muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 01 Июнь 2017 00:00

Намозга оид фатволар

1-ФАТВО

«Фарз» намозни фарз деб ўқиётган бўлса-ю, сўзининг маъносини тушунмай ёки намознинг фарз эканини билмай ўқиб юрган бўлса, ўқиган намози дуруст ҳисобланмайди.

«Оламгирия», «Қуня», «Қозихон».

 

Намознинг фарзларидан бири – қибла, яъни Маккаи мукаррама шаҳридаги Каъба (Байтуллоҳ) томонга юзланишдир. Макка аҳолиси учун қибла – Каъбанинг ўзига бевосита ва билвосита юзланиш, деб иттифоқ қилинган. Аммо Маккадан узоқда яшовчи мусулмонлар олдинги пайтларда қиблани юлдузлар ва бошқа тахминлар асосида аниқлашган ва масжидлар қибласини ҳам шунга кўра белгилашган. Масалан, бизнинг диёримиз учун Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг (қ.с.) қибла тўғрисида берган фатвоси асос қилиб олинган. У зот бундай деган эканлар: «Ёзнинг энг узун кунида қуёш ботган жойни белгилаб қўй! Сўнгра қишнинг энг қисқа куни қуёш ботган жойни ҳам аниқлаб, белгилаб қўй! Шу икки аломат ўртасидаги оралиқни учга бўлиб, ўнг томонингга икки ҳиссасини, чап то­монингга бир ҳиссасини тақсимлаб, ўртасига юзлансанг, шу қибладир».

«Қозихон».

 

Изоҳ:

Ҳозирги илм-фан тараққий этган даврда, фалакиёт ва жуғрофия илмлари чуқур ўрганилиб келинаётган бизнинг асримизда қадим замондаги тахминий маълумотлар билан қаноатланиш маъқул эмаслигини ҳисобга олиб, ҳозирги вақтда қиблани фақат компас ва қиблани аниқлаш асбоблари ёрдамида топиш тавсия этилади. 

2-ФАТВО

Душман, йиртқич, ўғри кабилардан хавфи бор одам хоҳлаган томонига юзланиб намоз ўқиши мумкин. Аммо кемада хавфсиз пайтда фақат Каъба томонга юзланилади.

«Оламгирия».

 3-ФАТВО

Бегона жойда қиблани аниқлаёлмай турганида икки киши қибла бу ёқда деб гувоҳлик берса, қаралади: агар у иккиси шу ерлик бўлса, сўзларига амал қилиш шарт. Борди-ю, улар шу ерлик бўлишмаса, сўзларига парво қилмай, ўзининг ижтиҳоди (қасди) билан бир томонни қибла деб эътиқод қилган ҳолда, намозини ўқийверади. Кейин қибла бошқа тарафда экани маълум бўлса ҳам, ўқиган намозини қайта ўқимайди.

«Қозихон», «Оламгирия», «Хулоса».

 

4-ФАТВО

Чуқур ертўла, баланд тоғ ва қирларда ҳам Каъба томонга юзланиб ўқиш жоиз. Зеро, Каъбанинг қибла ҳисобланмиш ҳудуди Ернинг еттинчи қаватидан осмоннинг еттинчи қаватигачадир. Шунинг учун Каъба томида ўқилган намоз ҳам  кароҳият билан жоиз, дейилган.

«Оламгирия», «Музмарот».

 

5-ФАТВО

Бегона жойдаги масжидга кириб, меҳроби бўлмагани учун қиблани аниқлай олмасдан бир томонни қибла деб қасд қилиб ўқигандан кейин қиблада адашгани маълум бўлса, сўрамагани учун намозни қайта ўқийди. Адашмаган бўлса, намози дуруст.

«Оламгирия», «Қозихон».

 6-ФАТВО

Бир киши саҳрода қиблани бир томонга қасд қилиб намоз ўқиб турганида, бошқа одам келиб, қиблани қасд қилмай, шак билан унга иқтидо қилиб намоз ўқиди. Кейин қиблага тўғри юзланганлари маълум бўлса, иккисининг намози ҳам дуруст. Аммо қибла хато чиқса, имомнинг намози дуруст, қасдсиз иқтидо қилган кишининг намози эса дуруст эмасдир.

«Оламгирия», «Хулоса».

7-ФАТВО

Қайси намозни ўқишга киришаётганини дилида ният билан идрок этиб туриши шарт. Масалан, биров бехос «Қайси намозни ўқияпсан», деб сўраб қолса, ҳеч ўйланиб ўтирмасдан, тўғри жавоб бера олса, қилган нияти ҳисобга ўтади. Неча ракатлигини ҳам ният қилиши яхши, лекин шарт эмас. Фарздан бошқа намозларда фақат намоз ўқишни ният қилишнинг ўзи кифоядир.

«Оламгирия», «Шарҳи Виқоя», «Қозихон».

 8-ФАТВО

Мабодо имом бошқа намозхонларга имомлик қилишни эмас, якка намоз ўқишни ният этса ҳам, унга эргашганлар намози дуруст бўлаверади. Аёлларга имомлик қилганда эса, ният шарт.

«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит».

 

9-ФАТВО

Имомга иқтидо қилиш учун ният қилинади. Имом «Таҳрима такбири»ни айтмай туриб, иқтидони ният қилса ҳам жоиз, дейилган. Лекин иқтидони имом «Аллоҳу акбар» дегандан сўнг ният қилиши афзалдир.

 «Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит».

 

10-ФАТВО

Агар «Шу турган Абдуллоҳ исмли имомга иқтидо қилдим», деб ният изҳор этиб, намоз ўқигандан кейин имом Абдуллоҳ эмас, Насруллоҳ экани маълум бўлиб қолса, зарари йўқ.

«Оламгирия», «Табйин».

12-ФАТВО

Намоз бошланганда келган намозхон имомнинг фарз ёки таровеҳ ўқиётганини билмагани учун «Агар хуфтон намози бўлса, иқтидо қилдим, таровеҳ намози бўлса, иқтидо қилмадим», деса, намози дуруст ҳисобланмайди, гарчи хуфтон ўқилаётган эсада.

«Оламгирия», «Хулоса».

13-ФАТВО

Абу Ҳанифа (р.ҳ.) сўзига кўра, аср намозининг қазосини пешин намозининг қазоси, деб ният қилиш дуруст эмас. Шунингдек, зиммамдаги тўрт ракат қазосини ўқийман, деб ният қилиши ҳам дуруст эмас. Яна бир кеча-кундуз ичида бир вақт намозни ўқиёлмаган бўлса, унинг аниқ қайси намоз эканини тайин қилиб, кейин қазосини ўқиши керак. Агар эслай олмаса, беш вақт намознинг ҳаммасини қайтадан ўқиши лозим.

«Қозихон», «ал-Мунтақо».

 14-ФАТВО

Намозни бошида фарз деб бошлаб, кейин намоз давомида нафл ўқияпман, деган ният билан ўқиб тамомласа ёки бошида нафл деб ният қилиб, намоз давомида фарз ўқияпман, деган ният билан ўқиб тамомласа, намоз бошидаги нияти эътиборга олинади.

«Қозихон».

15-ФАТВО

Пешин вақти чиққанидан бехабар пешин намозини ният қилиб ўқиса, намози дурустдир. Зеро, вақт чиқиши билан пешин намозининг қазоси зиммасига тушади. Қазо намозни адо (ўз вақтида ўқилаётган) намоз нияти билан ўқиш ҳам жоиздир.

«Қозихон».

16-ФАТВО

Агар намозхон имомга иқтидо қилган бўлса, «Таҳрима такбири»ни имомдан олдин айтиб қўй­са, намози тўғри эмас. Иқтидо қилмаган бўлса, намозни якка ўқувчи сифатида бошлаган саналади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

17-ФАТВО

Намоз қиёмида узрсиз бир оёқда туриб ўқиш макруҳдир. Агар узри бўлса, зарари йўқ.

«Оламгирия», «Жавҳара», «Сирожия».

18-ФАТВО

Намозда аврат ҳисобланадиган аъзоларни ўзга­лардан беркитиш фарз. Аммо намозхон ўзи­дан беркитиши шарт эмас. Масалан, лозимсиз узун куйлак кийиб ўқиётган киши энгашиб, руку қил­ганида ёқадан авратига кўзи тушса, намози бу­зилмайди.

«Оламгирия».

 

 19-ФАТВО

Фарз намозларини заруратсиз бузиш жоиз эмас. Зарурат деганда, бирор киши сувга ғарқ бўлаётган, йиртқич ҳайвон ҳамла қилаётган, ёрдам сўраб ча­қираётган каби ҳолатлар назарда тутилган. Нафл намозларда намозда эканини билмаган одам ча­қирсагина намозни бузиб жавоб қилинади. Намоз ўқиётганини билиб туриб, ота-онасидан бири чақирса ҳам, жавоб бермаслиги мумкин.

«Ал-Фатҳур-Раҳмоний».

 

20-ФАТВО

Намозда аврати очилиб кетса, дарҳол ёпиб олса, зарари йўқ. Аммо бир рукн миқдорида очиқ қол­дирса, намози бузилади.

«Оламгирия».

 

21-ФАТВО

Эркак киши кўйлак, лозим, салла билан намоз ўқиши мустаҳаб ҳисобланади. Аммо фақат бир узун куйлак билан ўқиса ҳам, макруҳ эмас. Лекин бир лозимнинг ўзи билан ўқиши макруҳдир.

«Оламгирия».

 

22-ФАТВО

Намоз учун кийим, бадан, жойнамоз пок бў­лиши шарт. Уларда бир дирҳам миқдоридан ортиқ нажосат бўлса, намоз дуруст бўлмайди. Кийимида бир дир­ҳам миқдоридан ортиқ ғализ нажосат борлигини кўриб қолди. Лекин қачондан бери шундай эканини билмайди. Шу кийим билан ўқиган бирор намозини қайтадан ўқимайди.

«Оламгирия».

 

 

23-ФАТВО

Кийимдаги нажосат билан жойнамоздаги нажосатни қўшганда дирҳам миқдорича чиқадиган бўлса, намозни бузмайди.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

24-ФАТВО

Агар калиш ёки унга ўхшаш осон ечиладиган оёқ кийимини ечиб, устига оёқларини қўйиб намоз ўқиса, зарари йўқ. Бунда оёқ кийимининг ос­ти пок ёки нопоклигининг дахли бўлмайди.

«Оламгирия».

 

25-ФАТВО

Қатнов йўли устида, молхона, ахлатхона, қас­соб­хона (кушхона), ғуслхона, ҳаммом, қабрис­тон каби жойларда ва Каъба томида намоз ўқиш мак­руҳдир. Яйлов, бўйра, гилам каби нарсалар устида намоз ўқишнинг зарари йўқ.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

26-ФАТВО

Тўққизта вақт борки, ўша пайтларда қазо на­мози, жаноза, тиловат саждаси жоиз, лекин нафл намоз ўқиш жоиз эмас: бомдод намозининг – фар­зидан олдин (суннати бундан мустасно); фарз­дан кейин Қуёш чиққунга қадар, аср на­мо­зи­дан ке­­йин шомгача; шом намозидан олдин, жума намозининг (арабча) хутбаси пайтида; ик­ки ҳайит намозининг (арабча) хутбаси пайтида; қуёш, ой тутилганда ўқиладиган намоз хутбаси асносида.

«Қозихон».

 

27-ФАТВО

Макруҳ вақтларда нафл намозини бошлаб қўй­ган одам намозни бузиши ва кейин қазосини ўқи­ши керак.

«Қозихон».

 

28-ФАТВО

Икки вақт намозини қўшиб бир вақтда ўқиш, бизнинг ҳанафий мазҳабимизга кўра, фақат икки жойда жоиз. Биринчиси – Арафа куни Арафотда пе­­шин билан аср намозлари пешин пайтида, иккинчиси – Муздалифада шом билан хуфтон намозлари хуфтон вақтида кетма-кет ўқилади. Ам­мо шофиъий мазҳабида сафар, касаллик, ёмғир ка­би узрлар сабабли мазкур намозлар жам қилиб бир вақтда ўқилаверади.

«Қозихон».

 

29-ФАТВО

Сажда қилиш бобида пешонаси ва бурнида уз­ри бўлса, юзини ёки иягини ерга теккизиб сажда қилиши жоиз эмас. Бундай одам ўтирган ҳолда сажда ниятида боши билан имо-ишора қилади.

«Оламгирия», «Хизона».

 

30-ФАТВО

Намозда қилинадиган жаҳрий қироатнинг энг пасти – ўзидан бошқа кишига эшиттириб ўқиш, махфий ўқишнинг энг пасти – ўзига эшиттириб ўқишдир. Мабодо ҳарфларни тили билан ўз жо­йидан чиқариб тўғри ўқиса-ю, ўзига эшиттирмаса, қироат қилган ҳисобланмайди. Шунга кўра, жон­­лиқ сўйганда айтиладиган «басмала», талоқ ибо­ралари, қасамдаги истисно, савдолашувдаги ке­­лишув сўзлари ҳам лоақал гапирувчининг ўзи­­­га эшитилиши шарт.

«Мухтасар», «Оламгирия»,

«Муҳит», «Сирожия».

 

31-ФАТВО

Бомдод намозининг биринчи ракатида қироат миқдорини иккинчи ракатидан узун қилиш суннатдир. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) сўзига кўра, барча намозларда ҳам биринчи ракатда Фотиҳа сурасидан ке­йин узун, иккинчисида қисқароқ сура зам қи­лиш мақбулдир. Фатво ҳам шунга берилган.

«Оламгирия», «Зоҳидий»,

«Татархония».

 

32-ФАТВО

Иккинчи ракат зам сурасининг миқдори биринчи ракатда ўқилган зам сурадан уч ёки ундан кўп  оят ортиқ бўлса, макруҳ ҳисобланади. Агар фарқи уч оятдан кам бўлса, макруҳ эмас.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

33-ФАТВО

Фарз намозларининг ҳар икки ракатида Фо­ти­ҳа сураси билан бирга бутун бир сурани ўқиш афзалдир. Агар биринчи ракатда суранинг айрим оятларини, иккинчи ракатида бошқа оятларини ўқиса, баъзи уламолар бу – макруҳ, десалар, бош­қалари макруҳ эмас, дейишган.

«Оламгирия».

 

34-ФАТВО

Бир ракатда бир неча сурани ўқиб, улар орасидан бир ёки кўпроқ сурани қолдириб ўқиса, мак­руҳдир. Аммо икки ракатда ўқиганида эса, ўртада бир неча сура қолдирса, макруҳ эмас, бир сура қолдирса, макруҳдир. Баъзи уламолар ўртада қолдирилган бир сура узун бўлса, макруҳ эмас, дейишган. Шунингдек, ўртада икки кичик сура қол­дирилса ҳам, макруҳ эмас. Баъзи уламолар, ўр­тада сура қолдириб ўқиш мутлақо макруҳ эмас, деганлар. Аммо суннат ва нафл намозларда суралар орасида сура қолдириб ўқиш мутлақо макруҳ эмасдир.

 «Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».

 

35-ФАТВО

Намозда Қуръони каримни хатм қилган қори охирги ракатда Фотиҳа сураси билан яна хоҳ­ла­ган жойидан оятларни ўқиб, тугатиши тавсия этилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

36-ФАТВО

Намозда «етти қироат»нинг қайси бири асосида ўқиса ҳам жоиз, лекин одамларни таажжубга соладиган ғариб, шозз қироатларни ўқимагани маъқул.

«Оламгирия», «Татархония».

 

37-ФАТВО

Намозхоннинг тили баъзи ҳарфларни ўз махражидан чиқара олмайдиган бўлса, ўша ҳарфлар учрамайдиган оятларни ўқиши керак бўлади. Агар шундай оятлар учрамаса, ноилож ўқийверади. Ле­кин тили келмайдиган ҳарфлар учрамайдиган оят­лар бўла туриб, қийин оятларни ўқиса, намози дуруст эмас.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

38-ФАТВО

Намозда ўқиган оятлари орасидан бирор ҳарф ёки калима (сўз) тушиб қолса, қаралади: агар бу билан маъно ўзгариб кетадиган бўлса, намоз бузилади. Маъно ўзгармайдиган бўлса, намоз бу­зилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

39-ФАТВО

Ўқиган оятлари орасига бирор ҳарф қўшиб ўқи­са ҳам, қаралади: агар бу билан оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса, намоз бузилади. Ўзгар­маса, бузилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».

 

 

40-ФАТВО

Агар оятдаги бир калима ўрнига бошқа сўзни ўқиб қўйса, қаралади: агар Қуръонда бор калималардан бўлиб, маъноси ҳам қолдирилган сўз маъносига яқин бўлса, намоз бузилмайди. Масалан: «ал-Ҳаким» ўрнига «ал-Алим» ўқигани каби. Борди-ю, Қуръонда йўқ калимани ўқиб қўйса, Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, агар маъноси қолдирилган калима маъносига яқин бўлса, намоз бузилмайди. Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида эса, намоз бузилади. Масалан: «таввобин» ўрнига «тай­ёбин» ўқигани каби. Борди-ю мазкур калима Қуръонда ҳам йўқ, маъноси ҳам яқин келмаса, бил­иттифоқ, намоз бузилади. Маъноси эътиқод жиҳатидан куфр саналадиган сўзларга алмаштириб ўқиб қўйса ҳам, намоз бузилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

 41-ФАТВО

Агар қироатда фарзанд нисбатини бегона ота номига бериб ўқиб қўйса ва у ном Қуръонда йўқ бўлса, билиттифоқ, намоз бузилади. Қуръонда кел­­­ган номлардан бўлса, Имом Муҳаммад ва барча машойих уламолар наздида, бузилмайди. Ам­мо Исо (а.с.) бундан мустасно. Масалан, қироатда «Исо ибн Луқмон» деб ўқиб қўйса, намоз бузилади. Лекин «Мусо ибн Исо» деб ўқиб қўйса, намоз бу­зилмайди.

«Оламгирия», «Важизи Кардарий».

 

 

42-ФАТВО

Намоздаги қироатда оят калималаридаги ҳа­ра­кат белгиларини (зер-забарни) хато ўқиб қўйса, намоз бузилмайди.

«Оламгирия».

Изоҳ:

Агар маъно бузиладиган бўлса, намоз ҳам бузилади.

 

43-ФАТВО

Фарз намозларни жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатлар сирасига киради. Уни узр­сиз тарк этиш гуноҳ ҳисобланади. Лекин бир неча узр саналган ишлар борки, улар боис масжидга ва жамоатга чиқмаслик жоиз ҳисобланади. Масалан, бемор, оёқлари шол бўлган, кексалик сабаб­ли бе­дармонликка учраган, кўзи ожиз кишилар жамоатга чиқмасдан, уйларида ўқишлари мумкин. Шунингдек, ёмғир, йўлнинг лойлиги, қаттиқ совуқ ҳаво, қалин қоронғилик, тундаги шамол кабилар ҳам узр ҳисобланади.

«Оламгирия», «Сирожул-ваҳҳож».

 

44-ФАТВО

Бурҳониддин Марғиноний (р.ҳ.) сўзларига кўра, «ҳавойи фикр ва бидъат эгалари» деб номланувчи фирқаларнинг айрим ашаддийларига иқтидо қи­либ намоз ўқиш жоиз эмас. Масалан: равофиз, жаҳмий, қадарий, мушаббиҳа сингари фирқалар­га. Қуръон – махлуқ деб эътиқод қилувчиларга эргашилмайди. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, имомликка ўтувчи фирқа вакилининг эътиқоди куфрга сабаб бўладиган ақидадан холи, лекин кароҳиятли жиҳатга эга бўлса-да, унга иқтидо қилиш жоиздир. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) Маккадан Масжиди Ақсога қилган сайрлари (Ис­ро)­ни инкор этувчи фирқадан бўлса, унга иқти­до қи­линмайди. Зеро, у (Исро) маъноси аниқ оят билан собитдир. Аммо Ақсо масжидидан осмонларга қил­ган сайрлари (Меърож)ни инкор этадиган фир­қалардан бўлса, унга иқтидо қилиш жоиз. Зеро, Меърож ҳақидаги далиллар қатъий эмас.

«Оламгирия», «Табйин», «Хулоса».

 

45-ФАТВО

Таҳорат бобида узрли кишилар бир-бирларига иқтидо қилишлари жоиз. Лекин узрлари бир хил бўлиши шарт. Масалан, доимий равишда ел чиқиш касалига чалинган одам доимий сийдиги томиб турувчи кишига эргашиши жоиз эмас.

 «Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ»,

«Табйин».

 

46-ФАТВО

Аъробий, кўзи ожиз, қул, валади зино ва фосиқ кишилардан бири имомлигида намоз ўқилса, унга иқтидо қилиш жоиз, лекин кароҳияти бор.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

Изоҳ:

Валади зинога иқтидо қилиш кароҳиятининг сабаби – одамлар ўртасида шов-шув гапларнинг пайдо бўлиш хавфидир.

 

47-ФАТВО

Эркак кишининг аёлларга имом бўлиб намоз ўқишининг шартлари – уларга имомликни ният қилиши ва хилват жойда бўлмаслигидир. Аммо аёлларнинг ҳаммаси ёки айримлари имомга маҳ­рам бўлса, хилватда ўқишлари ҳам жоиз. Лекин фақат аёллар жамоатига имом бўлиб ўқишнинг ка­­роҳияти бор. Жума ва ҳайит намозларида имомга эргашган аёлларга имомликни ният қилмаса ҳам, жоиздир. Аммо эркак кишининг аёлга иқти­до қилиши мутлақо жоиз эмас.

«Оламгирия», «Ниҳоя», «Хулоса», «Ҳидоя».

 

48-ФАТВО

Аёллардан бири имомлик қилган ҳолда, хоҳ фарз, хоҳ бошқа намозларни адо этишлари мак­руҳдир. Жаноза намози бундан мустасно. Жамоат билан намоз ўқиган тақдирда ҳам, имомликка ўтган аёл олдинга чиқиб олмай, биринчи саф орасида тургани яхши, дейилган. Аслида, аёллар якка ҳолда намоз ўқиганлари афзалдир.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

49-ФАТВО

Намоз қироатига яраша Қуръон сураларидан ўр­ганиб олиш ҳаммага фарзи айн экан, савод­сиз ки­ши ҳам намозда ўқилиши фарз бўлган миқ­до­­­рда қироатни тўғри ўқишга кечаю кундуз ҳа­ра­кат қилиши лозимдир. Агар ҳаракат қилма­са, Аллоҳ­нинг ҳузурида узрли саналмайди. Тоқати борича ҳаракат қилса ҳам, тўғри талаффуз билан ўқиёлмаса, намозни ўқийверади. Хато ўқилган қи­роати узрли ҳисобланади. Қироати дуруст одам қи­роати узрли кишига, қироати узрли одам соқовга, кийимли одам кийимсизга, масбуқ масбуққа, лоҳиқ лоҳиққа, ердаги одам отлиққа иқтидо қилиши жо­из эмас.

«Оламгирия», «Қозихон», «Хулоса».

 

50-ФАТВО

Имом билан унга иқтидо қилувчи (муқтадий) ўртасида юпқа девор бўлса, ёки қалин бўлса ҳам овоз ўтказадиган тешикчалар қўйилган бўлса, улар орқали имомнинг энгашаётган, тураётган ҳа­ракатлари кўриниб турса, ёки такбирлари эши­тилиб турса, намози жоиздир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

Изоҳ:

Шунга кўра, ҳозирда масжид ҳудудида, лекин имомдан олисда, алоҳида хоналарда, сафдан ажралган ҳолда имомга иқтидо қилиб намоз ўқишлар овоз кучайтиргичлар орқали имомнинг ҳолати билиниб тургани учун жоиздир.

 

51-ФАТВО

Ҳовлиси масжидга қўшни бўлган одам ўз уйида туриб, масжид имомига иқтидо қилишининг шарти – ўртада қатнов йўлининг бўлмаслиги ёки бўлса ҳам, йўл узра саф тортилиб, уни тўлдириб турган бўлишидир.

«Оламгирия», «Татархония».

 

52-ФАТВО

Имомга иқтидо қилувчи бир эркак ёки намозни тушунадиган ёшга етган норасида (сағир) бўлса, имомнинг ўнг ёнида туриб намоз ўқийди. Агар чап томонида туриб ўқиса, намози жоиз бўлса-да, ёмон иш қилган ҳисобланади. Якка одам имом ортида туриб иқтидо қилса ҳам, намози дурустдир.

Лекин кароҳияти бўлиш-бўлмаслигида уламолар икки хил хулосага келишган.

«Оламгирия», «Муҳит», «Бадое».

 

53-ФАТВО

Иқтидо қилувчи икки эркак бўлса, имомнинг ор­тида туришлари лозим. Борди-ю, имомнинг икки ёнида туриб ўқишса ҳам, намозлари жоиздир.

«Оламгирия».

