muslim.uz

muslim.uz

 

Муборак Рамазон ойининг дастлабки 20 кунида Маккадаги Масжидул Ҳаромга 22 миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюрди, деб ёзади Islam News  Al Arabiya телеканалига таяниб.

Икки Муқаддас Масжидлар Бош бошқармаси бошлиғи Шайх Aбдурраҳмон ас-Судайснинг сўзларига кўра, бундай кенг кўламли зиёратчилар оқимини кутиб олиш ва кузатиш мутахассислар томонидан олдиндан кўрилган юқори тайёргарлик туфайли амалга оширилди.

Тезкор режа доирасида 4000 нафар ишчи Масжидул Ҳаромни кунига 10 марта тозалаш ишларини олиб борди. Яна 70 нафар ишчи гуруҳи масжид ҳудудини кечаю кундуз антисептик моддалар билан дезинфекция қилди. Масжид атрофида ва унинг радиусида 8000 га яқин транспорт воситалари, жумладан 3000 та электр транспорт воситалари ҳаракатланди, 90 нафар муҳандис-техник ходимлар бинонинг 200 та эскалатори ва 14 та лифтининг ҳолатини яхшилаш бўйича иш олиб борди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Инсоннинг ўнг ва чап томон аъзоларини ҳам Аллоҳ таоло яратган. Яратилиши жиҳатидан ўнг билан чап томон ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ.

Бироқ ислом дини ҳамма масалада бўлгани каби кундалик ҳаётда ҳам мезон белгилаган ва шайтонга ҳамда кофирларга қарши ўнг томондаги аъзолардан фойдаланишни маъқул ҳисоблаган. Чунки шайтон ҳар доим чап қўли билан иш қилади ва бирор ҳаракатни ҳам чап томондан бошлайди.

Имом Нававий ҳазратлари айтадики: “Муборак, шарафли ва пок ишларни бажараётганда ўнг томондан бошлаш жоиздир. Буларга сунани завоид дейилади. Бирлиги суннати зоидадир. Пойабзал, кўйлак кияётганда, соч тараётганда, мисвокдан фойдаланишда, тирноқ олаётганда, қўл-оёқларни юваётганда, масжидга кираётганда, ҳожатхонадан чиқаётганда, садақа бераётганда, таомга қўл узатаётганда, сув ичаётганда ўнг томондан бошланади”.

“Буларнинг аксини қилаётганда эса, масалан, пойабзални ечаётганда, таҳорат олаётганда, бурун қоқаётганда чап томондан бошлаш жоиздир”.

Бу борадаги ҳадиси шарифда “Сизлардан ҳеч бирингиз чап қўлингиз билан еб-ичмангиз. Чунки шайтон чап қўли билан еб-ичади” деб буюрилади.  

Ёмон инсонларнинг амаллар дафтари чап қўлига, яхши инсонларнинг амаллар дафтари эса ўнг қўлига берилади.

Қолаверса, коинотдаги бутун унсурлар ўнг томондан чап томонга қараб ҳаракатланади. Зарралардан тортиб юлдузларга қадар, қуёшдан тортиб барча самовий жисмларга қадар ҳаммаси бу мумтоз қонуниятга бўйсунади.

Инсоннинг амалларини ёзиб борадиган “кироман котибийн” фаришталардан яхши амалларни ёзадигани ўнг елкада ва амир (бошлиқ) мақомида, ёмон амалларни ёзадигани эса чап елкада ва маъмур (ходим) мақомида бўлади.

Каъбатуллоҳни тавоф қилаётганда ҳам ўнгдан чапга ҳаракатланилади.        

Алимардон Ҳайитов

Вилоятимизда Рамазони шариф кўтаринки кайфиятда ўтди. Муҳтарам Юртбошимизнинг Муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги қарорлари бу табаррук ойнинг файзига файз қўшди.

Рамазони шариф ойининг кириб келиши Давлат раҳбарининг эътиборида бўлиши бу мўмин-мусулмонларга эътибор демакдир.

Рамазони шариф ойида бўлиб ўтган таровиҳ намозлари, хатми Қуръонлар халқимиз қалбига чексиз хуррамлик бахш этди. Хатми Қуръонларнинг Қадр кечасида тамомланиши, бутун мамлакат бўйлаб мўмин-мусулмонлар дуолар қилишлари, шубҳасиз, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз камолига сабаб бўлади.

Бу йилги Рамазони шарифнинг ўзгача файз билан ўтганини намозхонларнинг юзларидаги хурсандчилик ифодаларидан ҳам кўрдик. Рамазони шариф – эҳсон, хайру саховат, яхшиликлар ойи. Шуни назарда тутган ҳолда Рамазони шариф ойида муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзилди.

Бу хайрли амал ҳам диниимиз кўрсатмаларига, ҳам халқимиз анъаналарига тўлақонли мутаносиб десак муболаға эмас. Бу ифторлик дастурхонларида барча ҳудудлардаги имом-хатиблар қатнашдилар, ўксик қалбларнинг хурсандчилигига шерик бўлдилар.

Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсатдир. Ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд бўлган аҳолимиз жойлардаги имом-хатиблар билан биргаликда Юртбошимиз ҳамда юрт, эл ҳаққига дуолар қилишди. Бу хайру саховатга бош-қош бўлган Давлатимиз Раҳбари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳаққига энг яхши миннатдорлик дуоларини қилдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Рамазони шариф умматимнинг ойидир” мазмунидаги ҳадисларига мувофиқ бу йил мамлакатимизда ҳақиқий хурсандчилик бўлди. Кам таъмилланган 1400 нафар фуқароларимизнинг Юртбошимиз ташаббуслари билан умра зиёратига жўнатилиши нур устига нур бўлди.

Биз имом-хатиблар умра  зиёратига бориб келган юртдошларимизнинг зиёратига борганимизда, улар кўзларида қувонч ёшлари билан Юртбошимиз ва барча мутасаддилар ҳаққига дуойи хайрлар қилдилар.

Дарҳақиқат, улар учун бу жуда катта имконият бўлди. Бу каби саховатга эҳтиёжманд инсонлар бугун фақат мана шу имкониятдан фойдаланиб, тинимсиз дуода, яхши тилакларда бўлдилар. Қувончлари таналарига сиғмаяпти. Ушбу эзгу амал, хайрли ҳаракат мамлакатимизда инсон қадри ҳар нарсадан баландлиги ва ижтимоий адолатнинг яққол далилидир.    

Бу йилги Рамазон ҳайити арафасида ҳам анъанага мувофиқ  муҳтарам Юртбошимизнинг халқимизга йўллаган Рамазон ҳайити табриги мўмин-мусулмонларимизни беҳад хурсанд қилди. Биз бу табрик билан танишиб чиқиб, унинг мазмун-моҳиятини одамларимизга етказдик. Табрик замирида муқаддас динимизга эътибор, асрий анъаналаримизга ҳурмат тимсолини кўришимиз мумкин.

Азизлар, бу муборак кунни ҳамжиҳатлик билан бир-биримиз билан ўзаро аҳил-иноқликда, кўнгилларимизга хурсандчилик улашиб ўтказайлик.

Қадрли юртдошлар, барчангизга Рамазон ҳайити байрами муборак, юртимиз тинчлик-хотиржамлигини бардавом, халқимиз фаровонлигини янада зиёда бўлсин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилояти вакили

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун тузилган Ишчи гуруҳи хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астрономия институтидан олган маълумотларга кўра, 1444 ҳижрий йил Шаввол ойининг янги ой фазаси (ҳилоли) шу йил 20 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да содир бўлган (туғилган).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ислом дини таълимотлари ва мазкур астрономик маълумотларга асосланган ҳолда диёримизда жорий йилда Рамазон ҳайити 2023 йил 21 апрель жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Яқиндагина интиқлик ила кутганимиз Рамазон поёнига ҳам етиб бормоқда. Бу муборак ойнинг илк кунидан бошланган хатми Қуръонлар улуғ кечада итмомига етди.

Юртимизнинг 1500 дан зиёд масжидларида, жумладан, Фарғона вилоятидаги 194 та жомеда ўтказилган хатми Қуръонлар Қадр кечасида ниҳояланди. Юртимиз бўйлаб бир вақтда якунланган Каломуллоҳ хатми сўнгида мўмин-мусулмонлар бир пайтнинг ўзида дуога қўл очдилар. Уламолар, аҳли илмларнинг маърифий суҳбатлари буюк кечанинг файзига файз қўшди. Хатми Қуръонларнинг 27 кунлик тажрибасидан ёшу қари бирдек қувонгани, халқимизга бу тадбир манзур бўлганини изҳор қилмоқдалар.

Кўзларда ёш, қалблар Аллоҳга боғланган ҳолда дуога кўтарилган қўллар ила мўмин-мусулмонлар ватани ва дини ривожи, халқи ва оиласи фаровонлиги, икки дунё саодатини сўраб илтижо қилдилар. Илоҳо, улуғ кечаларда Аллоҳнинг байтида туриб қилинган дуолар ижобат бўлсин!

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top