muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори

23 март 2020й. №176

Ўзбекистон Республикасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида 

Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси (кейинги ўринларда – Комиссия) қарорларига мувофиқ:

дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилганлиги;

хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, (республикада доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно), шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларини (автобус, енгил автотранспорт ва темир йўл транспорти воситалари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилганлиги;

давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилганлиги ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган бошқа бир қатор чоралар кўрилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 данбошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (кейинги ўринларда – Тартиб) жорий этилсин:

коронавирус инфекцияси асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланганлигини инобатга олиб ва ушбу инфекция республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) тўхтатилади, бундан ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади;

Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади;

биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади;

республика ҳудудига хорижий давлатлардан, шунингдек, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади;

давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар “онлайн” режимга ўтказилади;

фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди;

идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилади.

Ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Миллий гвардия ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган талабларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин;

Тартибнинг амал қилиш даврида, заруратга кўра, қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постлар ташкил этиш чораларини кўрсин.

3. Тартибнинг амал қилиш даврида қуйидагилар ўрнатилсин:

а) коронавирус инфекцияси аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь-март ойларида коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келган шахслар:

Комиссия қарорларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;

Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;

санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;

соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар;

б) давлат санитария назорати органлари томонидан изоляция қилиниши лозимлиги ҳақида талаб қўйилган шахслар билан бирга яшовчи шахслар ҳам 14 кун давомида ёки давлат санитария назорати органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга мажбурдирлар;

в) коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади;

г) идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар) қуйидагиларга риоя этишлари шарт:

ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этиш;

иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш;

давлат санитария назорати органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;

ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш;

д) савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёки бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш йўли билан дезинфекция воситалари билан таъминланади;

е) Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.

4. Белгилансинки:

Комиссия мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилиши билан боғлиқ барча масалаларни мувофиқлаштиради ва зарур ҳолларда қўшимча кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар ижросини таъминлайди.

5. Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомиловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

ўн кун муддатда республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш даражасини таҳлил қилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган шартнома асосида нодавлат тиббиёт ташкилотларида ушбу инфекция 

билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича таклифларни;

бир ой муддатда карантин гуруҳига мансуб бўлган ўта хавфли ва юқумли касалликлар инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) ўтказиладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда бир кун муддатда тўловларни амалга оширишнинг масофавий шаклларини кенгайтиришбўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларда коронавирус инфекциясига қарши қабул қилинган қонун ҳужжатлари, амалга оширилаётган чора-тадбирлар,шу жумладан тиббиёт соҳасидаги янги ёндашув ҳамда ихтиролар тўғрисида ҳар кунлик маълумотни Комиссияга тақдим этиб борсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли санаторий ва бошқа соғломлаштириш масканларида ҳамда давлат тасарруфидаги дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, меҳмонхоналари негизида Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилиши чораларини кўрсин;

карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус карантин объектлари қурилишини қисқа муддатларда таъминласин.

10. Комиссияга жорий этилган Тартибнинг амал қилиш давридақуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

коронавирус инфекцияси аҳоли ўртасида тарқалишини олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмларнинг (дезинфекция воситалари ва бошқалар) аҳолига қатъий белгиланган нархларда узлуксиз етказиб берилишини назорат қилиш;

республикада коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазиятни мунтазам таҳлил қилиш ва вазият барқарорлашгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тартибнинг амал қилишини тугатиш юзасидан таклиф киритиш.

11. Комиссияга унинг зиммасига юклатилган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларни текшириш ҳамда назоратни олиб бориш;

алоҳида аҳоли пунктлари ва ҳудудларда карантин тадбирлари ҳамда карантин жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлардан ҳужжатлар талаб қилиш ҳамда уларнинг раҳбарларини коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги ахборотларини Комиссия мажлисларида эшитиш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг айби (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) билан коронавирус инфекцияси авж олишига йўл қўйилганда, уларни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида юқори турувчи ташкилотларга, шунингдек, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўриб чиқиши учун киритиш.