 

54-ФАТВО

Агар турли жинс ва ёшдаги намозхонлар бир жамоатда бўлиб қолсалар, имом орқасидаги сафларга катта ёшдаги эркаклар, уларнинг ортидаги сафларга норасида ўғил болалар, уларнинг ортидаги сафга хунасалар туриб, улар ортидан аёллар, улар ортидан норасида қизлар саф тортадилар.

«Оламгирия», «Шарҳи Таҳовий».

 

55-ФАТВО

Аёлларнинг масжидга қатнаб, эркаклар жамоатига қўшилиб намоз ўқишлари макруҳдир. Кекса ёшдаги аёлларнинг бомдод, шом, хуфтон намозларига келишлари бундан мустасно. Лекин «Кофий» китобида «Бузғунчилик сабабли бугунги кунда аёлларнинг барча намозларга келиши макруҳ, деб фатво берилди», дейилган.

«Оламгирия», «Кофий», «Табйин».

 

56-ФАТВО

Эркаклар сафига кириб намоз ўқиган бир нафар аёл уч эркак кишининг: ўнг, чап ва орқа томонидаги намозхонларнинг намози бузилишига сабаб бўлади. Бошқаларнинг намози бузилмайди. Икки нафар аёл тўрт киши: ўнг, чап ва орқадаги икки кишининг намозини бузади. Уч нафар аёл бўлса, уларнинг икки ёнидаги икки киши ҳамда аёлларнинг ортидаги уч киши билан яна сафлар охири­гача ҳар сафдан уч кишининг намози бузилади.

«Оламгирия», «Табйин», «Татархония».

 

57-ФАТВО

Иқтидо қилган одам «Аттаҳийёт»дан кейинги салавот ёки дуони ўқиб бўлмасидан, имом салом бериб юборса, у ҳам салом бериб намоздан чиқади. Руку ва саждадаги тасбеҳларни уч марта айтмасидан, имом бошини кўтарса, муқтадий ҳам унга тобе бўлиб бошини кўтаради.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

58-ФАТВО

Имомдан олдин рукудан ёки саждадан бошини кўтариб юборган одам дарҳол руку ва сажда ҳолатига қайтиши лозим. Бу билан руку ёки саждани икки бор қилган бўлмайди.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

59-ФАТВО

Намозда шундай бешта амал борки, уларни имом бажармаса, муқтадий ҳам бажармайди: ик­­ки ҳайит намозидаги қўшимча такбирлар, уч, тўрт ракатли намозлардаги биринчи қаъда (ўти­риб «Аттаҳийёт» ўқиш), тиловат саждаси, саҳв саж­­­­да­си, «Қунут дуоси». Яна амал борки, уни имом бажарса ҳам, муқтадий бажармайди – бирор сажда­ни ортиқча қилса, ҳайит намозидаги так­бирлар сонига қўшса, жаноза намозида 5-такбирни айтса, бешинчи ракатга саҳван туриб кетса. Агар имом эсига тушиб, 5-ракатга сажда қил­май туриб, қай­тиб салом берса, муқтадий ҳам бирга салом бера­ди. Борди-ю, имом сажда қилса, муқтадий унга қў­­шилмайди, балки салом беради. Имом бешинчи ракат саждасини қилмасидан, муқтадий салом бериб қўйса, ҳар иккисининг ҳам намози бузилади.

«Оламгирия», «Важизи Кардарий», «Хулоса».

 

60-ФАТВО

Намозга кеч келиб қўшилган киши (масбуқ), агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қила­ёт­ган бўлса, «Таҳрима такбири»ни айтиб, иқтидо қи­лади. Лекин «сано» ўқимайди. Намоз охирида қолган қисмини ўқиш олдидан «сано» билан «Аъу­зу»ни ўқиб, қироат қилади. Имом товушсиз қи­ро­ат қилаётганда эргашган одам «сано» ўқийди.

«Оламгирия», «Важиз», «Заҳирия», «Қозихон».

 

61-ФАТВО

Масбуқ имом салом бериши биланоқ қолган қисмини ўқиш учун турмай, имом бошқа суннат ёки нафл намозга туришини ёки меҳ­робдан юз ўгиришини кутиб туради. Зеро, имом саҳв саждаси қилиб қолиши ҳам эҳ­тимол.

«Оламгирия», «Баҳрур-роиқ».

 

62-ФАТВО

Имом охирги қаъда (ўтириш)да «Аттаҳийёт»­дан кейинги салавот ва дуоларни ўқиётганида, масбуқ фақат «Ташаҳҳуд»ни ўқийди. Вақти ортиб қолса, «Ташаҳҳуд»ни такроран ўқийди, яъни «Ашҳаду ал­ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ»ни қайта-қайта ўқиб туради. Мас­буқ «Аттаҳийёт»ни бир марта секин-аста, чў­зиб ўқиб, имом билан бирга тугатишга ҳаракат қи­лади, деган уламолар ҳам бор.

«Оламгирия», «Важиз», «Қозихон», «Хулоса».

 

63-ФАТВО

Тўрт ракатли намоз тугагач, қавм имомга: «Уч ракат ўқидингиз», деса, имом эса: «Тўрт ракат ўқи­­дим», деса, қаралади: имом шубҳасиз, ишонч би­лан сўзида турса, намоз қайта ўқил­май­ди. Акс ҳолда, қавмнинг сўзи эътиборга олиниб, намоз қайта  адо этилади.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

 

64-ФАТВО

Агар имомнинг неча ракат намоз ўқигани тўғ­рисида на­­мозхонлар ўртасида тортишув пайдо бўлса, имом қайси томонга қўшилса, ўша та­раф­нинг сўзи эътиборга олинади, гарчи имом қў­шил­ган то­­монда фақат бир киши бўлса ҳам.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

65-ФАТВО

Намозни тик туриб ўқийдиган одам узр билан ўтириб ўқийдиган кишига иқтидо қилиши жоиз бўл­ганидек, қомати рост одам букрига иқтидо қи­лиши жоиздир.

«Қозихон».

 

66-ФАТВО

Имом қавмдан ўрта бўйли одам баробаридаги баланд жойда намоз ўқиши макруҳдир. Аксинча, имом пастликда, қавм тепаликда ўқиса, макруҳ эмас. Бу Имом Кархийдан нақл қилинган.

«Қозихон», «Наводир».

 

67-ФАТВО

Имомнинг икки оёғи меҳробдан ташқарида бў­лиши керак. Аммо намозхон кўплигидан изди­ҳом ҳосил бўлганида эса, имом меҳроб ичига кириб ўқиши ҳам жоиз.

«Қозихон».

 

68-ФАТВО

Муқтадийнинг бўйи имомга қараганда узунроқ бўлиб, имомдан олдинроқ жойга сажда қилса ҳам, намози дуруст. Зеро, муқтадийнинг оёқлари имом оёқларидан олдинга ўтиб кетмаслиги шарт. Аммо саждада боши ўтиб кетса, зарари йўқ.

«Қозихон».

 

69-ФАТВО

Намозга кечроқ келган киши имомни рукуда турганда топса, тик турган ҳолда «Таҳрима так­бири»ни айтиб, сўнгра рукуга энгашиши керак. Борди-ю, энгашган ҳолда такбир айтса, намози дуруст бўлмайди.

«Қозихон».

Изоҳ:

Зеро, «Таҳрима такбири» тик ҳолда айтилиши шарт. Энгашган ҳолда айтилган такбир таҳрима учун ҳам, руку учун ҳам ўтмайди.

 

70-ФАТВО

Имом рукуда турганида иқтидо қилган киши тик ҳолда рукуга такбир айтса ҳам, «Таҳрима такбири» учун айтган ҳисобига ўтади. Аммо «Таҳ­рима» учун бир такбир, руку учун яна бир такбир айтса, янада яхшироқдир.

«Қозихон».

 

71-ФАТВО

Биринчи қаъдада муқтадий «Аттаҳийёт»ни ўқиб бўлмасидан имом учинчи ракатга туриб кет­са, у билан бирга туриб кетмасдан, «абдуҳу ва расулуҳ»гача ўқиб, сўнгра туриши керак. Аммо намоз охирида «Аттаҳийёт»дан кейин салавот ёки дуони ўқиб бўлмасидан олдин имом салом бериб юборса, муқтадий ҳам у билан бирга салом бераверади.

«Қозихон».

 

72-ФАТВО

Муқтадий витр намозида «Қунут дуоси»ни ўқиб бўлмасидан, имом рукуга кетса, «Қунут»ни ча­ла қолдириб, у билан бирга руку қилаверади. Борди-ю, «Қунут дуоси»ни охиригача етказса, имом­нинг рукудан бош кўтариб юбориш эҳтимо­ли бўлмаса, «Қунут»ни охиригача ёки улгурган жойигача ўқийди.

«Қозихон».

 

73-ФАТВО

Имом рукудан қайтган пайтда унга иқтидо қил­­ган киши «Таҳрима такбири»ни айтиб, руку қилгач, имом билан бирга икки сажда қилса ҳам, шу ракатни топмаган ҳисобланади. Лекин имом би­лан ўқиган бошқа ракатлари дуруст бўлиб, имомдан сўнг ўша қолган ракатни ўқийди.

«Қозихон».

Изоҳ:

Жамоатга кеч келган киши имомни қайси ҳо­лат­да топса, «Таҳрима такбири»ни айтиб ўша жо­йи­дан бошлаб имом билан намозни давом эттириши лозим. Арконлари тўкис адо этилган ракатлар ҳи­собга ўтади. Бошқаларининг қазоси ўқилади.

 

74-ФАТВО

Имом биринчи саждадан бошини кўтармай ту­риб, муқтадий бошини кўтариб, имом саждада эканини билгач, бошини яна саждага қўйса, бу ерда икки масала бор. Биринчидан, муқтадий агар имом биринчи саждада деб, билган ҳолда бошини қайта қўйишда бу биринчи сажда деб, ният қилган бўлса, намози дуруст. Борди-ю, имомдан олдин бош кўтарганда, имом иккинчи саждага бош қўйган экан, деган фикрга борган бўлса, яъни ик­кинчи саждага бош қўйдим, деб ният қилган, шу пайтда имом бошини кўтариб, иккинчи сажда қил­ганини ҳам англамаган бўлса, муқтадийнинг намози бузилади. Аммо англаб, иккинчи саждани қўшса, намози дуруст бўлади.

«Қозихон».

 

75-ФАТВО

Ҳайит намозига кеч келиб, имомни рукуда топса, «Таҳрима такбири»ни айтиб, сано айтмай руку қилади ва рукудаги тасбеҳлар ўрнига уч такбирни айтади. Зеро, тасбеҳ айтиш – суннат, ҳайит намозининг олтита такбири – вожиб. Зеро, вожиб билан суннат бир вақт­га тўғри келиб қолганда, вожиб адо этилади.

«Қозихон».

 

76-ФАТВО

Имом жамоат намози адосидан сўнг суннат ёки нафл намоз ўқимоқчи бўлса, имомлик қилган жо­­йидан (меҳробдан) бошқа жойга ўтиб ўқиши лозим. Агар жамоатга қараб ўтирмоқчи бўлса, ўнг ёни билан бурилиб ўтириши мус­таҳаб амаллардандир.

«Қозихон».

Изоҳ:

Муқтадийга иштибоҳ бўлмаслиги учун имом бош­қа жойга ўтиб олиши ёки ёнига бошқа бир-икки намозхонни чорлаши лозим.

 

77-ФАТВО

Намозга кеч келган икки масбуқ имом саломидан кейин намознинг қолган қисмини алоҳида, мустақил равишда ўқиб олишлари керак. Мабодо бири иккинчисига иқтидо қилса, иқтидо қил­ганнинг намози бузилади.

«Қозихон».

 

78-ФАТВО

Масбуқ намоз охирида имом билан бирга саҳ­ван салом бериб қўйса, унга саҳв саждаси лозим бўлмайди. Борди-ю, имомдан кейин салом бер­са, саҳв саждаси қилади. Зеро, имом саломидан ке­йин масбуқ мустақил намозхонга айланади.

«Қозихон».

 

79-ФАТВО

Имом пешин намозини тўрт ракат ўқиб ўтириб, сўнгра янглишиб бешинчи ракатга турса ва шу пайтда бир киши келиб, унга иқтидо қилса, иқ­ти­доси дуруст. Лекин имом бешинчи ракатга сажда қилиб қўйса, имомнинг фарз намози бузилмайди, чунки у «охирги қаъда»га ўтирган. Кейинги ракатлари нафлга ўтади. Аммо масбуқнинг намози бузилади. Зеро, нафл ўқигувчига фарз ўқигувчи иқтидо қилиши жоиз эмас. Қаъдага ўтирмаган бў­лишса, ҳаммасининг намози бузилади.

«Қозихон».

 

80-ФАТВО

Имом шом намозида учинчи ракат охирида ўтириш ўрнига тўртинчи ракатга туриб кетса, муқтадий имом сажда қилмасидан, «Ташаҳҳуд»ни ўқиб, салом берса, намози бузилади.

«Қозихон».

 

81-ФАТВО

Масбуқ улгурмай кеч қолган жойини биринчи навбатда ўқиб олиб, сўнгра қолган қисмини имом билан ўқиса, намози бузилмайди. Лекин суннатга хилоф иш қилгани учун макруҳ ҳисобланади.

«Қозихон».

 

82-ФАТВО

Зиммасида саҳв саждаси бўлган имом ҳам, як­ка ўқувчи ҳам саҳв саждасидан олдин ўқийдиган «Ташаҳҳуд»дан кейин салавот ва дуони ўқимайди.

«Қозихон».

 

83-ФАТВО

Имом рукуда турганида сафга бир нотаниш киши келиб қўшилаётганини сезиб, рукуга улгурсин деб, бир-икки тасбеҳ қўшиб ўқиса, зарари йўқ. Аммо таниш одами учун руку ёки қироатни чўзиши мумкин эмас.

«Қозихон».

 

84-ФАТВО

Жума куни имом хутба ўқиб турганида бир намозхоннинг бомдод намозини ўқимагани ёдига тушса, дарҳол туриб икки ракат бомдод фарзини ўқиб олади. Бундай пайтда хутбани тинглаш вожиблиги соқит бўлади. Зеро, хутбадан кейин ўқиб улгурмайди.

«Қозихон».

 

85-ФАТВО

Намознинг ичида бир ракат кам ўқигандек туюлиб, шубҳа қилса, эҳтиётан бир ракат қўшиб қўя­ди. Аммо намозни ўқиб бўлганидан кейин бирор ракат кам ўқидим, деб шубҳа қилса, намозни қайта ўқимайди.

«Қозихон».

 

86-ФАТВО

Имомга бир-икки ракат кейин келиб иқтидо қилган масбуқ имом намоз охирида салавот ва дуо ўқиб ўтиришини кутганда, олдидан одамлар ўтиб, гуноҳкор бўлишидан қўрқса, «Ташаҳҳуд»ни ўқигач, кутмасдан, қиёмга туриб, қолган қисмини ўқиши мумкин.

«Қозихон».

 

87-ФАТВО

Намозда овоз билан ёки ўзи эшитадиган даражада гапириб қўйиш намозни бузади. Бу хоҳ қасд­дан бўлсин, хоҳ унутиш билан, хоҳ хатолик юза­сидан бўлсин, хоҳ оз, хоҳ кўп сўзласин, барибир намоз бузилади. Овозини чиқармай, фақат ти­лини қи­мирлатиб гапирса, намоз бузилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

88-ФАТВО

Намоз ичида ухлаб қолган пайтида гапирса ҳам намоз бузилади. Баъзи уламолар бунинг аксини айтган бўлсалар-да, лекин намознинг бузилиши амалга татбиқ учун танланган.

«Оламгирия», «Навозил».

 

89-ФАТВО

Хуфтон намозининг икки ракатини ўқиб бўл­гач, бу таровеҳ намози деб ўйлаб, салом бериб қўй­са, шунингдек, пешиннинг икки ракатидан ке­йин бу жума намози, деган фикрда салом бериб қўйса, ёки муқим тўрт ракатли намознинг икки ракатидан кейин ўзини сафарда деб ўйлаб, салом бериб қўйса, намозини қайтадан ўқийди. Аммо мазкур ҳолатларда намознинг охири, деган хаёлда салом берган бўлса, намози бузилмайди, балки давомини ўқиб, охирида саҳв саждаси қилади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

 

90-ФАТВО

Намоз ўқиётган кишига намоздан ташқарида­ги одам қироатда ёрдам бериб юборса, яъни эсига келмай қолган жойини эсига солса ёки хато ўқи­ган жойини тузатиб қўйса ва бу ёрдамни намоз­хон қабул қилса, намози бузилади.

«Оламгирия», «Мунятул-мусаллий».

 

91-ФАТВО

Имом қироатда ёрдамга муҳтож бўлган тақ­дир­да муқтадий дарҳол ёрдам беришга шошилмаслиги, балки бир оз ўзига қўйиб бериб, агар ўзи уддасидан чиқолмаса ёки сукут сақлаб қолса, шундагина ёрдам бериш лозим бўлади. Лекин имом ҳам, агар намозга яраша қироат қилган бўлса, қавмни ёрдам беришга мажбур қилмаслиги, балки рукуга кетавериши мумкин.

«Оламгирия», «Муҳит», «Кофий».

 

92-ФАТВО

Намозда инграса, оҳ тортса ёки овоз билан йиғ­ласа, қаралади: агар жаннат, дўзах каби ухровий нарсаларни ўйлаб шундай қилган бўлса, намози бузилмайди. Борди-ю, оғриқ, касаллик, бирор мусибат сабабли бўлса, намози бузилади.

«Оламгирия».

 

93-ФАТВО

Саждагоҳдаги чанг ёки тупроқни намоз ичида пуфлаб кетказса, қаралади: агар овозсиз ва ҳарф (ифодаловчи товуш)ларсиз нафас чиқарган бўлса, намоз бузилмайди. Акс ҳолда, намоз бузилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

94-ФАТВО

Намоз ичида ит, мушук, қўй, эчки каби ҳай­вон­ларни қўриса ёки ўзига чорласа, қаралади: агар ҳарф ҳосил бўладиган овоз билан бўлса, намоз бузилади, ҳарфсиз бўлса, бузилмайди.

«Оламгирия», «Захира».

 

95-ФАТВО

Аксирганда ёки кекирганда, гарчи ҳарф чиқса ҳам, намоз бузилмаганидек, йўталиш, инграш, оҳ тортиш кабилар узр билан, беихтиёр бўлса ҳам, намоз бузилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

96-ФАТВО

Намозда қироатга овозини созлаш учун йўтал­са ёки имом қироатда адашганда уни огоҳлан­ти­риш учун ёхуд ўзининг намозда эканини билдириш учун йўталса, намози бузилмайди.

«Оламгирия», «Табйин».

 

97-ФАТВО

Намозда қироатни Қуръони карим китобидан ўқиб қилса, Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, намоз бузилади. Зеро, Китобни кўтариб туриш, варақлаш, унга кўз ташлаш кўп ҳаракатни талаб қилади. Кўп амал ва ҳаракат эса, намозни бузувчи омиллардан. Шунга кўра, агар Китоб бирор нарса устига қўйилса, варақламаса ёки меҳроб деворига ёзилган битикдан ўқиб қироат қилса, намоз бузилмайди. Лекин Абу Ҳанифанинг (р.ҳ.) намоз бузилишига яна бошқа далили бор. У ҳам бўлса, Китобдан ўқиш – бу таълим олиш, ўрганиш демакдир. Бу эса намознинг амалларидан эмас. Демак, Китобни кўтариб ўқийдими ёки қўйилган ҳолда ўқийди­ми, баробардир. Қайси ҳолатда бўлса ҳам, намоз бузилади. Шу жавоб саҳиҳ деб топилган. Аммо Абу Юсуф ва Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, намозда Қуръ­­он китобидан ўқиб қироат қилиш жоиз. Яна Қуръонни ёд билувчи киши Китобдан ўқиб қироат қилса, намози бузилмайди, деганлар.

«Оламгирия», «Кофий».

 

98-ФАТВО

Меҳроб деворига Қуръон оятларидан бошқа сўз­лар, масалан, фиқҳий қоидалар ёзилган бў­либ, намозхон унинг маъносини тушуниб ёки тушунмаган ҳолда ўқиса, Имом Муҳаммаддан (р.ҳ.) бош­қа мужтаҳидлар намоз бузилмайди, деганлар.

«Оламгирия», «Табйин», «Захира», «Ҳидоя».

 

99-ФАТВО

Намозда кераксиз иш ва ҳаракат (амали касир) қилиб қўйса, намоз бузилади. Унинг миқдори тўғ­рисида уч хил таъриф бор. Биринчиси – икки қўл билан қилинадиган ишлар. Масалан: салла ўраш, кўйлак кийиш, иштон боғини боғлаш, камондан ўқ отиш. Аммо кўйлак ёки шалварни ечиш, дўп­пи кийиш ёки уни ечиш каби бир қўл билан қи­линадиган ишларни икки қўл билан бажарса ҳам, намоз бузилмайди. Иккинчиси – намозхон ўзини кўп иш қилиб юборгандек сезса, шунинг ўзи «амали касир»дир, деган ривоят бўлиб, у Абу Ҳанифа (р.ҳ.) раъйларига ҳам яқиндир. Учинчиси – намозхоннинг ҳаракатларини узоқдан кўрган киши у намоздан ташқарида деб билса. Аммо шак қилса, ҳисоб эмас. Бу таърифни кўпчилик уламолар маъ­қуллашган.

«Оламгирия», «Табйин», «Қозихон», «Хулоса».

 

100-ФАТВО

Намоз ичида бир саф миқдорида юрса, намози бузилмайди. Агар икки саф олдинга юрмоқчи бўлса, олдин биринчи сафгача юриб бориб, бир оз тўхтаб, сўнгра иккинчи сафга юриб бориши керак. Бирданига икки саф миқдорида юрса, намози бузилади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

101-ФАТВО

Намозда юзнинг ўзини у ёқ-бу ёққа бурса, гар­чи макруҳ бўлса-да, намоз бузилмайди. Аммо кўк­раги билан бирга бурилса, намоз бузилади.

«Оламгирия», «Зоҳидий».

 

102-ФАТВО

Намоз ичида илон ва чаён ўлдирса, намоз бузилмайди. Аммо ҳеч кимга зиён етказмаслик эҳ­тимоли бўлса, уларни ўлдиришга ҳаракат қилиш макруҳдир. Кимгадир азият етказиш хавфи бўл­ганда эса, уларни масжид ичида қувиб бориб, ҳат­то имомнинг олдидан ўтиб бўлса ҳам ўлдириш жоиз.

«Оламгирия», «Навозил», «Хулоса», «Муҳит».

 

103-ФАТВО

Агар намозда бир вақтнинг ўзида уч марта тош отса ёки бит, бурга, чивин кабиларни ўлдирса, ёхуд соқоли, ё сочининг уч толасини биттадан юлса, намози бузилади. Агар тошни қулочини кенг очиб, кучининг борича отса, бир мартада ҳам намози бузилади.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Татархония».

 

104-ФАТВО

Намозда туриб учта сўз ёзса, намози бузилади, ундан кам бўлса, бузилмайди. Агар ҳавога ёки ўз баданига бармоғи билан ёзса, уч сўздан кўп бўлса ҳам, намози бузилмайди.

«Оламгирия», «Хулоса», «Сирожия».

 

105-ФАТВО

Намознинг бир рукнида уч марта қўлини кў­тариб, юзи, бўйни каби жойларни қашиса, намози бузилади. Аммо қўлини бир кўтарганича уч марта қашиса, намози бузилмайди. Лекин намозда узрсиз қашиниш макруҳдир.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

 

106-ФАТВО

Намозда имомнинг оёқларидан кўра муқтадий­нинг оёқлари олдинга ўтиб кетса, муқтадийнинг намози бузилади.

«Қозихон».

107-ФАТВО

Аёл киши намозда боласини эмизса, намози бузилади. Агар бола ўзи келиб, уч марта эмса, сут чиқса ёки чиқмаса ҳам, намози бузилади. Бир-икки марта эмганида сут чиқмаса, намози бузилмайди.

«Қозихон».

 

108-ФАТВО

Ташқаридаги одам намозхондан бирор нарса сўраса ёки унга савол берса, у боши билан «ҳа» ёки «йўқ» ишорасини қилса, намози бузилмайди.

«Қозихон».

 

109-ФАТВО

Намозда туриб, чироқнинг пилигини кўтарса (ҳозирги пайтда лампа ўчиргичини босса), намо­зи бузилмайди.

«Қозихон».

 

110-ФАТВО

Намозда аёл кишининг бошидаги сочидан тўрт­дан бир қисми очилиб қолиши билан намоз бузилади. Лекин бу миқдор унинг қулоқлари устидаги қисмидан ҳисобланади. Қулоқларидан пастга осилиб турган қисмининг очилиб қолиши намозни бузмайди. Аммо эркаклар назари тушишининг та­қиқланишида қулоқ устидаги билан остидаги сочлар баробардир.

