muslim.uz
Муслима аёлнинг илмий ишлари халқаро эътирофга сазовор бўлди
Келиб чиқиши жазоирлик бўлган Квебек университети талабаси Линда Алиан халқаро эътирофга сазовор бўлган компьютер тизими хавфсизлигининг янги моделини ишлаб чиқди.
Ислам.ру хабарига кўра, магистр даражасини олиш доирасида Линда ҳар қандай компьютер тизимига кириш назоратни таъминлайдиган хавфсизликнинг янги моделини ишлаб чиқиш уддасидан чиқди. Бу ҳижобдаги талабанинг биринчи бундай ютуғи эмас. Аввалроқ, унинг Science Direct платформасида чоп этилган илмий мақоласи тармоқлар ва коммуникацияларнинг келгуси ривожланиши бўйича ўн тўртинчи халқаро конференция мукофоти билан тақдирланди. Унинг иши Springer Journal of Ambient Intelligence ва Humanized Computing халқаро илмий журналларда ҳам чоп этилди.
HoBAC аббревиатураси остидаги модель ҳар қандай компьютер тизимининг рақамли активларини рухсатсиз киришдан ҳимоя қилиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Юксак қалб соҳиби эди
Ўлим ҳақ, аммо, ёнингизда кўп йиллар давомида бирга хизмат қилиб, умргузаронлик қилиб юрган инсон оламдан ўтса , жуда аччиқ ва қайғули бўлар экан. Элимиз, юртимиз забардаст ва фидоий бир фарзандидан айрилди. Узоқ йиллар эл-юрт хизматида бўлган, ўзининг илмий салоҳияти билан барчаларимизга зиё таратиб, диний соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган муҳтарам домламиз Хайрулло ҳожи Турматовни бешафқат ўлим орамиздан олиб кетди.
Муҳтарам устоз Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини муваффақиятли тугатиб, узоқ йиллар Тошкент вилоятидаги «Четсув», «Қорабоғ», «Зангиота» жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби вазифаларида ишлаб келди. Сўнгги йилларда эса Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган эди.
Мен шу соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган мутахассис сифатида Хайрулло ҳожи Турматовнинг диний соҳадаги фаолияти билан анчагина таниш эдим. Бу Инсон қаерда фаолият кўрсатмасин, ўша жой обод ва кўркам масканга айланган. Бу Инсондаги самимият, соддадиллик ва очиқ чеҳралик бир вақтнинг ўзида масъулият ҳамда бурч тушунчалари билан уйғунлашган ҳолда намоён бўлар эди.
Хайрулло ҳожи Турматов Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро марказининг илк тингловчиларидан бири эди. Шу жойда ҳам домланинг фаоллиги, илмга бўлган муҳаббати ҳамда ҳозиржавоблиги яққол кўринди. Тингловчилар сардори сифатида барчани ўз атрофида бирлаштириб, ўқув жараёнларининг самарадорлигини оширишда катта ҳисса қўшди.
Устознинг телеканаллардаги барча чиқишлари мазмундор, салмоқли ва таъсирли эди. У кишининг ҳар бир айтган сўзи эшитувчи қалбига муҳрланиб қоларди.
Таассуфлар бўлсинки шундай азиз инсон орамиздан кетди. Ҳали юртимиз, халқимиз учун жуда кўп хизматлари бор эди. Илоҳим Яратган зот ҳожи биродаримизни ўзи раҳмат айлаб, жойларини жаннати Фирдавслардан қилсин. Оила ва фарзандларига чиройли сабри жамил ато айласин.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими
Фахриддин Муҳаммадиев
Масжид ошиқлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.
Умар розияллоҳу анҳу
Кунларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу хурмозорга чиқди. Қайтиб келганида одамлар аср намозини ўқиб бўлишганини кўрди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз). Гувоҳ бўлинглар, хурмозорим мискинларга садақа”, дедилар.
Убайдуллоҳ ибн Умар раҳимаҳуллоҳ
Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Хуфтон намозини доимо жамоат билан бирга ўқир эдим. Бир куни уйимга меҳмон келди. Меҳмон билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда шаҳардаги барча масжидларни айланиб чиқдим. Афсуски, масжидларда намоз ўқиб бўлинган эди. Уйга қайтиб, хуфтон намозини йигирма етти марта ўқидим.
Ўша куни туш кўрдим. Отлиқлар билан бирга эканман. Бироқ отим дўстларимнинг отига ҳеч ета олмас эди. Шунда улардан бири менга қараб: “Отингни қийнама, ҳаргиз бизга ета олмайсан”, деди. “Нима учун?” деб сўрадим. “Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг”, деб жавоб берди”.
Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ
Тобеинларниг саййиди Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ: “Эллик йил давомида бирор марта жамоат намозини тарк этмадим”, деган.
Ҳотами Асом раҳимаҳуллоҳ
Ҳотами Асом айтади: “Бир марта жамоат намозини ўтказиб юбордим. Шунда Абу Исҳоқдан бошқа ҳеч ким менга таъзия билдирмади. Агар фарзандим вафот этганида ўн мингдан ортиқ инсон таъзия изҳор қилган бўларди. Наҳотки, дунё мусибати дин мусибатидан оғирроқ бўлса” (Мукошафатул Қулуб).
Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ
Сулаймон Мақдисий раҳимаҳуллоҳ деди: “Умрим бўйи икки маротаба жамоат намозига улгурмадим. Шунда ўзим ёлғиз ўқидим. Аммо шу икки марта ўқиган намозимни гўё ўқимагандек бўлдим” (Зайл табақот ал-Ҳанбалия).
Саид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ
Муҳаммад ибн Муборак Сурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саид ибн Абдулазиз бир куни жамоат намозини ўтказиб юборди. Шунда узоқ вақт ҳўнграб йиғлади” (Тазкиратул Ҳуффоз).
Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ
Ибн Самма раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Қирқ йил бирор марта ҳам жамоат намозини тарк этмадим. Фақат онам вафот этган куни жамоатга бироз кеч қолдим” (Сияр аълам ан-нубало).
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Иқомат айтилмасидан олдин жамоатга келиш намозга бўлган ҳурмат белгисидир”, деди.
Солиҳ инсон
Бир солиҳ кишидан: “Нега ҳамиша азон айтилмасдан масжидга келасиз?” деб сўрашди.
Солиҳ инсон: “Азон ғофилларни уйғотиш учундир. Мен ғофиллардан бўлмасликка ҳаракат қиламан”, деб жавоб берди.
Даврон НУРМУҲАММАД
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (тўртинчи қисм)
III. Мадина ҳаётининг дастлабки даври
Ушбу давр янги ислом жамиятини барпо қилишнинг дастлабки даври ҳисобланади. Маълумки, маҳаллий аҳоли бўлган ансор саҳобалар билан Мадинадан келган муҳожирлар орасида зиддиятлар ҳам бўлиб турган. Маккалик муҳожир қабилалар орасида ҳам тортишув ва низолар содир бўлар эди. Мадиналик ҳукмрон қабилалардан ҳисобланган Авс ва Хазраж қабилалари орасидаги зиддиятлар узоқ ўтмишга тақалар эди. Шунинг учун ҳам янги ислом жамияти аъзолари бўлмиш ансор ва муҳожир саҳобаларни ўзаро дўстлик ва ҳамжихатлик руҳида бирлаштириш зарурияти туғилди. Бунинг устига кун тартибида аҳолининг маълум қисмини ташкил қиладиган Мадина яҳудийлари масаласи ҳам мавжуд бўлиб, уларни ҳам ўз диний эътиқодлари, бошқарув тизими, қалъа ва қурол-аслаҳалари етарли бўлган. Мадинанинг ичи ва ташқарисида эса экин ерлари ва савдо ишлари ҳам бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб ислом жамиятини қура бошлаганларида мазмун-моҳиятан уларга мухолиф бўлган янги жамоа пайдо бўлди. Улар мунофиқлар жамоаси бўлиб, зоҳиран иймон исломни даъво қилар, амалда эса иймон келтирмас, мусулмонларга нисбатан нафрат ва адоватини яширар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у ерда дастлабки амалга оширган ишлари масжид барпо қилиш бўлиб, бу ишга барча саҳобаларни тарғиб қилдилар. Шу орқали турли этник гуруҳларга бўлиниб кетган араб қабилаларини бирлаштирдлар. Ҳа! Шу орқали улар орасида дўстлик, бирлик, ва иттифоқлик шаклланади, қурилажак масжиди набавия эса улар орасидаги муаммо ва ҳукмлар маҳкамаси, диний ахлоқ ва таълим тарбия асосини ўрганадиган билимлар маскани бўлиб қолади. Ансор ва муҳожир саҳобаларнинг барчаси ўзаро зиддиятларига барҳам бериб айни шу ерда шараф пайғамбари ва етук раҳбари атрофида жамланадилар, ибодатларини ҳам у зот бошчиликларида адо этадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина ҳаётининг дастлабки даври дастурида амалга оширган ишлари орқали юридик нуқтаи назардан Мадина дастурига (конститутцияси) асос солдилар. Бу нарса бугунги кун таъбирида диний, ирқий, мазҳабий ёки бошқа ҳар қандай эътибордан қатъи назар мажбурият ва ҳуқуқлар тенглигига асосланган фуқаролик кодекси эди. Бу ерда асосий эътибор инсонийлик ва фуқароликдир.
Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб илк ислом жамиятини қурган пайтларида у ерда турли динга эътиқод қилувчилар ва қабилалар мавжуд мавжуд бўлган.
Улар янги жорий бўлган Ислом дини вакиллари, яҳудийлик, насронийлик ва янги йўналиш бўлган мунофиқлардир. Масалани қизиқ томони вақт ўтишлиги билан насронийларнинг кўпчилиги Ислом динига ўтдилар.
Мадиналик қабилалар орасида Авс ва Хазраж қабилаларини сиёсий нуфузи катта эди. Мана шу каби этник зиддиятлар ва ўта урушқоқ араб қабилалари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина дастури (набавий суннат) орқали фуқаролик давлатини дастлабки конститутциясига асос солдилар. Дастур бандларида янги ислом давлати ҳусусиятларини чегаралаб бердилар. Унга кўра фуқаролар дин, ирқ ва жинс нуқтаи назаридан ажратилмайди (камситилмайди).
Ушбу дастур - фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш, эзгуликка ундаш ва ҳамкорлик қилиш, ёмон иллатлардан сақланишга қаратилган эди.
Мазкур дастур ўз навбатида, ислом давлатининг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга барчани масъул этиб белгилади. Жамият аъзолари орасида тенглик, ижтимоий адолат ва тинч-тотув яшаш принципларини мустаҳкамлади. Ушбу дастур ҳеч бир истисносиз жамиятнинг барча фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини эътироф қиладиган, умумбашарият тариҳи давомида илк бора ёзилган дастлабки ёзма дастур ҳисобланади.
Унга кўра фуқароларнинг барчаси сиёсий низомда тенгдирлар. Улар давлатни муносиб ҳимоя қилиш мажбуриятини бажаргани ҳолда ўзлари ҳам давлат ҳимоясида бўладилар. Мадина аҳолисининг барчаси мазкур дастур бандларида, ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларини кўргач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни суннатларига, яъни мазкур дастурга рози булдилар.
Мазкур дастурга биноан ҳар қандай инсон шаҳардан кўчиб кетиши ёки у ерда яшаш ҳуқуқига эга бўлиб, бошқалар фойдаланадиган ҳуқуқ ва имтиёзлардан тўлақонли фойдаланади. Айни пайтта бошқаларга юклатилган мажбуриятга у ҳам масъулдир. Жамиятга таълуқли бўлган ишларга у ҳам дахлдор, унга тааллуқли бўлган ишлар жамиятга ҳам дахлдордир. У одам ҳеч бир ҳолатда бирор зарар ёки хавф-хатар кўриши мумкин эмас. Ушбу дастур энг кўп эътибор қаратган мавзулардан бири, жамият аъзолари орасида тўлақонли адолат ўрнатиш тамойили эди. Айниқса, мазкур жараёнлар барча фуқароларни диний маросим ва ибодатларини эмин-эркин ўтказишда, уларни ҳуқуқ ва мажбуриятларининг мувофиқлиги, изчиллиги таъминланишида, мол-мулк, ва иззат-нафс ҳамда этиқод эркинлиги кафолатланишида ёрқин намоён бўлар эди.
(Давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.
Таржимон: Тоҳир Воҳидов.
Мўминлар учун Ҳужурот сурасидан 5 одоб
- Мўмин банда эшитган нарсасини сўраб-суриштирмай гапиришдан эҳтиёт бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Муслим ривояти).
Демак, эшитган гапини одамларга гапираверган киши ёлғончилардан саналади. Мўмин банда эса ёлғончи бўлмайди.
Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Аллоҳнинг Расули, мўмин қўрқоқ бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлади-ми?” дедилар.
“Ҳа”, дедилар.
“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлади-ми?” деб сўрадилар.
“Йўқ”, деб жавоб бердилар (Имом Молик ривояти).
- Мўмин банда бирор кишини масхара қилмаслиги лозим.
“Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, токи ўзи ҳам ўша гуноҳни содир этмагунича вафот этмайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда масхара қилувчиларнинг ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантиради: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
- Мўминлар бир-бирларини мазах қилишлари ва лақаблар билан атамасликлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
- Мўминлар гумондан четда бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
- Мўминлар ўзгалар айбини қидиришдан ва уларни ғийбат қилишдан сақланишлари лозим.
“(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД