muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 20 Июнь 2020 00:00

Ўзини ўзи тергаш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун бўладиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик мақсадида қиладилар. Бас, шундай экан, қайси оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб, ўз нафсини тергамаслиги керак?!

Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сармоя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шеригига раҳмат айтади. Зарар кўрса, тўлаб беришини ва бундан кейин бу ишга йўл қўймаслигини таъкидлайди. 

Шунга ўхшаш, банданинг динидаги сармояси фарзлардир. Фойдаси нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз кунидир. 

Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишларни кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзининг қилган каттаю кичик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.

Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! (Ҳар бир) жон эрталик кун учун нима тақдим қилганига назар солсин», деган (18-оят).

«Эрталик кун»дан мурод қиёматдир. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. 

Албатта, қиёмат куни инсонга мол-дунё, мансаб, насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллар ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам фурсат борида қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши лозим. Бунда ўтган ишларни ҳисоб-китоб қилиб туришга амр бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин уларни ўзингиз тортинг», деганлар.

Аллоҳ таоло Нур сурасида:

«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз», деган (31-оят).

Тавба хато ва айб саналган амални қилиб бўлгандан кейин унга афсус-надомат чекишдан бошланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. 

Ағорр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, (баъзан) қалбимни булут босади. Ва албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтурман», – дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:

«Албатта, тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, карабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар», деган (201-оят).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, оёғига дарра билан ура туриб, «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан. 

Маймун ибн Меҳрон дейди: «Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!» 

Абдуллоҳ ибн Саломнинг бир боғ ўтин орқалаб кетаётганини кўрганлар:

«Эй Абу Юсуф! Болаларинг ва ғуломларинг кўтарса ҳам бўларди?!» – дедилар.

«Нафсимни текшириб кўришни ирода қилдим. Ёқтирармикан ёки йўқ?!» – деди у.

Ҳасан Басрий:

«Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёдаги ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби қиёмат куни машаққатли бўлади», деганлар.

«Маломатчи нафс ила қасам» ояти тафсирида Ҳасан: «Мўминнинг фақат нафсини маломат қилиб турганини кўрасан: «Бу сўзим ила нимани ирода қилдим? Бу еганим ила нимани ирода қилдим? Бу ичганим ила нимани ирода қилдим?» Фожир эса ўзини ўзи тергамай кетаверади», – деган.

 "Мукаммал саодат йўли" китобидан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай бало-офат, қийинчиликлар – улар умумий бўлсин, хос бўлсин – инсонларнинг зулми туфайли берилган илоҳий жазо деган тушунча пайдо бўлиб қолган. Кимдир бирор балога йўлиқса, у одам солиҳми, фосиқми, каттами, кичикми, балоғатга етганми, етмаганми, оқилми, мажнунми, масъулми, масъул эмасми, айбдорми, беайбми – фарқи йўқ, ҳаммаси қилган зулми ва гуноҳлари учун илоҳий жазо олибди, дейишади. Нимага бундай деяпсиз деб сўралса, Аллоҳ таолонинг «Сизга қайси бир мусибат етса, ўз қўлингиз қилган касбдандир», деган ояти билан жавоб беришади (Шууро сураси, 30-оят). 

Бошимизга тушган бало-мусибатларнинг сабаби ҳақиқатдан ҳам гуноҳларми? Бу оятнинг ягона тафсири шуми?

Муфассир Икрима ушбу оятнинг шарҳида «Банданинг қоқилиши ёки ундан қаттиқроқ нарсага учраши Аллоҳ унинг бирор гуноҳини мағфират қилиши ёки бирор даражага кўтариши учундир», деган (Тафсири Бағовий).

Бало-офат ва қийинчиликлар одамнинг ўз қўли билан касб қилган иши учун жазо ўлароқ берилади деган эътиқоддагилар юқоридаги тафсирдан бехабардир. Чунки бало бундан бошқа сабабларга кўра тушиши ҳам мумкин. Масалан, пайғамбарларга, солиҳларга тушадиган балолар ана шундай. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг оғир балога учрайдигани анбиёлардир, сўнг энг афзалларидир», деганлар (Баззор, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган). 

Икрима айтганидек, бу каби балолар банданинг зулми туфайли берилган жазо эмас, балки унинг даражасини кўтаришдир.

Ақли-ҳуши бор одам анбиёларга етган балоларни уларнинг ўзига ёки ўзгаларга қилган зулми учун жазо ва азоб сифатида тушган дейиши мумкинми?

Қуртубий айтади: «Аллоҳ уларнинг (анбиёларнинг) Ўз ҳузуридаги фазилатларини камолига етказиш, даражаларини кўтариш учун уларни синашни хоҳлади. Бу уларга нисбатан нуқсон ёки азоблаш эмас» (Тазкира, 161).

Бу борада шайх Ибн Ошур шундай дейди: «Солиҳларнинг бошига тушган бало-офатлар, мусибат ва аламлар уларнинг ажри зиёда бўлишига ва Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган бошқа нарсаларга сабаб бўлади. Аллоҳ баъзан ҳаддидан ошганларга яхшиликлар, неъматлар ҳам беради, бу эса азобини кечиктириш ва бундан бошқа, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган сабаблар учундир. У Зот махлуқотларининг барча сир-асрорларини, ниятларини, яхшилик ва ёмонликлардан иборат амалларининг миқдорини ҳамда нафслари ва ақлларининг турли яхшилик ва ёмонликларга бўлган истеъдодини билади».

 

Синовнинг сабабларидан бири муҳаббатдир

 

Баъзан Аллоҳ таоло Ўзига муқарраб бандаларга ҳам бало юбориши мумкин. Бунинг сабаби нимада? Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари изоҳлаб беради:

«Мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Аллоҳ таоло бир қавмни яхши кўрса, уни бало ила синаб кўради. Ким бунга рози бўлса, унга розилик бўлади. Ким норози бўлса, унга ғазаб бўлади» (Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилишган).

Муҳаббатнинг сабаби шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога махлуқотлари ичида Ўзига энг маҳбуби, севиклиси анбиёлардир. Юқоридаги ҳадисда айтилганидек, анбиёлар ўзларининг мартабаларига яраша бало-синовларга йўлиқадилар. Демак, мўмин одам бало-синовларга гирифтор бўлса, хурсанд бўлавериши керак, чунки бу Аллоҳнинг унга муҳаббатининг бир белгиси ҳисобланади. Агар банда бунга сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умид қилса, У Зотнинг розилигига эришади. Аммо буни ёқтирмай, норози бўлса, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолиши мумкин, Аллоҳ асрасин.

 

Мўминнинг бало-синовга йўлиқишидаги ҳикмат

 

Уламоларимиз бунинг ҳикмати ҳақида шундай деганлар: «Мўминнинг синовга учраши унинг учун дори кабидир. Бу дори ундаги дардларни чиқариб ташлайди. Агар ўша дардлар унда қолиб кетса, уни ҳалок қилган бўларди ёки савобини камайтириб, даражасини тушириб юборган бўларди. Ушбу синов-имтиҳонлар унинг дардларини чиқариб юборади, ажр-савобни тўлиқ қилиб олишга, даражотининг юксалишига тайёрлайди. Бундан маълум бўладики, мўмин учун бу хайрли ишнинг бўлмаганидан бўлгани яхшироқдир. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ мўмин учун бирор нарсани тақдир қилса, унга албатта яхшилик бўлади ва мўминлардан бошқаларда бундай бўлмайди: агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун яхшилик бўлади; бирор зарар етса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун яхшилик бўлади», дедилар». 

 

Хулоса

 

Мусулмон киши мусибатга учраган биродарини бошингга тушган бало ва қийинчиликлар қилган гуноҳларинг туфайли деб, уни руҳини туширмаслиги керак. Эҳтимол, бу нарсалар Аллоҳнинг унга муҳаббатининг белгиси, унинг мартабасини кўтариш учун бир сабаб бўлиши мумкин.

Гарчи бало-офатлар Аллоҳнинг тарозусида муҳаббат ва юксакликка сабабчи бўлса ҳам, ҳақиқий саодатманд банда – Аллоҳ яхшиликларнинг калити, ёмонликларнинг қулфига, биродарларининг балога йўлиқишига сабабчи бўлмасликка муваффақ қилган кишидир. 

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф таржимаси

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бельгиядаги энг қадимги Брюссель жоме масжиди 1879 йилда қурилган бинони эгаллайди. Бу Эллик йиллилик боғида жойлашган - фуқароларнинг дам олиши учун севимли жой. Ҳозир оқ деворли тўрт қаватли бинода масжид ва Исломий маданият маркази жойлашган.
Биринчи қаватда кундалик ибодатлар ўтказиладиган кичик намозхона мавжуд. Шунингдек, ахборот устуни, синф хоналари ва маъмурий идоралар мавжуд. Биринчи қаватнинг Марказий қисмида Араб тилини ўрганмоқчи бўлганларнинг тил маркази, анжуманлар хонаси ва кутубхона мавжуд.
Иккинчи қаватда 2000 кишилик сиғимга эга асосий намозхона ҳамда аёллар намозхонаси жойлашган. Ертўлада таҳорат учун хоналар бор. Бинода Ислом ҳақида билим беришни мақсад қилган мусулмон мактаби ва Ислом тадқиқот маркази ҳам жойлашган. Катталар ва болалар учун синфлар мавжуд.
Эллик йиллилик боғи Бельгиянинг 50 йиллиги шарафига 1880 йилда яратилган. Шу муносабат билан қирол Леопольд II Брюсселда жаҳон кўргазмасини ўтказишга қарор қилди. Меъмор Эрнест ван Ҳамбик томонидан 1879 – йилда қурилган мавритания услубидаги Шарқий павильон, айниқса, диққатга сазовор бўлди. Маблағлар граф Луи Кавенс томонидан тақдим этилди. Бу ерда Эмиль Ваутерснинг катта муваффақият қозонган "Қоҳира панорамаси" монументал деворий асари намойиш этилди.
ХХ аср бошидан бошлаб бино ва paнорама ҳолати аста-секин ёмонлашди. Эгаси таъмирлашни истамади, чунки у жуда қиммат эди. Бироқ, 1923 ва 1950 йилда панорамада реставрация ишлари олиб борилдии. 1963 йилда аттракцион тўлиқ ёпилди.
1967 йилда Саудия Арабистони қироли Файсал бин Абдулазиз Бельгияга расмий ташрифи чоғида қирол Бодуэнга бу бинони масжидга айлантиришни таклиф қилди. Ҳукумат Бельгияда сони ошиб бораётган мусулмон муҳожирларни интеграция қилиш зарурлигини тушунди.
Maсжид, Тунис меъмори Монжи Бубакер томонидан Саудия Арабистони ҳисобидан амалга оширилган узоқ реконструкция ишларидан сўнг 1978 йилда Холид Ибн Абд ал-Азиз ва Бодуэн I ҳозирлигида очилди. Марокаш қироли Хасан II асосий намоз залини безатишга ҳисса қўшди, шунингдек ваъз учун кафедрани ҳадя этди. Минбар Тунис томонидан совға қилинди.
Islamisemya.com маълумотлари бўйича, узоқ йиллар давомида масжид Саудия ва Белгия қиролликлари ўртасида дипломатик кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Бу жой мусулмон дипломатлар орасида машҳур эди ва Исломга киришни истаган бельгияликлар бу ерга келишарди. Масжид очилганидан бери баҳс мавзуси бўлиб келган ва 2018 йилнинг 16 мартида Бельгия ҳукумати бинони Бельгия мусулмонлар Кенгаши бошқарувига ўтказишга қарор қилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top