muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 06 Январь 2018 00:00

Мўминларнинг сифатлари

“Албатта, Парвардигордан қўрққанларидан хавфда бўлувчилар, Парвардигорнинг оятларига имон келтирадиганлар, Парвардигорга ширк келтирмайдиганлар, садақаларини (Қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиганлар, айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда олдиндадирлар” (Мўминун, 57-61).

Бу ояти карималарда мўминларга хос тўртта сифат баён қилинган:

Биринчиси, улар “Парвардигордан қўрққанларидан, хавфда бўлувчилар” дир. Бу мазмунли оятни Муқотил ва Калбий “Парвардигорнинг азобидан қўрққанларидан хавфда турувчилар” деб, бошқа муфассирлар эса “Парвардигордан қўрққанларидан доимо Унинг тоатида бўладиган ва розилигини истовчилар” деб тафсир қилишган. Имом Фахриддин Розий “Ким қўрқишнинг (“хошят”) олий даражасига – хавфда бўлишга етса, дунёда Аллоҳнинг ғазабига, охиратда азобига учрашдан қўрқади ва барча гуноҳлардан сақланади”, деб тафсир қилган.

Иккинчиси, мўминлар “Парвардигорнинг оятларига имон келтирадиганлар”дир. Бу оят тафсирида Имом Фахриддин Розий айтади: “Билгин, Аллоҳ таолонинг оятлари (белги ва аломат) У зот яратган нарсалардир. У нарсалар Аллоҳ таолонинг борлигига далилдир”.

Бу ўринда шундоқ ҳам аён нарсалар эмас, балки фикр-мулоҳаза билан билинадиган нарсалар назарда тутилган. Фикр ва мулоҳаза қиладиган одам албатта Яратувчининг борлигини ва Унинг сифатларини билади. Бу билиш қалбда ҳосил бўлса, унинг тасдиғи тилга кўчади. Мана шу имондир”.

Учинчиси: Мўминлар “Парвардигорга ширк келтирмайдиганлар”дир. Имом Фахриддин Розий айтади: “Бу оятда яширин ширк, яъни, риё ва хўжакўрсиндан йироқ бўлиш, тоат-ибодатларини холис Аллоҳ таоло розилиги учун адо қилиш мўминларнинг сифати” экани баён этилган.

Абу Лайс Самарқандий бу оят тафсирида бундай деган: «оятдаги “ширк  келтирмайдиганлар”дан мурод “фалончи бўлмаса, бу нарсага эришолмасдим”, демайдиганлардир».

Тўртинчиси, улар “садақаларини (Қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиганлар”дир. Бу оятда зикр қилинган садақаларга закот, каффорат, омонат, қарз каби адо этилиши лозим бўлган барча ҳақлар киради. Улар юракдан қўрқиб адо этилганидагина фойдали бўлади. Ким чин дилдан қўрқиб ибодатга киришса, уни бекаму кўст бажаришга астойдил тиришади.

Имом Қуртубий шу оят тафсирида бу ҳадисни келтиради: “Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ алайҳиссаломдан  “У кимсалар ичкилик ичишгани ва ўғрилик қилишгани учун Аллоҳдан қўрқадими?” деб сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи, улар рўза тутишса-да, намоз ўқишса-да, садақа беришса-да, Аллоҳ таолодан қўрқадиганлардир. Айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошиладилар, деб жавоб бердилар” (Имом Термизий).

Ҳасан Басрий айтади: “Биз шундай зотларни кўрдик, сиз гуноҳингиз сабабли азобланишдан қўрқишингиздан кўра улар яхши амалларининг қабул бўлмай, юзларига урилишидан кўпроқ қўрқардилар”.

Қалбда қўрқув ҳисси пайдо бўлишига сабаб амаллар ҳисоб-китоби учун Парвардигор ҳузурига қайтишни, охиратда пушаймонлик фойда бермаслигини билишдир. Ана шуни англаган қалб эгаси гуноҳлардан, риёдан йироқ бўлади, амалларини нуқсонсиз адо этишга тиришади.

“Айнан ўшалар яхшиликларга шошурлар ва унда олдиндадирлар”. Бу оят икки хил тафсир қилинган. Биринчиси, мўминлар ибодатларнинг вақти ўтиб кетмаслиги учун уларни вақтида адо этишга шошиладилар. Иккинчиси, мўминлар дунёда барча фойдали ишларга шошиладилар. Шунинг учун уларни адо этишда олдиндадирлар.

