир кишининг камчилигини кўрсатиб, уни масхараламаган бўлардим”, лафзини эса Имом Тибий (раҳимаҳуллоҳ): “Яъни, менга шунча миқдорда мол-давлат берилса ҳам, ҳеч кимнинг камчилиги кўрсатиб тақлид қилиб бермасдим, деганлар”, деб фикр билдирган. Мулла Али Қори (раҳимаҳуллоҳ): “Бунинг маъноси, бировнинг камчилигини кўрсатиб бериш билан шунча, шунча бойликка эга бўлишни истамасдим”, деганларидир. Яъни, “Бировни масхаралаш, унга тақлид қилиш шариатда гуноҳ ва қораланган амаллардан, шу сабаб асло бу ишга қўл урмаган бўлардим, демоқчи бўлганлар”, дея шарҳлаган. Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ): “Бировнинг чўлоқлиги, букрилиги каби сифатларини кўрсатиб масхаралаш ҳам ғийбат сирасига киради”, деб айтган».

Ушбу ҳадиси шарифдан хоҳ у сўз билан, хоҳ ифода билан бўлсин, ғийбатнинг барча тури ҳаром экани маълум бўлмоқда. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) одамлар енгил санайдиган, лекин Парвардигор ҳузурида катта гуноҳларнинг биридан огоҳлантирмоқдалар. Шояд, инсонлар ушбу қабоҳатдан сақлансаю дунё ва охират бахтсизлигидан омонда бўлса, деб умид боғламоқдалар.

Гуноҳлардан, хусусан, ғийбатдан тийилиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини тоқатидан ташқари ишга буюрмаган. Бунинг учун шариат кўрсатмалари, Расулининг насиҳатларига амал қилишининг ўзи етарли. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг, хусусан, ўзлари ҳам саҳобаларига гўзал тарбия бериб, уларни гуноҳдан огоҳлантириб:

“Саҳобаларимдан ҳеч ким менга биров ҳақида бирон нарса етказмасин. Мен сизларнинг олдингизга соғ қалб билан чиқишни истайман”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Саҳобалар ғийбатдан тийилишни Аллоҳга яқин қилувчи энг катта амаллардан деб билишарди. Тобеинлардан бири: “Биздан олдингилар ибодатни рўза ва намозда эмас, балки одамлар обрўсини тўкишдан тийилишда деб билишарди”, деб айтган.

Мусулмоннинг обрўсини ҳимоя қилиш имон аломатларидан, биродарликнинг чинлигидир. Бу тўғрида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни дўзах ўтидан ҳимоя қилади” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти), дея марҳамат қилганлар.

Ғийбатдан буткул тўхташ учун тавба қилиш, илгари билиб-билмай ғийбат қилган кишиларнинг ҳақига истиғфор айтиш, инсон ўз айбларини аниқлаб, уларни тузатиш билан шуғулланиши, ўлим, охират, ҳисобни эслаши даркор. Шунингдек, жамият аъзоларини ғийбатдан огоҳлантириши, ундан қайтаришда фаол бўлиши, ғийбат бўладиган жойлардан узоқлашиши билан ўзини бу иллатдан муолажа этади.

Юлдуз КОМИЛОВА

Четверг, 15 Октябрь 2020 00:00

Шайх Алоуддин Мансур ҳақида...

Нафақат ўзбек халқи, балки бутун Марказий Осиё мусулмонларининг фахри, атоқли уламо, муфассир, муҳаддис ва мўътабар Ҳанафий мазҳабимиз забардаст олими Шайх Алоуддин Мансур раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари муносабати билан барча илм аҳли, шогирдлари, мухлислари ҳамда минтақамизнинг барча мусулмонларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари йирик уламо бўлишлари билан жуда камтарин ва дилкаш инсон эдилар. Мавъизалари давомида бир маромда, тингловчини чарчатмасдан гапиришлари айниқса аҳли илмларни мафтун этар эди.

Ҳар бир ишдан илоҳий ҳикматни англашга уста эдилар. Ҳанафий мазҳабимизнинг энг йирик манбаларидан "Бадоъиус саноиъ фий тартибиш шароиъ" асарини таржимасини ниҳоясига етказган кезлари "Кўкалдош" мадрасасида устозимиз Абдулҳаким қори домла томонларидан ташкил этилган аҳли илмлар суҳбатларида мен хизмат қилиб юриб марҳум Анвар қори аканинг юқоридаги асар таржимасига қўл уришлари сабаби ҳақида берган саволларига қайтарган жавоблари ҳозиргача ёдимда сақланиб қолган.

"Ушбу асарни Алоуддин Самарқандий (“Туҳфатул фуқаҳо”) таълиф этганлар. Алоуддин Косоний шарҳлаганлар Алоуддин Мансур таржима қилди", деб камтарлик изҳор этган эдилар.

Яъни, "мен ҳеч нарса қилганим йўқ. Балки, Алоуддин исмли кишиларнинг ишини давом эттирдим, холос", деган эдилар.

Аллоҳ таоло марҳум устозни Ўз раҳматига буркаб, Мовароуннаҳр халқларига ўз Роббиларининг каломини тушунишлари учун қилган хизматларининг ажр-савобини зиёда қилиб берсин!

Иннаа лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Зикрулло Маҳкамов,

“Ҳасанхон қори” жоме масжиди имом-хатиби

Четверг, 15 Октябрь 2020 00:00

Ҳеч шубҳа йўқки, булутда заряд бор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг Hyp сурасида шундай дейилади: 

«Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра уларнинг орасини бирлаштиришини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмадингми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан» (43-оят).

Авваллари одамлар бу оятни эътиборсиз ўқиб юришган. Лекин аслида у борлиқдаги ҳақиқатларнинг онаси эканлигини илм кашф этди. Чунки булутларнинг қўшилиши турли зарядларга эга бўлган булутларнинг бирлашувини билдирар эди. Ҳеч шубҳа йўқки, булутда заряд бор. Буни Франклин деган олим 1752 йилда кашф этган.

Маълумки, қарама-қарши зарядлар бир-бирини тортади, бир хил зарядлар эса бир-биридан қочади. Бу аслида булутларни тарқатиб юбориши керак. Лекин шамол уларни бир-бирига яқинлаштиради. Шунда булут катталашади, ердан бораётган шамол мусбат зарядларни олиб боради, улар фазодаги мавжуд зарядлар билан бирлашиб, буғнинг сув томчиларига айланишига сабаб бўлади. Ва ниҳоят, ёмғир ёғади. Ёмғирнинг ҳосил бўлишига асосий сабаб ҳаводаги электр зарядидир. Бу зарядларни эса шамол бирлаштиради. Қуръони Каримда ушбу ҳодиса шундай баён қилинган: 

«Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик» (Ҳижр сураси, 22-оят).

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан

Top