www.muslimuz

www.muslimuz

 Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов Макка шаҳрида бўлиб турган қашқадарёлик зиёратчилар билан суҳбат ўтказиб, ҳаж аҳкомлари ва ҳожилик одоблари ҳақида мавъиза қилиб берди.

 Суҳбат аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, ҳаж сафари муваффақиятли ўтишини тилаб, дуолар қилинди.

Файзли учрашув давомида Жалолиддин домла Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиш улкан саодат экани, бу улуғ шаҳарларда Расул алайҳиссалом юрганлари, Ислом тарихидаги муҳим воқеалар содир бўлгани, ҳаж улуғ ибодатлиги, бундай шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таолога шукрона келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб билан ҳаракат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Суҳбатлар якунида зиёратчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Шу кунларда Доҳада бўлиб ўтаётган 32-Доҳа халқаро китоб кўргазмасида Қуръони Каримнинг нафис қўлёзмалари намойиш этилмоқда. Бу ҳақда IQNA нинг “Aр Рая” нашрига таяниб маълум қилди.

Ушбу кўргазмада энг кўзга кўринган Қуръон қўлёзмаларидан бири суриялик хаттот Муҳаммад Маҳир Хазерий Қуръон оятларини матога нақшлаган иши бўлди.

Бу усулни Каъба кисвасига битилган Қуръон оятларидек кўриш мумкин бўлса-да, бутун Қуръони Каримнинг бу тарзда ёзилиши мисли кўрилмаган маҳорат саналади. Ушбу Қуръонда қора бахмал матога тилла иплар билан оятлар нақшланган.

Қуръоннинг умумий оғирлиги тахминан 200 кг. ни ташкил қилади ва ҳар бир саҳифанинг ўлчамлари бир метрдан ярим метрга тенг. Ҳар бир жилдида Қуръони Каримнинг икки ярим қисми (жуз) ва ҳар бир саҳифаси 15 мисрадан иборат.

Муҳаммад Маҳир Хазерий бутун Қуръоннинг ёзиш учун ўн икки йил сарфлади.

 

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

 Юртимиздаги жоме масжидларда 2023 йил 28 июнь чоршанба куни Қурбон ҳайити намозини ўқиш вақтлари маълум бўлди. Унга кўра, Тошкент шаҳридаги жоме масжидларда шу йил 28 июнь куни эрталаб соат 05:15 да Қурбон ҳайити намози ўқилади.

 Республикамизнинг бошқа ҳудудларида эса Қурбон ҳайити намози жоме масжидларда қуйидаги вақтлар тафовутини инобатга олган ҳолда адо этилади:

1. Андижон 05:10
2. Наманган 05:10
3. Фарғона 05:10
4. Тошкент ш. 05:15
5. Тошкент в. 05:20
6. Сирдарё 05:25
7. Жиззах 05:30
8. Самарқанд 05:35
9. Навоий 05:40
10. Қашқадарё 05:40
11. Бухоро 05:40
12. Сурхондарё 05:40
13. Хоразм 05:50
14. Қорақалпоғистон Рес. 05:50

Ушбу жадвалда кўрсатилган вақтлар қуёш чиққанидан кейин 20-25 дақиқалик фарқни инобатга олиб белгиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla  | @mp3muslim | @diniysavollar

Бугун, 20 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган 47-анаънавий ҳаж бўйича нуфузли симпозиумда фаол қатнашмоқда. 

Ушбу делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва бир қатор соҳа мутахассислари жалб этилган.

Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати ва Ҳаж ва умра ишлари вазирининг кириш сўзи билан очилди. Шундан сўнг, Ҳарами шариф масжиди бош имоми Абдураҳмон ас-Судайс, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири каби мутасаддилар ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган лойиҳаларни тақдим этдилар. 

Куннинг иккинчи ярмида симпозиум 4 та шўъбага бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Унда хорижий делегациялар учун зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатишдаги янгича ёндашувлар ва инновацион лойиҳалар ҳамда Мино, Арафот ва Муздалифадаги шароитларни яхшилаш борасидаги истиқболли режалар тақдимот қилинади.

Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказиладиган энг кўзга кўринган тадбирлардан биридир. Унда уламолар, ислом ҳуқуқшунослари, ақида олимлари зиёратчиларга оид муҳим масалаларни муҳокама қиладилар ҳамда ечимларини баён этадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Матбуот хизмати 

Muslim.uz

Понедельник, 19 Июнь 2023 00:00

Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Ушбу улуғ айёмнинг маънавий ҳаётимиздаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда уни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь – чоршанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, юртимизда 2023 йил 28 июнь куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Аҳолининг Қурбон ҳайити байрамини муносиб савияда ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-270-сон Фармони билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2023 йилнинг 29-30 июнь кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

4. Маданият ва туризм вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш.Мирзиёев

Страница 26 из 637

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top