 

Имом Қуртубий, Абу Лайс Самарқандий

ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД

тайёрлади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом уйқуга ёнбошласалар:

“Аллоҳумма бисмика роббий вазаъту жамбий фағфирлий занбий”,

(Аллоҳим, Сенинг исминг билан ёнбошимни қўйдим. Менинг гуноҳларимни кечир) деб айтардилар (Ибн Сунний ривояти).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу “Фарзандларингизни ўзингиз ўсган замонга эмас, ўзларининг замони талабига қараб тарбияланг”, деб маслаҳат берганлар. Буюк саҳобийнинг ушбу ҳикмати маъноси ҳозирги кунга келиб янада теранлик асб этмоқда. Зотан, бугун эскича яшаб бўлмайди, деган гапни эшитганда баъзилар собиқ шўро замонини назарда тутиб, ўша давр эскирганини тушунади. Ана шу тушунчасининг ўзиёқ уларнинг ҳали ҳам эскича яшаётгани ва шундай фикрлаётганини намоён қилиб қўяди.

Алалхусус, замон шу қадар шитоблашдики, кечаги нарса бугунга келиб эскириб қоляпти. Замон тезкор, тадбиркор ва инновацион ғояларга бой одамлар замони бўлди. Шунинг учун ҳам кириб келган янги “2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб аталди.

Аслида бунга олдиндан тайёргарлик кўрилиб келинганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳукумат аппарати қайта шакллантирилган эди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси ташкил этилганди. 

3 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда мазкур икки комплекснинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари аксар ташкилотлар ўз фаолиятини замон талабига мослай олмаётгани, сусткашлик қилаётганини таъкидлади. Бунинг оқибатида ишлар жадал юрмайди ва қилинаётган ишлар салмоғи кўринмайди. Шу боисдан президентимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деб алоҳида таъкидлади. 

Президент бошчилигидаги йиғилишнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилган хабарини кўриб, шундай хулосага келиш мумкинки, бугунги замонда қайси соҳада ишлаётган кадр бўлмасин, ўз устида ишламаса, ўзининг соҳасига, жамият ҳаётига, Ватан манфаатига дахлдор масалаларни ўрганиб бормаса, ҳар куни ушбу мавзуларга доир адабиётларни ўқимаса, тез орада ишидан айрилиб қолиши тайин. Зотан, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш дегани – ўз устида тинимсиз ишлаш, жамиятга дахлдорлик туйғуси, жонсараклик, тадбиркорлик, янги технологияларни ўз вақтида ўзлаштириб бориш дегани эмасми ўзи. Ҳар бир касб эгаси ўқишдан-ўрганишдан толмаса,  илм-фан ютуқларини ҳаётга татбиқ этиб борса, маҳсулотлар ва хизматлар сифати яхшиланишда давом этади. Бу ўз навбатида, таннархнинг пасайишига шароит яратади.

Бир сўз билан айтганда, илм-фан ютуқларини ўзлаштириб бориш, замон билан ҳамнафас бўлиш дегани, худди оғир уйқудан уйғонишдек гап. Бошида ўрнидан туриш қийин кўриниб эриниб ётган одам бир амаллаб туриб олиб мусаффо тонг ҳавосидан бир тўйиб нафас олганда ҳамма эринчоқликлари сочилиб йўқолиб кетганидек, замонавий технологияларни муттасил кузатиб бориш қийиндек кўрингани билан бу ишни одат қилиб олган одамга роҳатга айланади, унинг ҳамма ишлари ўз-ўзидан осонлашиб бораверади. Давлатимиз раҳбари биздан ана шуни – танимиздаги эринчоқ томиримизни уйғотиб, ўзимизга қулайлик яратиб олишимизни талаб қиляпти. Биз ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб, шунга амал қилсак, Ватанимизни гуллатиб юборамиз, иншоаллоҳ.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Пятница, 05 Январь 2018 00:00

Ғамсиз яшашни истайсизми?

Кўнгил хотиржам, ғам-андуҳлардан йироқ, руҳингиз тетик, қалбингиз оромда бўлишини хоҳласангиз қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

1. Ёмон инсонлардан узоқ юрмоқ. Токи “касалликлар”и сенга ҳам ўтмасин. Зеро, руҳ шамол кабидир. Агар хушбўй нарсаларнинг устидан эсиб ўтса, ҳиди ҳам хушбўй бўлади ва аксинча. Қалб тоза руҳли, одамохун кишилар суҳбатида баҳра топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: Яхши ўртоқ мушк-анбар соҳиби, ёмони эса олов пурковчи темирчи босқони кабидир. Мушки анбар эгаси ё бу хушбўйликдан бир миқдорини сенга ҳадя этади, ёки сен ундан харид қиласан, ёхуд уни ҳидлаб фойда оласан. Аммо темирчи босқонидан чиқаётган аланга ё сенинг кийимингни ёндиради, ҳеч бўлмаса унинг бадбўй ҳидидан ҳидлашга мажбур бўласан.

2. Жунуб бўлган ҳолда ётиб ухламаслик.

3. Ҳамиша таҳоратли бўлмоқ. Зеро, таҳорат энг асосий исломий тамойиллардан биридир. Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: Етти кунда бир марта ғусл қилиб, бош ва бутун жасадни ювмоқлик ҳар бир мусулмон учун зарур бўлган амаллардандир. Ҳар бир руҳ таҳоратсизлик ва жунублик ҳолатидан нафратланса, таҳоратли ҳолидан масрур ва хушнуд бўлади ҳамда енгил тортади.

4. Нафсни сўроққа тутмоқ. Уни Аллоҳ ва Расулининг йўлидан юрмоқликка даъват этмоғинг даркор. Шайх ибн Арабий дейдики, шайхларимиз кундалик амал ва гапирган сўзларининг ҳисобини қилиб, дафтарларига қайд этиб боришарди. Кечқурун, хуфтон намозидан кейин эса дафтарларидаги қайдларни кўздан кечирарди. Агар кун бўйи қилинган амаллар истиғфор талаб этса, истиғфор айтишар, тавба қилинмоғи лозим бўлса тавба, шукр керак бўлса, Аллоҳга шукрлар айтиб, сўнгра ётишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай дейдилар: Киши дўстини сўроққа тутгани каби ўз нафсини тергаб, еб-ичаётганларининг қаердан келаётганлигини сўрамагунча муттақий бўлолмайди”.

5. Ҳар кунги амалларни назорат қилмоқ. Эътибор бергин-чи, хайрли амалларинг кўпмикан ё ҳайвоний – ёмон амалларингми?

6. Қаҳқаҳа отиб кулмоқни тарк этмоқ. Шундан бўлса керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда кулишдан қайтариб, аксинча мулойим табассум қилишга чақирганлар. Аслида, қаҳқаҳа ифрот, қовоғи осиқлик эса тафритдир.

7. Кунда фақат саккиз соат ухлашга одатланмоқ. Чунки кўп ухламоқлик ҳам инсондаги ижобий сифатларни ўлдиради, уни танбал қилади, ҳайвоний сифатларига куч бағишлайди.

8. Ўзингни кам гапиришга ўргатгин. Зеро, лақмалик – калтафаҳмлик белгиларидан бўлиб, “етти ўлчаб бир кесмоқлик”ка халал беради. Шошма-шошарлик ҳам ана шу ердан майдонга чиқади. Буни ҳамиша ёдингда тутгин.

9. Қорин очмагунча овқатланмаслик, тўймасдан дастурхон бошидан туриб кетмаслик.

10. Овқатланишдан олдин: "Бисмиллоҳ", еб бўлгач: "Алҳамдулиллаҳ", дейиш.

11. Овқатланишга ўтирганингда ўнг тиззанг қорнингга тегадиган даражада тик бўлсин, чап оёғинг устида ўтир ва ўнг қўлда егин.

12. Кўзингни аёлларга қараш, уларнинг "чиройли" сувратини томоша қилиш каби ҳаром манзаралардан асрамоғинг зарур. Бу каби нарсалар инсондаги шаҳват унсурини ғалаёнга келтиради, ақл чироғини сўндиради ва ҳаё пардасини йиртади. Охир-оқибатда эса ғазабга учрайдиганлардан бўлиб қоласан.

