www.muslimuz

www.muslimuz

Нукусда Халқаро Ислом академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали мақомига эга бўлган муассаса шаклидаги Малака ошириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказ томонидан Имом эшон Муҳаммад жомеъ масжидида имом-хатибларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил қилинган мазкур Марказда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги имом-хатиблар, ноиблар, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади.

Диний соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ўқув-семинари олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва Муҳаммад ибн Ахмад ал Беруний номидаги ўрта махсус Ислом билим юртининг тажрибали ўқитувчилари томонидан ўқитилади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг ушбу фармони билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши белгиланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги қонун учинчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади — она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан, шунингдек гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш.

Ҳужжат лойиҳаси 4 боб ва 21 моддадан иборат бўлиб, қатор асосий тушунчалар киритилган. Жумладан, гўдак, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, кичик ёшдаги болалар, сунъий озиқлантириш, қўшимча овқат маҳсулотлари.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш қоидалари ўрнатилмоқда.

Унга кўра, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат муассасалари ҳамда ташкилотларида, шунингдек автовокзаллар, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 15 Июль 2019 00:00

Самимийлик – динимиз асоси

Самимийлик сўзи араб тилида “насиҳат” дейилади. Биз биламизки, “насиҳат” бир кишининг иккинчи кишига нисбатан кўнгилдан чиқариб айтган яхши нияти, уни тўғри йўлда юриши учун берган иршоди ва шунга ўхшаш маъноларни англатади. Самимий инсон деганда ҳар бир ишини чин дилдан бажарадиган, айтган гапи билан иши тўғри келадиган, бировга нисбатан қалбида ҳеч қандай ғашлик ва адовати бўлмаган, кек сақламайдиган киши тушунилади. Ана шу ҳолатни самимийлик дейилади.

Пайғармабиримиз с.а.в : “Дин насиҳатдир, яъни самимийликдир”- дедилар.

Шунда саҳобалар: “Самимийлик кимга нисбатан?” деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в:

“Аллоҳга, унинг китобига, унинг расулига, мусулмонлар бошлиқларига ва мусулмонлар оммасига нисбатан” (Имом Муслим ривояти)- деб жавоб бердилар.

Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, Ислом дини – бу самимийликка асослангандир. Мусулмон одам диндаги ҳар бир эътиқод ва амални чин дилдан ва холис адо этмас экан. Унинг дини мукаммал бўлмайди. Ҳадисда санаб ўтилган нарсаларга нисбатан самимийлик қуйидаги тартибда бўлади:

  1. Аллоҳга нисбатан самимийлик – Унга имонкелтириш, ибодатни холис қилиш, ҳеч нарсани унга тенглаштирмаслик.
  2. Аллоҳнинг китоби (Қуръон)га нисбатан самимийлик – уни тасдиқлаш, тиловати билан машғул бўлиш, аҳкомларига амал қилиш, уни бузиб талқин қилишдан сақланиш.
  3. Расулига нисбатан самимийлик – уни эътироф этиш, амрига итоат, суннатига амал қилиш билан бўлади.
  4. Мусулмонларнинг бошлиқларига нисбатан самимийлик – ҳақ ишларда уларга ёрдам бериш, Аллоҳга осий бўлмайдиган ишларда уларга тиоат этиш.
  5. Мусулмонларнинг жамоас ига нисбатан самимийлик – уларни дунё ва охиратларига манфаат келтирадиган ишларга буюриш, ёмон ишлардан қайтариш.

Мазкур ҳадис Ислом дини асосларини ўз ичига олган ҳадислар жумласидан бўлиб, уламоларимиз бу ҳадисни Ислом дини манбаи деб атаганлар.

Дарҳақиқат. Самимийлик – муқаддас тушунча. Ўзини “насиҳатчиман”, “самимийман” деган инсон тили билан дили тўғри ва бир бўлган кишидир. Шунинг учун ҳам одамлар бундай кишининг гапини қулоққа олиб, унга ишониб, уни ҳурмат қилишади.

Қачон инсонда самимийлик пайдо бўлади? Қачонки, унинг қалбида ғараз, гина-кудурат каби бировга нисбатан адоват уйғотувчи хислат қолмасагина у самимий  бўла олади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, кишининг дини мукаммал бўлиши учун у ўзида самимийлик хислатини тарбиялаши лозим бўлади. Шунинг учун ҳам расулуллоҳ с.а.в баъзи саҳобалардан ҳар бир кишига нисбатан скамимий бўлишга байъат олганлар.

Жумладан Жарир ибн Абдуллоҳ р.а. айтадилар:

“Мен Расулуллоҳ с.а.в.га намозни тўла-тўкис адо этмоққа, закотни ўз эгаларига бермоққа ва ҳар бир мусулмонга нисбатан самимий бўлмоққа байъат бердим ”

“Абдулқодир қори” жоме масжиди

 имом-хатиби Маъруфхон Алоходжаев

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Мазлумнинг «Ҳасбуналлоҳ ва неъмал Вакил» («Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»)деган сўзининг маъносини биласизми? У шу пайтда «шикоятлар папкаси»ни Роббисига юбораётган бўлади.

*****

Эй Аллоҳ! Ҳар бир эркака ҳамият, ғайрат, иффат, ор-номус бергин ва сўзи аёлига, қизларига, опа-сингилларига таъсир қилишини насиб этгин!

Эй Аллоҳ! Ҳар бир аёлга шарму ҳаё, ибо, уят, иффат бергин ва ота-онасининг, ака-укаларининг, эрининг айтганини қилишини насиб этгин!

*****

Эй Роббим, қалбини умидсизлик қамраб олган кишиларга Ўзинг ёрдам бергин! Бемор бандаларингга комил шифо ато этгин!

*****

Дунё ва Охират яхшилиги беш хислатда:

  1. Нафс тўқлиги (қаноат);
  2. Озор беришдан тийиш ва тийилиш;
  3. Ҳалол луқма ейиш;
  4. Тақво либоси;
  5. Барча ҳолатларда Аллоҳга ишониш.

Али розияллоҳу анҳу

*****

Улкан Имконият

Уйқудан уйғоняпмизми, демак:

- Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилишимиз;

- Унга истиғфор айтиб, тавба қилишимиз;

- зулм қилган кишиларимиздан узр сўраб, розиликларини олишимиз;

- қарзларимизни ҳақдорларга қайтаришимиз;

- қазо намозларимизни ўқишимиз;

- қазо рўзаларимизни тутишимиз;

- ўлимга чин маънода тайёргарлик кўришимиз учун бизга имконият беряпти.

Биз бор куч-ғайратимизни ишга солиб, бу фурсатдан фойдаланайлик!

*****

Китобларнинг дўстлиги инсонларнинг дўстлигидан афзалдир. Китоблар сенга доим нимадир беради, аммо ҳеч нарса талаб қилмайди.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Аёдан сўрадилар: “Сенингча олийжаноб эркак ким?”

У жавоб берди:

- Менга таъна эмас, насиҳат қиладиган;

- Мендан гумонсираб кузатмай, балки менга ишонадиган;

- Менга озор беришга эмас, мени ҳимоя қилишга уринадиган киши.

*****

Босния ва Герцоговинанинг собиқ президенти Али Иззатбегович бир сафар Жумъа намозига кеч қолиб келди. Одатда у намозни олдинги сафларда адо этарди. У биринчи сафга ўтиб олиши учун одамлар йўлни очишди. Шунда у намозхонларга бирма-бир кўз югуртириб чиқдида, ғазаб билан ўша машҳур гапини айтди:

«СИЗЛАР МАНА ШУНДАЙ ҚИЛИБ ЗОЛИМУ ДИКТАТОРЛАРИНГИЗНИ ЕТИШТИРАСИЗЛАР»

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Қанийди болаларга ўхшасак

- Болалар ўзларидаги нарсани бошқа ўртоқларига ҳам илинадилар.

- Улар урушиб қолсалар, дарҳол ярашиб оладилар, хафа қилган дўстларини тез кечирадилар. Гина, нафрат, адоват деган нарса уларга ётдир.

- Улар хато қилсалар йиғлайдилар ва ота-оналарининг кечиришларини истаб, уларга ялинадилар, раҳм-шафқатларини уйғотишга ҳаракат қиладилар.

- Уларда мағрурлик, кеккайиш, бошқаларни назарга илмаслик ҳолати йўқ.

- Уларда соддалик, самимийлик бор.

- Улар ўртоқларига меҳрибонлик қилмоқчи бўлсалар, чиндан меҳрибонлик қиладилар, таомга, бирга ўйнашга чақирсалар, ростдан, чин юракдан чақирадилар.

- Сохта такаллуф, иккиюзламачилик, лаганбардорлик деган нарса уларга бегона.

- Уларнинг юраклари оппоқ бўлади.

*****

Одамларнинг қанақалигини сафарда ёки бошингга иш тушганда биласан.

Абдурраҳмон Муниф

*****

Жим туриш доим розилик аломати бўлавермайди. Гоҳида тушунмайдиган кишиларга тушунтиришга уриниб чарчаганимиз учун ҳам жим бўламиз.

Ғассон Канафаний

*****

Бургутлар жим турганда тўтиқушлар сайрашни бошлайди.

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Биз Ислом умматининг[1] деярли охир замон вакиллариданмиз. Биз шу умматнинг бир бўлаги сифатида, биз учун қайғурган, бунинг учун умрини бағишлаган, жони чиқар ҳолида ҳам умматининг аҳволи ташвиши билан бўлган Зотга жонимизни қўйинг майли, муҳаббатимиз қанчалик?

Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаммадан ортиқ кўришимизнинг боиси, Пайғамбар алайҳиссалом бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар.

Ривоят  қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: “Мендан сўнг умматимнинг аҳволи нима бўлади?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”.

“Ана энди  кўзим қувончга тўлди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Имом Табароний ривояти).

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар.

Мана шунинг учун ҳам Аллоҳ элчисини севиш комил имон рамзига айланди. Анас ибн  Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва  саллам:

لآ يُؤْمِنُ أحدُكم حتّي أحبَّ إليه مِن والده و ولدِه و الناس أجمعين

«Мен унга ота-онасидан, фарзандидан ва одамларнинг барчасидан суюкли бўлмагунимча у комил мўмин бўла олмайсиз», деганлар” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришда саҳобаларга тенг келадигани йўқ эди. Булар ичида эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига ҳеч ким туша олмасди[2].

Макка фатҳи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Қуҳофа мусулмон бўлди. Кўзи ожиз бўлиб қолган бу қариянинг мусулмон бўлиши анча кечиккан эди. Абу Бакр Сиддиқ оталари Исломга кирганини айтиб, байъат қилдириш учун у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр! Кекса отангизни уйда қолдирсангиз бўлар эди. Олдиларига ўзимиз борардик», дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: «Эй Аллоҳнинг Расули, бунга сиз ҳақлироқсиз», дедилар. Ўша кунларда Абу Бакр кўп йиғладилар. Шунда одамлар: «Энг хурсанд бўладиган кунда ҳам йиғлайсизми? Ахир отангиз мусулмон бўлиб, дўзахдан нажот топди-ку?» дейишди.

Абу Бакрнинг жавобларига эътибор беринг.

«Ҳозир отам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганидан кўра Абу Толиб байъат қилса, кўпроқ хурсанд бўлар эдим. Чунки бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ хурсанд бўлардилар» (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Бу зотлар ўз хурсадчилигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсандчилигини устун қўйганлар. Шунинг учун бу умматнинг устуни бўлишган.

Биз нима қилмоғимиз керак?

Бунинг учун ахлоқимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари каби хулқлантиришимиз, ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, оиламизга У Зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини жорий қилишимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгитлари асосида умр ўтказишимиз керак. Буларни ўрганиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танишимиз зарур. Кўришмаганмиз-ку, дейишимиз мумкин. У Зотни танишимиз сийратлари, ҳаёт йўллари ва шамоилларини ўқиб, ўрганиш орқали бўлади. Яна салавотларни кўпайтириш ҳам муҳаббатнинг белгиларидан.

Вақтни қўлдан бой берманг! Сиз илм олиш ёки етказиш учун илк қадамни ташланг, барака Аллоҳдан!

Аллоҳумма солли аълаа саййидинаа Муҳаммад ва аълаа аали саййидинаа Муҳаммад!

Нодирбек НИШОНОВ,

Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби

Манба: Fargonaziyo

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top