muslim.uz
Ҳимматингизга балли, одамлар!
Мардлик – қўрқувга ёт тушунча. Бугун юртимизнинг ҳамма жойида мардлик кўрсатаётган қаҳрамонларимизни кўришимиз мумкин. Жон ичра жон бўлмиш Ватан мана шу меҳнаткаш миллат сабаб гуллаб-яшнамоқда. Бу тупроққа киндик қони тўкилган ҳар бир инсон ушбу чаманга гуллаб турувчи ниҳол ўтқазади. Бу ишларни амалга ошириш учун албатта соғлом бўлмоқлик шарт. Бизнинг Ватанимизда “COVID-19” деганларини енгишда халқнинг бирдамлиги, Юртбоши раҳбарлигидаги жипслик асосий сабаб-восита эканлигини ҳаёт исботламоқда. Мен Ёзёвоннинг бир қишлоғида яшовчи юрт аёли, бахтли она, пиру бадавлат буви сифатида қаҳрамонларни узоқдан изламай, қишлоғимнинг фидойи фуқаролари тимсолида халқсеварлик, юртсеварлик суратини чизиб бермоқчиман.
Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон арафасида диёримизда келиб чиққан вазиятлар туфайли “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эълон қилишлари халқимиз учун хайрли қадамга бир чақириқдай бўлди. Хайриялар манзилли ташкил этилди, ифторликларга сарф этиладиган ҳаражатларни эҳтиёжмандларга йўналтирилди, бу ишлар жиддий тартиб асосида ташкил этилди. Юртбошимизнинг куюниб: “Буларнинг бари ҳеч бир таъмасиз, бу менинг энг яқин ватандошим, деб меҳр билан қилиниши керак”, деб айтган сўзлари имконияти бор инсонларни саховатга чорлади.
Барча туман ва чекка қишлоқларда ҳам тадбиркор, фермерлар, ташкилотлар аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдамлар кўрсатишмоқда. Бу ишга туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг бош-қош бўлаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда. Юртбошимиз бу хайрли йўлда ташкилотчиларни ҳам қўллаб-қувватлашларини, тадбиркор халққа бирни берса, бу синовли кунлар якунида ортиғи билан қайтарилишини айтиб, халқ билан давлат чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Президентимиз нутқини тинглар эканман, кўзларимдан шукрона ёшлари сизиб чиқди. Туманимизда кечаётган жараёнлар мен каби нуроний муаллима аёлга юксак ифтихор бағишлади.
Ёзёвонлик бир фермер юзлаб хонадонларга нон тарқатаётгани, яна бир халқнинг фидойиси ун, ёғни арзонлашган нархда кўчма дўконларда одамларга етказиб бераётгани, чевар аёллар ҳам уйда тинч ўтирмай ниқоб тикиб бепул улашаётгани оддий ҳолатга айланиб қолди. Мақолани қоралаш пайтимда тунни тонгга улаб, ойлаб оиласи бағридан узоқда хизмат бурчини бажараётган Республика Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан кўмакка мухтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги хабар келди. Бундай хабарлар тинмай бир-бирига уланмоқда.
Донолардан бири “Жасоратли юрак ҳар қандай мусибатни чил-парчин қилади”, деган экан. Кутилмаганда ҳаётимизга кириб келган бу вазият, мусибатларда имон-эътиқодимиз, сабр-бардошимиз яна бир синовдан ўтаётгандек. Юқоридаги фикр халқимизнинг танти, олижаноб, сабр-бардошли инсонларга қарата айтилгандек. Зеро, эҳсоннинг жавоби эҳсондир.
Илоҳим, ҳимматлилар сафи кенгаяверсин! Рамазон кунларида саховатпешаларнинг савобли амалларини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин.
Ўктамхон СОЛИЕВА
Онлайн хабарни М.УЛУҒОВА ёзиб олди
Тез ўқиш дегани нима ва нега бизга бу керак?
Тез ўқиш дегани нима ва нега бизга бу керак? Тез ўқиш шунчаки тез ўқиш ҳақида эмас. Шунингдек, сиз ўқишни тугатганингизда қанча маълумотни эслаб қолишингиз мумкин. Жаҳон чемпионатининг тезкор ўқитиш мусобақасида айтилишича, унинг энг яхши рақобатчилари бир дақиқада ўртача 1000-2000 сўз орасида. Аммо улар мусобақада қатнашиш учун бунинг камида 50 фоизини эсга олишлари керак. Бу хозирги вақтда одамлар катта ҳажмдаги маълумотни ўзлаштиришлари керак бўлган ҳар қандай шароитда тез ўқиш муҳим маҳоратга айланди. Касбий ишчилар ҳар куни кўплаб ҳужжатларни топширишга ёрдам бериш учун ўқиш қобилиятига муҳтож, талабалар эса топшириқларни бажара олмаётганликлари сабабли ҳар доим кўпроқ ўқиш ва тезроқ ўқиш кераклигини ҳис қилишлари мумкин. Ўқиш тезлигини оширишнинг турли хил усуллари мавжуд бўлса-да, ҳийла биринчи навбатда қандай маълумотни олишни ҳал қилади. Масалан, агар сиз фақатгина муаммонинг қўпол кўринишини хоҳласангиз, унда материални тезда кесиб ташлаб, асосий далилларни чиқариб олишингиз мумкин. Аммо, агар ҳужжатдаги ҳар бир тафсилотни тушунишингиз керак бўлса, унда буни тушуниш учун уни аста-секин ўқиб чиқишингиз керак. Агар аҳамиятсиз тафсилотларни эътиборсиз қолдиришни билсангиз ҳам, ўқиш тезлигини оширадиган яна бир қанча яхшиланишлар мавжуд. Масалан, кўпчилик жимгина ўқиса, тезроқ ўқий олади. Ҳар бир сўзни овоз чиқариб ўқиш, талаффуз қилинмасдан олдин миянгизда тўлиқ айланиш учун вақт талаб этади. Баъзи тадқиқотчилар, биринчи ва охирги ҳарфлар мавжуд бўлганда, мия тартибни тушуниши мумкин деб ҳисоблашади мантиқий равишда ҳар бир бўлакни жойига қўйганлиги учун, бу сўздаги бошқа ҳарфлар. яна бир муҳим усул. Аксарият одамлар ҳарфларни хат орқали ёки сўзма-сўз ўқишни ўрганадилар. Яхшиланганингиз сайин бу ўзгаради. Эҳтимол сиз бир нечта сўзларга эътиборингизни қаратаётганингизни, кейин кўзларингизни кейинги сўзлар блокига йўналтирганингизни билиб оласиз. Сиз бирма-бир эмас, балки бирма-бир сўзларни ўқияпсиз. Сиз ҳар доим битта блокдан бошқасига ўтмаслигингизни пайқашингиз мумкин: баъзида бирон бир нарсада ишончингиз комил бўлмаса, олдинги блокка қайтишингиз мумкин. Тажрибали ўқувчи ҳар бир блокда жуда кўп сўзларни ўқийди. У ёки у ҳар бир блокни бир зумда кўриб чиқади ва кейин ҳаракат қилади. Фақат камдан-кам ҳолларда ўқувчининг кўзлари аввалги сўзлар тўпламига қайтади. Бу ўқувчининг кўзига тўғри келадиган иш ҳажмини камайтиради. Бундан ташқари, маълум вақт ичида олиниши мумкин бўлган маълумотлар ҳажмини оширади. Бошқа томондан, секин ўқувчи кичик сўзларни ўқиш учун кўп вақт сарфлайди. У тез-тез орқага қайтиб, матннинг тузилиши ва тузилишини йўқотиб, мавзу ҳақида умумий тушунчани бузади. Кўзнинг бундай тартибсиз ҳаракати тезда чарчатади. Ўқиш тезлигини оширишга қодир бўлган энг яхши маслаҳат бу машқ қилишдир. Буни самарали бажариш учун одам материал билан шуғулланиши ва кўпроқ нарсани билишни исташи керак. Агар сиз доимий равишда битта хат бошини қайта-қайта ўқиб туришга дуч келсангиз, диққат эътиборингизни жалб қиладиган ўқиш материалига ўтишингиз мумкин. Агар ўқиётган нарсаларингиз сизга ёқса, тезроқ ривожланасиз .
