Ўзбекистон янгиликлари

Улуғ кечада Аллоҳнинг байтида туриб қилинган дуолар ижобат бўлсин!

Яқиндагина интиқлик ила кутганимиз Рамазон поёнига ҳам етиб бормоқда. Бу муборак ойнинг илк кунидан бошланган хатми Қуръонлар улуғ кечада итмомига етди.

Юртимизнинг 1500 дан зиёд масжидларида, жумладан, Фарғона вилоятидаги 194 та жомеда ўтказилган хатми Қуръонлар Қадр кечасида ниҳояланди. Юртимиз бўйлаб бир вақтда якунланган Каломуллоҳ хатми сўнгида мўмин-мусулмонлар бир пайтнинг ўзида дуога қўл очдилар. Уламолар, аҳли илмларнинг маърифий суҳбатлари буюк кечанинг файзига файз қўшди. Хатми Қуръонларнинг 27 кунлик тажрибасидан ёшу қари бирдек қувонгани, халқимизга бу тадбир манзур бўлганини изҳор қилмоқдалар.

Кўзларда ёш, қалблар Аллоҳга боғланган ҳолда дуога кўтарилган қўллар ила мўмин-мусулмонлар ватани ва дини ривожи, халқи ва оиласи фаровонлиги, икки дунё саодатини сўраб илтижо қилдилар. Илоҳо, улуғ кечаларда Аллоҳнинг байтида туриб қилинган дуолар ижобат бўлсин!

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

964 марта ўқилди

Янгиликлар

Top