muslim.uz
Синов эмас, ундан ўтолмаслик ёмондир
Аллоҳ таоло Каломи шарифида инсонларни нималар билан синаши ва уларни қандай қабул қилиш кераклигини баён этади: “Албатта, биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар” (Бақара сураси, 155-157 оятлар).
Ушбу ояти каримани Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ бундай шарҳлайдилар: “Биламизки, аслида кишилар бошига синовларнинг келиши ёмон эмас, балки унинг синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида имтиҳонлар яхшидир”.
Бугун дунё аҳолиси бошида коронавирус касаллигининг ваҳимаси айланмоқда. Ушбу касаллик юртимизда ҳам қайд қилинди. Хўш, ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқиш нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ, дейилган?
Бундай кишилар қўрқув билан хатарни янада кўпайтиради. Хавотир ва ваҳима эса хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан ортиқча қўрқувдан четланиш лозим! Эй биродар, ваҳима яшашни бас қилинг!
Дунё Ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Бундай ҳолатда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чораларини кўради. Вабо каби тез тарқаладиган касалликлар пайдо бўлган жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббиёт вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши каронавирус бўйича фатвоси эълон қилинди. Унда барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунча жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқиш, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этиш, жаноза намозларини вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқиш, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилишини маълум қилинди.
Шунингдек, мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклиги, ҳар бир мусулмон ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлиги, касалликнинг олдини олиш борасида тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш тавсия этилди.
Бундан ташқари, бундай вазиятда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситалар нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлигини чуқур англаб, ушбу қоидаларга қатъий амал қилишга чақирилди.
Минг афсуски, ҳозирги ҳолатда карантин тартиб-қоидалари ва Диний идора Уламолар кенгашининг фатвоси тўғрисида аҳоли орасида нотўғи, асоссиз, бир ёқлама ахборотларни тарқатишга уринишлар бўлиб турибди. Бундай ишлардан қатъий сақланиш зарур.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар" (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади”, дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиш ҳақидаги “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадисга амал қилишимиз лозим.
Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, хулоса қилиш дунё ва охиратда пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган киши ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Ишончли маълумотни олиш ва аниқлашда ҳар бир соҳанинг мутахассисига мурожаат қилиш керак.
Муқаддас Қуръони карим инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 6-оят). Демак, бало-офатлар тарқалганда бандалар ибодат, зикру тасбеҳ ва истиғфорларни янада кўпайтириши, Аллоҳ таолодан офият сўраб кўп-кўп дуои илтижолар қилиши керак.
Аллоҳ таоло дунёдаги барча мўмин-мусулмонларни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин!
Раҳматилла УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби
Коронавирус тез кунда даф бўлади ёҳуд Аллоҳ таолонинг раҳмати яқин
Хитойда бошланган бу вабо бутун дунёга тарқалаётгани барчага маълум. Шу жумладан бизнинг юртга ҳам кириб келди. Айни пайтда юртимизда карантин эълон қилинган.
Кунига ойнаижаҳон ёки интернет тармоқлари ёки одамларнинг оғзидан дунё бўйича нечта одамнинг касалликка чалингани ва нечтаси вафот этгани, энг ачинарлиси, ўз юртимиздаги касалланганларнинг сони ортиб бораётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб ҳар қандай инсоннинг қалби эзилади, ўз-ўзидан ташвишга, саросимага туша бошлайди.
Азиз юртдошлар, бу вабо барчамизнинг ташвишимиз, асосий муаммомизга айланди. Бундай оммавий мусибат пайтида, бу касалликка чалинаётганларни эшитиб тушкунлик, ваҳима ва саросимага тушмайлик!
Барча иш яратган Эгамиз Аллоҳ таолонинг қўлида. Бой қилувчи ҳам, фақирга айлантирувчи ҳам, касаллик юборувчи ҳам, касалликни даф қилувчи ҳам, даво берувчи ҳам ягона ўзидир. Ўзига талпинайлик. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган-ку:
وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِن بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ {الشورى/28}
У (одамлар) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳматини (баракотини) кенг ёядиган зотдир. У (мўминларга) Валий (дўст) ва Ҳамид (ҳамд эгаси)дир (Шууро сураси, 28-оят).
Ерлар ҳосил бермай, ҳайвонлар бирин-кетин қирилиб кетган, экинзорлар қуриб, ёниб кетган, ҳайвонларнинг елимларида сутлар қолмаган, уйларда озуқалар тугаган, гўдаклар очликдан йиғлаган, одамлар ноумид бўлишни бошлаганда Аллоҳ таоло улар устидан раҳматини нозил қилиб, ёмғир ёғдирди.
Демак, Аллоҳ таоло бандаларига раҳм қилувчи, улар устидан ўз раҳматини ёғдирувчи Зот эканми, биздан ҳам бу Коронавирус вабосини тез орада кўтаришини умид қиламиз. Фақат ноумид бўлмай, ўзига ибодат қилиб дуолар қилсак бўлгани.
