muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 25 Ноябрь 2016 00:00

Дафнанинг фойдалари ва зарарлари

ДАФНА, лавр –  лаврдошлар оиласига мансуб доим яшил дарахт ёки буталар туркуми. Барги кетма-кет, қалин, тўқ яшил, усти ялтироқ, Гули оқиш-сариқ. Меваси қора ёки кўк, данакли, бируруғли. Асл дафна тури кўпроқ тарқалган. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида, Кавказ ва Қримнинг Қора денгиз соҳилларида, Озарбайжонда ўстирилади. Қуритилган барги зиравор сифатида ишлатилади.

ДАФНА япроғи (лавровый лист – рус.) –  дафна дарахтининг қуритилган барги, хушбўй ҳидли зиравор. Таркибида 3% гача эфир мойи бор. Пазандачиликда ишлатиладиган дафна япроғи тўқ яшил, оч яшил рангда, калта бандли, мазаси тахирроқ. Суюқ ва қуюқ овқатларга, шўрваларга солинганда (суюқ овқатларга овқат пишишидан 5 минут олдин, қуюқ овқатларга 10 минут олдин) ўзига хос таъм ва хушбўйлик беради,  тузламаларга қўшилади; ғоз, ўрдак, балиқ гўштлари,  консерва ва қандолатчилик саноатида ишлатилади. Тузлашда 100 кг карамга 3—4 дона япроқ ишлатилади.  (“ЎзМЭ”дан)

Қадимдан  лавр сўзи омад, улуғлик, ғалаба ва шараф сўзлари маъносини беради. Лавр япроқли шохчалари гулдастаси билан мусобақа ғолибларини тақдирлашади. “Лауреат” сўзининг маъноси ҳам лаврларга бурканган маъносини беради. Бу барглар нафақат зиравор сифатида, балки шифобахш хусусиятлари билан қатор иллатлардан фориғ бўлишда ҳам қўл келади: уни истеъмол қилиш билан организмдаги қанд миқдорини ҳам пасайтириш мумкин. Фақат бугина эмас.

Янги узиб олинган дафна япроқлари қуритилгач, қуруқ хонада сақланса, бир неча йилгача ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Узилган япроқлари саноат услубида қайта ишлов  берилгач, улардан эфир мойи тайёрланади. Бу япроқлар эфир мойларига жуда бой. Кимёвий таркибида қатор органик кислоталар мавжуд – капрон, уксус ва валерьян, антибактериал хусусиятларга эга бўлган фитонцидлар, хушбўй моддалар, микроэлементлар ва мойли кислоталар мавжуд.

Дафна япроқлари дамлама ёки қайнатма шаклида қадимдан анъанавий халқ табобатида ер юзининг ҳамма минтақаларида  – шарқий ва ғарбий Европада, шунингдек Осиёда турли касалликларни даволашда ишлатилади.

Дафна барги бозор ва дўконлар пештахталарида  сотилади. У кучли таъсир қилувчи табиий антибиотик, шунингдек, модда алмашинув жараёнларининг катализаторидир.

Дафна барги қайнатмасининг фойдалари

Қайнатмаси организмда йиғилган турли зарарли тузларни чиқариб юборишни тезлатади. Бу қайнатмадаги актив моддалар ўт пуфагида пайдо бўлган тошлар, бўғимларда йиғилган тузларни чиқариб юборишда, шунингдек, холециститга хос бўлган шамоллашларни олишда ёрдам беради.

Қайнатманинг қандли диабетда ҳам бавосирда ҳам фойдаси катта (бундай ҳолда ҳам даволовчи шифокор маслаҳатини олиш зарур).

Бу тавсиялар узоқ вақт давомида ҳар куни бу қайнатмани истеъмол қилиш учун эмас, чунки уни истеъмол қилиш бўйича даволаниш курсини бир йилда уч ҳафтадан кўпайтириш мумкин эмас. 

Дафна дамламаси

Қайнатмасидан дамламаси организмга юмшоқроқ таъсир қилади, уни кўпинча ич кетишида истеъмол қилинади.

Бундан ташқари бу дамламага бироз асал қўшилса, шамоллашга қарши таъсирли воситага айланади.

Яна шуниси қизиқарлики, бу дори қандли диабетга қарши мислсиз бўлиб, умумий қанд миқдорини пасайтиради.

Биринчи вариант бўйича-шамоллашдан фориғ бўлиш учун энг яхши ва фойдалиси ванна қилиш (бунда бу дамламадан  бир литри ҳам кифоя қилади), ҳамда шу дамлама билан артиниш ҳам мумкин. Ванна қилиш 15 минутгача давом этади, бу муолажа бир ҳафта давом эттирилади.

Иккинчи вариант бўйича дафна дамламаси ичилади, бу эса, аллергиянинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан касалликдан ва унинг биринчи аломатларидан фориғ бўлишнинг анъанавий усулидир (лозим бўлса, бир неча кун ичилади).

Инсон организмига таъсири

Бу ўсимлик япроғи бутун дунёда кенг тарқалган кундали таомларга солинадиган зиравор бўлиши билан бир қаторда шифобахш воситадир.  Унинг шифобахшлиги хусусида тўхталамиз. Шифокорлар унинг шифобахш хусусиятларини асрлар давомида ўрганишган. Бунинг натижасида қуйидаги хулосага келишган, дафна қуйидаги хоссаларга эга:

  • Микробларга қарши курашади;
  • Иммун тизимини мустаҳкамлайди;
  • Шамоллашга қарши ажойиб восита;
  • Жароҳатларни битиради;
  • Бириктирувчи;
  • Пешоб ҳайдовчи;
  • Тинчлантирувчи;
  • Овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди.

Бу зиравор уй шароитида сизга саломатликка оид турли муаммоларни ҳал этишда қўл келади.

  1. Оғиздаги нохуш, ёқимсиз ҳид, шамоллашдан келиб чиққан гингивит ёки стоматитни йўқотиш учун кунига икки марта бўлса ҳам дафна япроғини чайнаш фойдалидир, лекин уни чайнаб бўлгач, бир соат давомида ейиш ва ичишдан ўзини тийиш лозим бўлади.
  2. Дафна баргларидан ҳеч иккиланмасдан хоналарни дезинфекциялашда фойдаланиш мумкин. Ўзингиз истаган миқдорда дафна баргларидан олиб, идишга солиб устидан қайноқ сув қуйинг ва 15 минут ўтгач, бу идишни дезинфекцияланадиган хонага қўйинг. Бирон соат ўтгач, хона қандай ёқимли ҳидга тўлганини кўрасиз ва ундаги ҳаво бактериялардан тозаланган бўлади.
  3. Агар бактерияларга ва шамоллашларга қарши, иммунитетни мустаҳкамловчи ёки қондаги қанд миқдорини пасайтирувчи табиий дори керак бўлса, қуйидаги оддий рецептдан фойдаланиш мумкин. Ўнтача дафна япроғини олиб, устидан уч стакан қайноқ сув қуйилади, сўнг бу аралашма 3 соат давомида тиндирилади. Ундан ярим стакандан кунига 3 маҳал ичилади.
  4. Дафна япроғи баргларидан тери касалликларини даволаш мақсадида, йирингли, қотиб қолган шишлар, узоқ вақт давомида ётган касалнинг баданида қотиб, увушиб жонсиздек бўлиб қолган аъзоларини даволаш ва улардан фориғ қилиш учун дамлама тайёрлаш мумкин. Бунинг рецепти қуйидагича: ош қошиғида 1 ярим қошиқ дафна япроғининг майдалангани олинади, устидан ўсимлиқ ёғи қуйилади ва қоронғи жойда (музлатгичда эмас) тиндирилади, бир ҳафта ўтгач, тайёр бўлган дори терига суртишга тайёр бўлади.
  5. Оёқлар тез-тез терлайдиган ва бунга хос бўлган нохуш ҳид чиқаётган ҳолатда – бундай муаммолардан фориғ бўлишда ҳам дафна япроғи ёрдам беради. Бунинг учун қуйидаги аралашма тайёрланади: 30 тача дафна япроғи олиб, бир стакан сувда қайнатиб, 30-40 минут тиндирилади.  Аралашма тоғорага солинади, устидан лозим бўлган миқдорда илиқ сув солиниб, унда оёқлар 10 минут давомида шифобахш ванна қилинади.

 

Дафна япроғи таркибига РР, С, В, А витаминлари ва қатор фойдали элементлар киради:

  • микроэлементлар ва макроэлементлар (мис, фосфор, натрий, кальций, калий, магний, цинк, селен, темир, марганец);
  • оқсиллар;
  • озиқа толалари;
  • углеводлар;
  • ёғлар;
  • фитонцидлар;
  • тўйинтирилган ёғли кислоталар;
  • органик кислоталар;
  • хушбўй моддалар;
  • эфир мойлар.

Бу фойдали моддалар  бизнинг саломатлигимиз учун керак, улар инсон организми учун муайян миқдорда ҳар куни ниҳоятда зарур.

Кўпчилик дафна япроғи калорияли эмас деб ўйлайди, аслида бундай эмас. Ўсимлик сифатида у озиқавий қувватга жуда бой, 100 грамида 313 ккал қувватга эга.   

Дафна япроғи фойдалари

Ҳаддан ташқари кўп терлайсизми? Ўзингизга хушбўй дамламали ванна тайёрланг (100 г дамламага 1 л сув  ҳисобида). Сизни асалари чақиб олдими? Бунда ҳам сизга дафна япроқлари қўл келади, япроқни ари чаққан жойга босинг, оғриқ босилади.

Агар оғзингиздаги нохуш ҳид безовта қилаётган бўлса, биттадан хушбўй дафна япроғини эрталаб, тушликда ва кечқурун чайнанг, шундан кейин бир соат давомида бошқа нарса еманг ва ичманг, бу муолажанинг натижаси чиройли бўлади.   

Даволаш мақсадида дафна япроғи ва ёғи ишлатилади. Таркибида мавжуд бўлган юқори миқдордаги эфир мойи ва хушбўй моддалар, органик кислоталар халқ табобатида иштаҳани яхшилаш, овқат ҳазмидаги муаммоларни ҳал қилиш, жигар, ошқозон-ичак йўллари касалликларини даволаш, бўғимларни даволаш ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида қўлланади.   Таркибида юқори миқдорда мавжуд бўлган фитонцидлар иммунитетни кучайтириш ва сил касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.  Унинг ёғлари ревматизм, фалаж ва шамоллашни даволашда терига суртиб ишлатилади.   

Даволаниш мақсадида дафна япроғининг фақат сифатлисини ишлатиш лозим, япроқлар зайтун рангида ва ўткир хушбўйлигини йўқотмаган бўлиши лозим. Ишлатишдан олдин баргларни бирма-бир кўздан кечириш ва совуқ сувда ювиб олиш зарур. Уни бир йилдан ортиқ сақланмайди, бу муддатдан сўнг у ўз хусусиятларини йўқотади ва аччиқ бўлиб қолади. 

Дафна япроғи халқ табобатида  қатор касалликларни даволашда  ишлатилади. Қуйида дафна япроғидан турли касалликларни даволаш мақсадида тайёрланадиган дори-дармонларни келтирамиз:

Артрит и бўғим оғриқлари, бўғимларни турли тузлардан тозалаш ва  организмдан ҳар хил хилтларни чиқариб юбориш учун 5 грам дафна япроғини сирли кастрюлга солиб 300 миллилитр сувда паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Сўнг яхшилаб ўраб қўйилади ёки термосга қуйиб қўйиб 3-5 соат тиндирилади. Аралашмани докадан ўтказиб, кун давомида оз-оздан хўплаб-хўплаб ичилади. Бундай қайнатмани ҳар куни янгидан тайёрлаб уч кун давомида ичилади, бир ҳафта ўтказиб, бу муолажа такрорланади. Биринчи йил муолажани ҳар уч ойда бир марта, кейинги йилларда йилига бир марта амалга оширилади. Бу муолажа давомида гўштли овқат ейилмайди, алкогол ичимликлар ичилмайди.  Аралашма ичилган кунларда оғриқ вақтинча бироз кучайиши мумкин.  Бу қайнатмани организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ичиш мумкин. 

Сиқувчи оғриқлар. Майдаланган дафна япроғидан 5 г ини термосга солиб, устидан  300 мл қайнаб турган сув қуйилади, 3 соат давомида тиндирилади, сўнг докадан ўтказилади. Майда-майда хўплаб бўлиб-бўлиб 12 соат давомида ичилади. Бу рецепт асосидаги муолажа 2 кун давом эттирилади.

Қандли диабет. 10 та дафна япроғини термосга солиб, устидан 3 стакан қайнаб турган сув қуйилади, 2-3 соат тиндирилади. Дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 30 минут олдин ярим стакандан ичилади. Бу муолажа икки ҳафта давом эттирилгач, икки ҳафта танаффус қилинади. Дамлама икки ҳафта ичилгач, организмда углевод алмашинуви меъёрига келади, қанд миқдори жойига тушади.

Буйрак етишмовчилиги. 1 чой қошиғида майдаланган дафна япроғи 2 стакан сувда кучли оловда қайнатилиб, 2 соат давомида тиндирилади, кунига 2 маҳал 1 ош қошиғида ичилади.

Псориаз. 10 та йирик дафна япроғини  термосга солиб, устидан ярим литр қайноқ сув қуйилади, 2 соат тиндириб, докадан ўтказилади.  Тайёрланган дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 20 минут олдин ярим стакандан ичилади.

Қулоқ оқиши. 2 ош қошиғида майдаланган дафна япроғи устидан 200 мл грам қайнаб турган сув қуйилади, 1-2 соат тиндирилади. Дамламадан кунига 3 маҳал ёки 1 маҳал кечқурун  ухлаш олдидан қулоққа томизилади (дори томизилгач, қулоққа пахта-тампон тиқиб қўйиш лозим).

Говмичча. 3 та катта япроқ 1 стакан сувда чойнак ёки кружкада қайнатилади. Совиб қолмасидан иссиқлигин чой каби оз-оздан ичилади. Шу тартибда ҳар соатда янги япроқлар солиб, давом эттирилади. Кун давомида 6-7 стакан  ичилади. Тун давомида говмичча пишиб чиқади, эрталаб тузалиб, йўқ бўлади.

Гайморит.10 та япроқ устидан 1 литр сув қуйиб, паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Оловдан олинади. Бош устидан сочиқ ёпиб, ўралиб, 5 минут давомида қайнатма буғидан нафас олинади. Зарурат бўлса, бу муолажа яна такрорланади. Муолажадан сўнг йиринг қайтиб бошлайди.

Бўғин касалликлари, титроқ, шол, фалаж, узоқ ётган касаллик оқибатида ҳосил бўлган аъзоларнинг қотиб, жонсиз бўлиб қолиши. 30 г майдаланган япроқ устидан 200 г кунгабоқар- писта ёғи қуйилади. Иссиқда 7-10 кун тиндирилади (ёки 1 соат манти қасқонга ўхшаш идишда қиздирилади) ва докадан ўтказилади. Тайёр бўлган дори касал аъзога сиртдан суртилади.

Стоматит. Янги дафна япроғини чайналади.

Асалари чаққанида. Янги дафна япроғи чайнаб, оғиздан олиниб, асалари чаққан жойга қўйиб, устидан боғлаб қўйилади.

              Дафна япроғидан тайёрланган дамлама билан муолажа қилаётиб, организм реакциясини кузатиб боринг. Бириктирувчи хусусиятларига кўра дафна қабзият келтириб чиқариши мумкин. Бундай хасталикка илгаридан мойиллиги бўлган кишиларга қизил лавлаги истеъмол қилиб, дафнали дори истеъмол қилиш миқдорини камайтириш тавсия этилади.

           Дафна япроғи шифобахш хоссалари:

  • Қон босимини меъёрига келтиради;
  • Асаб тизимини ва иммунитетни мустаҳкамлайди;
  • Модда алмашинувини яхшилайди;
  • Уйқусизликдан халос этади;
  • Диабетда қанд миқдорини пасайтиради;
  • Шишларни қайтаради;
  • Иштаҳани очади ва овқат ҳазмини яхшилайди;
  • Турли хилтлардан тозалайди;
  • Бўғинлардаги тузларни ҳайдайди;
  • Турли хил тушкунликларга тушишнинг олдини олади;
  • Сийдик пуфагидаги тошларни эритади;
  • Витилигони даволайди;
  • Организмни гижжалардан тозалайди в.б.

Таркибида мавжуд бўлган эфир мойлари ва хушбўй моддалар бу зиравор бутун организмга шифобахш таъсир этишига имкон беради. Унинг муҳим ва қимматли хоссаларидан яна бири кишида сил касаллиги ривожланишининг олдини олади.

Қандли  диабетда              

Кўпчиликни қандли диабетда дафна фойдалими, деган савол қизиқтириши табиий. Диабетнинг  1-хил кўринишида одатда инсулин қабул қилишга зарурат бўлмайди. Қандли диабетнинг 2-хил кўринишида қисқа вақт ичида организмдаги қанд миқдори ўйнаб-ўзгариб туради. Бу касаллик томирларга зарар етказади.           Салбий оқибатларнинг олдини олишда дафна япроғи қўл келади. Бу оддий табиий восита диабетда қондаги қанд миқдори ва углевод алмашинувини муваффақиятли меъёрга келтиришда ишлатилади.

Бўғимлар учун ҳам унинг фойдалилиги исботланган. Бел ва суяклардаги оғриқларда ҳам ёрдам қилади. Бўғимларни даволашда кунига 1,5 г дан кўп бўлмаган миқдорда дафна япроғи истеъмол қилинади.

Ножўя таъсирлари

Дафна аллерген ўсимлик бўлиб, буйрак ва жигар фаолияти етишмовчиликларида, барча ички аъзолар шамоллаши касалликларида уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Катта миқдорда уни истеъмол қилиш хунук оқибатларга олиб келади.

Дафна япроғи истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар

Дафна япроғини истеъмол қилиш  ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ўткир ёки сурункали буйрак етишмовчилиги бор кишиларга, қон кетишига мойил  беморларга, оқсил моддалар алмашинувида бузилиш кузатилган кишиларга мумкин эмас. Бундай муолажани бошлашдан олдин шифокор маслаҳатини олиш лозим.

       Оддий дафна оддий бўлмаган касалликлардан фориғ қилиши мумкин, лекин ножўя таъсирининг ҳам оқибати ёмон. Мутахассис шифокор маслаҳатисиз ўзини ўзи даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун даволанишнинг халқ усулларидан фақат тажрибали фитотерапевт маслаҳати билангина фойдаланиш мумкин.

Дафна япроғидан тайёрланган дорилар истеъмол қилиш қуйидаги ҳолларда мумкин эмас:

  • Ўниккибармоқли ичак ёки ошқозон ярасида;
  • Панкреатит ва ўт пуфагида тош хасталикларида;
  • Қабзиятга мойиллиги бор кишиларда;
  • Қандли диабетнинг оғир формаларида дафна барги истеъмол қилиш мумкин эмас;
  • Ҳаддан ташқари кўп миқдорда дафна япроғини истеъмол қилиш заҳарланишга олиб келади.
  • Жигар ва буйрак хасталиклари бор кишиларга ҳам уни истеъмол қилиш мумкин эмас.

 

                                              Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

                                                       25 ноябрь 2016 йил

Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

У сифатию сурати мукаммал бўлган зот,

Инсонлар Холиқи ҳабиб айлаб танлаган зот.

Гўзаллигида шерикдан бўлди муназзаҳи,

Ундадир иккига бўлинмас гўзаллик жавҳари.

Қуртубий айтадилар: “Расулуллоҳнинг гўзалликлари биз инсонларга бутунлайича зоҳир бўлмаган. Агар мукаммал зоҳир бўлганида эди,  кўзларимиз ул зотни кўришга тоқат қила олмас эди”.

Расулуллоҳ шаклу шамойиллари комиллиги, кўринишлари чиройлигига далолат қиладиган набавий ҳадислар ва ривоят қилинган асарлар[1] жуда ҳам кўп. Шу эътибордан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг шарафли баданларини (гўзалликда) улардан олдин ҳам кейин ҳам ўхшаши бўлмайдиган кўринишда қилиб қўйганига иймон келтириш пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ иймон келтириш шарти ҳисобланади. 

Шарафли  юзлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзи энг чиройли киши эдилар[2], худди қуёш юзларида юргандек эди[3]. (Яъни, қуёш қандай ўз фалакида юрса, худди шундай гўзаллик ул зотнинг юзларида юрар эди).

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни, ўта семиз) ҳам мукалсам (яъни, ўта юмалоқ юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки, юзларида бирозгина думалоқлик бор эди[4].

Оиша онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бўлагидек чақнар эди”[5].

Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг доирасидек эди”.

Абу Туфайлдан бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганларида: “У зот оқ (тиниқ) рангли, юзлари чиройли киши эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек чақнар ва гўёки тўлин ой у зотнинг юзларида кўриниб тургандек бўлар эди[6]”.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ул зотнинг юзлари худди қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди[7]”.

Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаган саҳобалар бир овоздан у кишининг юзлари нурли, ёрқин ҳамда нур сочиб турувчи ёрқин зиё ва гўзаллик ила барқ уриб турувчи бўлганини таъкидламоқдалар.

Ҳасан ибн Алий тоғалари Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар. Юзлари худди тўлин ой кечаси ойнинг чарақлаганидек порлаб турар эди[8]”.

Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб шундай деган эканлар: “Мен бир у зотга бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан ҳам гўзалроқ эдилар[9]”.

Робиъ бинти Муъаввиздан бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганида: “Эй  ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз”, деб жавоб берганлар[10].

Умму Маъбад ҳам набий алайҳиссаломни сифатлаб шундай деган экан: “Мен покиза, гўзал хулқли, юзи чиройли, хушрўй кишини кўрдим[11]”.

Ҳамадонлик бир аёл: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман”, деб айтганида: “У зотни бизга васфлаб беринг”, деб сўрашди. Аёл: “У зот худди тўлин ой кечасидаги ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳдан олдин ҳам кейин ҳам у зотга ўхшашини кўрмадим”, деб айтган[12]. 

Яноқлари

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли яноқларига келсак, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам яноқлари текис эди (яъни, дўппайиб ҳам турмаган, шишлик ҳам бўлмаган). 

Кўзлари

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди: 

مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى (17)

(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ”.

Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузда қандай кўрсалар, зулматли қоронғу кечада шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.

Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ  қарасалар, таналари билан бутунлай бурилиб қарар эдилар. Расулуллоҳ  назарлари пастга қараган киши эдилар, (яъни, назарлари юқоридан кўра пастки томонга кўпроқ қарар эдилар). Қарашлари мулоҳазали эди[13]. (Яъни, фикр юритган кишидек, қарардилар).

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий алайҳиссалом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизилга мойилроқ (яъни, қизғишроқ) киши эдилар”[14].

Бошқа бир ривоятда: “Кўзлари тим қора эди”, дейилган[15]. Яна бир ривоятда эса: “Кўзларининг оқида бироз қизиллиги бор эди”, дейилган[16]. Кўзнинг оқида қизиллиги бор бўлиши  арабларда мақталган, маҳбуб кўрилган эди. 

Бошлари ва пешоналари

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналари кенг эди. Бу борада келган ҳадисларнинг лафзлари турли бўлса-да, барчаси бир маънода келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Алий розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам шу маънода.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошлари узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига бирлашиб ёпишмаган эди.

Бурунлари

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам қирра бурунли[17] эдилар.

 

Муҳаммад

(соллаллоҳу алайҳи васаллам)

комил инсон

китобидан таржима

Баратов Ғиёсиддин

 



[1] Саҳобаларнинг ёки тобеинларнинг сўзлари.

[2] Икки шайх, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари.

[3] Имом Термизийнинг Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари

[4] Имом Термизий ривояти.

[5] Шамоил эгалари ривоят қилган.

[6] Имом Муслим ривояти.

[7] Имом Муслим ривояти.

[8] Имом Термизий ривояти.

[9] Имом Термизий ривояти. (Саҳиҳ).

[10] Имом Термизий ва Имом Байҳақий ривоятлари.

[11] Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривоятлари, Имом Ҳоким саҳиҳ, деганлар.

[12] Термизий ривояти. (Шамоил китобларида).

[13] Имом Термизий ривояти (“Шамоил”да).                       

[14] Байҳақий ривояти.

[15] Имом Термизий ривояти.

[16] Имом Муслим ривояти.

[17] Қирра бурун - буруннинг юқори қисми сал кўтарилган, ўртасида озгина эгиклик бор, бурун суягининг ўртаси бўртиб чиққан ҳамда бурун тешиги тор бўлганидир. 

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИКНИ ҚАДРЛАШ   ИНСОНЛАРНИНГ ШАРАФЛИ БУРЧЛАРИДИР!

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У –  хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз! (Бақара, 208). Дарҳақиқат, тинчлик мавзуи ўта муҳим бўлганлиги боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Тинчлик ва хотиржамлик – инсоният бугун бошидан мураккаб ўзаро зиддиятларни кечираётган бир пайтда сув ва ҳаводек зарурдир. Унинг қадрига етиб, фарзандларимизни ҳам Яратган берган бу тенгсиз неъматларни қадрламоқлари ва асраб авайламоқ инсониятнинг зиммамиздаги бурчи эканлигини тушунтирмоқлигимиз керак. Бу барча пайғамбарлар қаторида бизнинг ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннати эканлигини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик. Ислом тарихини ўқир эканмиз, унда инсонни кимлиги, нима учун яратилганлиги, инсоннинг зиммасига қандай вазифалар юклатилганлиги, ҳаётда қандай инсон бўлиб яшаши кераклиги ҳақида берилган тавсиялар ва кўрсатмалар билан яқиндан танишиб чиқади. Бу берилган неъматларни қадрига етишда ва уни асрашда, бизга Пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим (а.с.) бу борада башариятга ўрнак бўлганлар. Муқаддас динимизнинг мўтабар манбаси Қуръони каримда Иброҳим (а.с.)нинг Ватанлари бўлган Макка ҳақига қилган дуоларида биз ўрганаётган мавзуимизнинг айнан тасдиғидир. Шунингдек, Макка шаҳрига тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари сўзимизнинг ёрқин мисолидир. Бу ҳақида бундай дейилаган: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара, 126). Бу жойда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га ўтган умматларнинг пайғамбарларини ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини тарғиб қилиб, улуғ неъматлар “Тинчлик” ва “Хотиржам”ликни қадрлаб, асраб авайлаб ҳаёт кечиришга ундалмоқда. Ўша вақтдаги тарихга назар ташласангиз Макка тинч  шаҳарлардан бўлган. Шундай бўлсада, бу тинчлики доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканлигига далолатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) билан саҳобалар бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) биз Аллоҳ таолодан дуо қиилб сўраганимизда кўпроқ нимани сўрайлик деб савол қилишганда, жанобимиз, ҳабибимиз Пайғампбар (а.с.): “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар” деб айтган сўзлари ҳам, инсоният учун бу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигига далолат қилади. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, тинчликни давомий бўлиши учундир. Бу хусусида Қуръони каримда бундай дейилган:

 “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасаммки, агар (берган неъматларимига) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” деб марҳамат қилган. (Иброҳим, 8).

Мазкур ояти каримани тинчлик ва хотиржамлик учун нима даҳли бор деб фикр қиладиган инсонларга динимиз чиройли жавоб берган. Яъни биз юқорида тинчлик ҳам неъматларнинг энг улуғи эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз  Муҳаммад (с.а.в.)дан ҳадисни эслаб ўтдик. Мазкур ҳадисга мувофиқ бу буюк икки неъат бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилар экан. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз ва давримизнинг энг долзарб шарафли вазифаларидан ҳисобланади. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши, Яратганинг, Ватанининг, жамияти ва оиласи олдидаги шарафли бурчидир.

Бугун дунёда тинчлигини ва хотиржамлигини йўқотган мамлакат ва у Юртларда истиқомат қилаётган инсонлар ҳаётлари, таъбир жоиз бўлса нурафшон нурни йўқотган, зимистон ичида қолган инсонларга ўхшади. Бу ҳолатни кўрган, эшитган инсонда бир аламлик дард пайдо бўлдаи. Бу ҳолатлардан кўриб, эшитиб турган инсонлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлашлари, асраб авайлашлари лозим бўлади.

Шунинг учун ҳам биз Юртимиздаги ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, алданмасдан, ёш авлодларимизни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом маданиятининг (тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик, ўзарототувли, меҳр-оқибат в.ҳ.к.) эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билиб, ушбулар асосида фаолият олиб бормоқ лозим бўлади. Шунингдек, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо ёдда тутмоқ даркордир. Бу хусусида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Моида” сурасида бундай деган: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, дейилган (Моида 2). Ушбу оятга эътибор қаратадиган бўлсак, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИКНИ барқарор бўлишига бош омилларидан эканлигига тарғиб қилинган.

Тинчлик ва хотиржамлик – барча даврларда мамлакатлар, жамиятлар, оилаларда яшаган инсонларнинг талаб қилган асосий мақсади бўлиб келган. Бу икки неъмат учун қилинган қанча ҳаракатлар, харажатлар ҳам сўзимизга мисолдир.

Тинчлик ва хотиржамлик неъматлари башарият уни сақлаш учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини, ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган улуғ неъматлардан экани, буни бардавом бўлиши учун унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари ва устунлари ҳам бардавом бажарилиши лозим бўлади.

Тинчлик ва хотиржамликни сақлаш, уни қадрлаш учун инсонларни, ёш авлодни, эркак-аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни Аллоҳнинг тоатида, Аллоҳга маъсият қилишдан қайтариш, берган неъматларини қадрлаш асосида тарбиялаш лозим бўлади. Шунингдек, ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга қатъий амал қилиши динимизнинг талаб ва тавсияларидандир.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби, инсон учун тинчлик ва хотиржамлик зарур ва бу муқаддас динимизнинг, давримизнинг талабидир. Бу хусусида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) яна бир ҳадисларида шундай деганлар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. (Имом Бухорий ривоят).

Жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлар, кишини дилини хуфтон қиладиган ҳолатлар, бўлиб турган турли воқеа ва ҳодислардан бугун ғафлатда қолиш ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакатларни, жамиятни, оилаларни, инсонни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу инсонларга кўринмайдиган иллатлардан, касалликлардандир десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам жаннатмакаон Ватанимиз фуқаролари, барча-барчамиз мазкур ёмон ҳислатлардан чиқишимиз лозим ва лобуддир.

Бепарволик, ғафлат, лоқайдликлардан динимизда қатъий қайтариб, у каби иллатларга тушмасликка тарғиб этган.

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи эканлиги яққол номоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукрни адо этилишига боғлиқдир. Тинчлик ва хотиржамлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз. Шу билан бирга давримиз ва муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларида амалга оширган бўламиз.

Аллоҳ таоло Юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

Исомиддин АХРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,

«Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Вторник, 22 Ноябрь 2016 00:00

Умра мавсуми бошланди

Саудия арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги вакилининг берган баёнотига кўра, жорий йилги умра мавсумига Саудия арабистонига келадиган зиёратчилар сони икки баробарга кўпайтирилган.

Бугунги кунга қадар Саудия арабистонига 115 мингта зиёратчи етиб келди. Ушбу кўрсаткични 2015 йил билан солиштирганда, икки баробар кўп дегани, яъни ўтган йили шу пайтга қадар Макка ва Мадинага 57 минг зиёратчи келган эди.

Вазирликнинг маълум қилишича, Матаф яъни тавоф қилиш учун Каъба атрофидаги кенгайтириш ишлари ниҳоясига етгани сабабли, зиёратчилар сони кўпайтирилган.

Эслатиб ўтамиз, Каъба атрофини кенгайтириш ишлари 3 йилдан буён давом этаётган эди. Жараён якунига етгунга қадар соатига 52 минг зиёратчи тавофни амалга оширган бўлса, эндиликда 130 минг зиёратчи Каъбани тавоф қила олади.

Шунингдек, вазирлик баёнотида Саудия ҳукумати жорий мавсумда 8 миллион Умра зиёратчиларини кутиб олишни режалаштиргани маълум қилинган.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top