Имом Бухорий номли Тошкент Ислом Институти Инглиз тили ўқитувчиси Қодиров Ф
Ҳар кунингиз Рамазон бўлсин!
Тасаввур қилинг, сизнинг ўта ашаддий душманингиз бор. У сизга шу даражада душманчилик қиладики унга қарши туришга сизда мадор қолмаган. Камига, у сиз бутун умрингизни тиккан, бор кучингиз билан ҳаракат қилаётган ҳамда бутун ўй-фикрингизни эгаллаган орзу ва мақсадингиз йўлида энг катта тўсиқ бўлиб турибди. Сиз мақсад сари қанча ҳаракат қилсангиз у сизни бу йўлдан буриб юбориш учун сизданда кўп тер тўкмоқда. Унинг бу зулмларидан, сизга ёмонликларидан чарчадингиз, кучингиз қолмади. Айни шундай ҳолда қийналиб турганингизда сизга бир хушхабар етиб келди. Билдингизки, душманингиз қилган жиноятлари сабаб кишанланибди, мақсадингиз тарафга эса бир қадам қолган. Ушбу хабардан қанчалик хурсанд бўласиз? Нималарни ҳис этасиз? Юрагингиз ҳапқириб, ҳаяжондан ёрилишига бир баҳя қолади, шундай эмасми?
Агар ушбу ҳолатни тасаввур қила олган бўлсангиз биз сизга етказмоқчи бўлган хушхабарни қабул қилинг. Бизнинг энг катта душманимиз бўлган, доимий бизни васвасага соладиган шайтон кишанланган, энг катта орзуйимиз, бутун вужудимиз билан талпинаётганимиз жаннат эшиклари эса ланг очиқ турибди. Ушбу хушхабарни биз ўзимиз ўйлаб топганимиз йўқ. Бу хабарни инсонларнинг энг ростгўйи, икки олам саййиди ва суюкли Ҳабибимиз (с.а.в) айтмоқдалар. Келинг, У зотнинг сўзларига қулоқ тутинг:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ، وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ». رواه البخاري ومسلم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рамазон келганда жаннатнинг (барча) эшиклари очилади, дўзахнинг (барча) эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бундай ажойиб хушхабарни эшитган ҳар қандай мўмин беихтиёр ҳар куни Рамазон бўлишини, бу ой уни ҳеч қачон тарк этмаслигини истайди. Ҳар кунимиз Рамазон бўлиши учун эса ушбу ойни ғанимат билиш, унда амалларни кўпайтириб олиш лозим. Агар биз йил бўйи айни шу кайфият бизни тарк этмаслигини истасак бу ойда ўзимиз учун бирор яхши амални вазифа қилиб доимий одатга айлантириб олишимиз керак бўлади. Масалан, аваллари Қуръон тиловатини камроқ қилган бўлсак бу ойда кунлик вазифани ўқишга одатланишимиз ва буни йил давомида тўхтатмаслигимиз ёки жамоат намозларига бироз бепарволик қилган бўлсак бу ойда жамоатга одатланиб йил бўйи амал қиладиган одатимизга айлантириб олишимиз лозим. Ана шунда бу гўзал ойнинг шукуҳи бизни йил давомида тарк этмайди ва шайтонлар кишандан бўшатилганда ҳам улар бизнинг амалларимизга тўсқинлик қила олмайди.
Аллоҳ таоло ушбу муборак ойнинг қолган ўн кунлик – маърифат даҳасини ҳам ғанимат билишимизни, унда солиҳ амалларни янада кўпайтириб олишимизни барчамизга насиб айласин. Ҳар кунимиз Рамазон бўлсин!
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Энг муҳими, карантин тугагандан кейин эски одатларимизга қайтмасак бўлгани. Ана шуни унутмаслик зарур
2020 йил бутун дунё халқлари учун ғоят синовли давр бўляпти. Барча бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши кураш олиб бормоқда. Лекин, шунга қарамай, бу ўлат ҳали-ҳануз тарқалишда давом этяпти. Охирги маълумотларга кўра, дунё миқёсида 4 миллион 900 минг нафардан ортиқ кишида инфекция аниқланган. Вафот этганлар сони эса 323 мингдан ошиб кетди.
