Мақолалар

Юксак қалб соҳиби эди

Ўлим ҳақ, аммо, ёнингизда кўп йиллар давомида бирга хизмат қилиб, умргузаронлик қилиб юрган инсон оламдан ўтса , жуда аччиқ ва қайғули бўлар экан. Элимиз, юртимиз забардаст ва фидоий бир фарзандидан айрилди. Узоқ йиллар эл-юрт хизматида бўлган, ўзининг илмий салоҳияти билан барчаларимизга зиё таратиб, диний соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган  муҳтарам домламиз Хайрулло ҳожи Турматовни бешафқат ўлим орамиздан олиб кетди.

Муҳтарам устоз Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини муваффақиятли тугатиб, узоқ йиллар Тошкент вилоятидаги «Четсув», «Қорабоғ», «Зангиота» жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби вазифаларида ишлаб келди. Сўнгги йилларда эса Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган эди.

Мен шу соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган мутахассис сифатида Хайрулло ҳожи Турматовнинг диний соҳадаги фаолияти билан анчагина  таниш эдим.  Бу Инсон қаерда фаолият кўрсатмасин, ўша жой обод ва кўркам масканга айланган. Бу Инсондаги самимият, соддадиллик ва очиқ чеҳралик бир вақтнинг ўзида масъулият ҳамда бурч тушунчалари билан уйғунлашган  ҳолда намоён бўлар эди.

Хайрулло ҳожи Турматов Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро марказининг илк  тингловчиларидан бири эди. Шу жойда ҳам домланинг фаоллиги, илмга бўлган муҳаббати ҳамда ҳозиржавоблиги яққол кўринди. Тингловчилар сардори сифатида барчани ўз атрофида бирлаштириб, ўқув жараёнларининг самарадорлигини оширишда катта ҳисса қўшди.

Устознинг телеканаллардаги барча чиқишлари мазмундор, салмоқли ва таъсирли эди. У кишининг ҳар бир айтган сўзи эшитувчи қалбига муҳрланиб қоларди.

Таассуфлар бўлсинки шундай азиз инсон орамиздан кетди. Ҳали юртимиз, халқимиз учун жуда кўп хизматлари бор эди. Илоҳим Яратган зот ҳожи биродаримизни ўзи раҳмат айлаб, жойларини жаннати Фирдавслардан қилсин. Оила ва фарзандларига чиройли сабри жамил ато айласин.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими

Фахриддин Муҳаммадиев

2340 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Масжид ошиқлари Динимиз жонкуяри эдилар »

Мақолалар

Top