«Қозихон».

 

111-ФАТВО

Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) сўзига биноан, аёл киши­нинг оёқ болдирлари намозда аврат ҳисоб­лан­май­ди. Билаклари эса, қорни билан баробардир. Абу Юсуф билан Абу Ҳанифадан (р.ҳ.) яна шундай ривоят борки, намозда аёл кишининг билак­лари ҳам аврат саналмайди. Яъни, икки билаги очиқ ҳол­­да ўқиган намози дуруст ҳисобланади.

«Қозихон».

 

112-ФАТВО

Намоз ичида таҳорати синиб қолган киши та­ҳоратини янгилаб келиб, намозининг қолган қис­­мини давом эттириб ўқиши мумкин. Лекин та­ҳоратга доир амаллардан бошқа иш қилиб қўй­са ёки истинжо қилаётганда аврати очилиб қолса, намози бузилади. Шунинг учун намоз ичида та­ҳора­ти синган киши бошидан қайта ўқигани афзалдир.

«Мухтасар», «Қозихон».

 

113-ФАТВО

Қабристонда Қуръон тиловат қилиш хусуси­да мужтаҳидлар ихтилоф қилганлар. Абу Ҳани­фа (р.ҳ.) буни макруҳ деб санаганлар. Имом Му­ҳам­­­­мад (р.ҳ.) эса, макруҳ эмас деганлар. Ма­шо­йих­лари­миз Имом Муҳаммаднинг (р.ҳ.) сўзла­рини ол­ганлар ва қабристонга қори ўтқизиб, Қуръо­ни ка­рим­дан маълум оят ва сураларни ўқитиб, бунинг маййитларга манфаати бор, деб умид қилишган.

«Қозихон».

 

114-ФАТВО

Пиёда юриб кетаётиб ёки бирор касб-ҳунар билан машғул бўлган ҳолатда Қуръони каримни ти­ловат қилиш жоиз. Лекин юриш ва иш тиловат қилишга халал бермаслиги шарт. Акс ҳолда, мак­руҳ бўлади.

«Қозихон».

 

115-ФАТВО

Фиқҳ илми билан шуғулланиб, бирор нарса ёзиб турган кишига эшиттириб қироат қилган қори гуноҳкор бўлади. Зеро, одамлар иш билан маш­ғул жойда қироат қилиш жоиз эмас. Қироатни тинг­лаш учун ишини тўхтатмаган мазкур котиб гу­ноҳкор бўлмайди.

«Қозихон».

 

116-ФАТВО

Ғайридинлар Қуръон оятларидан сабоқ беришни ёки шариат аҳкомларидан ўргатишни талаб қилишса, ўргатилаверади. Лекин уларга Қуръон ки­тобини ушлаш мумкин эмас. Агар ғусл қилиб уш­ламоқчи бўлишса, рухсат берилади.

«Қозихон».

 

117-ФАТВО

Намозда кийими, соқоли ёки баданининг бирор жойини ўйнаш ёхуд сажда қилаётиб, кийи­мининг олд томонини орқага ёки орқа тарафи­ни олдинга тортиш макруҳдир. Руку қилаётганда баданига ёпишиб қолмаслиги учун кийимини қоқса, зарари йўқ.

«Оламгирия», «Меърож».

 

Изоҳ:

Бунда ҳозирги давримизда баъзи тор шим киювчилар рукудан саждага кетаётганларида оёқларига ёпишиб қолиб, қийинлик туғдирмаслиги учун шимни икки қўли билан ушлаб, тортиб қўйишларига рухсат бордек кўринади.

 

118-ФАТВО

Намоз ичида пешонасига ёпишган тупроқ ёки хас-чўпларни узрсиз қўли билан силаб тозалаш макруҳдир. Аммо намозга халақит берадиган да­ражада бўлса, тозалаши мумкин. Ташаҳҳуд ва са­ломдан олдин тозалаши ҳам макруҳ эмас. Шунингдек, пешонасидаги терни қўли билан артиши ҳам макруҳ ҳисобланмайди. Лекин намоз ичида бу каби ишларни қилмаслик авлодир.

«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит».

 

119-ФАТВО

Намоз ичида бурни оқса, уни ерга туширгандан кўра артгани авлодир.

«Оламгирия», «Қуня».

 

120-ФАТВО

Фарз намозларда оят ва тасбеҳларни қўл билан санаб туриш макруҳдир. Аммо нафл намозларда қўл билан санаш ижмоан макруҳ эмас. Фақат «Табйин» китобида бунга хилоф гап бор, зарурат ҳолати бундан мустасно.

«Оламгирия», «Табйин», «Ниҳоя».

 

121-ФАТВО

Намозда қўл бармоқларини бир-бирига кириш­тириш, бармоқларини қирсиллатиш макруҳ ишлардандир. Баъзи уламолар бармоқларни қир­сил­латиш намоздан ташқарида (одамлар орасида бўлса) ҳам макруҳдир, деганлар.

«Қозихон», «Зоҳидий».

 

122-ФАТВО

Намоз ичида у ёқ-бу ёққа юзини буриб қараш макруҳдир. Юзини бурмасдан, кўзининг қири би­лан қараса, зарари йўқ. Осмонга қараш ҳам мак­руҳдир.

«Оламгирия», «Қозихон», «Табйин».

 

123-ФАТВО

Салла бўла туриб, уни кийишга эриниб, бош­яланг намоз ўқиш макруҳдир. Аммо камтарлик юза­сидан бошяланг ўқиса, макруҳ эмас, ҳатто авлодир.

«Оламгирия», «Захира».

 

124-ФАТВО

Бошга салла ўраганида бошининг ўртасини очиқ қолдириши намозда ҳам, намоздан таш­қа­рида ҳам макруҳдир.

«Оламгирия», «Табйин».

 

125-ФАТВО

Намозда эснаш макруҳдир. Агар уни қайтара олмаса, оғзини қўли билан тўсади. Яъни, қиёмда бўлса, ўнг қўли, бошқа ҳолатларда чап қўли пан­жасининг орқа томони билан тўсади.

«Оламгирия», «Зоҳидий».

 

126-ФАТВО

Намозда керишиш, кўзларини юмиб олиш, кат­­та-кичик таҳорати ҳамда ел қистаб турганда намоз ўқиш макруҳдир. Шундай ҳолатларда бош­­ла­ган намозини тўхтатиши лозим. Агар тўх­тат­май намозни тугатса, намози ҳисобга ўтса-да, ўзи гуноҳкор бўлади. Лекин намознинг вақти зиқ бўл­са, қазо қилгандан кўра макруҳлик билан бўлса-да, ўқийвергани афзалдир.

«Оламгирия».

 

127-ФАТВО

Якка намоз ўқимоқчи одам жамоат билан ўқи­ётганлар сафида туриб ўқиши макруҳ­дир. Зеро, бунда намозхонларнинг туриб ўтиришида­ги мутаносибликка путур етказади.

«Оламгирия».

 

128-ФАТВО

Сафнинг ортида якка қолган киши ўзига олдинги саф ора­сидан жой топиши мумкин бўлгани ҳолда, як­ка туриши макруҳдир. Агар сафда жой бўлмаса, Абу Ҳанифадан (р.ҳ.) қилинган ривоят­га биноан, кароҳияти йўқ. Аммо саф ортида якка тургандан кўра олдиндаги сафдан бир кишини ёни­га тортиб олса, янада яхши.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

129-ФАТВО

Саждага боришда икки тиззадан олдин ерга ик­ки қўлни қўйиш ва саждадан туришда икки қўл­дан олдин икки тиззани кўтариш узрсиз бўлса, макруҳдир.

«Оламгирия», «Муня».

 

130-ФАТВО

Руку ва саждага энгашишда ва бошни кўтариш­да имомдан олдин ҳаракат қилиб, ундан илгарилаб кетиш макруҳдир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

131-ФАТВО

Имомнинг қавмдан бир газ ва ундан юқори баландликда якка туриб имомликка ўтиши мак­руҳдир. Аммо ёнида қавмнинг бир қисми бўлса, кароҳияти кетади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

132-ФАТВО

Ичида олов ёниб турган тандир ёки ўчоққа юзланган ҳолда намоз ўқиш макруҳдир. Қандил ёки чироққа юзланиб ўқишнинг зарари йўқ.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

133-ФАТВО

Намозга кеч келиб, иқтидо қилаётган одамни имом сезиб, унинг улгуришига ёрдам бўлиши учун намозни бир оз чўзмоқчи бўлса, қаралади: агар у одамни таниб чўзган бўлса, макруҳ, танимаган бўлса, зарари йўқ. Чўзганда ҳам бир-икки тасбеҳ миқдорида чўзишга рухсат этилади.

«Оламгирия», «Мухторул-фатово».

 

134-ФАТВО

Масжид биносини турли нақшлар ва тилло суви ишлатиб безаш мумкин. Лекин нақш ва безаш ишларига масжиднинг вақф пулидан ишлатил­май­ди, балки бирор ҳомийнинг хусусий мулкидан сарф қилинади. Масжиднинг вақф мулкидан унинг қурилиш ишларига ишлатиш мумкин. Агар мутавалли ундан безак ишларига ишлатиб қўйса, пулига зомин бўлади.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

135-ФАТВО

Масжидни қуриб, Аллоҳ йўлига атаган киши шу масжиднинг барча ободончилик, таъмир ишлари, палосни қандай солишдан тортиб қандилларни қаерга қандай илиш ишларигача бош-қош бўлиш­га ўзгалардан кўра ҳақлироқдир.

«Оламгирия», «Қозихон», «Хулоса».

 

136-ФАТВО

Витр намози хусусида Имом Аъзамдан (р.ҳ.)уч хил ривоят нақл қилинган. Биринчиси – унинг фарзлиги. Иккинчиси – унинг суннати муакка­далиги. Учинчиси – унинг вожиб ибодат экани. Шу учинчи, вожиб экани тўғрисидаги ривоят у зотнинг охирги сўзларидир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

137-ФАТВО

Витр намози қасддан ёки унутилган ҳолда тарк этилган бўлса, орадан қанча кўп вақт ўтган бўл­са ҳам, қазоси ўқилиши керак. Қазода «Қунут дуоси» ҳам ўқилади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Кифоя».

 

138-ФАТВО

Витр намозидаги «Қунут дуоси»ни ўқишга тили яхши келмайдиган ёки ёд ололмайдиган одам «Роббана атина фид дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина азабан нар» оятини бир марта ёки «Аллоҳуммағфир лана» жумласини уч марта ўқийди. Бу Абу Лайс Самарқандий (р.ҳ.) фат­восидир.

«Оламгирия», «Муҳит», «Сирожия».

 

139-ФАТВО

«Қунут дуоси»ни ўқимагани рукуга борганида эсига тушса, уни рукуда ўқимайди, қиёмга қайтиб ҳам ўқимайди. Борди-ю, қиёмга қайтиб ўқиса ва рукуни иккинчи марта қилмаса, намози бузилмайди.

«Оламгирия», «Татархония»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

140-ФАТВО

Витр намозининг учинчи ракатида зам сура қилмасдан рукуга кетган бўлса, қиёмга қайтиб зам сура билан бирга «Қунут дуоси»ни ҳам қайта ўқийди ва намоз охирида саҳв саждасини қила­ди. Фотиҳа сурасини ўқимай рукуга кетган бўлса ҳам, худди шундай қилади. Рукуни қайта қилса ҳам, қилмаса ҳам бўлаверади.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

141-ФАТВО

Витр намозини Рамазон ойида имомга иқтидо қилиб ўқиётган одам «Қунут дуоси»да ҳам унга эр­гашади. Яъни, дуони ўқиб улгурмасидан, имом рукуга кетса, у ҳам дуони келган жойида тўхта­­тиб, имом ортидан рукуга кетади. Агар имом «Қу­нут»­ни ўқимай рукуга кетса, қарайди, агар имом рукудан бош кўтаргунча ўқиб улгурса, «Қунут»ни ўқиб, сўнгра руку қилади. Аммо улгурмайдиган бўлса, дуони ўқимасдан, рукуга кетади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

142-ФАТВО

Масбуқ, яъни бир-икки ракат кеч келиб, имомга иқтидо қилган киши «Қунут»ни имом билан бирга ўқийди. Учинчи ракатда ўқимайди.

«Оламгирия», «Муня»,

«Музмарот».

 

143-ФАТВО

Масбуқ имомни витр намозининг учинчи ракатида топиб, иқтидо қилса-ю, «Қунут»ни ўқиёл­маган бўлса, кейин ҳам ўқимайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

144-ФАТВО

Фиқҳга доир китобларда ёзили­ши­га кўра, суннат саналувчи намозлар қуйидаги­лардир:

Бомдод фарзидан олдин 2 ракат.

Пешин фарзидан олдин 4, фарздан кейин 2 ракат.

Шом фарзидан кейин 2 ракат.

Хуфтон фарзидан кейин 2 ракат.

Жума намозидан олдин 4, кейин яна 4 ракат.

Энг кучли суннат намози бомдоднинг 2 ракат суннатидир. Ундан кейин шомнинг 2 ракати, сўнг­ра пешиндан кейинги 2 ракат, сўнгра хуфтоннинг 2 ракат суннати, сўнгра пешиннинг 4 ракат сун­нати.

«Оламгирия», «Табйин».

 

 

145-ФАТВО

Пешиннинг 4 ракат суннатини ўқишга улгурмай, имомга иқтидо қилган киши фарздан ке­йин ўқиб олади. Лекин 2 ракат суннатдан олдинми ёки кейинми экани ҳақида икки хил ривоят бор: Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, 2 ра­кат суннатдан кейин, Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наз­дида эса, ундан олдин ўқилади. Фатво шунисига берилган.

«Оламгирия», «Муҳит»,

«Ҳақоиқ», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

146-ФАТВО

Суннат намозларининг суннатлигига ишониб ўқимаса, гуноҳкор саналади. Борди-ю, уларнинг суннатлигини инкор этиб ўқимаса, кофир бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

147-ФАТВО

Асрдан аввал ҳамда хуфтон намозининг фарзидан олдин ва кейин 4 ракатдан нафл намозлари мавжуддир.

«Мухтасар», «Канз», «Оламгирия».

 

148-ФАТВО

Яна шундай намозлар борки, уларни ўқиш фарз ҳам, вожиб ҳам, суннат ҳам эмас, балки маз­ҳа­бимизга кўра, ихтиёрий нафл намозларидир. Уларни вақти бемалол кишилар ўқиса, савоб, ўқимаса, гуноҳи йўқ. Улар асосан қуйидаги намозлардир:

  1. «Чошгоҳ намози». Энг ками 2, кўпи 12 ра­кат, вақти қуёш чиқиб, бир оз кўтарилгандан бош­­­лаб, пешин вақти киргунга қадар давом этади.
  2. «Таҳийяи масжид». 2 ёки 4 ракатли намоз, бирор масжидга кирганда, масжид ҳурмати учун ўқиладиган саломлашиш намозидир. Бомдод ва аср намозларидан кейин масжидга кирган киши уни ўқимайди, балки тасбеҳ, таҳлил ва салавот айтса ҳам, масжид ҳақини адо этган бўлаверади. Шунингдек, масжидга фарз намозини ўқиш ниятида кирган киши ҳам «таҳийя» ўқимайди. Яна, бир кунда бир масжидга кўп марта кирса ҳам, бир марта «таҳийя» ўқиса, кифоядир.
  3. «Шукри вузу». Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган шукрона намози.
  4. «Истихора намози». Бирор муҳим ишни қи­лиш ёки қилмасликда иккиланиб қолган киши ўқийдиган намоз. Бунинг учун хуфтон намозидан кейин, ухлашдан олдин икки ракат истихора намозини ният қилиб ўқийди. Тушида Аллоҳнинг изни билан қайси йўл унинг учун фойдали экани аён бўлади.
  5. «Ҳожат намози». 2 ракат бўлиб, бирор ҳо­жатни раво қилишини Аллоҳдан умид қилган ҳол­да ўқилади.
  6. «Таҳажжуд», яъни тунги намоз. Тунда уй­қудан бедор бўлган ҳолда ўқиладиган намоз, энг ками 2, кўпи 8 ракатдир.
  7. «Тасбеҳ намози». 4 ракат бўлиб, биринчи ракатида «Субҳанакаллоҳумма...»дан кейин «Суб­ҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи вала илаҳа ил­лал­лоҳу валлоҳу акбар» жумлаларини 15 марта такрорлай­ди. Сўнгра «Аъузу...»дан кейин Фотиҳа билан Та­косур сураларини ўқийди. Сўнгра рукуда мазкур жумлаларни 10 марта айтади. Қиёмга турганда ҳам уларни 10 марта, ҳар саждада 10 марта, икки сажда орасида ҳам 10 марта ўқийди. Кейинги уч ра­катни худди шу тариқа бажаради. Фақат бу ракатларда Аср, Кофирун ва Ихлос сураларини Фотиҳадан кейин зам сура сифатида ўқийди.

«Тасбеҳ намози»нинг вақти пешиндан олдиндир.

  1. «Татаввуъ намозлари». Кеча ва кундузнинг хоҳлаган соатида исталган миқдорда бўш вақт­ларда ўқилиши мумкин бўлган намозлардир.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир», «ал-Баҳрур-роиқ», «Муҳит», «Музмарот», «Мухтасар», «Жомеъур-румуз», «Темиртоший», «ал-Фатҳур-Раҳмоний».

 

149-ФАТВО

Нафл намозларни имкони борича жамоат жойларида ва масжидларда ўқимаслик, балки уйида ёки хилват жойларда ўқишга ҳаракат қилиш, риёкорлик аралашиб қолишига йўл қўймаслик ло­зим бўлади. Фарз намозларидан кейин ўқиладиган сун­нат намозлари эса, фарз ўқилган масжидда адо эти­лиши керак. Лекин суннат намозлари фарз ўқилган жойдан бир қадам бўлса ҳам бошқа ерга ўтиб ўқилиши лозим. Бу имомга ҳам тегишлидир. Нафл намозини сафда туриб ўқиш ўта макруҳ ишлардан саналади.

«Оламгирия», «Кофий»,

«Ниҳоя».

 

 

 

150-ФАТВО

Нафл намозларида тик туришга қодир бўла туриб, ўтириб ўқишнинг кароҳияти йўқ. Шунингдек, намозни тик турган ҳолда бошлаб, сўнгра узрсиз ўтириб олса ҳам, Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, зарари йўқ. Яна, нафлни ўтирган ҳолда бошлаб, сўнгра тик туриб олса ҳам, кароҳияти йўқ.

«Оламгирия», «Мажмаъул-баҳрайн», «Муҳит».

 

151-ФАТВО

Нафл намозини тик туриб ўқишда чарчайди­ган бўлса, ҳассага ёки деворга суяниб ўқиса ҳам за­рари йўқ. Нафл намозларини узрсиз имо-ишора билан ўқиш рухсат этилмайди.

«Оламгирия», Ҳуссомийнинг
«ал-Жомеъус-сағир»и, «Татархония».

 

152-ФАТВО

Нафл ёки фарз намозида узр сабабли ўтириб ўқимоқчи бўлса, қироат пайтида икки тиззасини тиккалаб, қўллари билан оёқларини қучоқ­лаб олган ҳолда ёки чордана қуриб ўтирган ҳолда ўтириши мумкин. Лекин имкони борича «Ташаҳ­ҳуд» ўқиётган ҳолатидек (чўкка тушиб) ўтиргани яхшидир.

«Оламгирия», «Татархония», «Ҳидоя».

 

153-ФАТВО

«Татаввуъ» намозини ўтирган ҳолда бошлагач, қироатдан сўнг туриб қиёмдан руку қилмоқчи бўл­са, қиёмда ўқиш учун қироатдан озгина қол­ди­ради. Лекин бундай қилиши шарт эмас. Ўтириб ўқувчи одам қиём савобига қисман бўлса-да эга бўлиши учун турганда қоматини рост тутиши шарт.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

154-ФАТВО

Бир масжидда икки марта таровеҳ намози ўқи­лиши макруҳ ҳисобланади. Агар иккинчи марта ўқишни хоҳласалар, жамоат ҳолатида эмас, балки якка-якка ўқилади.

«Оламгирия», «Қозихон»,

«Татархония».

 

155-ФАТВО

Бир кишининг икки масжидда таровеҳ намозига тўлиқ ҳолда имомлик қилиши жоиз эмас. Ам­мо оддий намозхон икки масжидга қатнаб, таровеҳ­ни икки жойдаги имомларга иқтидо қи­либ ўқиши мумкин. Бунда витр намозини бирида ўқиган бўлса, иккинчисида ўқимайди.

«Оламгирия», «Муҳит», «Музмарот».

 

156-ФАТВО

Агар уйида хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини ўқиб олиб, бошқа жойдаги жамоатга имомлик нияти билан таровеҳ ўқиб берса, бу имом учун макруҳ, қавм учун макруҳ эмас.

«Оламгирия».

157-ФАТВО

Таровеҳ намозига имомлик қилиш икки кишига тўғри келиб қолса, икки ракат саломидан ке­йин эмас, балки 4 ракат саломидан кейин ўрин алмашиш мустаҳабдир.

«Оламгирия».

 

158-ФАТВО

Таровеҳга кеч келган киши қолган таровеҳи­нинг қазосини ўқиб олай деса, витрга иқтидо қи­лиш­дан ҳам қолади. Бундай ҳолатда олдин витр­­ни, сўнгра улгурмаган таровеҳ ракатларини ўқийди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

159-ФАТВО

Хуфтондан кейинги 2 ракат суннатни ўқимай келиб, таровеҳ имомига ўша суннат нияти билан иқтидо қилса жоиз, лекин таровеҳ намозидан ҳи­собланади.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

160-ФАТВО

Таровеҳнинг биринчи ракати олдидан қилган нияти 20 ракатнинг охиригача кифоядир; ҳар 2 ракат учун ниятни янгилаш шарт эмас.

«Оламгирия», «Қозихон», «Сирожия».

 

161-ФАТВО

Таровеҳда «Аттаҳийёт»дан кейинги салавотлар ҳам ўқилади. Мабодо имом салавотдан кейинги дуони ўқиши қавмга малол келаётганини сезса, уни тарк этиши мумкин.

«Оламгирия», «Ниҳоя».

 

162-ФАТВО

Таровеҳ ва бошқа намозларда имомнинг тез қи­роат қилиши, арконларни шошилинч бажариши макруҳдир. Қироатни «тартил» билан, яъни до­на-дона қилиб ўқиш тавсия этилади. Лекин қи­роатни узундан-узоқ қилиб, қавмни масжиддан бездириб қўймаслик керак. Зеро, узун қироатдан кўра, жамоатнинг кўп бўлгани афзалдир.

«Оламгирия», «Сирожия», «Муҳит».

 

163-ФАТВО

Қуръони карим хатми Лайлатул-қадр кечасида ёки ундан олдин тугатилган бўлса ҳам, қолган кечаларда таровеҳ ўқиш тўхтатилмаслиги лозим. Акс ҳолда, макруҳ бўлади.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

164-ФАТВО

Бомдод ёки шом намозининг фарзини якка ҳол­да ўқиётганида жамоат намози барпо бўлиб қол­са, қаралади: агар энди бир ракат ўқиган бўлса, дарҳол намоздан чиқиб, имомга иқтидо қилади. Борди-ю, иккинчи ракатда бўлса, қаралади: агар сажда қилмаган бўлса, намозини кесиб, жамоатга қўшилади. Борди-ю, сажда қилган бўлса, намозини охирига етказаверади. Лекин имомга нафл нияти билан иқтидо қилмайди. Зеро, бомдоддан ке­йин нафл ўқиш макруҳ бўлганидек, шомдан кейин ҳам уч ракатли нафл ўқиш бидъат ҳисобланади. Мабодо иқтидо қилса, бир ракат қўшиб тўрт ракат қилиб қўяди. Зеро, имомга мувофиқ бўлишдан кўра, суннатга мувофиқ иш тутиш яхшироқдир.

«Оламгирия», «Табйин», «Муҳит».

 

165-ФАТВО

Пешиннинг фарзини якка ҳолда бошлаганда жа­моат барпо бўлиб қолса, қаралади: агар биринчи ракатда бўлиб, ҳали сажда қилмаган бўлса, намозини келган жойида тўхтатиб, имомга иқтидо қилади. Агар сажда қилган бўлса, яна бир ракат қў­шиб тугатиб, сўнгра жамоатга қўшилади.