Бу рақамлар ҳар биримизни янада ҳушёрликка чақириб, гигиенага қоидаларига қатъий риоя этиб, карантин талабларини бузмасликка ундаши керак.
Жорий йил 13 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз: “Коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириш керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган тартибда ўтказиш одатий қоидага айланиши зарур”, деб таъкидладилар.
Дарҳақиқат, тан олиб айтиш жоизки, биз ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўйган эдик. Динимиз таълимотига, маънавиятимиз кўрсатмаларига риоя қилишда сусткашликларга йўл қўйдик. Тўй-ҳашамлар, оилавий танталарда очиқчасига “кимўзар”га (!) киришиб кетдик. Исрофга ружу қўйдик.
Фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфлаш зарур бўлган маблағларни тўй қиламан деб бир кунда кўкка совурдик. Афсуски, бундай ишларга қурби етган ҳам, етмаган ҳам киришиб кетди. Оқибатда айримлар бир умр қарз тўлашни зиммасига олди.
Бежиз маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Бечора косибнинг аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечоранинг аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур...
...Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болалар ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб, диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун”, деб куйиб-пишмаган эди.
Таъбир жоиз кўрилса, коронавирус бошимизга гурзидек “урилмагунича” кўзимизни очмадик. Умр бўйи йиғган маблағларимиздан закот, ушр беришни унутиб қўйдик. Эҳсонларга, тўйларга очлар четда қолиб, тўқларни таклиф этдик. Бунинг оқибатида риё, сумъа каби иллатлар урчиди. Бу дунёда яшашдан мақсад фақат тўй қилиш экани, афсуски, онгуу шууримизга сингиб қолди.
Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида бежиз карантин тугагандан кейин ҳам тўй-маросимларни жуда чекланган ҳолда ўтказиш зарурлигини таъкидламадилар. Ахир, динимиз таълимотида ҳам дабдаба билан тўй қилиш қаттиқ ва қатъий қораланади.
Ҳар сўз ва ҳар ишда бизларга ибрат бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай тўй қилганлари ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва Сафия бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо)га уйландилар. Мен мусулмонларни валимага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сариёғ ташланди. У зотнинг валималари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ривояти).
Тарихга назар солинса, ўтган умматларга ёғилган бало-офатлар уларнинг туғёнга кетиши туфайли содир бўлган. Худди шундай биз ҳам Буюк Яратувчини эсламай қўйдик. Ўзлигингиздан, инсонийлигингиздан юз ўгирдик. Қадриятларимизни беқадр қилдик. Берилган неъматларимни суиистеъмол қилдик.
Ҳеч бир нарса бесабаб, беҳикмат бўлмайди, албатта. Аллоҳ таоло бу балони юбориб, бандалари унутиб қўйган сабр, меҳр-оқибат, қаноат, тинчликни асраш, хотиржамликнинг қадрига етиш, соғлик бебаҳо неъмат эканини тафаккур қилиш, хуллас, одамга одамийликдан сабоқ бермоқда.
Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бани башар уйда ўтириб ўйга толгач, мутахассисларнинг айтишича, сайёрамиз экологияси анча тозаланибди. Шояд уйда ўтириб сабрга, итоатга, қаноатга ўргансак, олдинги қилмишларимиздан хулоса чиқарсак, қалбларимиз ҳам атмосфера каби тозаланса.
Мен 2020 йилни саодат асрида бўлган “маҳзунлик” йилига қиёслагим келди. Ўша йили Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячилари бўлган икки буюк шахс Хадича розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб оламдан ўтди. Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни, асосан, жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулму ситамлардан ҳимоя қилган бўлса, Хадича онамиз у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.
Ўша йили Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини кўтариш, умидларини узмаслик мақсадида ҳузурига чорлади: Исро ва Меърож воқеаси содир бўлди. Яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”лиги илоҳий тақдир билан исботланди (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).
