muslim.uz
ТАЪЗИЯ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мудири Муҳаммадамин Насриевга падари бузруквори Холиддин отанинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози 2020 йил 17 март куни Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғида, пешин намозидан кейин, марҳумнинг хонадонида адо этилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ваҳимадан фойдаланиб, нархларни сунъий оширувчиларга!
Куни кеча, 15 март куни юртимизда коронавирус бўйича илк ҳолат қайд этилгани муносабати билан одамларда ваҳима, қўрқув бошланди. Кўпчилик озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш дардида бозор, дўкон, супермаркетларга югурди. Гўё дўкон ва бозорлардаги озиқ-овқатлар тугаб қоладию, ҳамма очликдан ўладигандек. Кишилар беш-олти қоплаб картошка, сабзи, пиёз ва ҳоказоларни, ун-ёғ каби маҳсулотларга навбат туриб сотиб оляптилар. Ахир биз тақдирга иймон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймонимиз бор-ку! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ
“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят).
Нега синов пайтида ана шу иймонимиз талаб қилганидек иш тутмаймиз?! Нега ушбу оятга биноан “Ризқимни Аллоҳ беради” деб ҳаракатланмаймиз?!
Одамларнинг бозор ва дўконларга югуришини кўрганда “Бу кимсалар вирусдан эмас, очкўзликдан, ҳаддан ортиқ тўйишдан, бўкишдан ўлса керак” деб ўйлаб қоласан киши. Ахир ўлим вирусга боғланган эмас-ку! Қачон ажалимиз етса, ўшанда ўламиз. Биз олган маҳсулотлар бизга насиб этмаслиги ҳам мумкин-ку! Биз вирус кенг тарқалиб, бозор ва дўконларда ҳеч нарса қолмай, оч қолишимиздан кўра ўлиб қолиб, олиб келган нарсаларимиз бизга насиб этмаслик эҳтимоли анча юқоридир. Олганда ҳам бир-икки кунликка етадиган эмас, бир неча ойга етадиган қилиб оляпмиз. Бизнинг бир неча ой яшашимизга ким кафолат берди?! Қолаверса, бутун дўконни кўчириб кетиб, бошқа мусулмонларга ҳеч нарса қолдирмаслик мусулмончиликка тўғри келадими?! Сиздаку пул бор экан, керагидан ортиқ оляпсиз, аммо ён қўшнингизда бир неча ойлик у ёқда турсин, икки кунликка етадиган бозорлик қилишга моддий имконияти бўлмасачи?! Қўшнимиз оч қолиб, биз тўқ яшай оламизми?! Мана бу ҳадисдан хабаримиз борми ўзи:
Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинади: «Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганларини эшитдим».
Ҳадисда айтилаётган гап жуда оғир гап. Ҳар биримиз қўшнимиз, яқинимизга нисбатан эътиборли бўлишимиз керак.
Одамлар бозору дўконларга ўзларини урганларини кўрган кўплаб сотувчилар “Даврим келди. Энди пулни босиб оламан” деб, пулни кўпайтириш кайфиятига ўтдилар. Кечаги ҳолатни ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, дўкон ва бозорларда бир килоси 2 ярим минг – 3 минг сўм атрофида сотилаётган картошка айрим сотувчилар қўлида 8000-10000 сўмга чиқиб кетди. Бир боғи 20 минг сўм сотилаётган исириқ 60 минг сўм нархда сотиляпти. Бу нима деган гап?! Нархларни сунъий равишда кўтариб сотаётган сотувчиларда инсоф борми ўзи?! Бу мусулмонларни алдаш, уларни чув тушириш, бошларига тушган оғир вазиятдан, қўрқувларидан фойдаланиб қолиш эмасми?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қўймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти)
Сиз 3 минг сўмлик картошкани 8 минг сўм сотяпсизми, демак, одамларни алдаяпсиз. Баъзи сотувчилар “Фалон маҳсулот тугади” деб, дўконни беркитиб, кейинчалик қимматроққа сотиш илинжида юрибдилар. Бу иҳтикор деб аталиб, гуноҳ ишлардандир. Иҳтикор сўзи луғатда “озиқ-овқат ва ҳоказони нарх қимматлашини кутиб, бозорга чиқармай, сақлаб қўйиш” маъносини англатади.