Шуни билиб қўйиш керакки, жамоатга такбир (иқомат) айтилган пайтда пешиннинг фарзи­ни эн­ди бошлаган одам дарров намозини кесмас­лиги лозим. Балки, имом келиб «Таҳрима так­бири»ни айтгунга қадар икки ракатни тугатиб қўйиши лозим.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

166-ФАТВО

Пешин фарзидан уч ракатни якка ҳолда ўқи­ганидан кейин жамоат барпо бўлиб қолса, албат­та, тўртинчи ракатни ҳам ўқиб, сўнгра имомга нафл нияти билан иқтидо қилади. Фақат аср намозидан кейин бундай қилинмайди.

Аммо учинчи ракат саждасини қилмаган бўл­са, ё дарҳол ўтириб салом бериб тугатади, ёки тик турган жойида «Таҳрима такбири»ни айтиб, имом­га иқтидо қилади. Тик турган ҳолда салом бер­майди. Лекин баъзи фуқаҳолар бир томонига салом беради, деб таъкидлаганлари нақл қи­линган.

«Оламгирия», «Табйин», «Муҳит».

 

167-ФАТВО

Бомдоднинг икки ракат суннатини ўқимаган одам имомни фарз намозида топса, қарайди: агар суннатни ўқигач, фарздан бир ракатга улгурадиган бўлса, сафдан узоқроқ жойда суннатни ўқиб, сўнгра имомга иқтидо қилади. Чамасида бир ракатга ҳам улгурмайдиган бўлса, суннатни тарк этиб, фарзни ўқиш билан кифояланади. Суннатининг қазоси ўқилмайди. Унинг қазоси фақат фарзи билан бирга тарк этилган тақдирдагина ўқилади. Бошқа суннатлар қазоси асло ўқилмайди.

«Мухтасар», «Оламгирия», «Ҳидоя».

 

168-ФАТВО

Уламолар кеч келиб имомга иқтидо қилган киши «Таҳрима такбири»ни ай­тиб бўлгунича имом рукуга кетса, у имомдан ке­йинроқ руку қилса ҳам, шу ракатни топган бў­­ла­ди, деб ижмо қилишган. Аммо имом рукудан бошини кўтарган пайт­да («қавма»да) иқтидо қилган бўлса, шу ракатни топмаган саналади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

169-ФАТВО

Ўқилмай қолдирилган фарз намозларининг қа­зоси фарз, вожиб намозларининг қазоси вожиб, суннат намозларининг қазоси суннатдир, гар­чи улар қасддан, ёки саҳван, ёхуд ухлаб қолиб адо этил­ма­ган бўлса ҳам, шунингдек, улар оз ёки кўп миқ­дор­да бўлса ҳам. Илло, суннат намозларининг қа­зо­си ўқилмаса-да, кечирилишига умид қилинади.

«Оламгирия».

 

170-ФАТВО

Мажнун бўлган киши соғайгач, зиммасига мажнунлигида ва ундан олдинги соғ пайтида тарк этган намозларининг қазоси лозим эмас. Шу­нинг­­дек, муртадлик пайтида ўқимаган намозла­ри, имон келтирган, лекин намоз фарзлиги­ни бил­­­май ўтказган кунларидаги намозлар қа­зо­си ҳам ўқил­майди. Яна беҳушликдаги ҳамда бир кеча ва кундуздан ортиқ имо-ишора билан ҳам ўқиёлмаган намозларининг қазоси ҳам ўқилмайди.

«Оламгирия».

 

171-ФАТВО

Сафарда ўқилмай қолган намозларнинг қазоси сафардан кейин ҳам қаср, яъни икки ракат ўқи­лади. Ўз ватанида ўқилмай қолган намозларнинг қазоси сафарда бўлса ҳам қасрсиз тўлиқ ўқилади.

«Оламгирия».

 

172-ФАТВО

Қазо намозларини уч вақтдан ташқари барча қулай пайтларда ўқиш мумкин. Уч вақт – қуёш­нинг чиқиш, қиём (туш)га келиш ва ботиш пайтларидир. Бу онларда ҳеч қандай намоз ўқилиши мумкин эмас.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

173-ФАТВО

Қазо намози жамоат билан ўқилса, учта жаҳ­рия намози (бомдод, шом, хуфтон)да имом қи­ро­атни овоз чиқариб ўқийди. Якка ўқиган кишининг қи­роати хусусида уч хил фатво бор: ихтиёри ўзи­да, жаҳрий ўқийди, махфий ўқийди.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Мухтасар».

 

174-ФАТВО

Вақтия намозлари билан қазо намозлари ўр­тасида тартиб риояси шартдир. Яъни, қазо намо­зи ўқилмагунича вақтия намоз ўқилиши мумкин эмас. Шунингдек, 5 вақт фарзи билан витр ўр­тасида ҳам тартиб шарт. Масалан, витр намозини ўқимагани эсида туриб, бомдод ўқиса, дуруст бўлмайди. Унутиш узр ҳисобланади.

«Оламгирия», «Муҳит»,

«Шарҳи Виқоя», «Қозихон».

 

175-ФАТВО

Таҳоратсиз эканини эсидан чиқариб, пешин на­мозини ўқиса-ю, буни аср намозини та­ҳорат қилиб ўқиганидан кейин эслаб қолса, пешиннинг ўзини қайта ўқийди. Зеро, пешин унутиш узри­­дан ҳисобланиб, тартиб соқит бўлади. Ле­кин Арафотда Арафа куни шундай ҳолат юз берса, пешинга қўшиб асрни ҳам қайта ўқийди. Зеро, у ерда ўша куни аср пешинга тобедир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

176-ФАТВО

Ўқилмай қолган намозлар сонининг кўплиги улар ўртасидаги тартибни соқит қилади. Масалан, бир ойлик намоз қазосини ўқишда дастлаб 30 та бомдод, сўнгра 30 та пешин ва бошқаларини ҳам шу каби ўқиса, жоиздир. Қазо намозлар ўқилиб, охири 6 тадан кам қолган тақдирда ҳам тартиб тикланмай туради. Бу Абу Ҳафс Кабирнинг (р.ҳ.) фатвосидир.

«Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».

 

177-ФАТВО

Агар бир ойлик намозларни ўқимаган бўлса, сўнгра уларнинг қазосини ўқимасдан, бир муддат вақтия намозларни ўқиб юраверган бўлса, баъзи фуқаҳолар жоиз эмас, бошқалари эса жоиз, деганлар. Фатво жоизлигига берилган.

 «Оламгирия», «Кофий».

 

178-ФАТВО

Аср намозини кеч ўқиётган одамга қуёш ботгандан кейин бирор киши иқтидо қилса, қарала­ди: агар имом муқим, муқтадий мусофир бўлмаса, иқтидоси дуруст бўлади.

«Оламгирия», «Ятима», «Татархония».

 

 

179-ФАТВО

Шофиъий мазҳабига мансуб одам ҳанафий маз­ҳабига ўтгандан кейин қазоси ўқилмаган олдинги намозларини ҳанафий мазҳабига мувофиқ равишда ўқийди.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

180-ФАТВО

Ғайридин одам ўз юртида Исломни қабул қил­ган бўлса-ю, лекин намоз, рўза каби шариат кўр­сатмаларини билмагани учун бажармаган ҳол­да ўлиб кетса ёки мусулмонлар яшайдиган юртга кў­чиб келса, унинг зиммасига мазкур ибодатлар­нинг қазоси юклатилмаган бўлади.

Ҳасан ибн Зиёднинг (р.ҳ.) Абу Ҳанифадан (р.ҳ.) қилган ривоятига кўра, Исломни қабул этган ғай­ридинга мусулмонлардан икки эркак ёки бир эркак билан икки аёл киши шариат кўрсатмалари­дан хабар бермагунича, унинг зиммасига ҳеч нарса лозим бўлмайди.

«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит».

 

181-ФАТВО

Умр бўйи ўқиган фарз намозларини эҳтиёт юза­сидан қайта ўқимоқчи бўлса, уларда камчилик ва макруҳ амаллар бўлгани учун, деб ният қи­лиши ва бомдод билан аср намозларидан кейин ўқимаслиги лозим. Зеро, мабодо олдинги намози қабул бўлган бўлса, кейинги ўқиган намози нафл ҳисобланади. Мазкур икки вақтда эса, нафл намозининг ўқилиши макруҳ саналади. Мазкур ният билан иккинчи марта ўқилган намоз нафлга айланиб қолиши эҳтимоли бўлгани учун унинг бар­ча ракатларида зам сура ўқилади.

«Оламгирия», «Музмарот», «Заҳирия».

 

182-ФАТВО

Зиммасида қазо намозлари бўлган киши нафл намозлари билан машғул бўлиш ўрнига ўша намозларини ўқишга ҳаракат қилгани яхшидир. Лекин суннат намозлар, чошгоҳ намози, тасбеҳ намози ва ҳадисларда тарғиб этилган маълум сура ва зикрларни ўқиш тавсия қилинган нафл намоз­лар бундан мустасно. Қазо намозларни масжидда, жамоат жойларида эмас, балки ўз уйида ўқишга ҳаракат қилиш керак.

«Оламгирия», «Музмарот», «Важиз».

 

183-ФАТВО

Зиммасида қазо намозлари бор киши васият қилмаган бўлса ҳам, меросхўрлари ўз ихтиёри билан фидяни адо этишлари мумкин.

Каффоратнинг ҳаммасини битта фақир ёки мис­кинга берса бўлади. Қасам, зиҳор (аёлини ўз она­сининг аъзоларидан бирига тенглаштириш йў­ли билан никоҳга путур етказиш) ва рўза каффо­рати бир кишига эмас, балки белгиланган ададнинг ҳаммасига тақсимланиши керак.

«Оламгирия», «Ҳужжа».

 

184-ФАТВО

Намоздаги вожиб саналган амаллардан бирортаси саҳван, яъни унутилиб тарк этилса, намоз охи­рида бир «ташаҳҳуд», бир салом ва икки сажда қилиш билан нуқсон ёпилади. Бу сажда «саҳв саждаси» деб аталади.

Масалан, Фотиҳа сурасидан кейин зам сура ўқиш­ни унутиб, рукуга кетган бўлса, дарҳол қиёмга қайтиб, зам сура ўқийди ва қайта руку қилиш билан давом этади ҳамда намоз охирида саҳв саждаси қилади.

 «Оламгирия», «Татархония».

 

185-ФАТВО

Фотиҳа сурасидан олдин «Аттаҳийёт»ни ўқиб қўйса, саҳв саждаси қилмайди. Фотиҳадан кейин ўқиб қўйса, қилади. Зеро, зам сура ўқиш ўрнига бошқа нарса ўқиш билан вожиб амални кечиктирган бўлади. Фотиҳадан олдин эса, сано ўқи­ладиган маҳалдир. Лекин фарз намозининг учин­чи, тўртинчи ракатларида «Аттаҳийёт»ни ўқиб қўйса, саҳв саждаси қилмайди.

«Оламгирия», «Табйин», «Муҳит».

 

186-ФАТВО

«Аттаҳийёт»дан кейин Фотиҳа сурасини ўқиб қўйса, саҳв саждаси қилмайди. «Аттаҳийёт» ўрни­га Фотиҳа сурасини ўқиб қўйса, сажда қилади. Аввал Фотиҳа сурасини қироат қилиб, кейин «Ат­таҳийёт»ни ўқиса ҳам, барибир, саҳв саждаси қилади. Бу Абу Ҳа­ни­фадан (р.ҳ.) қи­линган ривоятдир.

«Оламгирия»,

«Воқеотун-Нотифий».

 

 

187-ФАТВО

Биринчи қаъдада «Аттаҳийёт»ни такроран ўқиб қўйса, саҳв саждаси қилади. Зеро, бунда рукн, яъни қиём таъхир бўлди (кечиктирилди). Охир­ги қаъдада такроран ўқиб қўйса, саҳв саждаси қил­майди. Зеро, бу мақом намознинг охири бў­либ, на­мозхон хоҳишига кўра, ҳар қанча салавот ва дуо ўқиб, сўнгра ўз ихтиёри билан намоздан чи­қа­диган маҳалдир.

«Оламгирия», «Табйин», «Музмарот».

 

188-ФАТВО

«Аттаҳийёт» ўқишни унутиб, салом бергандан кейин эсига келса, дарҳол ўқиб, саҳв саждаси қи­лади. Бу Абу Ҳанифа билан Абу Юсуфнинг (р.ҳ.) сўзларидир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

189-ФАТВО

Қиёмга туриши керак пайтда ўтириб олса ёки аксинча, ўтириши лозим ҳолда туриб кетса, саҳв саждаси қилиш вожиб бўлади. Бунда эсига тушган пайтда ерга ёки қиёмга яқин экани эътиборга олинади. Масалан, қаъдага ўтиришни унутиб, қиёмга тураётганида эсига тушса, қарайди: агар ерга яқин бўлса, ўтиради ва намоз охирида саҳв саждаси қи­лади. Борди-ю, қиёмга яқин бўлса, туради ва бунда ҳам саҳв саждаси қилади.

Уламолар ерга яқин ёки узоқ бўлишни инсоннинг бели­дан пастки қисмига нисбатан белгилаганлар. Масалан, пастки қисми оёқлари билан тик ҳолатда турган бўлса, қиёмга, акс ҳолда, ерга яқин, деб ҳисоблаганлар.

Бир ривоятда айтилишича, икки тиззаси узра турганида эсига келса, қайтиб ўтиради ва охирида саҳв саждаси қилади. Бунда ҳар икки қаъда баробардир. Абу Юсуфдан (р.ҳ.) қилинган ривоятга кўра, икки тизза ердан кўтарилмаган бўлса, қайтиб ўтираверади, саҳв саждаси қилмайди.

«Оламгирия», «Қозихон», «Табйин», «Кофий».

 

190-ФАТВО

Саҳв саждаси жума, икки ҳайит намози, фарз ва нафлларнинг ҳаммасида қилиниши керак. Лекин машойихларимиз фитнага сабаб бўлмасин, деган мақсадда жума билан икки ҳайит намозида саҳв саждаси бажарилмаслигини лозим топ­ганлар.

«Оламгирия», «Музмарот», «Муҳит».

 

191-ФАТВО

Агар намозда «Аъузу...» ёки «Бисмиллоҳ...» ёхуд «Омин»ни жаҳрий айтиб қўйса, саҳв саждаси вожиб бўлмайди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

192-ФАТВО

Бомдод намозининг охирги қаъдасига ўтир­гач, эсидан чиқарган ҳолда учинчи ракатга туриб, сажда қилгандан кейин эсига келса, тўр­тинчи ракатни қўшиб қўймайди. Зеро, бомдоддан ке­йин нафл намоз йўқ. Аммо икки ракатдан ке­йин ўтирмай, учинчи ракат саждасини қилиб қўйган бўлса, намозни қайта ўқийди.

«Оламгирия», «Табйин», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

193-ФАТВО

Бомдод фарзидан олдин икки ракат суннатдан бошқа нафллар макруҳ. Лекин аср намозидан олдин нафл ўқиш макруҳ бўлмагани учун асрнинг охирги қаъдасида ўтирмай, қиёмга туриб, бешинчи ракатга сажда қилиб қўйса, яна бир ракат қўшиш билан олти ракатли нафлга айлантириб, сўнгра асрни қайта ўқиб олади.

«Оламгирия», «Табйин».

 

194-ФАТВО

Рамазон ойида витр жамоат билан ўқилаётга­ни­да имом қироатни махфий ўқиб қўйса, саҳв саж­даси қилиш вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Татархония».

 

195-ФАТВО

Қуръони каримда, бизнинг ҳанафий мазҳаби­мизга кўра, 14 та сажда ояти бўлиб, улардан қайси бири тиловат қилинса, ўқиганга ҳам, эшитганга ҳам битта тиловат саждаси қилиш вожибдир. Ўқиган­да ўзи ёки яқин турган киши эшитган бў­ли­ши шарт. Лаблари қимирлагани билан овоз чиқ­­­ма­са, сажда вожиб бўлмайди. Шунингдек, му­­­­сулмон бўл­ма­­ган одам, мажнун, норасидалар, ҳайз ва нифосдаги аёл­лар ўқиса ҳам, сажда қил­майдилар.

«Оламгирия», «Хулоса»,

«Зоҳидий».

 

Изоҳ:

Тиловат саждасини адо этиш учун таҳорат билан қиблага юзланган ҳолда «Аллоҳу акбар» деб қиёмдан саждага борилади. Такбирни қўлларини кў­тар­мас­дан айтади, саждада уч марта тасбеҳ айтгач, «Ал­лоҳу акбар» деб бошини саждадан кў­таради.

 

196-ФАТВО

Сажда оятини ўқимай, балки ёзган кишига сажда қилиш вожиб бўлмайди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

197-ФАТВО

Сажда оятининг форс тилидаги таржимасини ўқиганга ҳам, эшитганга ҳам сажда вожиб бўлади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

198-ФАТВО

Қулоғи кар одам сажда оятини ўқиса, ўзи эшитмаса ҳам, сажда вожиб бўлаверади. Ҳарф­ма-ҳарф ҳижжалаб ўқиган одамга сажда вожиб бўлмайди.

«Оламгирия», «Хулоса»,

«Сирожия».

 

199-ФАТВО

Имом сажда оятини ўқиса, ўзи ҳам, эшитгану эшитмаганлар ҳам сажда қиладилар. Лекин имом махфий қироат қилинадиган намозларда сажда оятини ўқимаслиги мустаҳабдир.

«Оламгирия».

 

200-ФАТВО

Намозда ўқилган сажда ояти учун намоз ичида сажда қилинмаган бўлса, унинг намоз ташқа­ри­сидаги қазоси йўқдир. Вожибни тарк этгани учун гуноҳкор бўлади. Бу ҳолда истиғфор айтишдан ўз­га чора йўқ.

«Оламгирия», «Сирожия», «Кофий».

 

201-ФАТВО

Намоз ичида сажда оятини ўқиб, сажда қил­гандан кейин намозни салом билан тугатиб, турган жойида ўша оятни қайта ўқиса, яна бир марта сажда қилиши керак бўлади. Баъзи уламо­лар са­ломдан кейин гапириб қўйган бўлса, деб шарт қўйганлар. Борди-ю, намоз ичида саж­да оятини ўқиб, сажда қилмай, салом берганидан ке­йин яна ўша оятни ўқиса, битта сажда ки­фоядир.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

202-ФАТВО

Сажда оятини адо этиш учун ўрнидан туриб, қиёмдан саждага бориш, саждадан кейин ҳам ўр­нидан тик туриб, сўнгра ўтириш мустаҳаб амаллардандир.

Сажда ниятини дилида «Аллоҳга тиловат саждасини қиляпман», деб қўйса, кифоя.

«Оламгирия», «Заҳирия»,

«ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

203-ФАТВО

Намоздан ташқарида сажда оятини ўқиса, дар­ҳол сажда қилиши шарт эмас, балки қачон сажда қилса ҳам, қазо эмас, адо ҳисобланаверади. Аммо намоз ичида сажда оятини ўқиса, дарҳол сажда қи­лиши керак бўлади. Сажда қилмай, қироатни чўзиб юбориб, сўнгра сажда қилса, қазосини бажарган бўлади. Айрим фуқаҳолар наздида, уч оят ёки ундан ортиғи қироатни чўзганидир.

«Оламгирия», «Ғиёсия»,
«Татархония», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

204-ФАТВО

Қироат қилганда сажда оятини қолдириб ўқиш макруҳдир. Агар сажда оятидан олдинроқ жойда тўхтаса ёки фақат сажда оятини ўқиш билан ки­фояланса, макруҳ эмас. Лекин бошқа оятлардан ҳам қўшиб ўқиш мустаҳабдир.

«Оламгирия», «Мухтасар», «Қозихон».

 

205-ФАТВО

Сажда оятини одамлар эшитадиган жойда ўқишга тўғри келиб қолса, қарайди: агар улар саж­да қилишга тайёр бўлиб, уларга машаққат туғ­ди­риб қўймаслигини билса, овозини чиқариб ўқи­са бўлаверади. Аммо улар таҳоратсиз бўлишса ёки эшитсалар-да, сажда қилмасликлари мумкинлигини англаса, ёхуд таҳоратли бўлсалар ҳам, ўша пайтда сажда қилиш уларга малоллик келтири­шини билса, махфий ўқиши лозимдир.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

206-ФАТВО

Бир жойда битта сажда оятини кўп марта так­роран ўқиса ҳам, бир марта сажда қилиш вожиб бўлади. Бир жойда 14 та сажда оятидан нечтасини ўқиса, ўша миқдорда сажда қилиш вожибдир. Эшитувчи нечта жойда ва сажда оятларидан қанчасини эшитганига қараб сажда қилади.

«Мухтасарул-Виқоя».

 

207-ФАТВО

Шукр саждаси хусусида мужтаҳидларимиз ихтилоф қилишган. Яъни, бирор неъматга эришганда, фарзанд ёки набира кўрганда, йўқолган нар­саси топилганда, дардига шифо топганда, кут­ган кишиси сафардан соғ-саломат қайтганда, би­рор ташвишидан фориғ бўлганда ва ҳоказо хурсандчилик соатларида Аллоҳга шукрона қилиш мақсадида битта сажда қилишни Абу Ҳа­нифа (р.ҳ.) кераксиз, деб санаганлар. Аммо Абу Юсуф билан Имом Муҳаммад (р.ҳ.) уни савобли ишлардан деб ҳисоблаганлар. Уламолар шун­га фатво беришган.

 «Оламгирия», «Татархония»,

 «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

 

208-ФАТВО

Намозни тик турган ҳолда адо этишга ожизлик қил­ган киши ўтириб ўқиши мумкин. Ожизлик де­ганда, тик турса, ўзига бирор зарар етадиган ёки касали зўрайишидан, ёхуд тузалиши кечи­ки­­­ши­дан қўрқадиган, турса боши айланадиган беморлар тушунилади. Аммо тик туришида хиёл ма­шақ­қат юзага келадиган бўлса, узр ҳисоблан­май­­ди. Шунинг учун бир озгина тик туришга қо­­дир бўл­са ҳам, намозни тик ҳолда бошлаб, руку пай­ти­гача тоқат қила олмаса, хоҳлаган вақ­ти­да ўти­риб, намозни давом эттириши мумкин.

«Оламгирия», «Кофий»,

«Хулоса».

 

209-ФАТВО

Бирор нарсага суяниб ёки ҳассага таяниб тик туриши мумкин бўлган тақдирда ҳам, намозни ўтириб ўқиши жоиз эмас. Албатта, тик ҳолда ўқи­ши керак бўлади.

«Оламгирия», «Табйин».

 

210-ФАТВО

Узр билан намозни ўтириб ўқийдиган одам ўзига қулай бўладиган ҳолатда ўтириши мумкин. Агар деворга ёки бирор инсонга суяниб ўтириш­га эҳтиёж сезса, суяниб ўтириши лозим. Аммо ётиб олиши мумкин эмас.

«Оламгирия», «Захира»,

«Табйин».

 

211-ФАТВО

Тик туриш, руку ва сажда қилишга қодир бўл­маган киши намозни ўтирган ҳолида имо-ишора билан ўқийди. Рукудан кўра сажда ишоратида бошини пастроқ эгади. Агар руку билан саждада боши бир хил эгилса, дуруст бўлмайди.

 «Оламгирия», «Қозихон»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

212-ФАТВО

Тик туришга қодир, лекин руку ва саждага эгилишга ожиз киши намозни тик ҳолда имо-ишора билан ўқиса ҳам бўлади. Лекин ўтирган ҳолда ўқигани яхшидир. Саҳв саждасини ҳам имо-ишора билан бажаради.

«Оламгирия», «Қозихон», «Муҳит».

 

 213-ФАТВО

Имо-ишора билан намоз ўқийдиган киши саждага эгилиш учун бирор тахта, ёстиқ каби нарса­ларни баланд қўйиб олиши тўғри эмас. Баъзи ривоятларда, шундай тақдирда ҳам бошини рукудан кўра саждада паст­роқ эга олса, намози жоиз бў­лади, дейилган. Лекин нарса қўйиб ўқимагани маъқул. Аммо бошини эгмаган ҳолда бирор нарсани пешонасига кўтариб сажда қилса, намози дуруст бўлмайди. Ерга ёстиқ каби нарсаларни қўйиб, унга сажда қилиши макруҳ бўлса-да, намози жоиз.

 «Оламгирия», «Хулоса»,

«Музмарот».

 

214-ФАТВО

Пешонасида жароҳати бўлган киши намозни уз­рим бор, деб имо-ишора билан ўқиши мумкин эмас. Балки саждада бурнини ерга теккизиши керак.

«Оламгирия», «Захира».

 

215-ФАТВО

Намозни ўтириб ўқишга ҳам қудрати етмайдиган одам оёқларини қибла томонга узатган ҳолда орқаси билан ётиб, боши остига ёстиқ қўяди. Ўнг ёки чап ёни билан қиблага қараб ётиши ҳам мумкин. Лекин олдингиси авлодир.

«Оламгирия», «Кофий», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

 216-ФАТВО

Соғлом одам намоз асносида узрли бўлиб қол­са, яъни, тик тура олмайдиган хасталикка учраса, ўтириб имо-ишора билан ўқишни бошлайди. Ўти­ришга ҳам мажоли етмаса, ётган ҳолда давом этади.

«Оламгирия», «Табйин».

 

217-ФАТВО

Узр билан ўтириб намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, намозни тик туриб давом эттиради. Бу Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) сўзларидир.

«Оламгирия».

 

218-ФАТВО

Имо-ишора билан намоз ўқиётган одам намоз ичида тузалиб қолса, қаралади: агар руку ёки саж­дадан кейин бўлса, намозини бошидан қайта ўқийди. Борди-ю, руку, сажда қилмаган бўлса, ўқиш­ни давом эттираверади.

«Оламгирия», «Ҳидоя», «Жавҳара».

 

219-ФАТВО

Боши билан имо-ишора қилиб намоз ўқишга қодир бўлмаган киши кўзлари ёки қошлари билан имо-ишора қилиб ўқимайди. Балки намоз ўқи­май туради. Соғайгач ёки касали енгиллашгач, қа­ралади: агар бир кечаю кундуздан ортиқ намоз ўқий олмаган бўлса, қазосини ўқимайди. Акс ҳолда, ўқийди.

«Оламгирия», «Қозихон», «Заҳирия».

 

220-ФАТВО

Бемор намозхон қироат, тасбеҳ ва ташаҳҳудни соғлом одамдек ўқийверади. Фақат ўтириб-туриш, руку ва саждаларда фарқ қилади. Борди-ю, мазкурларни ўқишга тоқати етмаса, уларни ўқи­май, фақат имо-ишора билан кифояланади.

 «Оламгирия», «Татархония».

 

221-ФАТВО

Бемор қиблага ўгирилиб олишга кучи ет­­маса ёки ёрдам берадиган одам ҳам топа олма­са, қайси томонга қараб намозини ўқиса ҳам бў­лаверади. Кейин қайта ўқимайди. Аммо қибла­га қаратиб қўядиган одам бўла туриб, ундан ёр­дам сўрамай, бошқа тарафга қараб ўқиган намози дуруст эмас.

Шунингдек, бемор ётган тўшак нопок бўлса ва уни ўзи алмаштира олмаса, ёрдам берадиган одам ҳам топилмаса, намозини ўша тўшакда ўқий­ве­ра­ди. Бироқ одам бўлса, албатта, ундан ёр­дам сў­ра­ши шарт. Акс ҳолда, намози дуруст эмас.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

222-ФАТВО

Беш вақт намоз вақти ўтгунга қадар ҳушсиз ётган одам кейин ўша намозларнинг қазосини ўқи­майди. Мажнунликка (руҳий касалликка) учраган кишининг ҳукми ҳам худди шундай.

«Оламгирия», «Табйин».

 

223-ФАТВО

Беш вақт намоз ўтгунга қадар ақл-ҳуш­сиз, маст ётган одам кейин қазосини ўқийди. Шунингдек, дори, наша, қорадори ёки бошқа гиёҳлар истеъмол қилиши натижасида бир кеча ва кундуз ақл-ҳуш­сиз ётган одамдан ҳам намозлар соқит бўлмайди.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

224-ФАТВО

Рамазон ойида рўза тутса, дармони қуриб, намозни тикка ҳолда ўқиёлмайдиган, рўза тутма­са, тик туриб ўқий оладиган одам рўза тутиб, намозни ўтирган ҳолда ўқиши керак бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

225-ФАТВО

Аёл киши беморликдан ўзи таҳорат қила олмаса, эрининг зиммасига уни таҳорат қилдириб қўйиш тушмайди. Балки таяммум билан намозини ўқийверади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

226-ФАТВО

Бемор агар тик туриб намоз ўқийдиган бўлса, пешоби ёки жароҳатидан йиринг оқиши сабабли намозни тарк қилиши тўғри эмас.

«Оламгирия», «Сирожия».

 

227-ФАТВО

Бошини баланд кўтаришга душмандан хавфи бор, чодирдан ташқарида лойгарчилик ёки ём­ғир ёғаётган бўлса, чодир пастлигидан тик туриб ўқишнинг иложини топмайдиган одамлар намозни ўтирган ҳолда ўқишлари мумкин.

«Оламгирия».

 

228-ФАТВО

Киши соғайгач, беморлигида қазо қилган намозларини ўтириб ёки имо-ишора билан эмас, бал­ки соғлом одамдек, рукнларни тўла бажарган ҳол­да ўқиши шарт.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

 

229-ФАТВО

Бемор киши соғлом вақтида ўқимаган қазо намозларини ўз ҳолига қараб, ўтириб ёки имо-ишора билан ўқиши мумкин.

«Оламгирия», «Сирожия».

 

230-ФАТВО

Агар намозхон ҳатто намоз ўқиётганида бир одам ёнида ўтириб, қачон руку, сажда қилиши кераклигини айтиб турмаса, намоз ўқий олмайдиган даражада фаромушхотир бўл­са, шундай қилиб ҳам намозни ўқийвергани яхши.

«Оламгирия», «Қуня».

 

 

231-ФАТВО

Жума намозига чиқа олмаган бемор имомнинг шу намоздан фориғ бўлишини кутиб, ке­йин пешин намозини ўқигани яхшидир. Зеро, жума намо­зи ўқилаётган вақтда пешин ўқиш мак­руҳ­дир.

«Оламгирия», «Музмарот».

 

232-ФАТВО

Шаръан мусофир номини олиб, айрим имтиёзларга эга бўлиши учун киши энг камида уч кеча ва кундузлик йўлни босиб ўтишни ният қилиб йўлга чиққан бўлиши керак. Йилнинг энг қисқа кунларидаги уч кеча ва кундузлик йўл одамнинг пиёда ёки туянинг юриш тезлиги билан ўлчана­ди. Мусофирга бериладиган имтиёзлар – тўрт ра­катли фарз намозларнинг икки ракатга айланиши, Рамазон рўзасини ту­тиш-тутмаслик ихти­ёри, пойабзалга уч кечаю кундуз масҳ тортиш мум­кинлиги, жума ва икки ҳа­йит намозининг соқит бўлиши кабилардир.

«Оламгирия», «Сирожия»,

«Табйин».

 

233-ФАТВО

Уч кеча ва кундузлик масофа эртадан кечгача йўл юриш билан белгиланмайди. Сафар масофаси тонгда йўлга чиқиб, пешин вақти киргунича йўл босиб, сўнгра бир жойда дам олиб, тунаб, яна эртаси тонг­да йўлга чиқиб, пешингача юриб, учинчи куни ҳам шу тариқа йўл юриш билан ўлчана­ди. Фарсах ёки километр билан ўлчаш шарт эмас. Зеро, ҳар бир йўл­нинг ўзига хос қулайлиги ва қи­йинчиликлари бор.

«Оламгирия», «ал-Жавҳара»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

Изоҳ:

Шунга кўра, сафар масофасини км билан белгилашда уламолар ўртасида қадимдан ихтилоф мавжуд. Баъзилар буни 80, бошқалар 90, айрим уламолар 100 км деб ҳисоблайдилар.

 

234-ФАТВО

Мусофир кўзлаган манзилнинг иккита йўли бўлиб, бири узоқ, иккинчиси яқин бўлса, узоғи уч кечаю кундузлик, яқини икки кечаю кундузлик масофани ташкил этса, узоғи билан юрсагина мусофир ҳисоб­ланади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

235-ФАТВО

Уч кечаю кундузлик йўлни улов билан икки кунда босиб ўтган бўлса ҳам мусофир ҳисобланиб, тўрт ракатли фарз намозларни қаср (икки ракат) қилиб ўқийди.

«Оламгирия», «Жавҳара».

 

236-ФАТВО

Мусофир одам қаср ўқиши, яъни тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат қилиб ўқиши вожибдир. Борди-ю, тўрт ракат ўқиб, икки ракатдан кейин ўтирган бўлса, намози дуруст ҳисобланади. Лекин кейинги икки ракат нафлни қўшиш билан саломни кечиктиргани учун гуноҳкор бўлади. Аммо биринчи қаъдага ўтирмаган бўлса, намози бузилади.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

237-ФАТВО

Баъзи уламолар сафарда суннат намозларини ўқимасликка рухсат берган бўлсалар-да, хавф-ха­тарли ерларда ўқимаслик, барқарор, тинч жой­ларда ўқиш авлодир.

«Оламгирия»,

«Важизи Кардарий».

 

238-ФАТВО

Мусофир намозларни қаср қилиб ўқишни уйида ният қилган вақтидан эмас, балки йўлга тушиб, шаҳри ёки қишлоғининг чекка уйлари ор­тида қолган жойдан бошлайди. Сафардан қайтишда ҳам худди шу ерга келганидан кейин қасрни тўх­татиб, тўла ўқишга ўтади.

«Оламгирия», «Муҳит»,

«Татархония».

 

239-ФАТВО

Уч кеча-кундузлик йўлга чиқишни ният қил­май сафарга чиқса-ю, бир ойлик йўл босиб ўт­ган бўлса ҳам, шаръан мусофир ҳисобланмайди. Масалан, отини қидириб узоқ масофагача излаб борган одам қанча йўл босгани билан ниятсиз бўл­гани учун мусофир саналмайди. Аммо уйи­га қайтишда мусофирга айланади. Зеро, сафар масофасидаги уйига боришни ният қилди.

«Оламгирия», «Табйин».

 

240-ФАТВО

Мусофир сафар масофасини босиб ўтгач, бирор шаҳар ёки қишлоқда энг ками ўн беш кун туришни ният қилиб тўхтаса, мусофирлик имтиёзлари соқит бўлади. Шунингдек, сафар масофасини босиб ўтмай туриб, бирор жойда ўн беш кун туриш­ни ёки уйига қайтишни ният қилса ҳам, муқимга айланиб, мусофирлик имтиёзларидан холи бўлади.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

241-ФАТВО

Саҳро ва дашту биёбонларда чодир тикиб яшай­диган кўчманчи қабила кишилари агар бир жой­да ўн беш кун ва ундан ортиқ туришни ният қилишса, Абу Юсуфдан (р.ҳ.) қилинган икки хил ривоятнинг бирига кўра, муқимга айланадилар.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

242-ФАТВО

Бир шаҳарга келган мусофир ишим битган ку­ни қайтаман, деган ният билан бир неча йил ту­риб қолса ҳам, муқимга айланмайди.

«Оламгирия», «Таҳзиб».

 

243-ФАТВО

Мусофир 15 кун ёки ундан ортиқ вақт икки манзилда туришни ният қилса, қаралади: агар ўша икки жой ўзига мустақил маконлар бўлиб, бири иккинчисига тобе бўлмаса, муқимга айланмайди. Агар 15 кун кундузи бир қишлоқда, тунда иккинчи қишлоқда бўламан, деб ният қилса, тунайдиган қишлоққа кириши билан муқимга айланади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

244-ФАТВО

Ҳожи Макка шаҳрига зулҳижжа ойининг биринчи куни кириб келиб, 15 кун ёки ортиқроқ ту­раман, деб ният қилгани билан муқим бўлиб қол­майди. Зеро, ойнинг саккизинчи куни Минога, тўқ­қизинчи куни Арафотга чиқиб кетиши керак. Демак, 15 куни бир жойда ўтмай, бўлиниб туради. Шунинг учун мусофирлигича қолиб, намозларни қаср қилиб ўқийверади.

«Оламгирия»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

245-ФАТВО

Савдогар бир шаҳарга бориб, ҳожатимни адо этгунимча 15 кун тураман, деб ният қилса, му­қим­­га айланмайди. Зеро, эртароқ ҳожати битса, юртига қайтиши аниқ. Демак, 15 кун туришига ишончи мустаҳкам эмас. Бинобарин, ният ҳам бар­қарорликдан йироқ.

«Оламгирия»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

 246-ФАТВО

Бировга тобе ҳолда сафарга чиқувчиларнинг му­софир ёки муқимга айланиши уларнинг раҳба­рига боғлиқ. Яъни, унинг нияти ва қарорига қа­раб, буларнинг ҳоли ўзгариб туради. Масалан, шогирдлар устозига, хотинлар эрларига, мардикор хўжайинига қараб иш кўради. Ўзларича мусофир ёки муқим бўлишни ният қилишлари мумкин эмас.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

247-ФАТВО

Мусофир намоз ичида, шу шаҳарда 15 кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилса, намозини қаср қилмай, тўрт ракат ўқийди. Бунда унинг якка ёки имомга иқтидо қилиб ўқиётгани, ёхуд масбуқ эканининг фарқи йўқ.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

248-ФАТВО

Намозни кеч бошлагани учун уни тугатмаси­дан вақти чиқса ва шундан кейин мусофир 15 кун ёки ундан кўпроқ туришни ният қилса, намози қасрлигича қолади. Агар намозни бузиб қўйса, шу намознинг қазосини икки ракат ўқийди.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

249-ФАТВО

Мусофир бошқа мусофирларга имом бўлиб намоз ўқиётганида таҳорати сингач, орқадан бир му­софирни ўрнига қўйиб, таҳоратини янгилаш учун чиқиб кетганидан кейин, вақтинча имомлик қилаётган намозхон 15 кун шу шаҳарда туришни ният қилса, орқадагиларнинг намози қасрдан тўрт ракатга ўзгармайди. Биринчи таҳорати синган имом агар масжиддан чиқмай туриб шундай ният қилса, ўзининг ҳам, иқтидо қилган мусофирларнинг ҳам қаср намозлари тўрт ракатга ўзгаради.

«Оламгирия», «Заҳирия».

 

250-ФАТВО

Мусофир муқимга иқтидо этиб намоз ўқиса, қаср қилмай, тўрт ракат ўқийди. Аммо намозни бузиб қўйиб, ўзи қайта ўқимоқчи бўлса, яна қаср қилади. Агар муқимга нафл нияти билан иқ­тидо этган бўлса-ю, намозни бузиб қўйиб, қайта ўқимоқчи бўлса, тўрт ракат ўқийди.

«Оламгирия», «Табйин».

 

251-ФАТВО

Жума куни заволдан олдин ёки кейин сафарга отланиш макруҳ эмас. Лекин шаҳарни тарк этгунига қадар жума вақти чиқмаслигини билса, жумани ўқиб, сўнгра кетиши лозим. Аксинча қилса, макруҳдир.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

252-ФАТВО

Машойихларимиз сўзига кўра, кўпчилик кишиларда икки хил ватан бўлади. Биринчиси – ватани аслий. Яъни, аҳл-оиласи ва мол-мулки турадиган ватан. Иккинчиси – ватани иқомат. Яъни, ватани аслийдан вақтинча келиб яшайдиган иккинчи турар жойи. Бунда камида 15 кун яшашни ният қилиши шарт. Кўпига чегара йўқ. Ватани аслийдан аҳл-оиласи билан иккинчи ватанга кўчиб борса, олдинги жойига келганда мусофир ҳукмида бўлади. Аммо аҳл-оиласини олиб кетмай, иккинчи яшаш жойида янги оила қурса, ҳар икки ватанда ҳам муқим ҳисобланади. Ватани аслий сафар билан ёки бошқа жойдаги иқомат жойи билан йўқ бўлмайди. Аммо 15 кунлик иқомат жойи сафар билан ҳам, иккинчи иқомат жойига бориш билан ҳам йўқ бўлади.

«Оламгирия», «Кифоя»,

«Табйин».

 

 

253-ФАТВО

Агар ватани аслийда ҳовли ва ерини қолдириб, аҳл-оиласи ва кўчлари билан бошқа жойга бориб ватан тутса, олдингиси ҳам ватани аслийлигича қолади.

«Оламгирия», «Зоҳидий».

 

254-ФАТВО

Мусофир намоз ўқий деса, ўғри ва қароқчилар нарсаларини талаб кетиши хавфи бўлса, намозни ўқимаслиги мумкин.

«Оламгирия», «Ғароиб».

 

255-ФАТВО

Фарз намозини узрсиз улов устида ўқиш жоиз эмас. Узр деганда, уловдан тушса, ўзи, кийими ёки уловига ўғри, йиртқич ёки душман тажовуз қилишидан қўрқиши, уловга қайтиб минишига кўзи етмаслиги ёки ер лой бўлиб, қуруқ жойнинг йўқлиги кабилар назарда тутилади.

«Оламгирия», «Шарҳул-Канз», «Муҳит».

 

256-ФАТВО

Улов устида намоз ўқишга тўғри келиб қолса-ю, уловнинг айрим жойларига нажосат теккан бўлса, баъзи уламолар эгар билан узанги пок бўлса, зарари йўқ, десалар, бошқалари, эгарнинг ўзи пок бўлса, кифоя, деганлар. Лекин «Канзул ибод» ки­тобига шарҳ ёзган аллома Бадриддин Айний, уловдаги нажосат қаерда бўлишидан қатъи назар, намозга зарарсиздир, деб айтганлар.

«Оламгирия»,

«Шарҳул-Канз».

 

257-ФАТВО

Сузиб бораётган кемага минган одам намозни тик ҳолда ўқишга қодир бўлса-да, узрсиз ўтириб ўқиши жоиз. Лекин кароҳияти бор. Бу Абу Ҳа­нифа (р.ҳ.) сўзидир. Аммо Абу Юсуф билан Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, жоиз эмас. Демак, узрсиз ўтириб ўқилмагани яхши экан. Кема боғ­лиқ ҳолда, сузмай турган бўлса, барча уламолар наздида, узрсиз ўтириб ўқиш жоиз эмас.

«Оламгирия»,

«Таҳзиб».

 

258-ФАТВО

Жума намозининг фарзлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан собит бўлгани боис, уни инкор этиш куфр ҳисобланади. Жуманинг фарз бўлиши учун намозхонда олтита шарт топилиши керак. Яъни, шаҳарда яшаш, сиҳат-саломатлик, ҳуррият (яъни қул бўлмаслик), эркак ва балоғат ёшида бўлиш ҳамда кўз билан оёқлар соғломлигидир. Баъзи уламолар ақлни ҳам қўшишган. Лекин шулардан саломатлик, шаҳарда яшаш, ҳуррият, эркаклик каби шартлар топилмаган кишилар жума намози­ни ўқисалар, жоиз ҳисобланиб, пешин намози зиммаларидан соқит бўлади.

Жумани адо этиш учун бешта шарт белгиланган. Улар – шаҳар ёки унинг ҳудуди, рухсатнома­га эга масжид, хутба, жамоат ва пешин вақти бў­лишидир.

«Оламгирия», «Мухтасар»,

«Бадое», «Канз».

 

259-ФАТВО

Абу Ҳафс Кабир (р.ҳ.) сўзига кўра, мардикорнинг жума намозига боришига хўжайини қарши­лик қилиши мумкин. Аммо Абу Али Даққоқнинг (р.ҳ.) наздида, шаҳарда бўлса, қаршилик қилишга ҳақи йўқ. Лекин жумага бориб-келгунича кетган вақти учун иш ҳақидан ушлаб қолади. Бу ҳам масжид узоқ бўлсагина мумкин. Бироқ яқин бўлса, ҳақидан ушлаб қолмайди. Жумага бориб-келгунича ўтган вақти учун мардикорнинг ҳақ талаб қилиши ҳам жоиз эмас.

«Оламгирия», «Муҳит»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

260-ФАТВО

Мужтаҳид имомлардан Абу Юсуф, Муҳаммад ва Кархий (р.ҳ.) каби зотлар бир шаҳарда биттадан ортиқ жума ўқиладиган жоме масжиди бўлмаслиги керак, деган масалада кенгроқ изланиш олиб бориб, бир шаҳарда иккита ёки учтагача жоме масжиди бўлиши мумкин, деган қарорга келганлар. Аммо Имом Муҳаммаднинг (р.ҳ.) Абу Ҳанифадан (р.ҳ.) қилган ривоятида бир шаҳарда учтадан ортиқ жо­ме масжидида ҳам жума намози ўқилиши мумкин, дейилади.

«Оламгирия», «Бадое».

 

 

261-ФАТВО

Жума ўқилмайдиган кичик қишлоқдан шаҳарга бир кун туриш учун келган одам жума кунига тўғри келиб қолса, жума намозини ўқиши зарур. Лекин шу куни уйига қайтадиган бўлса, жума ўқиши лозим эмас. Аммо шунда ҳам жумани ўқиб кетса, ажрга эга бўлади.

«Оламгирия», «Қозихон», «Тажнис».

 

262-ФАТВО

Жума вожиб бўлмаган кишилар пешинни жамоат бўлиб, азон ва иқомат билан ўқийверадилар. Шаҳарда юрган мусофирлар, жумага бора олмаган шаҳарликлар пешин намозини жамоат бўлмасдан, якка-якка ҳолда ўқийдилар.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

263-ФАТВО

Арафотда жума намози ўқилмайди. Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) сўзига кўра, бир шаҳарнинг бир неча жойида жума намози ўқилиши мумкин. Шу сўзга амал қиламиз. Қаттиқ ёғаётган ёмғир жума намозига бормасликка узр бўла олади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».

 

 

264-ФАТВО

Жума намозидан олдин имомнинг хутба ўқиши фарз. Хутбанинг фарзлари бизнинг ҳанафий мазҳабимизга кўра, иккита. Бири – пешин вақтида, лекин жумадан олдин ўқилиши. Иккинчиси – Аллоҳ­нинг зикри. Яъни, ҳамду сано ё таҳлил, ёки тасбеҳ айтилиши. Хутбанинг суннатлари 15 та. Улар – таҳоратли бўлиш, тик туриш, қавмга юзланиш, «Аъузу...»ни ичида айтиш, хутбани қавмга эшиттириш, ҳамд билан бошлаш, Аллоҳнинг зоту сифатларига хос санолар айтиш, икки шаҳодат калимасини ўқиш, Пайғамбаримизга салавот айтиш, панду насиҳат қилиш, оятлардан ўқиш, иккинчи хутбада ҳамду сано ва салавотларни такроран айтиш, мусулмонлар ҳақига дуо қилиш, ҳар икки хутбани қисқароқ ўқиш, икки хутба орасида бир оз ўтириш ва хутбани минбарда айтиш ҳам суннат амаллардан дейилган.

«Оламгирия», «Шарҳи Ҳидоя»,

«ал-Баҳрур-роиқ».

 

265-ФАТВО

Агар хутбани айтганидан кейин таҳоратини янгилаш ҳаракатида ўрнига имомликка бошқа одамни қўймоқчи бўлса, ўша одам хутбани эшитган бўлиши шарт. Акс ҳолда, имомлиги дуруст бўлмайди. Аммо хутба ўқиган имом намозни бошлаганидан кейин таҳоратга чиқадиган бўлса, ўрнига хутбани эшитган одамни қўйиши шарт эмас.

«Оламгирия», «Кофий»,

 «Таҳзиб».

 

266-ФАТВО

Жума хутбасини ўқиш учун имом минбарга чиқиши билан намозхонларга ҳар қандай намоз, гап, салавот, еб-ичиш каби амаллар тақиқланади. Ҳатто биров ножўя иш қилаётган бўлса ҳам, уни қайтариш учун овоз чиқармасдан қўл билан ишора қилиш лозим.

«Оламгирия», «Муҳит»,

«Хулоса».

 

Изоҳ:

Билиб қўйиш лозимки, араблар жума хутбасини араб тилида айтадилар. Шунинг учун улар бир йўла иккинчи азондан бошлаб, иккита хутбани ўқийдилар. Аммо бизнинг диёримизга ўхшаш ажам юртларида биринчи азонгача маҳаллий тилда мавъиза қилинади. Бу хутба эмас. Гапириш каби ишлар тақиқланадиган хутба – бу бизда иккинчи азондан кейинги хутбадир.

 

267-ФАТВО

Жума хутбасига ҳозир бўлганлар тиз чўкиб ўтирадими ё чордона қурибми, ёки бошқача ўтирадими, фарқи йўқ. Лекин намозда ўтиргандек чўккалаб ўтириш мустаҳабдир.

«Оламгирия», «Музмарот»,

«Меърож».

 

268-ФАТВО

Нафл ўқиб турганида имом иккинчи азондан кейинги хутбани ўқий бошласа, сажда қилмаган бўлса, нафлни тўхтатиб, хутбага қулоқ солади. Агар сажда қилиб қўйган бўлса, икки ракатни тугатиб, сўнгра хутбага қулоқ солади.

«Оламгирия»

269-ФАТВО

Имомликка жума хутбасини ўқиган одам ўтиши шарт эмас.

«Нафъул-муфтий», «ад-Дуррул-мухтор».

 

Изоҳ:

Бу ерда шарт эмас, дейилишидан, хутба ўқиган кишининг имомликка ўтишининг афзаллиги маълум бўлади. Лекин шарт эмаслиги баъзи ҳолатларда енгиллик пайдо қилади.

 

270-ФАТВО

Беморга қараш хизматида бўлиб турган кишига жумага бориш вожиб эмас.

«Нафъул-муфтий», «ад-Дуррул-мухтор».

 

271-ФАТВО

Жума намози дуруст бўлмоғи учун жамоат мавжудлиги ҳам шарт. Бунда имомдан ташқари камида уч киши ҳозир бўлиши керак. Улар хутбани тинглаган бўлишлари шарт эмас, балки имомликка яроқли кишилардан бўлишлари зарур. Ўзи уч кишидан иборат жамоатда бири аёл ёки сағир, ёхуд имомликка яроқсиз бўлса, жума ўқилиши дуруст эмас.

«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир», «Муҳит».

 

272-ФАТВО

Шаҳарда узрсиз жума ўқимаганлар жума намози тугамагунича пешин намозини ўқимай туришлари лозим. Бемор ва мусофирлар ҳам пешин намозини жумадан кейин ўқишлари мустаҳабдир.

«Оламгирия», «Канз», «ал-Важиз».

 

273-ФАТВО

Бемор одам касаллиги енгиллашгани сабабли пешин намозини уйида ўқиганидан кейин жоме масжидига бориб, жума намозини ўқиса, ўқиган пешин намози нафлга айланади. Имомни «Аттаҳийёт» ўқиётганида ёки саҳв саждаси қилаётганида топса ҳам, иқтидо қилиб, жумани ўқийвериши лозим. Бу Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) сўзидир.

«Оламгирия», «Ниҳоя».

 

274-ФАТВО

Икки ҳайит намози вожиб амаллар сирасига киради. Шартлари жума шартлари билан бир хил. Фақат буларда хутба шарт эмас, балки суннатдир. Хутба жумада намоздан олдин ўқилса, икки ҳайит намозида ундан кейин ўқилади. Рамазон ҳайити­ намози узр билан эртаси куни ўқилиши мумкин. Қурбон ҳайити намози узрли ва узрсиз уч кунгача ўқилаверади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Мухтасар».

 

275-ФАТВО

Ҳайит намозига кеч келиб, имомни рукуда топган киши тик ҳолда «Таҳрима такбири»ни айтгач, қарайди: агар имом рукудан бошини кўтармасидан олдин ҳайит намозининг учта такбирини ай­тишга улгурса, тик ҳолда айтиб, кейин руку қилади. Улгурмайдиган бўлса, руку қилиб, унда такбирларни айтиб тугатади. Лекин уч такбирни рукуда айтганида қўлларини кўтармайди. Борди-ю, рукуда такбирларни айтаётганида имом рукудан бошини кўтарса, имомга эргашиб, у ҳам бош кўтараверади. Айтилмай қолган такбирлар соқит бўлади.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож»,

«Кофий».

 

276-ФАТВО

Ҳайит намозининг биринчи ракатида имом қироатидан олдин уч такбир айтишни унутиб, қироат қилиб қўйган бўлса, буни қироатдан кейин айтиши ҳам мумкин. Агар рукуга борганда эсига тушса, такбирларни қўл кўтармай, рукуда айтса ҳам бўлади.

«Оламгирия», «Татархония».

 

277-ФАТВО

Қурбон ҳайити намози узр билан эртасига ёки учинчи кунда ўқилса, кароҳияти йўқ. Аммо узрсиз ҳайитдан кейинги кунларга қолдириш жоиз бўлса-да, макруҳдир. Рўза ҳайити намозини эса, узрсиз бир кунга кечиктириш ҳам жоиз эмас.

«Оламгирия», «Жавҳара», «Табйин».

 

278-ФАТВО

Ҳайит намози билан жаноза намозини ўқиш бир вақтга тўғри келиб қолса, биринчи бўлиб ҳайит намози, кейин жаноза ўқилади. Ҳайит намозининг хутбаси жаноза намозидан кейин ўқилади.

«Оламгирия», «Қуня».

 

279-ФАТВО

Қурбон ҳайитининг Арафа кунги бомдод намозидан бошлаб «Ташриқ кунлари»нинг охирги куни аср намозидан кейингача жамоат би­лан ўқилган ҳар бир фарз намозидан сўнг «Ташриқ такбири»ни бир марта айтиш вожиб. Ўқилиши бундай: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Валиллаҳилҳамд». У ҳаммага эмас, балки шаҳарда яшовчи эркакларга, муқимга иқтидо қилган мусофир ва аёлларга вожиб бўлади. Ёлғиз ўзи ўқувчи одам бу такбирни айтмайди.

«Оламгирия», «Мухтасар».

 

280-ФАТВО

Имом «Ташриқ такбири»ни айтмаса, иқтидо қилувчилар дарҳол айтиб юбормасдан, унинг ҳақиқатан такбирни унутганига ва айтмаслигига тўла ишонч ҳосил қилишлари лозим. Масалан, гапириб қўйиши, бошқа зикр-тасбеҳларни бошлаши, масжиддан чиқишга ҳаракат қилиши каби ҳолатлар содир бўлса, шундагина такбирни муқтадийларнинг ўзлари айтадилар.

«Оламгирия», «Табйин».

 

281-ФАТВО

Қуёш тутилганда жоме масжидида ёки кенг майдонда жума масжидининг имоми жамоат билан икки ракат нафл намоз ўқиши суннат амаллардандир. Товушсиз, узунроқ қироат қилинади. Намоздан сўнг узоқ дуо ўқилади. Агар имом келмаса, жамоат якка-якка бўлиб ўқишади. Лекин Имом Ҳалвоний (р.ҳ.) сўзига кўра, жума, ҳайитга ўтиб юрган имом узр билан кела олмай, бошқа бирор кишининг имом бўлиб ўқишига буюрса, жоиздир. Қавмга малол келтирмаслик мақсадида имом қироатни узун қилса, дуонинг қисқароқ бўлишига эътибор беради. Дуони узоқ қилмоқчи бўлса, қироатни ихчамлаштиради.

«Мухтасар», «Оламгирия»,

«Жавҳара».

 

282-ФАТВО

Ой тутилганда ҳам худди қуёш тутилгандаги каби икки ракат нафл намоз ўқилади. Фақат бунда жамоат билан эмас, балки ҳар ким ўзи якка ҳолда ўқийди. Шунингдек, қаттиқ шамол, бўрон кўтарилганда, қор ёки ёмғир тинмай қаттиқ ёғаверганда, осмон қизариб кетганда, кундузни зулмат қоплаганда ёки бирор касаллик оммавий равиш­да тарқалганда, зилзилада, чақмоқ кўп чаққанда, юлдузлар кўп учганда, тунда ортиқча ёруғ­лик пайдо бўлганда, душмандан хавф кучайганда ҳам икки ракат нафл намоз ўқиб, Аллоҳдан нажот сўраш тавсия этилади. Ой тутилганда ва юқорида эслатилган ҳолатларда жамоат билан эмас, балки ҳар ким ўз уйида ўқийди.

 «Оламгирия», «Муҳит»,

«Сирожия», «Табйин».

Четверг, 01 Июнь 2017 00:00

Закотга оид фатволар

5-ФАТВО

Тўлиқ бир йил мажнун (жин теккан, руҳий касалликка учраган) бўлса, закот вожиб эмас. Йилнинг боши ва охирида мажнунлиги кетган бўлса, закот вожиб бўлади. Аммо бир йил беҳуш ётган бойга закот вожиб.

«Оламгирия», «Жавҳара», «ал-Кофий», «Қозихон».

6-ФАТВО

Гаровга қўйган бойлиги, модомики гаровга олган киши қўлида экан, ундан закот бериш вожиб эмас.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 7-ФАТВО

Яшаб турган уйи, кийиб юрган кийимлари, уй жиҳозлари, миниб турилган улов, истеъмол қилинаётган озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар олтин, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса), олимнинг фойдаланиб турган китоблари, касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди. Бўёқчининг идишдаги бўёқлари, тери ошловчининг идишдаги ёғларидан закот берилади. Кирчининг совунларидан закот чиқарилмайди.

«Оламгирия», «Жавҳара», «Кифоя».

 8-ФАТВО

Фиқҳ илми билан шуғулланадиган олимнинг уйидаги китоблари жуда катта маблағга тенг бўлса ҳам, модомики улардан фойдаланиб туришга муҳтож экан, закот бериши вожиб эмас. Лекин зарур бўлмайдиган манбаларининг қиймати нисобга етса, улардан закот бериши вожибдир.

«Оламгирия», «Мабсут».

9-ФАТВО

Одамлардан қарздор киши агар бойлигидан қарзига берганда, нисобдан камайиб қоладиган бўлса, унга закот вожиб эмас. Масалан, бировдан бир нисоб миқдорида қарз олган, лекин қўлида беш нисоб миқдорида бойлиги бор. У тўрт нисоб ҳисобидан закот беради. Аммо назр, каффорат, фитр садақаси, ҳаж пули каби Аллоҳнинг ҳақ­ла­ри ҳам зиммасидаги қарзи ҳисобланади. Лекин бу қарзлар закотга тўсқинлик қилмайди. Яъни, мазкур жойларга сарф қилса, нисобдан камайиб қолиш эҳтимоли бўлса ҳам, закот бераверади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

10-ФАТВО

Бўйнига олмай юрган қарздорга қарши ҳужжати йўқ одам бир неча йилдан кейин ҳужжатга эга бўлиб қолса ва қарзни ундириб олса, ўтган йиллар учун закот вожиб эмас.

«Оламгирия», «Табйин».

11-ФАТВО

Қарздор узоқ жойга қочиб кетса, қаралади: агар қарз берган одам уни топиб келишга қодирлигига қарамасдан, ҳаракат қилмаса, закот соқит бўлмайди. Топиб келишга имконияти бўлмаса, ундаги пулдан закот бермайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

12-ФАТВО

Закотга йил ҳижрий сана ҳисоби билан ўлчанади (354 кун). Йилнинг боши ва охирида закот нисоби мавжуд бўлиб, ўртасида нисобдан камайиб туриши закотни соқит қилмайди.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

13-ФАТВО

Йил давомида тижорат молларининг жинслари ўзгартириб турилиши закот бериладиган йилнинг ҳам ўзгариб, янгиланиб туришига сабаб бўлмайди. Аммо чорва моллари йил давомида алмаштириб турилса, йил ҳисоби охиргисидан бошлаб эътиборга олинади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

14-ФАТВО

Нисоб эгасининг бойлиги йил давомида қайси йўл билан бўлса-да, ортиб борса, ҳаммаси умумий бойлигига қўшилиб, закот ажратилаверади. Масалан, тижоратдан келган фойда, мерос, ҳадя йўли билан тушган маблағлар каби. Аммо бошқа жинсдан бўлган қўй, эчки, туя каби моллар қўшилмайди. Йил тўлиши билан тушган маблағ ва фойдалар янги йил ҳисобидаги нисобга қўшиб, ҳисоб­лаб борилади. Яъни, бир йил тўлмагунча улардан закот берилиши вожиб эмас. Лекин тўлмаган йил ва кейинги бир неча йил ҳисобидан бир нисоб эгаси бўлган одам олдиндан закотларини бериб қўйиши мумкин.

 «Оламгирия», «Жавҳара», «Мухтасар», «Қозихон».

15-ФАТВО

Бойлиги шариат белгилаб қўйган маълум миқдорга, яъни нисобга етган мусулмон киши ҳижрий-қамарий бир йил ўтиши билан аслий ҳо­жатларидан ортиқча бойлигининг қирқдан бир қисмини, яъни 2,5 фоизини шаръан белгиланган жойларга бериши фарзи айндир. Нисоб 84 гр олтин қийматига баробар маблағдир. Закотни узрсиз кечиктириб бериш гуноҳ саналади. Закотни ажратаётган ёки бераётган пайтда ният қилиш шарт. Демак, шу ажратган ёки бераётган нарсам садақа ёки эҳсон эмас, закотдир, деб ният қилинади. Аммо йилнинг охирига келиб, шу бир йил мобайнида берган садақаларимни закот деб ният қилдим, деса, бу нияти ўтмайди. Бутун бойлигини садақа қилиб юборса, ният шарт эмас. Закотга ҳам ўтаверади.

«Оламгирия», «Мухтасар».

 

16-ФАТВО

Фақир кишига берган қарзидан кечиб юборса, ўша қарзда турган бойлигидан берадиган зако­ти­дан қутулади. Агар бир қисмидан кечса, ўша қисмидан берадиган закоти соқит бўлади. Бой кишидаги қарзини унга ҳадя қилиб юборса, унинг закоти соқит бўлмайди.

«Оламгирия», «Табйин».

 

 

17-ФАТВО

Бой киши фақир ҳузурига бориб фалон одамга берган қарзимни ўзингга олгин, деб закотни ният қилса, жоиздир.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

18-ФАТВО

Мискинга пул бериб, тилида ҳиба (ҳадя) ёки қарз деб айтиб, дилида закот деб ният қилса, закотга ўтади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «Қуня».

 

19-ФАТВО

Тўлиқ бир йил мажнун (жин теккан, руҳий касалликка учраган) бўлса, закот вожиб эмас. Йилнинг боши ва охирида мажнунлиги кетган бўлса, закот вожиб бўлади. Аммо бир йил беҳуш ётган бойга закот вожиб.

«Оламгирия», «Жавҳара», «ал-Кофий», «Қозихон».

 

20-ФАТВО

Гаровга қўйган бойлиги, модомики гаровга олган киши қўлида экан, ундан закот бериш вожиб эмас.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

21-ФАТВО

Яшаб турган уйи, кийиб юрган кийимлари, уй жиҳозлари, миниб турилган улов, истеъмол қилинаётган озиқ-овқат, пардоз буюмлари (агар олтин, кумушдан ясалмаган бўлса), гавҳар, маржон, ёқут, зумрад (агар сотиш учун сақланмаётган бўлса), олимнинг фойдаланиб турган китоблари, касб-ҳунар асбоблари каби нарсалардан закот берилмайди. Бўёқчининг идишдаги бўёқлари, тери ошловчининг идишдаги ёғларидан закот берилади. Кирчининг совунларидан закот чиқарилмайди.

«Оламгирия», «Жавҳара», «Кифоя».

 

22-ФАТВО

Фиқҳ илми билан шуғулланадиган олимнинг уйидаги китоблари жуда катта маблағга тенг бўлса ҳам, модомики улардан фойдаланиб туришга муҳтож экан, закот бериши вожиб эмас. Лекин зарур бўлмайдиган манбаларининг қиймати нисобга етса, улардан закот бериши вожибдир.

«Оламгирия», «Мабсут».

 

23-ФАТВО

Одамлардан қарздор киши агар бойлигидан қарзига берганда, нисобдан камайиб қоладиган бўлса, унга закот вожиб эмас. Масалан, бировдан бир нисоб миқдорида қарз олган, лекин қўлида беш нисоб миқдорида бойлиги бор. У тўрт нисоб ҳисобидан закот беради. Аммо назр, каффорат, фитр садақаси, ҳаж пули каби Аллоҳнинг ҳақлари ҳам зиммасидаги қарзи ҳисобланади. Лекин бу қарзлар закотга тўсқинлик қилмайди. Яъни, мазкур жойларга сарф қилса, нисобдан камайиб қо­лиш эҳтимоли бўлса ҳам, закот бераверади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

24-ФАТВО

Бўйнига олмай юрган қарздорга қарши ҳужжати йўқ одам бир неча йилдан кейин ҳужжатга эга бўлиб қолса ва қарзни ундириб олса, ўтган йиллар учун закот вожиб эмас.

«Оламгирия», «Табйин».

 

25-ФАТВО

Қарздор узоқ жойга қочиб кетса, қаралади: агар қарз берган одам уни топиб келишга қодирлигига қарамасдан, ҳаракат қилмаса, закот соқит бўлмайди. Топиб келишга имконияти бўлмаса, ундаги пулдан закот бермайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

26-ФАТВО

Закотга йил ҳижрий сана ҳисоби билан ўлчанади (354 кун). Йилнинг боши ва охирида закот нисоби мавжуд бўлиб, ўртасида нисобдан камайиб туриши закотни соқит қилмайди.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

27-ФАТВО

Йил давомида тижорат молларининг жинслари ўзгартириб турилиши закот бериладиган йилнинг ҳам ўзгариб, янгиланиб туришига сабаб бўлмайди. Аммо чорва моллари йил давомида алмаштириб турилса, йил ҳисоби охиргисидан бошлаб эътиборга олинади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

28-ФАТВО

Нисоб эгасининг бойлиги йил давомида қайси йўл билан бўлса-да, ортиб борса, ҳаммаси умумий бойлигига қўшилиб, закот ажратилаверади. Масалан, тижоратдан келган фойда, мерос, ҳадя йўли билан тушган маблағлар каби. Аммо бошқа жинсдан бўлган қўй, эчки, туя каби моллар қўшилмайди. Йил тўлиши билан тушган маблағ ва фойдалар янги йил ҳисобидаги нисобга қўшиб, ҳисоблаб борилади. Яъни, бир йил тўлмагунча улардан закот берилиши вожиб эмас. Лекин тўлмаган йил ва кейинги бир неча йил ҳисобидан бир нисоб эгаси бўлган одам олдиндан закотларини бериб қўйиши мумкин.

 «Оламгирия», «Жавҳара», «Мухтасар», «Қозихон».

 

29-ФАТВО

Йил давомидаги фойда ва қўшимча даромадлар нисобга етган бойлигига қўшилади. Нисобга етмаган бойлигига қўшиб, ҳисобланмайди. Агар нисобга етмаган молига янги даромадни қўшганида нисобга етадиган бўлса, қўшиб шу кундан бошлаб йил ўтишини кутади.

«Оламгирия», «Бадое».

 

30-ФАТВО

Нисобга етган чорва молларига йил тўлиши билан закотини бериб бўлгач, молларни сотиб юборса, ярим йил тўлган мавжуд пулни нисобга қўшиб ҳисоблайдими ёки йўқми, деган масалада Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, қўшиб ҳисобламайди, балки унга янгидан йил ҳисобини бошлайди. Аммо Абу Юсуф билан Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, молларнинг пулини ҳам мавжуд нисобга қўшиб, икки нисобга закот беради. Бу ихтилоф чорва моллари алоҳида нисобга етган тақдирда эътиборга олинади. Борди-ю, нисобга етмаган бўлса, ҳаммаларининг наздида ҳам, нисобга қўшиб ҳисобланаверади.

«Оламгирия», «Жавҳара».

 

31-ФАТВО

Ерининг хирожини (закотини) тўлаб бўлгач, сотиб юборса, пулини аслий нисобга қўшиб ҳисоблаб, закот ажратади.

«Оламгирия», «Бадое».

 

32-ФАТВО

Пул маблағи нисобга етгач, закотини бериб, қолган пулга чорва моллари сотиб олса, мулкидаги бошқа чорва молларига қўшиб ҳисобланмай­ди. Зеро, улар закоти берилган моллардир. Бу Абу Ҳанифанинг (р.ҳ.) сўзидир.

«Оламгирия».

33-ФАТВО

Тижорат нияти билан боқаётган қўйларининг қиймати нисобга етар эди. Лекин улар йил тўлмай ўлиб қолди. Териларини шилиб, ошлаб, қийматини ҳисобласа, нисобга етяпти. Йил тўлиши билан ундан закот беради.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

34-ФАТВО

Тижорат нияти билан сақланаётган мева шарбати бир йил ўтмасдан майга, сўнгра сиркага айлангач, қиймати нисобга етса ҳам, йил охирида ундан закот берилмайди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

35-ФАТВО

Икки нисоб эгаси пулини яхши ҳисоблаб кўрмай, икки ярим нисоб ҳисобидан закот бериб бўлганидан кейин билиб қолса, икки нисобдан ортиғини кейинги йил ҳисобига ўтказиб қўяверади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

36-ФАТВО

Турли нав чорва моллари нисобга етган одам уларнинг бир-икки навидан закот берганидан кейин шу закоти берилган моллар ўлиб қолса, берган закоти қолган молларининг закотига ўтмайди.

«Оламгирия», «Муҳит»

 

37-ФАТВО

Йил тўлмай олдиндан берилган закотни қабул қилган фақир йил охирига етмай бойга айланса ё ўлиб қолса, ёки диндан қайтиб муртад бўлса, берилган закот ўз кучини йўқотмайди.

«Оламгирия», «ас- Сирожул-ваҳҳож».

 

 

38-ФАТВО

Закот фарз бўлган одам уни адо этмай туриб вафот топса, закот соқит бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

39-ФАТВО

Чорва молларининг эркагу урғочисидан нисобга етгач, закот берилади. Лекин шарти ярим йилдан ортиқ далада, ўтлоқда боқилган бўлиши ва мақсади сутидан фойдаланиш, наслини кўпайтириш, семиртириш, баҳосини ошириш бўлиши белгиланган. Ҳайвонларни боқишдан мақсади уларда юк ташиш, миниш бўлса, закот вожиб бўлмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

40-ФАТВО

Чорва молларини сотиб фойдаланиш, яъни тижорат нияти билан боқаётган бўлса, уларнинг неча бош эканига қараб эмас, қийматини пулга ҳисоблаб, закот чиқаради.

«Оламгирия», «Бадое».

 

41-ФАТВО

Чорва молларини тижорат нияти билан сотиб олиб, кейинроқ сотиш ниятидан қайтиб, боқишни ният қилса, йил ҳисобини шу кейинги ният қилган кунидан эътиборан бошлайди. Яъни нисобга етган бўлса, уларнинг қийматига эмас, неча бош эканига қараб закот ажратади.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

42-ФАТВО

Чорва молларининг турига ва ададига қараб закот белгиланади. Масалан, 25 тага етганча ҳар бир бешта туядан битта қўй, 25 та туяга битта бир ёшдан иккинчи ёшга қадам қўйган тайлоқ (бўталоқ), 36 та туяга икки ёшдан ўтиб, учинчи ёшга қадам қўйган тайлоқ берилади ва ҳоказо. Қўй ва эчкининг 40 тасига бир ёшли битта қўй, 120 тага етгач, иккита қўй ва ҳоказо. Сигир 30 тага етгач, бир ёшлик бузоқ, 40 тага етгач, икки ёшдан уч ёшга қадам қўйган ғунажин ва ҳоказо. Ҳар бир урғочи отдан бир динор ёки нисобга етадиган қийматининг 40 дан бир фоизи берилади. Отлар эркак-урғочи аралаш бўлса, улардан закот берилади. Аммо фақат эркак отлар бўлса, улардан закот берилмайди. Лекин тижорат учун боқаётган бўлса, закот беради.

«Оламгирия», «Мухтасар», «Кофий».

 

Изоҳ:

Чорва молларининг ададига қараб закот бериш тўғрисида батафсил тўхталмадик. Чунки бу тўғрида таржима қилинган фиқҳ китобларида кенг маълумот берилган.

 

43-ФАТВО

Эшак, хачир, қоплон, ўргатилган итлардан тижорат учун сақланаётган бўлсагина закот берилади. Туя, сигир, қўй, эчкиларнинг бир ёшга тўлмаган болалари алоҳида боқилаётган бўлса, улардан закот берилмайди. Аммо уларга битта катта ёшлиси қўшилса ҳам, ҳаммаси унга тобе бўлиб қолади ва нисоб учун ҳисобга олинади. Масалан, 39 та қўзи билан битта уч ёшга қадам қўйгани бўлса, бир қўй закотга ажратилади.

«Оламгирия», «Сирожия», «Ҳидоя».

 

44-ФАТВО

Олтин билан кумуш, хоҳ ишлов берилган, тақинчоқ ёки буюм ҳолатига келтирилган, хоҳ ёмби ҳолида, хоҳ табиий қазилма ҳолатида бўлсин, нисобга етса, закот берилаверади. Олтиннинг нисоби – 20 мисқол, яъни, 85 гр. Кумушнинг нисоби – 200 дирҳам. Бир дирҳамнинг вазни – 3,17 гр. Демак, 85 гр олтин нархи закот бериш вақтида неча сўмга тўғри келса, нисоб ўша миқдорда белгиланади.

«Оламгирия», «Хулоса»,

 «ал-Фиқҳул-исломий».

 

45-ФАТВО

Олтин билан кумушда қиймати эмас, вазни эътибор қилинади. Масалан, кумушдан ясалган кўзанинг оғирлиги 150 дирҳам, қиймати 200 дирҳам бўлса, закот вожиб бўлмайди. Олтинда ҳам мисқоллар вазни эътиборга олинади.

«Оламгирия», «Шарҳи Канз».

 

46-ФАТВО

Олтин ва кумуш бошқа металлар билан аралашган бўлса, аниқлаб кўрилади: агар олтин ва кумуш 50 фоиздан ортиғини ташкил этса, соф олтин ёки соф кумушдек эътибор қилинади. Кам келса, сохта ҳисобланади. Баробар келса, эҳтиёт жиҳатидан закот бериш тавсия этилади.

«Оламгирия», «Хулоса», «Қозихон».

