Мақолалар

Ҳимматингизга балли, одамлар!

Мардлик – қўрқувга ёт тушунча. Бугун юртимизнинг ҳамма  жойида мардлик кўрсатаётган қаҳрамонларимизни кўришимиз мумкин. Жон ичра жон бўлмиш  Ватан мана шу меҳнаткаш миллат сабаб гуллаб-яшнамоқда. Бу тупроққа киндик қони тўкилган ҳар бир инсон ушбу чаманга гуллаб турувчи ниҳол ўтқазади. Бу ишларни амалга ошириш учун албатта соғлом бўлмоқлик шарт. Бизнинг Ватанимизда “COVID-19” деганларини енгишда халқнинг бирдамлиги, Юртбоши раҳбарлигидаги жипслик асосий сабаб-восита эканлигини ҳаёт исботламоқда. Мен  Ёзёвоннинг бир қишлоғида яшовчи юрт аёли, бахтли она, пиру бадавлат буви сифатида қаҳрамонларни узоқдан изламай, қишлоғимнинг фидойи фуқаролари тимсолида халқсеварлик, юртсеварлик суратини чизиб бермоқчиман.

Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон арафасида  диёримизда келиб чиққан вазиятлар туфайли “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эълон қилишлари халқимиз учун хайрли қадамга бир чақириқдай бўлди.  Хайриялар манзилли  ташкил этилди, ифторликларга сарф этиладиган ҳаражатларни эҳтиёжмандларга йўналтирилди, бу ишлар жиддий тартиб асосида ташкил этилди.  Юртбошимизнинг куюниб: “Буларнинг бари ҳеч бир таъмасиз, бу менинг энг яқин ватандошим, деб меҳр билан қилиниши керак”, деб айтган сўзлари имконияти бор инсонларни саховатга чорлади.

Барча туман ва чекка қишлоқларда ҳам тадбиркор, фермерлар, ташкилотлар аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдамлар кўрсатишмоқда. Бу ишга туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг бош-қош бўлаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда. Юртбошимиз бу хайрли йўлда ташкилотчиларни ҳам қўллаб-қувватлашларини, тадбиркор халққа бирни берса, бу синовли кунлар якунида ортиғи билан қайтарилишини айтиб, халқ  билан давлат чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Президентимиз нутқини тинглар эканман, кўзларимдан шукрона ёшлари сизиб чиқди. Туманимизда кечаётган жараёнлар мен каби нуроний муаллима аёлга  юксак ифтихор бағишлади.

Ёзёвонлик бир фермер юзлаб хонадонларга нон тарқатаётгани, яна бир халқнинг фидойиси ун, ёғни арзонлашган нархда кўчма дўконларда одамларга етказиб бераётгани, чевар аёллар ҳам уйда тинч ўтирмай ниқоб тикиб бепул  улашаётгани оддий ҳолатга айланиб қолди. Мақолани  қоралаш пайтимда тунни тонгга улаб, ойлаб оиласи бағридан узоқда хизмат бурчини бажараётган  Республика Ички ишлар вазирлиги Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан  кўмакка мухтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги хабар келди. Бундай хабарлар тинмай бир-бирига уланмоқда.

Донолардан бири “Жасоратли юрак ҳар қандай мусибатни чил-парчин қилади”, деган экан. Кутилмаганда  ҳаётимизга  кириб келган бу вазият, мусибатларда имон-эътиқодимиз, сабр-бардошимиз яна бир синовдан ўтаётгандек. Юқоридаги фикр халқимизнинг танти, олижаноб, сабр-бардошли инсонларга қарата айтилгандек. Зеро, эҳсоннинг жавоби эҳсондир.

Илоҳим, ҳимматлилар сафи кенгаяверсин! Рамазон кунларида саховатпешаларнинг савобли амалларини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин. 

 

Ўктамхон СОЛИЕВА 

Онлайн хабарни М.УЛУҒОВА ёзиб олди

 

 

2122 марта ўқилди

Мақолалар

Top