Имом Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул фи маърифати аҳодисур Расул” асарида: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар”.
Демак, савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари лозим бўлади.
Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига баттар қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида дўконни ёпиб қўйиш гуноҳдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Сотиш, сотиб олиш ва ҳаққини талаб қилишда бағрикенг, саховатли бўлиш мақсадга мувофиқдир. Бундай кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраганлар. Бир сўм устида етти думалаб туриб олиш, айтганимга сотаман дейиш, нархни кўтариб, туширмаслик, одамларга қийин шароитни вужудга келтириш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга, топгани баракотли бўлишига тўсқинлик қилади.
Мўмин-мусулмон одам ўз биродарига ёрдам беришга шошилиши, унинг оғирини енгил қилиш пайидан бўлиши лозим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”. (Имом Муслим ривояти)
Аллоҳ таоло бизнинг оғиримизни енгил қилишини, бизга ёрдам беришини, айбларимизни беркитишини, истаймизми, у ҳолда ўзимиз диндошларимизга ёрдам қўлини чўзишга, уларнинг оғирини енгил қилишга интилайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Малайзияда ўтказиладиган халқаро Қуръони карим мусобақаси кечиктирилди
Ҳозирда дунё мамлакатларига хавф солаётган корона вируси тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик ва эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида шу йилнинг 6-11 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган 62 халқаро Қуръони карим мусобақаси мазкур мусобақа ташкилотчиси бўлган Малайзия ислом тараққиёти халқаро муассасаси томонидан шу йилнинг июль ойига қадар кечиктирилгани эълон қилинди. Яқинда мазкур кечиктирилиш вақти бўйича Малайзиянинг хориж давлатларидаги элчихоналари воситасида таклиф қилинган давлатларга расмий маълум қилиниши таъкидланди.
Маълум бўлишича, 61-халқаро Қуръони карим мусобақаси 2019 йилнинг 15-19 апрель кунлари пойтахт Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган эди. Мазкур мусобақа ислом олами миқёсидаги энг қадимги ва нуфузли халқаро Қуръони карим мусобақаларидан саналиб, унда дунёнинг турли давлатларидан келган ўнлаб етук қорилар ва қориялар рақобатлашиб келмоқда.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими.
Қуръонни ёд олган қорилар
Сиз расмда кўриб турган ҳолат Марокаш давлатида бўлиб, у ерда Қуръонни ёдлаган қориларни мана шундай икром қилишар экан.
Қуръони Каримни ўқувчилар, ёд олувчилар, таълим берувчилар учун дунё ва охиратда улуғ даражалар бордир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни, жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер, “Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир”, дейдилар. Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади. Бу ерда гап ёддан ўқиш ҳақида бормоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони Каримни ёд олиб, унинг ҳукмларига ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этсин!
“Васатия ҳаёт йўли” китоби маълумотлари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Кўринмас душман: дангасалик тушунчаси
Араб тилидаги كسل сўзи ўзбек тилида “ялқов, дангаса ва ғайратсиз” деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса: “Бирор-бир ишда сусткашлик, эринчоқлик ва лапашанглик қилишга айтилади”. (Имом Лайсий)
Дангасалик бу: “Имконият бўла туриб, барча яхши амалларни қилишга киришмаслик ва рағбатсизликдир”. Яна бир қийлда: “Бажариши лозим бўлган ишни тарк қилиш ёки кейинга суриш ва чўзишдир”. (Имом Нававий)
Аммо инсон жисми толиқса, қийналса ёки чарчаса қилиши керак бўлган фарз амаллардан ўзга ишларда бироз бўшашса, бу ҳолатда киши қораланмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Ва инсон заиф яратилгандир”, дейди. Нисо 28-оят. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта жисмингни сенинг устингда ҳаққи бор”, деганлар.
Шундай экан агар киши нафсига, жисмига ҳаққи бўлган роҳатланишни ўз вақтида бермаса, инсон жисми у қилмоқчи бўлган ишни бажаришда ёрдам беролмай қолади. Шунинг учун киши жисмидан фойдаланар экан ҳаддидан ошиб зиёдалик қилмаслиги, шунинг билан бир қаторда ғайратсизлик ва эътиборсизлик ҳам қилмаслиги лозим бўлади.
ТИИ ўқитувчиси, “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳманов Яҳё