47-ФАТВО

Олтин билан кумуш аралаш бўлса, қайси бирининг вазни нисобга етса, ўшанисидан закот берилаверади. Кумуши оз, олтини кўп бўлса, ҳаммаси олтин деб баҳоланади.

«Оламгирия», «Табйин».

 

48-ФАТВО

Сариқ мис чақалар қанча кўп бўлса ҳам закот берилмайди. Аммо уларни тижоратга ишлатиш ниятида сақлаётган бўлса ва миқдори нисобга етсагина закот беради.

«Оламгирия», «Муҳит», «Шарҳи Виқоя».

 

49-ФАТВО

Олтин билан кумушнинг миқдори бир нисобга етгач, иккинчи нисобга етгунга қадар ҳар қирқ дирҳамидан бир дирҳам, тўрт мисқолидан икки қийрот қўшимча закот ажратади. Бу Абу Ҳанифа (р.ҳ.) сўзи. Икки имом ва Шофиъий (р.ҳ.) наздида, нисобдан ортиғидан ҳам қирқдан бир ҳисобида закот қўшиб берилаверади.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

50-ФАТВО

Олтин билан кумушнинг нисоблари комил бўлиши учун бошқа тижорат буюмларининг қиймати ҳам қўшиб ҳисобланади. Кумушнинг нисобини тўлдириш учун олтин унга қўшиб ҳисобланади.

«Оламгирия», «Мухтасар».

 

51-ФАТВО

Уй жиҳозлари, рўзғор буюмлари, асбоб-ускуналардан фақат тижорат учун сақланаётганларининг умумий қиймати нисобга етса, улардан закот берилади. Улар қайси жойда бўлса, ўша ердаги нарх-наво билан ҳисоблаб чиқилади.

«Оламгирия», «Жавҳара».

 

52-ФАТВО

Дур, ёқут, гавҳар каби қимматбаҳо тошлар учун закот берилмайди. Аммо улар тижорат учун сақланаётган бўлса, закот берилади. Олтин ва кумуш тақинчоқ сифатида ишлатилаётган тақдирда ҳам, нисобга етадиган бўлса, закот берилаверади.

«Оламгирия», «Жавҳара».

 

53-ФАТВО

Закот берган-бермагани ҳақида шакшубҳа қилган киши, бермаган бўлишим керак, деб жазм қилиб, закотни қайтадан беради.

«Оламгирия», «Сирожия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

54-ФАТВО

Тижорат молларини бир хил жинсда ушлаб турмасдан, бир неча бор бошқа жинсдаги молларга алмаштириб туришнинг закот нисобига таъсири йўқ. Яъни, янгидан йил ҳисобини бошламай­ди, балки бир хилдаги мол нисобидек ҳисоб қилинаверади. Шунингдек, нисобга бир йил тўлиши билан уни қарзга бериб юбориши ҳам закотни соқит қилмайди.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

55-ФАТВО

Туялардан закот эркагидан эмас, урғочисидан берилади. Қўйлардан берилганда эса, эркак урғочисининг фарқи йўқ.

«Оламгирия», «Туҳфа», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

56-ФАТВО

Закот, каффорат, фитр садақаси, ушр, назр каби тўловларда бериладиган нарса ёки ҳайвон ўрнига уларнинг қиймати миқдорида пул билан тўлаш ҳам мумкин.

«Оламгирия», «Ҳидоя».

 

57-ФАТВО

Бойлиги закот нисобига етмайдиган камбағал одам закот бериш ҳавасида бировдан қарзга пул олиб, закотни адо этгач, ҳаракат этиб қарзини узишга ақли етса, шундай қилгани афзал. Шу ният билан қарз олиб, закот берганидан кейин қарзни қайтармасидан вафот этса, охиратда Аллоҳ таоло унга қарз берган кишини рози қилиб, қарздан озод қилишининг умиди бор. Аммо қарзни қай­таришга кучи етмаслигини била туриб, қарз олиши дуруст эмас.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

 

58-ФАТВО

Бир киши иккинчи одамга закот нисобига етадиган пулни ҳиба тариқасида бергач, бир йил тўлиши билан ҳибасини қайтариб олса, ҳар икки томон ҳам шу йил учун закот бермайди.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

59-ФАТВО

Киши закот бериш вақти кирганига қарамай, закот бермай юрган вақтида бир камбағал унинг бойлигидан рухсатсиз закот ниятида олиши мумкин эмас. Агар олса, молнинг эгаси ундан қайтариб олишига ҳақи бор. Борди-ю, камбағал ишлатиб юборган бўлса ҳам, барибир зомин бўлади. Яъни, зиммасига тушади.

«Оламгирия», «Татархония».

 

60-ФАТВО

Закот пулини ажратиб, қўлида ушлаб турган пайтида камбағаллар келиб, сўраб ўтирмай талаб кетишса, шунингдек, бераман деб турган закот пули қўлидан ерга тушиб кетиши билан бирор камбағал келиб уни олса ва бунга бой рози бўлса, ҳар икки мисолда ҳам закот берган бўлади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

61-ФАТВО

Бой бир кишига пул бериб, нафл садақа сифатида тарқатиб юборишни буюргач, ўша пулни закот деб ният қилса ва шундан кейин бояги одам пулни садақа қилиб юборса, закотга ўтади.

«Сирожия».

 

62-ФАТВО

Бир бой ўз ҳисобидан бошқа бой номидан закот бериб юборгач, у билиб ижозат берса, фақирга берган бўлиши шарти билан дуруст ҳисобланади.

«Сирожия».

 

63-ФАТВО

Бойнинг камбағалда бир нисоб миқдорида қарзга берган пули бор. Унга закот нияти билан қирқдан бир миқдорда пул бериб, қолган қарзини ундириб олса, жоиз эмас.

«Сирожия».

 

64-ФАТВО

Бойдан закот пули (қирқдан бир) миқдорида қарзи бор камбағалга ўша пулни закот нияти билан ҳадя қилиб юборса, закотга ўтмайди. Қарзини ундириб олишнинг шаръий йўли бундай: унга закот нияти билан пул бериб, сўнгра қарзини ундириб олади.

«Сирожия».

 

65-ФАТВО

Қўлида ярим нисоб бойлиги бўлиб, одамларда ҳам ярим нисоб миқдорида қарзга берган пули бор киши зиммасига закот бериш вожибдир.

«Баззозия».

 

66-ФАТВО

Бировга омонатга пул берганидан кейин ўша одам ким эканини унутиб қўйган бўлса, закот берадиган вақти ўтиб кетгандан кейин омонат сақловчи одамнинг кимлиги эсига келса ва у нотаниш бўлса, ўтган йил учун закот бермайди. Борди-ю, у одам эскидан ўзининг таниши бўла туриб, эсидан чиқарган бўлса, эсига тушгандан кейин ўтган йил учун закот беради.

«Баззозия».

 

67-ФАТВО

Эр хотинига бериши вожиб бўлмиш маҳрнинг бир қисми насия қолдирилган бўлиб, уни хотинига бериш нияти бўлмаса, ўша маблағ ҳам бойлигига қўшиб ҳисобланиб, закот берилади.

«Баззозия».

 

68-ФАТВО

Бандалардан қистаб турилувчи қарзи бўлиши (башарти қўлидаги пулини қарзига берганда, нисобга етмай қолса) закотни соқит қилади. Бунга берилмаган закот пули, ушр, харож, берилмаган савдо пули, ижара ҳақи, маҳрам саналмиш қариндошларининг нафақаси киради. Қисталмай, виждонига ҳавола қилинувчи қарзлар закот бермасликка сабаб бўлмайди. Бунга назр, каффорат, ҳаж пули кабилар киради.

«Баззозия».

 

 

69-ФАТВО

Одамлардан қарздор, лекин ниятида уни адо этиш бўлган одам бехос ўлиб қолса, қиёмат куни жавобгар бўлмайди. Зеро, қодир бўла туриб, тўлашни чўзгани йўқ.

«Баззозия».

 

Изоҳ:

Бу ерда гап қарзини узишга етадиган мерос қолдирмаган, шунингдек, отасининг қарзларини ўз зиммасига оладиган ўғиллари ёки бошқа одами бўлмаган қарздор тўғрисида кетмоқда.

 

70-ФАТВО

Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, бой эрнинг камбағал хотинига закот берилмайди. Шунингдек, отаси бой бўлган норасида ўғилга ҳам берилмайди. Балоғат ёшида бўлса, бериш жоиз. Яна бойнинг балоғатга етган камбағал қизига ҳам закот берилмайди.

«Баззозия», «Қозихон».

 

71-ФАТВО

Ўғли бой бўлмиш кишининг камбағал отасига закот бериш мумкин. Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, агар у бой оила қарамоғида яшаётган бўлса, унга закот берилмайди.

«Баззозия», «Қозихон».

 

 

72-ФАТВО

Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам, даромади ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб-етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу Имом Муҳаммад (р.ҳ.) сўзидир.

«Баззозия».

 

73-ФАТВО

Бир неча киши бир камбағалга закотларини бергандан кейин унинг қўлида нисоб миқдорида маблағ йиғилиб қолса, шундан кейин унга закот бериш жоиз эмас. Агар берилса, закот адо этилган бўлмайди. Аммо фақирнинг зиммасида қарзи бўлса, ўша миқдорга етгунича олиши жоиз.

«Баззозия».

 

74-ФАТВО

Фақирларга бериб келиш учун юборилган вакилга закот пули бериб юборилганидан кейин у закотни ўзининг балоғатга етган ва етмаган муҳ­тож фарзандлари ёки хотинига берса, жоиз. Лекин ўзига ҳеч нарса олиб қолмаслиги лозим.

«Баззозия», «Қозихон».

 

75-ФАТВО

Закотни қарздор одамга бериш фақирга топширгандан кўра яхшироқдир.

«Баззозия».

 

76-ФАТВО

Ҳовлидаги мевали дарахтлар мевасидан ушр берилмайди, балки даласидаги дарахтлари мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан закот ёки ушр олинмайди.

«Баззозия», «Қозихон».

 

77-ФАТВО

Харож бериладиган ерга ток экса, ток мева бера бошлагунга қадар токка эмас, балки фа­қат ерга харож тўлаб туради.

«Баззозия».

 78-ФАТВО

Даладаги ерига кўмиб яширган бойлигини бир неча йил топа олмай юрганидан кейин топса, ўтган йиллар учун ундан закот бермайди. Аммо уйининг бирор жойига яшириб қўйган бойлигини бир неча йил топа олмай юрган одам топгач, ўтган йиллар учун ундан закот беради.

«Фуруқул-Каробисий», «Қозихон».

 

79-ФАТВО

Закотга тўртта ўртача қўй ўрнига вазнда уларга тенг келадиган учта семиз қўй бериш жоиздир. Аммо иккита қурбонлик қўйлари ўрнига битта семиз қўй сўйиш жоиз эмас.

«Фуруқул-Каробисий».

 

 

80-ФАТВО

Узоқ сафардаги бой одам мусофир бўлишидан қатъи назар, юртида қолдирган бойлигидан закот беради. Зеро, унинг вакили ёки унга қарашли бошқа кишилар ўша бойнинг изни ва буйруғи билан закот беришларига имкониятлари бор.

«Қозихон».

 

81-ФАТВО

Бировга берган беш нисобга етадиган пул маблағидан бир йил ўтгач кечиб юборса, ўша маблағ закоти соқит бўлади.

«Қозихон».

 

82-ФАТВО

Қарз олган одамда нисобга етадиган ёки ун­дан ортиқ қарз пули бўла туриб, ўша миқдордаги пулни унга ҳиба (ҳадя) қилиб юборса, ва уни закот деб ният қилса-қилмаса, ундаги моли ҳисобидан закот берган бўлади.

«Қозихон».

 

83-ФАТВО

Баъзи фуқаҳолар наздида, бир кунга етадиган озиқ-овқати бор ёки касб-ҳунар қилишга қодир, ёхуд нисобнинг тўртдан бир миқдорича бойликка эга кишиларнинг тиламчилик қилишлари жоиз эмас.

«Қозихон».

 

 

 

 

Четверг, 01 Июнь 2017 00:00

Таҳоратга оид фатволар

 1-ФАТВО

Таҳорат қилаётганда кўзлар қаттиқ юмилмайди. Акс ҳолда, кўз атрофларига сув етмаслиги натижасида таҳорат чала бўлиб қолиши мумкин. Кўзлар эркин юмиб турилади. Очиб, ичига сув етказиш шарт эмас.

«Оламгирия», «Сирожия», «Қозихон», «Муҳит».

 

2-ФАТВО

Таҳорат ва ғуслда шол одам оёғини, гарчи кесганда ҳам сезмайдиган даражада бўлса-да, ювиши вожибдир.

«Оламгирия», «Татархония», «Ятима».

 

3-ФАТВО

Оёқларини ёғлагандан сўнг ювса, ёғ остига сув ўтишига тўсқинлик қилса ҳам, таҳорати дуруст ҳисобланади.

«Оламгирия», «Захира».

(4-ФАТВО)

 

5-ФАТВО

Ёмғир остида қолган ёки оқаётган ариққа тушган кишининг ҳамма аъзосига сув етган бўлса, таҳоратга ҳам, ғуслга ҳам ўтади. Фақат оғзи билан бурнини чайиши керак бўлади.

«Оламгирия», «Сирожия».

6-ФАТВО

Бошига масҳ тортмасдан ювса ҳам, масҳ ўрнига ўтади, лекин бу макруҳ саналади.

«Оламгирия», «Муҳит». 

7-ФАТВО

Сув билан истинжо қилишдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам икки қўлни уч марта ювиш керак. «Бисмиллоҳ»ни авратни очмай туриб бир марта, истинжодан кейин авратни ёпгач, яна бир марта айтиш афзалдир.

«Оламгирия», «Қозихон».

 8-ФАТВО

Мисвок ишлатиш эркаклар учун суннат. Аёлларнинг сақич чайнаши мисвок ўрнига ўтади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

9-ФАТВО

Таҳоратда ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш суннат. Агар уч марта тўлиқ ювганига шак-шубҳа қилса ёки таҳорат устига таҳорат бўлсин, деган ният билан уч мартадан кўп ювса, жоиздир.

«Оламгирия», «Ниҳоя», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

10-ФАТВО

Бўйинга масҳ тортиш – мустаҳаб. Лекин томоққа масҳ тортиш – бидъат.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

  11-ФАТВО

Масжидда муайян бир жойни ўзи учун хослаб олиш макруҳ бўлганидек, таҳорат қилиш учун ўзига хос идиш тутиш ҳам макруҳдир.

«Оламгирия», «ал-Важиз».

 

 12-ФАТВО

Қулоғидан йиринг оқса, қаралади: агар оғриқ билан оқса, таҳорат синади. Акс ҳолда, синмайди. Зеро, оғриқ қулоқ ичидаги жароҳатдан далолатдир.

«Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Сирожия».

13-ФАТВО

Эгарсиз уловга минган одам ухлаб қолса, қаралади: агар текисликда кетаётган ёки баландликка ўрмалаётган бўлса, таҳорати синмайди. Борди-ю, пастликка тушаётган бўлса, таҳорати кетади. Эгарда ухлаб қолса, таҳорати бузилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

14-ФАТВО

Чўзилиб ётган ҳолда мудраш икки хил бўлади:

Бири – қаттиқ мудраш бўлиб, одамларнинг гурунгини эшитмай, англамай қолади. Оқибатда таҳорат синади. Иккинчиси – енгил мудраш, бунда одамларнинг гурунгини эшитиб ётади. Шу боис таҳорат синмайди. Ухлагандан ёки ел чиққандан кейин таҳоратни янгилаганда, сув билан «истинжо» қилинмайди.

«Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Қозихон».

 

15-ФАТВО

 Ғуслда киндик ичига бармоқ билан сув киритиб ювиш ҳам вожиб амаллардандир.

«Муҳит».

 

 16-ФАТВО

Ғусл олдидан таҳорат қилганда бошига масҳ тортади. Ундан кейин бошига сув қуйиб, барча аъзоларини уч бор ювади.

 «Оламгирия», «Зоҳидий».

 

 17-ФАТВО

 Ғусл қилмоқчи бўлган одам ниятни дилида қилиб, қўлини ювиш олдидан «Бисмиллоҳ»ни айтади ва истинжо қилади.

«Оламгирия», «ал-Жавҳаратун-наййира».

 

18-ФАТВО

Ғуслда сувни ортиқча исроф қилмаслик, шунингдек, ҳаддан зиёд тежаб юбормаслик, қибла­га юзланмаслик суннат даражасидаги амаллардандир.

 «Оламгирия».

 19-ФАТВО

Ғуслда ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш, биринчи мартасида ишқалаб ювиш, ювиниш асносида имкони борича гапирмаслик, ювиниб бўл­гач, сочиқ билан артиниш суннат амаллардандир.

 «Оламгирия», «Муня».

 

20-ФАТВО

Жунуб бўлган киши ухлашдан олдин ғусл қилиб олгани яхши. Лекин намоз вақти яқинлашгунга қа­дар ухласа ёки икки қўли ва оғзини ювиб ов­қатланса, зарари йўқ.

«Оламгирия».

 21-ФАТВО

Жанобатдаги, яъни жунуб бўлган одам намоз вақти киргунга қадар ғусл қилмай турса, гуноҳкор бўл­майди. Зеро, таҳоратсиз одамга таҳорат қи­­­лиш, жа­нобатдаги ва ҳайз ёки нифосдан чиққан аёл­га ғусл қилиш намоз ўқиш ёки бошқа таҳорат­сиз ҳолда қи­либ бўлмайдиган амалларни бажа­риш олдидан во­жиб бўлади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «Муҳит».

  

 22-ФАТВО

Ишлатилган сув (оби мустаъмал) Имом Му­ҳам­мад (р.ҳ.) наздида, пок-таҳоратли одамнинг қўл, оёқ ёки баданига ёпишган лой, хамир ёхуд кир­лар­ни кетказиш учун ишлатган суви «оби мус­таъмал»га айланмайди. Демак, уни тиндириб, яна ишлатса бўлади. Салқинлаш мақсадида чў­ми­­­лишга ишлат­ган суви ҳам мустаъмал ҳисоб­лан­май­ди, балки та­ҳорат, ғусл, нажосатни кетказиш ка­билар учун иш­ла­тилган сув, Имом Муҳам­мад­дан (р.ҳ.) бош­қалар наздида, нопоклик сифати­ни олади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

23-ФАТВО

Жанобатдаги одам ғусл қилаётганида сачраган сув идишдаги сувга тушса, зарари йўқ. Аммо ба­да­нидан оқаётган сув идишга қуйилиб тушса, уни но­пок қилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

24-ФАТВО

Агар инсон қўлининг кафтини мушук ялаган бўлса, қўлини ювиб намоз ўқиши лозимдир. Акс ҳолда, намозни макруҳлик билан адо этган саналади.

«Оламгирия», «Қозихон», «Табйин».

 

 25-ФАТВО

Инсоннинг сочи тиғ билан ёки қайчи билан қир­қиб олинса, тоза ҳисобланади. Юлиб олинган соч нопокдир.

«Оламгирия», «Ихтиёр».

 

26-ФАТВО

Сичқон мушукдан қочиб кетаётиб, идиш устидан сакраб ўтса, идиш ичидаги сув нопокка айланади. Зеро, у одатда, мушукдан қўрққанидан сийиб юборган бўлади.

 «Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».

 

27-ФАТВО

Бир марта ишлатилган сув (оби мустаъмал), Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, нажас, яъни нопок ҳисобланади. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, покдир. Лекин шунга қарамай, оби мустаъмал билан ҳўл қилинган сочиқ ёки унинг бадандан томчилаб тушишидан ивиган ки­йим билан намоз ўқиш, ҳар уч имом наздида ҳам, жоиздир.

 «Оламгирия», «Бадое».

 

28-ФАТВО

Таяммум қилишда «Бисмиллоҳ»ни ўқиб, икки қўл бармоқларини очиқ тутган ҳолда, панжаларининг олди ва орқаси билан тупроққа ургандан кейин қўлларни бир-бирига ишқалаб, ёпишган чангларни енгиллатиш, олдин юзга, сўнгра икки қўлнинг тирсакларигача суртиб чиқиш суннат ҳисобланувчи амаллардандир.

 «Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

29-ФАТВО

Ота билан ўғилда фақат бир кишига етадиган сув бўлса, у билан ота таҳорат қилади, ўғли эса таяммум билан кифояланади.

«Оламгирия».

 

30-ФАТВО

Оёқ кийимига масҳ тортишнинг шартларидан бири – пойабзалнинг камида уч кунлик сафарга ярайдиган бўлишидир. Яна бир шарти – пойабзал оёқнинг ошиқларини ёпиб туришидир. Ошиқдан устки қисми ёпилган бўлиши шарт эмас.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

 31-ФАТВО

Бир оёғида жароҳати борлигидан уни ювиш ёки унга масҳ тортишнинг иложи бўлмаса, иккин­чи оёғига масҳ тортиши мумкин. Шунингдек, оё­ғининг ошиғидан пастки қисми кесиб ташланган киши ҳам иккинчи оёғини ювиши ва пойабзал ус­тидан масҳ тортиши жоиздир. Кесилган жойда уч бармоқ миқдори жой қолган бўлса, ўша жойга масҳ тортади. Ундан кам бўлса, тортмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

  32-ФАТВО

Жанобатдан ғусл қилганда, баданида тангадек жой сув тегмай қуруқ қолган бўлса, ўша ерини пойабзал кийгандан кейин ювса, ҳадас (ифлослик) етгандан сўнг таҳорат қилганда пойабзалга масҳ тортаверади.

 «Оламгирия», «Хулоса».

 

 33-ФАТВО

Таҳорат қилганда тангадек жой ювилмай қол­ган бўлса, ўша ер ювилмагунча оёқ кийимини ки­йиб, масҳ тортиши жоиз эмас.

«Оламгирия», «Табйин».

 

34-ФАТВО

Яра устидаги матоҳ (бинт)га масҳ тортиш унинг остини ювиш билан баробардир. Шунга кў­ра, бир оёғига масҳ тортиб, иккинчи соғ оёғини ювган одам ҳар икки оёғини ювган ҳисобланади.

 «Оламгирия», «Табйин».

 

 35-ФАТВО

Бир оёғидаги жароҳат устига масҳ тортгач, иккинчи оёғини ювиб, шу соғ оёғига пойабзал ки­йиб олса, кейинги таҳорат қилганда масҳ торти­ши жоиз эмас. Аммо иккала оёғига пойабзал кийиб олса, масҳ тортаверади.

«Қозихон», «Оламгирия», «Муҳит».

 

36-ФАТВО

Оёқ кийимларига масҳ тортиб қўйишни бошқа кишига буюрса ҳам жоиздир.

 «Оламгирия», «Хулоса».

 

37-ФАТВО

Туғилган икки чақалоқ эгизак ҳисобланиши учун иккинчи чақалоқ икки ойдан кам муддатда туғилган бўлиши шарт. Агар иккисининг ора­ли­ғи­даги муддат олти ой ёки ундан кўп бўлса, улар икки ҳомила ва икки «нифос» болалари ҳи­соб­ла­нади.

 «Оламгирия», «Табйин».

 

 38-ФАТВО

Ҳайздаги аёл, шунингдек, жунуб кишига Қуръ­он оятларидан ўқиш тақиқланади. Лекин турли хил дуолар, азон жавоби, «Қунут дуоси» кабиларни ўқиши мумкин.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Сирожия».

 

 39-ФАТВО

Жунуб кишилар, ҳайз ва нифосдаги аёллар Қуръонни ўқимасдан, оятларига қарашлари мумкин. Оятларни ёзишлари ҳам жоиз эмас.

«Оламгирия», «Жавҳара», «Захира».

 

 40-ФАТВО

Бурнидан ёки ярасидан тинмай қон оқаётган киши намозни охирги вақтигача кутади. Қон тўх­таса, яхши, йўқса, вақт чиқиб кетмасидан олдин та­ҳорат қилиб, намозни ўқийверади.

 «Оламгирия», «Захира».

 

 41-ФАТВО

Идишдаги мойга сичқон тушган бўлса, қара­ла­ди: агар қуюқ, қотган мой бўлса, сичқон атрофидаги тегиб турган мойлари билан қўшиб олиб ташланса, қолган мой тоза ҳисобланади. Борди-ю, мой су­юқ бўлса, нопок бўлади ва овқатдан бошқа, ейилмайдиган нарсаларга ишлатилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

 42-ФАТВО

Ҳожатхонадаги пашшалар кийимга қўнса, зарари йўқ. Аммо улар кўп бўлса, кийимни нопок қилади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

43-ФАТВО

Нопок тупроқ сувга ёки нопок сув тупроққа аралаштирилиб лой қилинса, у нажас ҳукмидадир. Ле­кин шу лойдан ясалган идишларда пиширилган овқат тоза ҳисобланади.

«Оламгирия», «Қозихон», «Хулоса».

 

 44-ФАТВО

Сут соғилаётганда ҳайвоннинг қумалоғи сутга тушса, дарҳол олиб ташланса, сут нопок бўлмайди. Аммо у чайилиб кетса, идишдаги бор сут нопок­ка айланади.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

45-ФАТВО

Истинжода адад белгиланмаган, балки бир мартада тоза бўлса, шунинг ўзи кифоя. Аммо уч мартада ҳам тоза бўлмаса, истинжо чала қилинган ҳисобланади.

«Сирожия», «Оламгирия», «Музмарот».

 

46-ФАТВО

Истинжода фақат чап қўлидан фойдаланади. Узрли ҳолатлардагина ўнг қўл ишлатилади. Олатдан сийдик чиқмай қолгунга қадар учига чап қўл­да кесак каби намликни ўзига шимиб оладиган нар­сани тутиб туриш вожибдир. Бу «истиб­ро» де­йилади.

«Оламгирия», «Зоҳидий», «Заҳирия».

 

47-ФАТВО

Ҳар ким истиброни кўнгли қарор топгунга қа­дар давом эттиради. Сўнгра шайтоннинг васвасасига эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Масалан, та­ҳо­рат қилиб, намоз ўқиб турганида сонига со­вуқ нар­са теккандек сезилади. Кўпинча бу сийдик том­чиси эмас, балки шайтоннинг чалғитиш учун қил­ган ишидир. Шунинг учун сув билан истинжо қил­ган пайтда олати ва сонларига сув сепиб қўйиш тавсия этилади. Шунда шайтон васва­са қила олмайди.

«Оламгирия», «Қозихон», «Музмарот», «Заҳирия».

 

 48-ФАТВО

Ўзи таҳорат қилишга қодир бўлмаган беморга ўғли ёки биродари таҳорат қилдириб қўяди. Ле­кин хотини бўлмаса, истинжо қилдирилмайди. Бунда истинжо унинг зиммасидан соқитдир. Бемор аёл ҳукми ҳам худди шундай. Унга қизи ёки опа-синг­лиси таҳорат қилдиради. Лекин истинжо соқит бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Қозихон».

 

49-ФАТВО

Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ ила чиқилади. У ерда гапирилмайди, саломга алик олинмайди, азонга, аксирган кишига жавоб айтилмайди, ўзи аксирса, дилида «Алҳамду лил­лоҳ» дейди, тилини қимирлатмайди, авратига, ах­ла­­ти­га қарамайди, тупурмай, бурнини қоқмай, йў­тал­май, кўзини осмонга қаратмай ўтиради. Ило­жи борича узоқ ўтирмасликка ҳаракат қилади.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

50-ФАТВО

Қудуқдан сичқон ёки қуш ўлиги топилса, қа­ра­лади: агар гўшти айниб, ҳидланган бўлса, шу қу­дуқ суви билан таҳорат қилиб ўқилган уч кунлик намоз қайта адо этилади. Борди-ю, айнимаган бўлса, Абу Ҳанифа (р.ҳ.) сўзига кўра, бир кеча-кундузги намоз қайта ўқилади.

«Қозихон».

 

51-ФАТВО

Товуқнинг янги туққан тухуми сувга тушса, сувни нопок қилмайди.

«Қозихон».

 

Изоҳ:

Бу фатвонинг аҳамияти шундаки, одатда, ҳеч ким тухум тушган сувни истеъмол қилмайди. Лекин айрим саводхонлар қозонга ёки идишга хом тухумни чақиб оқизса, у ҳаромга айланади, чунки тухум пўчоғининг устки қисми нопок. Унга тегиб тушган суюқлик ҳам нопок бўлади, деб одамларни шубҳага солиш ҳоллари учраётгани учун мазкур фатвони то­пиб ёзишга тўғри келди. Демак, тухум пўчоғининг устки қисми шаръан тоза ҳисобланар экан.

 

52-ФАТВО

Дарахт танасидан чиққан ва турли мевалардан сиқиб олинган сувлар билан таҳорат қилиш мумкин эмас.

«Қозихон».

 

53-ФАТВО

Жунуб киши оғзини чаймай туриб, сув ичса, қаралади: агар у фақиҳ бўлса, ичган суви оғизни чайиш ўрнига ўтмайди. Зеро, фақиҳ киши сувни оғизнинг ҳамма жойига тегадиган қилиб ичмай, истиҳола билан сўриб ичади. Илмсиз киши бўлса, ичган суви оғиз чайиш ўрнига ўтади. Зеро, у сўриб ичмай, оғзини тўлдириб, ҳўплаб ичади. Натижада, сув оғизнинг ҳамма жойига тарқалади.

«Қозихон».

 

 54-ФАТВО

Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг сийдиги, Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, нажас, Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, енгил нажас, Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, тоза ҳисобланади.

«Қозихон».

 

 55-ФАТВО

Товуқ, ўрдак, ғоздан бошқа гўшти ҳалол паррандаларнинг ахлати тоза ҳисобланади. Инсон, ит ва йиртқич ҳайвонларнинг ахлати нажасдир. Лочин, калхат каби йиртқич қушларнинг ахлати ки­йимни бенамоз қилмайди. Пашша, бит, бурга қони ҳам шундай.

«Қозихон».

 

 56-ФАТВО

 

Аввалги даврларда овчилар ўзлари овлаган ҳайвонларнинг тишларини бўйинларига осиб олишлари урф бўлган. Бундан одамлар ўртасида ўз касбидан фахрланиш мақсад қилинган ва асло тумор маъноси кўзланмаган. Шариатимизга кўра тўнғиздан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг тиш ва суяклари пок саналади. Фуқаҳоларимиз ушбу масалани қуйидаги фиқҳий мисол орқали ифодалаганлар: "Бир киши бўйнига ит ёки бўри тишидан ясалган тақинчоқ илган ҳолда намоз ўқиши мумкин" (Қозихон). Бу фатводан кўзланган асосий мақсад, тўнғиздан бошқа барча ҳайвонларнинг хоҳ гўшти ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром бўлсин суяги ва тиши пок экани, мабодо намоз ўқигувчи билан бирга (масалан, чўнтагида) суяк ёки тиш бўлса, намози дуруст бўлишини баён қилишдир. Лекин, бу фатвода ит ёки бўри тишидан ясалган тақинчоқларни тақишга тарғиб йўқ. Аксинча бундай тақинчоқларни тумор сифатида (нотўғри эътиқодлар билан) тақиш бугунги кунимизда урф бўлди. Буни эса мумкин эмаслиги ҳаммага маълум.

 

 57-ФАТВО

 Қўй сўйилганда пичоқни унинг юнгига артиб, қон изи кетказилса, пичоқ тоза бўлади. Шунингдек, металлдан ясалган қилич каби бошқа тиғли нарсалар ҳам нажосатдан тупроқ ёки латта билан артиб тозаланади.

«Сирожия», «Қозихон».

 

 

58-ФАТВО

Қўйнинг калласи қонга беланган бўлса-да, уни куйдириб, сўнгра қозонга солиб, қайнатиб пиширилса, шўрвасини ичиш мумкин. Калла уни палид қилмайди.

«Қозихон».

 

59-ФАТВО

Гўштнинг устига сўйилганда оққан қондан тек­кан бўлса, уни ювмасдан ишлатиб бўлмайди. Аммо гўштнинг ўзида ёки томирларида қолган қон бўлса, зарари йўқ.

«Қозихон».

 

 60-ФАТВО

Қозон қайнаб турганида, осмондан қуш учиб келиб ичига тушса, ундаги ҳамма нарса палид (нопок) бўлади ва тўкиб юборилади. Аммо қайнамай сокин турганида тушса, шўрванинг суви тўкиб ташланиб, гўшти ювиб, қайта ишлатаверилади.

«Қозихон».

 

61-ФАТВО

Икки қўли шол бўлиб қолган одам таҳоратга ҳам, таяммумга ҳам қодир бўлмаса, икки билагини тирсаклари билан ерга, юзини деворга суртиш билан таяммум қилиб, намоз ўқиши мумкин.

«Қозихон», «Нафъул-муфтий».

  

 62-ФАТВО

Таҳорат қилгандан кейин мўйлабини, сочини қирса ёки тирноғини олса, таҳорат қайтадан олинмайди.

«Қозихон».

63-ФАТВО

Таҳорат ёки ғусл қилганда бадандаги мавжуд кир устидан ювилса, у сувни остига ўтказгани учун таҳорати ҳам, ғусли ҳам жоиз ҳисобланади. Аммо жунуб аёлнинг тирноқлари остидаги хамир ёки лойсувоқ қилган кишининг тирноқлари ос­тида қолган лой қолдиқлари ёки бўёқ асоратлари сув ўтказиши тўғрисида ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар сув ўтказади, деб фатво берганлар. «Сирожия» китобида тирноқ остида хамир қол­ган бўлса, ғусл ўрнига ўтмайди, де­йилган.

«Қозихон», «Сирожия».

 

64-ФАТВО

Жунуб кишига ғусл қилишдан олдин овқат­ла­нишга тўғри келса, қўлларини ювиб, оғиз ва бурнини сув билан чайиб овқатланиши мумкин.

«Қозихон».

 

65-ФАТВО

Жунуб киши пешоб қилмай туриб ювинган ва намоз ўқиган бўлса, намози дуруст. Борди-ю, шундан кейин маний қолдиғи чиқиб қолгудек бўлса, Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.)наздида, ғусл­ни қайта қилади, Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида эса, бу ҳолда ғуслни ҳам, намозни ҳам такрорламайди.

«Қозихон», «Сирожия».

 

66-ФАТВО

Иштонбоғ (ёки камар) ит юнгидан қилинган бўлса, кийимни бенамоз қилмайди.

«Оламгирия».

 

 67-ФАТВО

Сафарда жунуб, ҳайздан пок бўлган аёл ва май­йит бирга бўлиб қолса ва уларда бир кишининг ғуслига яраша сув бўлса, қаралади: агар сув улардан бирига тегишли бўлса, ўша ишлатади. Бор­ди-ю, сув учовига қарашли бўлса, ҳаммаси таяммум қилиб, сувни ичишлари мумкин. Агар сув эгасиз бўлса, жунуб ғусл, аёл таяммум қилади. Май­йит ҳам таяммум қилдирилади.

«Қозихон».

 

 68-ФАТВО

Истинжони таҳоратдан кейин қилса, таҳорати бузилмайди.

«Сирожия».

 

 69-ФАТВО

Таҳорат қилгач, икки оёғини нопок ерга қўйса, қаралади: агар ер қаттиқ ва қуруқ бўлиб, узоқ турмай, дарҳол оёқларини ердан олса, зарари йўқ. Аммо оёқлари қуриган, ер эса нам бўлиб, оёқ­ларига ўша намлик ўтса, уларни ювиши лозимдир.

«Сирожия».

 

 70-ФАТВО

Гул, қовун, тарвуз сувлари, сут, сирка каби су­юқликлар тоза ҳисобланади ва улар билан қўл, кийимлар ювилса, тоза бўлади, лекин улар билан таҳорат ёки ғусл қилинмайди.

 «Сирожия».

 

71-ФАТВО

Таяммумни барча ер жинсидан бўлган нарсалар билан қилиш мумкин. Масалан, қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, зирних (маргимуш), ёқут, мар­жон, зумрад, фируза, ғишт ва бошқалар. Аммо кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз, лой каби нар­салар билан таяммум қилинмайди. Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (р.ҳ.) сўзига кўра, тоғ тузлари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан мумкин эмас. Олтин, кумуш, темир, мис каби металлар ердан олиниб, буюм ясалмай турган ҳо­латида улар билан таяммум қилиш мумкин.

«Сирожия», «Нафъул-муфтий».

 

 72-ФАТВО

Тўққиз ёшга етмаган қиз боладан ҳайз қони келса, у шаръан ҳайз ҳисобланмайди.

«Сирожия».

 

 

 73-ФАТВО

Рўзадор киши таҳоратда оғзини ғарғара қилмай чаяди. Сув томоққа кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ғарғара қилиш макруҳ ҳисобланади.

«Нафъул-муфтий»,

«Ҳошиятул Виқоя».

 

74-ФАТВО

Қалин соқолли одам таҳоратда соқоли остига сув етказиши шарт эмас, балки устки қисмини ювиб қўяверади. Аммо соқоли сийрак киши со­қоли остига сув етказиши фарз амаллардан ҳи­соб­ла­нади. Ғуслда эса, қалин соқол остига ҳам сув етказиш шартдир.

«Нафъул-муфтий»,

«Шарҳи Ниқоя», «Бадое».

 

 75-ФАТВО

Инсоннинг баданидан чиққан тер шаръан тоза ҳисобланади. Аммо муттасил арақ ичишга мубтало бўлган кишининг тери нажасдир.

 «Сирожия», «Захоир».

 

 76-ФАТВО

Оғиз тўлиб қайт қилиш таҳоратни синдиради. Аммо овқат ошқозонга етиб бормасидан қайт қилса, таҳорат синмайди.

 «Сирожия»,

«Хизонатур-ривоёт».

 

 77-ФАТВО

Балиқнинг ичидан чиқадиган қонга ўхшаш нарса қон ҳисобланмайди. У тозадир. Зеро, қон қу­ёшга тутилса, қорайиши керак. Балиқдан чиқ­қан нарса эса офтобда оқаради.

«Нафъул-муфтий».

 

 78-ФАТВО

Ит сувга беланиб силкинганида сачраган сув ки­йимга тегса, қаралади: агар сув ит юнгини остигача ивитган ва унинг кийимга теккан миқдори бир дирҳамча бўлса, кийим нопокдир. Борди-ю, ит юнгининг устки қисмигина ивиган бўлса, сачраган сув кийимни нопок қилмайди.

«Нафъул-муфтий», «Жомеъул-музмарот».

 

79-ФАТВО

Кийимнинг нажосат теккан ери унутилиб, уни топиш имкони бўлмаса, бир жойи қасд қи­линиб, ювиб қўйилаверади. Шунингдек, хирмон янчиётган от-эшаклар тезагини ажратиб олиб ташлаш қийин бўлгани сабабли бир қисм дон олиб ювилса ёки ювмай эҳсон қилинса, янчилган доннинг ҳамма­си покланган бўлади.

 «Мухтасар», «Нафъул-муфтий», «Хулоса».

 

 80-ФАТВО

Гилам, палос каби сувини сиқиб чиқариш мумкин бўлмаган нарсаларга нажас теккан бўлса, улар бир кеча оқар сувга ташлаб қўйиш билан покланади.

«Нафъул-муфтий», «Фатҳул-Қадир», «Мухтасар».

 

 81-ФАТВО

Суюқ асалга нажас тушса, уни поклаш учун ўн­га икки миқдорида, яъни асалнинг бешдан бирича сув қўшиб қайнатилади. Сув буғланиб тамом бў­лиши билан яна сув қуйиб, ушбу жараён уч марта такрорланади.

«Нафъул-муфтий», «Қуня».

 

 82-ФАТВО

Бадан, кийим, идиш ва бошқа нарсаларни пок­лаш учун ишлатиладиган воситаларнинг турла­ри кўпдир. Масалан:

  1. Сув. Тоза сув покловчи восита ҳисобланади. Бинобарин, бир марта ишлатилган сув «мустаъмал» бўлиб қолиши сабабли унинг поклаш воситаси бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилинган. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, «мустаъмал» сув нажас саналиб, бошқа нарсани поклай ол­майди. Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, у тозалиги сабабли бошқа нарсани ҳам поклашга ярайди.
  2. Сувдан бошқа суюқлик турлари. Сирка, иш­қор каби суюқликларнинг сув ўрнига ўтиш шар­ти – суюқ ҳолатда бўлиши билан бирга нажосатни кетказувчи, тоза суюқликлар сирасига кирувчи бўлишидир. Шунга кўра, ёғ, сут, қон, сийдик каби суюқликлар ҳеч нарсани поклай олмайди. Ўзи нажосат бўлгач, нарсадаги нажосатни кетказган тақдирда ҳам, барибир ювилган жойини нопок қилиб қўяверади. Масалан, сийдик билан кийимдаги қонни кетказиш мумкин. Лекин қон кетиб, сийдик асорати сақланиши оқибатида кийим нопоклигича қолаверади.
  3. Ерга суртиш. Оёқ кийимлари остига нажосат тегса, Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) наз­дида, ерга ишқаш билан поклаш мумкин. Имом Муҳаммад, Зуфар, Шофиъий, Молик (р.ҳ.) наз­дида, фақат сув билан ювиш туфайлигина тозаланади. Қу­­ригандан кейин белгиси қолмайдиган су­юқ нажосатлар фақат сув билан ювиб поклана­ди. Лекин қайси восита билан бўлса-да, нажосатнинг ҳиди, ранги қолмагунча тозаланса, ҳар қандай нар­са то­за бўлаверади, деб иттифоқ этилган.
  4. Ишқалаш. Кийимда қуриб қотиб қолган манийни ишқалаш билан ҳам либос пок бўлади.
  5. Тупроқ. Шиша, пичоқ ва бошқа қаттиқ металлдан ясалган силлиқ асбоблар ерга, тупроққа ёки бошқа матоҳларга артиш ва ишқаш билан пок­ланади.
  6. Матоҳ билан артиш. Қон олинган аъзодаги қон юқини латта, пахта, бинт каби нарсалар би­лан артиб тозалаш мумкин.
  7. Олов. Ўрнида айтиб ўтилганидек, сўйилган ҳайвон калласи қонга беланган бўлса-да, оловда куйдирилса, у покланган ҳолда пишади. Унинг шўр­васи ҳам ҳалол. Қизиган тандирга нопок сув се­пиб қуритилгач, пиширилган нон тоза ҳисоб­ла­нади. Темирдан ясалган асбобларга теккан нажосат ҳам олов билан покланади.
  8. Бир жинсдан бошқа жинсга айланиш. Ароқ сиркага айлантирилса, ҳалол бўлади. Туз конига сингиб кетган эшак, чўчқа каби ҳайвонлар билан туз нопок бўлиб қолмайди. Бу Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.) наздида шундай. Аммо Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, туз нопок бўлади. Фатво олдинги ҳукмга берилган.
  9. Кесиш. Тахта, ёғоч каби нарсаларнинг нажосат теккан жойи кесиб ташланса, қолган қисми пок ҳисобланади.
  10. Ерни ҳайдаш. Нажосат тушган ерни чо­пиш, ҳайдаш, ағдариш каби ишлов билан поклаш мумкин.
  11. Ўйиб олиб ташлаш. Масалан, қотиб қол­ган ёғ, мой, қаймоқ каби нарсаларга сичқон ёки бошқа палид нарса тушса, ўша нарса атрофи би­лан ўйиб олиб ташланса, қолгани пок ҳисоб­ла­нади.
  12. Оқар ҳовуз. Кичик ҳажмдаги ҳовузга сув бир томондан кириб, иккинчи тарафдан чиқиб кетаётган бўлса, унга нажас тушса, нопок қилмайди.
  13. Ошлаш. Ўлимтик ва гўшти ҳаром ҳайвон­ларнинг териси ошлаш билан тоза бўлади. Ўлим­тикнинг юнги, суяги, пайи ҳам тоза ҳисобланади. Териси ошлашни қабул қилмайдиган ҳайвонлар те­риси покланмайди. Масалан, илон, сичқон ка­би­ларнинг териси ошлашни қабул қилмайди. Ит­нинг териси нажас, юнги эса, тоза дейилган.
  14. «Бисмиллоҳ» билан сўйиш. Гўшти ейил­май­­диган (чўчқадан бошқа) ҳайвонларни мусул­­мон одам «Бисмиллоҳ» билан сўйса, териси, гўш­ти то­за бўлиб қолади. Аммо ейиш учун ҳалол бўлмайди.
  15. Ернинг қуриши. Ерга нажосат тушган бўл­са, қуриб асорати кетиши билан ер тоза бўлади. Имом Зуфар, Аҳмад ва Шофиъий (р.ҳ.) наз­дида, ювилмагунча тоза бўлмайди. Ерга ёпишиб турган, масалан, девор, дарахт, гиёҳ, қамишга ўх­шаган нар­салар ҳам худди шундай. Шағал ҳукми ҳам туп­роқ кабидир.

Агар дарахт ёки қамишдан кесиб ёки синди­риб олинса ва унга нажас тегса, фақат ювиш ёки ке­сиб ташлаш билан тоза бўлади. Ерга ётқизиб терилган ғиштлар ҳам ер ҳукмидадир.

  1. Сувини чиқариш. Қудуқ сувига нажас тушса, белгиланган миқдорда сув олиб ташлаш билан қудуқдаги қолган сув пок ҳисобланади.
  2. Тақсимлаш. Аввал айтилганидек, донни ян­чиётган ҳайвонлар сийдиги аралашиб кетган дон тақсимлаб олинса, ёки бир қисми олиб ювилса, ёхуд бировга бериб юборилса, қолган қисми ҳа­лол ҳисобланади.
  3. Бир қисмини ювиш. Агар кийимнинг бир ерига нажас тегса, кейин унинг қайси жой экани маълум бўлмаса, бир ўрни қасд қилиб ювилса, қолган қисми ҳам тоза ҳисобланади.

«Нафъул-муфтий».

 

83-ФАТВО

Кийим юпқалигидан йиртилиб кетмасин деб ювганда сиқмаган бўлса ҳам, зарурат юзасидан шу кийимда намоз ўқиш жоиз бўлади.

«Нафъул-муфтий»,

«Дуррул-мухтор».

 

84-ФАТВО

Замзам суви билан ғусл қилиш жоиз, лекин истинжо қилиш макруҳдир.

«Нафъул-муфтий»,

«Дуррул-мухтор».

 

85-ФАТВО

Дашт, саҳро жойлардаги тошлар устига си­йиш, улар билан истинжо қилиш жоиз эмас. Зеро, тошли жойлар жинлар маскани ҳисобланади. Шу­нинг­дек, суяк ва тезаклар билан ҳам истинжо қи­лин­май­ди. Зеро, суяклар жинлар озуқаси, тезак­лар эса (жинлар) уловларининг озуқасидир.

 «Нафъул-муфтий».

86-ФАТВО

Қасддан бетаҳорат намоз ўқиган киши кофир бўлади. Имом Ҳалвоний сўзига кўра, таҳоратнинг фарзлигини билиб туриб, бетаҳорат намоз ўқиган киши зиндиқдир.

«Қозихон».

 87-ФАТВО

Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил ўқиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳи­соб­ланади.

«Сирожия».

88-ФАТВО

Йиртқич қушларнинг оғзидан қолган сув ёки таом макруҳдир. Лекин улар қафас ёки бошқа иҳо­та қи­линган жойларда тоза емиш билан боқи­лаётган, тумшуқлари нопок нарсадан ифлосланмаётган бўл­са, уларнинг оғзидан қолган ёки оғзи теккан нарса макруҳ эмас. Бу Абу Юсуфнинг (р.ҳ.) сўзлари бўлиб, шундай деб берилган фатвони ма­шойих­лар маъқуллашган.

«Захоир».

89-ФАТВО

Катта ҳовуз ёки оқиб турган ариқ сувига ҳайвон тезаги ёки бошқа нажосат турларидан бири тушган бўлса, уни бирор идиш билан олиб ташлаганда шу идиш ва унинг ичидаги сув нопок бўлади. Ҳо­вуз ва ариқ суви эса поклигича қолади.

«Захоир».

"Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (5-қисм). Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли. Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби


Аудиомаъруза (tas-ix)

Четверг, 01 Июнь 2017 00:00

“TripAdvisor”дан Топ-10 талик

“TripAdvisor” сайёҳлик хизмати 2017 дунёдаги энг яхши маданий объектларни эълон қилди. Уларга турли дин вакилларининг ибодатхоналари, хусусан, мусулмонларнинг масжидлари ҳам киритилган. Демак, дунёнинг энг ажойиб маданий ёдгорликлари билан танишинг:

  1. Камбоджадаги “Ангкор-Ват” мажмуаси;
  2. Абу Дабидаги “Шайх Зайд” жоме масжиди;
  3. Испаниянинг Кордова жоме масжиди;
  4. Ватикандаги “Авлиё Пётр” ибодатхонаси;
  5. Ҳиндистондаги “Тож Маҳал” мажмуаси.
  6. Санкт–Петербург шаҳридаги “Спаса на Крови” ибодатхонаси;
  7. Хитойдаги Буюк Хитой деворининг Мутяньюй номли қисми;
  8. Перудаги Мачу-Пикчу ибодатхонаси;
  9. Испаниядаги Севилья шаҳрининг қадимий ёдгорлик ҳудуди;
  10. Дуомо милан Бош черкови.

Ушбу Топ-10 талик TripAdvisor сайёҳлик хизматига юборилган фикрлар асосида тузилган.

Моҳира ЗУФАРОВА

 тайёрлади.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top