Асрлар давомида не-не машаққатларни, турли синовларни енгиб ўтган донишманд халқимиз, албатта, бу балодан ҳам эсон-омон, бағрибутунликда чиқиб олади, насиб этса. Буюк Раббимиз худди халили Иброҳим алайҳиссаломни ўтда, жамили Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими Мусо алайҳиссаломни денгизда ва Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби бизни ҳам коронавирусдан асрагай, иншоаллоҳ! Энг муҳими, карантин тугагандан кейин эски одатларимизга қайтмасак бўлгани. Ана шуни унутмаслик зарур.
Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бир ҳадис шарҳи
Бугунги кунда кўпчилигимиз рўза тутиш деганда ейиш, ичиш ва жинсий эҳтиёждан сақланиш маъносинигина тушуниб қолганмиз. Рўза тутишдаги бор эътиборимиз ҳам ана шу уч нарсага қаратилган. Тўғри, аъзолар ҳам рўза тутиши, гуноҳлардан рўза тутиш ва бошқа рўзалардан ҳам хабаримиз бор, аммо улардан сақланишга бўлган эътиборимиз ҳукмий рўзанинг шартларига нисбатан анчагина камроқ бўлиб қолган. Аслида, биз рўзанинг баданий шартлари билан биргаликда руҳий ҳолатимизни ислоҳ этадиган жиҳатларини ҳам ўрганиб, барчасига бирдай эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун биз ҳадиси шарифларни диққат билан мутолаа қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир сўзларини юксак маҳорат ва кўп маъноларни ифода этадиган шаклда баён этар эдилар. У зотнинг рўза ҳақидаги ҳадисларини мутолаа қилар эканмиз қуйидаги ҳадис эътиборимизни тортди:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أنّ النبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال: «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ» رواه الترمذي.
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон сўз ва унга амал қилишни тарк қилмас экан Аллоҳ унинг таоми ва шаробини тарк этишига муҳтож эмас», дедилар. Термизий ривояти.
Ҳадиси шарифда келган “зур” сўзини биз “ёлғон” дея таржима қилдик. Аслида ўзбек тилида бу сўзнинг тўғридан-тўғри маъносини бир сўз билан ифодалаш мушкул. Ушбу сўз барча ёмон – ғийбат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш, умуман олганда, барча гуноҳ бўладиган сўзларни ўз ичига олади.
Ҳадиси шарифнинг лафзларига эътибор қаратсак биз учун керакли маъноларни уқиб олишимиз мумкин бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли хил ҳаром этилган сўзлардан тийилмаган инсоннинг амалини “рўза тутиш” эмас, “таоми ва шаробини тарк этиши” деб атадилар. Бундан тушунишимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тоифадаги амални ҳатто рўза қаторига ҳам қўшмадилар. Бу эса турли хил ёмон сўзларни тарк этиш шарт эканлиги, акс ҳолда тутилган рўзанинг савобига жуда катта салбий таъсир этишини билдиради. Аммо ушбу ҳадис ёлғон гапирган инсон рўзасини бузиши керак деган маънони англатмайди. Ҳофиз Ибн Ҳажар ушбу ҳадис шарҳида Ибн Баттол (р.ҳ)дан қуйидаги маънода берилган шарҳни келтириб ўтганлар: “Ушбу ҳадис рўзани тарк этишга буюриш маъносида эмас, аксинча, ёлғон ва шу каби сўзларнинг оқибатидан огоҳлантиришдир. Ҳадисдан ирода этилган маъно ёлғон сўзлар аралашган рўзанинг қабул бўлмаслиги ва ана шундай нарсалардан саломат бўлган рўза эса қабул бўлишидир”.
Демак, барча гуноҳлар биз тутаётган рўзага ўз таъсирини ўтказади, улар сабаб кун иссиғида, қийналиб қилган амалларимизнинг савоби камаяди, ҳатто гуноҳлар кўпайиб кетса бутунлай савобсиз қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай экан, азиз биродарим, рўза билан биргаликда ўз нафсимизни тарбия қилайлик, агар ўзимизда шундай ёмон одатни сезсак, дарҳол тавба қилиб уни йўқотишга қаттиқ ҳаракат қилайлик. Зеро, гуноҳдан ҳақиқий тавба қилган инсон худди гуноҳ қилмаган кишидек бўлиб қолади.
Ийсохон Яҳё тайёрлади