Янгиликлар

Имом-хатиблар иштирокида муҳим анжуман

2016 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлар идораси Андижон вилоят вакиллигининг катта мажлислар залида, вилоятда фаолият юритаётган масжидлар имом-хатиблари ва “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонолари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

         Йиғилишда юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бунда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, анжуманда Яратганнинг назари тушган, неча-неча авлиёлар, олиму фозилларга бешик бўлган ана шундай жаннатмакон юртни ҳар хил хатарлардан асраш, айниқса, уламолар, имом-хатиблар доимо жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши лозимлиги таъкидланди.

         Шунингдек, тадбирда бугунги давр ўта тезкор, шиддат билан ривожланиб бораётгани, бунда барча соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар, ўқитувчи-педагоглар дунёда содир бўлаётган ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб бориши, ижтимоий ҳаётда кечаётган жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, ҳеч қачон лоқайдлик ва бепарволикка берилмаслиги тушунтирилди.

         Анжумандан сўнг, муфтий ҳазратлари Андижон шаҳридаги “Эски Гумбаз” жоме масжидида шом намозини адо этиб, намозхонлар билан учрашдилар.

Худди шу каби тадбир Бухоро вилояти “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуасининг мажлислар залида ҳам бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ўринбосари Иброҳим Иномов ва Имом Бухороий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровлар ўз маърузалари билан қатнашишди.

Сўзга чиққанлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш йўлида халқимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат алоҳида ўрин тутишини таъкидлашди. Шунингдек, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда ушбу эзгу фазилатларни асраб-авайлаш билан бирга, доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, бепарволик ва беписандлик кайфиятидан узоқ бўлиш лозимлиги уқтирилди.

Албатта, юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Шундай эмин-эркинлик, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, жонажон диёримиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш, уни ҳар турли фитналардан, таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳар Бирмингем ҳам инсоний ҳам фуқаролик бурчимиздир.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

5219 марта ўқилди

Янгиликлар

Top