Яратган Эгамизга беадад ҳамдлар бўлсинки, бизларни мусулмон қилиб қўйди, уйларимизда бўлса ҳам ибодат қилишда давом этмоқдамиз. Намоз ўқияпмиз, Қуръон тиловат қиляпмиз, зикрлар, салавотлар айтаяпмиз, аҳлларимиз тарбияси билан шуғулланяпмиз. Мусулмон инсон ҳар ҳолатда ҳам ютади. Бу
оз кунлар барчамиз учун Аллоҳ таоло ва Расулини таниб олишга, динини ўрганишга бир фурсат бўлиб турибди. Фойдаланиб олайлик!
Кўнглимизга хурсандичилик улашадиган, бизларга ҳушхабар берадиган яна бир ҳадисни ўрганиб чиқайлик:
قال نبينا صلى الله عليه وسلم : عجب ربنا من قنوط عباده وقرب غيره ينظر إليكم أزلين قنطين فيظل يضحك يعلم أن فرجكم قريب (رواه الامام أحمد).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Роббимиз бир ҳолатни бошқа ҳолатга ўзгартириши жуда яқин бўлишига қарамай, бандалар қаттиқ ноумид бўлиб қолишидан ажабланади. Аллоҳ таоло танг аҳволга тушиб ноумид бўлиб турганингизда сизларнинг фаражингиз (танг аҳволдан қутулиш, шодлик, роҳат, кенгчилик) яқин эканини билган ҳолда сизларга қараб кулиб туради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни айтиб бўлиб кулиб қўйган эканлар, биз ҳам кулайлик, хурсанд бўлайлик, тушкунликка тушмайлик, ҳаммаси яхши бўлади.
Биз бандалар шундай, ҳаётимиз бир теккис, тинчилик-тотув, соғлиқ-саломат ҳолда давом этишини хоҳлаймиз ва бу ҳолатга ўрганиб қоламиз. Кўпинча шу ҳолат ҳам бизни Роббимизни унутиб қўйишимизга сабаб бўлади. Доимий бир теккисликда кетаётган ҳаётимизда мабодо, бирор чуқурлик чиқиб қолса, ёки ишимиз юришмай қолса, ёки бирор касаллик етса, дарров тушкунликка тушиб ноумид бўлиб қоламиз. Мазкур ҳадиси шарифда ҳам бандалар танг аҳволга тушганларида қаттиқ ноумид бўлиб қолишлари айтилмоқда. Аслидачи, биз бандалар ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан ноумид
бўлмаслигимиз лозим экан. Чунки Аллоҳ таоло ёмонликдан яхшиликка, беморликдан соғлиқ-саломатликка, бало ва оғир ҳолатлардан хурсандчилик, кенгчиликка чиқариши, ўзгартириши жуда яқин фурсатда бўлар экан.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا {الشرح/5} إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا {الشرح/6}
Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Демак, ҳозирги қийинчилик ҳолимиздан кейин яқин кунларда
бизларни осончилик, яхшилик ва катта ютуқлар кутиб турибди.
Аллоҳ таолонинг раҳмати яқин экани ҳақида Қуръони Каримда шундай баён қилинади:
وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ {الأعراف/56}
Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир (Аъроф сураси, 56-оят).
Биз мўмин-мусулмонлармиз Аллоҳ таолонинг раҳматидан, бошимиз узра турган бу балони тез кунларда кўтаришини умид қиламиз. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
قَالَ وَمَن يَقْنَطُ مِن رَّحْمَةِ رَبِّهِ إِلاَّ الضَّآلُّونَ {الحجر/56}
У: «Фақат адашганларгина ўз Роббисининг раҳматидан ноумид бўлурлар», – деди (Ҳижр сураси, 56-оят).
Шундай экан, биз касал бўлсак, тез орада Аллоҳ таоло шифо бериши, ёмонлик етганида, тез орада Аллоҳ таоло ўрнини яхшилик билан қоплаши, бало етганида, тез кунларда Аллоҳ таоло балони кўтариши, танг аҳволга тушганимизда, Аллоҳ таоло тез орада бизларга кенгчилик беришини умид қиламиз.
Ҳушхабар тез орада бу бало биздан даф бўлади.
Интернет манбаларидан фойдаланиб Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ тайёрлади
Фарғонада отинойилар тиббий ниқоб тикиб тарқатмоқдалар
Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган отинойилар карантин пайтида аёллар вақтни унумли ўтказишларини мақсад қилиб хайрли ишга қўл урдилар. Вилоят отинойиси Ҳ.Комилова бошчилигида ҳудудлардаги отинойилар масофавий ҳамкорликни йўлга қўйиб, халқимиз, хусусан, аёл-қизлар учун тиббий ниқоблар тикиб тарқатишни йўлга қўйдилар. Ҳозирга қадар тарқатилган ниқоблар сони 20 мингдан ошди. Отинойилар бу билан кифояланмай, оналар ва болалар карантин вақтида мутолаа қилишлари учун диний-маърифий мазмундаги тарбиявий аҳамиятга эга бўлган китоблар совға қилдилар. Ушбу хайрли ишлар ҳозирда ҳам жадал суратда давом этмоқда.
Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими