Мақолалар

“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (тўртинчи қисм)

III. Мадина ҳаётининг дастлабки даври

Ушбу  давр янги ислом жамиятини  барпо қилишнинг дастлабки даври ҳисобланади. Маълумки, маҳаллий аҳоли бўлган ансор  саҳобалар билан  Мадинадан келган муҳожирлар орасида зиддиятлар ҳам бўлиб турган. Маккалик муҳожир қабилалар орасида ҳам тортишув ва низолар содир бўлар эди.  Мадиналик ҳукмрон қабилалардан ҳисобланган Авс ва Хазраж қабилалари орасидаги зиддиятлар узоқ ўтмишга тақалар эди.  Шунинг учун ҳам янги ислом жамияти аъзолари бўлмиш ансор ва муҳожир саҳобаларни ўзаро дўстлик ва ҳамжихатлик руҳида бирлаштириш зарурияти туғилди. Бунинг устига кун тартибида аҳолининг маълум  қисмини ташкил қиладиган  Мадина яҳудийлари масаласи ҳам мавжуд бўлиб,  уларни ҳам ўз диний эътиқодлари, бошқарув тизими, қалъа ва қурол-аслаҳалари етарли бўлган. Мадинанинг ичи ва ташқарисида эса экин ерлари ва савдо ишлари ҳам бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб ислом жамиятини қура бошлаганларида мазмун-моҳиятан уларга мухолиф бўлган янги жамоа пайдо бўлди. Улар мунофиқлар жамоаси бўлиб, зоҳиран иймон  исломни даъво қилар, амалда эса иймон келтирмас, мусулмонларга нисбатан нафрат ва адоватини яширар эди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у ерда дастлабки амалга оширган ишлари масжид барпо қилиш бўлиб, бу ишга барча саҳобаларни  тарғиб қилдилар. Шу орқали турли этник гуруҳларга бўлиниб кетган араб қабилаларини бирлаштирдлар. Ҳа! Шу орқали улар орасида дўстлик, бирлик, ва иттифоқлик шаклланади, қурилажак масжиди набавия эса улар орасидаги муаммо ва ҳукмлар  маҳкамаси, диний ахлоқ ва таълим тарбия асосини ўрганадиган билимлар маскани бўлиб қолади. Ансор ва муҳожир саҳобаларнинг барчаси ўзаро зиддиятларига барҳам  бериб айни шу ерда  шараф пайғамбари ва етук раҳбари атрофида жамланадилар, ибодатларини ҳам у зот бошчиликларида адо этадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина ҳаётининг дастлабки даври дастурида амалга оширган ишлари орқали юридик нуқтаи назардан Мадина дастурига (конститутцияси) асос солдилар. Бу нарса бугунги кун таъбирида диний, ирқий, мазҳабий ёки бошқа ҳар қандай эътибордан қатъи назар мажбурият ва ҳуқуқлар тенглигига асосланган фуқаролик кодекси эди. Бу ерда асосий  эътибор инсонийлик ва фуқароликдир.  

Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб илк ислом жамиятини қурган пайтларида у ерда турли динга эътиқод қилувчилар ва қабилалар  мавжуд мавжуд бўлган. 

Улар янги жорий бўлган Ислом дини вакиллари, яҳудийлик, насронийлик ва янги йўналиш бўлган мунофиқлардир. Масалани қизиқ томони вақт ўтишлиги билан  насронийларнинг кўпчилиги Ислом динига ўтдилар. 

Мадиналик қабилалар орасида Авс ва Хазраж қабилаларини сиёсий нуфузи катта эди. Мана шу каби этник зиддиятлар ва ўта урушқоқ араб қабилалари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина дастури (набавий суннат) орқали фуқаролик давлатини дастлабки  конститутциясига асос солдилар. Дастур бандларида янги ислом давлати ҳусусиятларини чегаралаб бердилар. Унга кўра фуқаролар дин, ирқ ва жинс нуқтаи назаридан ажратилмайди (камситилмайди).    

Ушбу дастур - фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш, эзгуликка ундаш ва ҳамкорлик қилиш, ёмон иллатлардан сақланишга қаратилган эди.

Мазкур дастур ўз навбатида, ислом давлатининг  ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга барчани масъул этиб белгилади. Жамият аъзолари орасида тенглик, ижтимоий  адолат ва тинч-тотув яшаш принципларини мустаҳкамлади.  Ушбу дастур ҳеч бир истисносиз жамиятнинг барча фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини эътироф қиладиган, умумбашарият тариҳи давомида илк бора  ёзилган дастлабки ёзма дастур ҳисобланади.
 

Унга кўра фуқароларнинг барчаси сиёсий низомда тенгдирлар. Улар давлатни муносиб ҳимоя қилиш мажбуриятини бажаргани ҳолда ўзлари ҳам давлат ҳимоясида бўладилар. Мадина аҳолисининг барчаси  мазкур дастур бандларида, ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларини кўргач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни суннатларига,  яъни мазкур дастурга рози булдилар.

Мазкур дастурга биноан ҳар қандай инсон шаҳардан кўчиб кетиши ёки у ерда яшаш ҳуқуқига эга бўлиб, бошқалар фойдаланадиган ҳуқуқ ва имтиёзлардан тўлақонли фойдаланади. Айни пайтта бошқаларга юклатилган мажбуриятга у ҳам масъулдир. Жамиятга таълуқли  бўлган ишларга у ҳам дахлдор, унга тааллуқли бўлган ишлар жамиятга ҳам дахлдордир. У одам ҳеч бир ҳолатда бирор зарар ёки хавф-хатар  кўриши мумкин эмас. Ушбу дастур энг кўп эътибор қаратган мавзулардан бири, жамият аъзолари орасида тўлақонли адолат ўрнатиш тамойили эди. Айниқса, мазкур жараёнлар барча фуқароларни диний маросим ва ибодатларини  эмин-эркин ўтказишда, уларни ҳуқуқ ва мажбуриятларининг мувофиқлиги, изчиллиги таъминланишида, мол-мулк, ва иззат-нафс ҳамда этиқод эркинлиги кафолатланишида ёрқин намоён бўлар эди.

(Давоми бор)
 

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.
 

Таржимон: Тоҳир Воҳидов.

2156 марта ўқилди

Мақолалар

Top