www.muslimuz

www.muslimuz

Среда, 28 Июнь 2023 00:00

JONLI: Qurbon hayiti Namozi

Hazrati imom majmuasida
Hijriy 1444 yil / milodiy 2023 yil

https://www.youtube.com/live/vDjBMjCs4Vs?feature=share

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla |@diniysavollar

1. Аввало “Икки ракат ийдул азҳо намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим” дейилади.

2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.

3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.

4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.

5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.

6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.

7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.

8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla |@diniysavollar

1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).

2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).

3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.

4. Хушбўйланиш.

5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).

Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.

6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).

7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илааҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.

8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.

9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: “Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)”, деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.

11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.

12 .Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.

13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla  | @mp3muslim | @diniysavollar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ,

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

 

Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни мусулмон умматининг энг улуғ байрами – Қурбон ҳайити билан ҳаж ибодатини кўтаринки руҳда адо этаётган ҳамюртларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар шундай файзли кунлар учун шукроналар айтиб, Ҳақ таолодан диёримизга қут-барака, халқимизга фаровонлик, фарзандларимизга баркамоллик сўраб дуолар қилмоқдамиз.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз сaллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа куни, Қурбон ҳайити куни ва (ҳожилар) Минода жам бўладиган кунлар – биз аҳли Исломнинг байрамимиздир”, дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таолонинг байти жойлашган муқаддас заминга ҳаж ибодатини адо этиш учун келган мўмин-мусулмонлар Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби табаррук жойларда ушбу амални бажарадилар.

Дарҳақиқат, мусулмон фарзанди борки, умрида бир бора бўлса-да, Каъбатуллоҳни тавоф қилиш орзусида юради. Зотан, ҳаж – улуғ ажрларга, мукофотларга ноил қиладиган, инсон ҳаётида яхшилик сари бурилиш ясайдиган буюк ибодат. Зеро, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, дея марҳамат қилганлар. Демак, гўзал одоб, чиройли хулқ ва чин ихлос билан қилинган ҳажнинг мукофоти жаннат бўлади, инша Аллоҳ.

 

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари, ушбу фазилатли кунларда Сизга мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч-қувват, оилавий бахт-саодат ва фаолиятингизда улкан зафарлар ёр бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Барчамиз эътироф этамизки, Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз билан барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилганига халқимиз бевосита гувоҳ бўлиб, ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётларида ҳис этмоқдалар.

Ҳақ таолога шукрки, ўлкамизда янги очилаётган масжид-мадрасалар, диёримиз бўйлаб фаолият юритаётган Қуръон курслари, обод бўлаётган қадамжолар, тадқиқ этилаётган алломалар мероси ва ҳаж-умра қилувчилар сони кескин ошаётгани барчамизни чексиз мамнун қилмоқда.

 Сиз Жаноби Олийларининг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига амалга оширган ташрифингиз ва олий даражадаги музокаралардан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллик билан ривожланиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишлар ҳам тубдан яхшиланганига муборак заминга келган зиёратчиларимиз бевосита гувоҳ бўлмоқдалар.

Ҳаж квотаси олдинлари бир неча йиллар давомида 5 200 нафар бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 7 200 нафарга етди, 2022 йилда эса 12 000 нафарни ташкил этган эди.

Саудия Арабистони томони билан олиб борилган мулоқотлардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгилангани кўпчиликнинг орзу умидларини амалга оширди.

Келгусида ҳажга борадиган зиёратчилар учун ягона онлайн навбат тизими жорий этилиши, ҳудудларда ҳаж марказлари ташкил қилиниши ва 2030 йилга қадар ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар сони босқичма-босқич йилига 24 минг нафарга етказилиши эл қалбидаги айни муддао бўлди.

Сизнинг ҳаж ва умра зиёратчилари учун юқори даражадаги хизматларни ташкил этиш борасидаги ташаббусларингиз ва ғамхўрлигингиз учун Ўзбекистон ҳожилари номидан самимий миннатдорлик изҳор этамиз.

Мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни қарор топтириш ва мўмин-мусулмонларимиз учун жамики шароитлар яратилгани “Инсон қадри учун” деган олижаноб ғоянинг кенг жабҳадаги намойиши бўлди.

 

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!

Биз — ўзбекистонлик ҳожилар, Ватанимизга қайтар эканмиз, шахсий ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб, жамиятда аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясини янада яхшилаш ва эҳтиёжмандларга кўмак беришдек савобли ишларга бор куч-ғайратимизни, шижоатимизни сафарбар этамиз.

Айни кунларда мабрур ҳажнинг мукофотидан умидвор бўлиб, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилаётган ҳожиларимиз Маккаи мукаррама, Арафот ва Мино каби муқаддас жойларда юртимиз ҳаққига икки дунё саодатини сўраб хайрли дуолар қилмоқдалар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуоларнинг энг яхшиси Арафотда қилинган дуодир», деб хушхабар берганлар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло Ер аҳли билан фахрланиб, фаришталарига айтади: “Менинг чангу ғубор босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, узоқ жойлардан келдилар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларнинг гуноҳларини кечирдим, дейди”, деб марҳамат қилдилар.

Шундай экан, биз, ҳожилар гуноҳлар афв этиладиган ва дуолар ижобат бўладиган Арафотда туриб, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва улкан муваффақиятлар тилаб, илтижолар қиляпмиз. Аллоҳ таоло олиб бораётган хайрли ишларингизда доимо мададкор бўлсин. Юртимиздаги бошланган ислоҳотларимиз бардавом бўлишини Яратган Парвардигордан илтижо қилиб сўраймиз.

Мана шундай файзиёб дамларда уламоларимиз Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланганлари ҳақидаги хушхабар Арафот водийсидаги ўзбекистонлик барча ҳожиларни мамнун этди.

Айни кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган мана шундай тарихий жараёнлар бардавом бўлиши ва олдимизда турган муҳим воқеалар муваффақиятли ўтишини Ҳақ таолодан сўраб дуолар қиламиз. 

Аллоҳ бутун дунё мўмин-мусулмонларига Қурбон ҳайитини муборак айласин, тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин.

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Ўзбекистон ҳожилари

Макка шаҳри, Арафот водийси, 2023 йил 27 июнь

 



#haj2023
#tabrik

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla |@diniysavollar

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳам «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди.

Бу ҳақда президент фармони имзоланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla |@diniysavollar

Страница 18 из 637

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top