Дунё янгиликлари

Дунё масжидлари: Брюссель жоме масжиди

Бельгиядаги энг қадимги Брюссель жоме масжиди 1879 йилда қурилган бинони эгаллайди. Бу Эллик йиллилик боғида жойлашган - фуқароларнинг дам олиши учун севимли жой. Ҳозир оқ деворли тўрт қаватли бинода масжид ва Исломий маданият маркази жойлашган.
Биринчи қаватда кундалик ибодатлар ўтказиладиган кичик намозхона мавжуд. Шунингдек, ахборот устуни, синф хоналари ва маъмурий идоралар мавжуд. Биринчи қаватнинг Марказий қисмида Араб тилини ўрганмоқчи бўлганларнинг тил маркази, анжуманлар хонаси ва кутубхона мавжуд.
Иккинчи қаватда 2000 кишилик сиғимга эга асосий намозхона ҳамда аёллар намозхонаси жойлашган. Ертўлада таҳорат учун хоналар бор. Бинода Ислом ҳақида билим беришни мақсад қилган мусулмон мактаби ва Ислом тадқиқот маркази ҳам жойлашган. Катталар ва болалар учун синфлар мавжуд.
Эллик йиллилик боғи Бельгиянинг 50 йиллиги шарафига 1880 йилда яратилган. Шу муносабат билан қирол Леопольд II Брюсселда жаҳон кўргазмасини ўтказишга қарор қилди. Меъмор Эрнест ван Ҳамбик томонидан 1879 – йилда қурилган мавритания услубидаги Шарқий павильон, айниқса, диққатга сазовор бўлди. Маблағлар граф Луи Кавенс томонидан тақдим этилди. Бу ерда Эмиль Ваутерснинг катта муваффақият қозонган "Қоҳира панорамаси" монументал деворий асари намойиш этилди.
ХХ аср бошидан бошлаб бино ва paнорама ҳолати аста-секин ёмонлашди. Эгаси таъмирлашни истамади, чунки у жуда қиммат эди. Бироқ, 1923 ва 1950 йилда панорамада реставрация ишлари олиб борилдии. 1963 йилда аттракцион тўлиқ ёпилди.
1967 йилда Саудия Арабистони қироли Файсал бин Абдулазиз Бельгияга расмий ташрифи чоғида қирол Бодуэнга бу бинони масжидга айлантиришни таклиф қилди. Ҳукумат Бельгияда сони ошиб бораётган мусулмон муҳожирларни интеграция қилиш зарурлигини тушунди.
Maсжид, Тунис меъмори Монжи Бубакер томонидан Саудия Арабистони ҳисобидан амалга оширилган узоқ реконструкция ишларидан сўнг 1978 йилда Холид Ибн Абд ал-Азиз ва Бодуэн I ҳозирлигида очилди. Марокаш қироли Хасан II асосий намоз залини безатишга ҳисса қўшди, шунингдек ваъз учун кафедрани ҳадя этди. Минбар Тунис томонидан совға қилинди.
Islamisemya.com маълумотлари бўйича, узоқ йиллар давомида масжид Саудия ва Белгия қиролликлари ўртасида дипломатик кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Бу жой мусулмон дипломатлар орасида машҳур эди ва Исломга киришни истаган бельгияликлар бу ерга келишарди. Масжид очилганидан бери баҳс мавзуси бўлиб келган ва 2018 йилнинг 16 мартида Бельгия ҳукумати бинони Бельгия мусулмонлар Кенгаши бошқарувига ўтказишга қарор қилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1846 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top