13. Ўринсиз ҳазил-мутойиба ва мунозалардан узоқлашмоқ. Чунки улар инсон руҳига олчоқлик ва бировни мазах қилиш туйғусини жойлаштириб қўяди. Энг зарур бўлган виқор  ва шахсиятнинг камол топишига халал беради. Эй, иршод талабидаги қардошим! Юқорида санаб ўтганларимизнинг ҳаммаси ман қилинган амаллардир. Ҳа, улардан узоқлашмоғинг даркор. Зеро, булар инсон шахсиятини йўқ қилиб, изтироб алангасига отади, уни масъулиятсиз бир ҳолга келтириб қўяди.

"Ғам-қайғусиз яшай десангиз (ўксинманг)" китобидан


 

 

 

Ҳаётий воқеа

Доктор Ишон Ҳусайний сафарга отланди. Тиббиёт соҳасида кўрсатган хизматлари учун халқаро анжуманга таклиф этилган.

Самолёт осмонга кўтарилди-ю, об-ҳаво айнигани боис йўналишини ўзгартириб, бошқа шаҳарга қўнди. Кейинги рейс ўн олти соатдан сўнг экан. Бундан хабар топган доктор қаттиқ асабийлашди: “Шунча вақт кута олмайман, кечга қоламан ахир!” Аэропорт ходимлари ижарага автомашина олиб, манзилга тезроқ етиб бориш мумкинлигини айтишди.

Жаноб Ҳусайний шоша-пиша йўлга чиқди, аммо аксига олиб, тез орада жала қуя бошлади. Атрофда на бир зот, на бошқа улов кўринади. Бундай ҳавода машина бошқаришнинг ўзи бўлмайди.  Доктор йўл юзидаги чоғроқ бир уй ёнида тўхтаб, эшикни тақиллатган эди, қулфланмаган экан. Ёмғирда ивиб кетган мусофир мезбондан ижозат ҳам сўрамай, ўзини ичкарига урди. Унга кекса аёл пешвоз чиқди. Доктор онахонга узрини айтиб, ҳовлиққан кўйи вазиятни тушунтирди:

– Зудлик билан қўнғироқ қилишим лозим, телефонингизни бериб турсангиз.

Аёл кутилмаган меҳмоннинг аҳволини кўриб, унга ачинди:

– Болам, ичкарига киринг, бир пиёла чой ичиб, уст-бошингизни қуритиб олинг. Иш қочмас...

Доктор бу гапларга аҳамият бермай, илтимосини такрорлади:

– Телефонингиз борми, қўнғироқ қилиб олсам бўладими?

– Телефонимиз йўқ-да, болам, – хижолатомуз жавоб берди аёл.

Чорасиз қолган меҳмон онахоннинг таклифини қабул қилди, ичкарига кириб исинди, эгнини қуритди, бир оз тамадди қилди. Шунда қўшни хонада унсизгина ётган гўдакка кўзи тушди. Тепасига бориб, унинг хаста эканини англади.

– Холажон, бу болага нима бўлган?

– Бу неварам... ҳам отаси, ҳам онасидан айрилган. Шаҳарчамиз шифокорлари касалига чора топа олишмади. Уларнинг айтишича, пойтахт томонларда Ишон Ҳусайний дегани бор экан, неварамни фақат шу одам даволай олармиш. Уни қанақа қилиб топаман? Ўзим у ёқларга боролмасам, бировни жўнатиб, чақиртирай десам, қўлим калталик қилади... – Онахоннинг овози титраб кетди. – Кечаю кундуз Парвардигорга илтижо қилиб, жигарбандимнинг дардига даво топадиган ўша бандангга рўпара қил, дейман.

Хокисор бу аёлнинг гапларини тингларкан, жаноб Ҳусайнийнинг бўғзига бир нима тиқилди, кўзлари ёшланди.

Холажон, Аллоҳ дуоларингизни қабул қилибди. Сизнинг илтижоларингиз осмонда чақмоқ чақтириб, самолётни ерга қўндирди, жалалар қуйдирди ва ниҳоят, мени эшигингизга келтирди. Сиз излаётган доктор Ҳусайний мен бўламан. Яратган бандаларининг чин ихлос билан қилган дуоларини ижобат этишига, истакларини рўёбга чиқаришига яна бир бор имон келтирдим. Гўдакка шифони Аллоҳ беради, мен бир сабабчиман, холос.

Абдулла ЙЎЛДОШЕВ,

Тошкент шаҳар “Исломобод” 
жоме масжиди имом-хатиби 

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top