12. Белгилансинки, Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Тартибнинг амал қилиш давридаЎзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, истисно тариқасида, божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар учун “яшил” йўлаклар ташкил қилади ва ушбу товарларга нисбатан божхона божлари ундирилмайди;

дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар учун, истисно тариқасида, тендерлар ёки танлов савдолари ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Тартибнинг амал қилиш давридааҳолининг реал дарамодларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида ишчиларга ойлик иш ҳақлари узлуксиз ва ўз вақтида тўланишини таъминлаб борсинҳамда республикадаги бандлик даражасини тушиб кетмаслик бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб уй шароитида карантинга жойлаштирилган шахслар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий ва тизимли назорат ўрнатсинҳамда карантин ўташ даврида ушбу шахсларни биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмлар (дезинфекция воситалари ва бошқалар) билан таъминлаш чораларини кўрсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия Тартибнинг амал қилиш даврида жамоат тартибини сақлаш чораларини кучайтирсин.

17. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда:

ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг тушунтирилишини;

масъул вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ҳамда жорий этилган Тартиб тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотларни кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказиб борилишини таъминласин.

18. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

 

Манба: http://uza.uz

 

Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, автомобиль, авиа, темир йўл) 2020 йилнинг 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.
Транспорт вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида шундай қарорга келинган.
Бунда, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Тошкент шаҳрига кириш учун татбиқ этилмаслиги белгиланди.
Мана шундай чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига, хусусан, ҳайдовчилар ва йўловчиларга тўғри тушунтириш ишлари имом-хатиблар томонидан амалга оширилмоқда.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус касаллиги кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида, республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, 23 мартдан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлар билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.

Комиссиянинг бундай қарорга келишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вируснинг тарқалишининг олдини олишдир. Агарда, шундай синовли кунларда янада ҳамжиҳат бўлсак, барча қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтамиз, инша Аллоҳ.

Шундай пайтларда ўзимизни ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, бир-биримизни қўллаб-қувватлашни, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилишни яна бир бор илтимос қиламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида ҳам “Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин”, дея алоҳида таъкидланган эди. 

Дарҳақиқат, маййитга жаноза намозини ўқиш фарзи кифоя бўлиб, вафот этганнинг яқинлари иштирокида адо этилса ҳам бўлади. Мўътабар манбаларда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда улуғларимиз қазо қилган одамнинг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён этилган. 

Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш ва бошқаларга жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарорида қайд этилганидек, худойилар ҳам 10-15 киши атрофида ўтказилади. Мазкур маърака-маросимлар хонадонларда ўтказилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Аввало бундай дамларда Аллоҳ таолодан барчага сиҳат-саломатлик сўраймиз. Яратганнинг тақдири ила бу фоний дунёдан боқий охиратга риҳлат қилган инсоннинг жаноза намози ва маъракасини айни кунлардаги оғир касалликнинг пандемияси даврида ихчам шаклда ўтказиш шариатимизнинг талаби ҳисобланади.  

Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Бугун коронавирус инфекцияси деган жиддий бир хавфга дуч келдик. Барча юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, уламоларимиз, имом-домлаларимиз, мўйсафидларимизнинг дуои фотиҳалари ила бу синовдан эсон-омон ўтамиз, деб ишонамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, вазиятни тўғри тушуниб, кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганлари учун мўмин-мусулмонларимизга яна бир бор ташаккур айтамиз.

Яратганнинг изни ила тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

  • Шу кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда айрим манбалар бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирус хавфли хасталиги сабабли жамоавий ибодатлар вақтинча тўхтатилган ва тўла карантинга олинган масжидлар таҳоратхоналарини очиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Бугунги кунга келиб ушбу хавфли инфекция 160 дан ортиқ мамлакатда тарқалди. Дунё миқёсида касалланганлар сони 200 минг нафардан ошди, 8 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилди, 90 мингга яқин бемор тузалди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди.

Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда юртмизда унга чалинган беморлар сони 33 нафарга етди.

Бу вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Республика махсус комиссияси тузилди ва Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ҳамда кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган.

Таъкидлаш жоизки, масжид ва таҳоратхона меҳнат жамоалари, таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ шундай жамоат жойи ҳисобланадики, у ерда мутлақо бир-бирини танимаган фуқаролар вирус юқиши мумкин бўлган масофада алоқада бўлади. Айниқса, ибодатни бажариш давомида полга тўшалган гиламда ўтириш, саждага пешонани тегизиш, покланиш ўриндиқлари ёки буюмлари орқали вирус қолдириш, ушбу жойда ибодат қилган бошқа намозхоннинг касалланиши мумкинлиги ўзига хос ҳолат саналади.

Айни вақтда, таҳоратхонада кўрилаётган дезинфекция чоралари вируснинг таҳоратхонага кирган одамларга бир-биридан юқиши эҳтимолини олдини олмаслиги барчага аён. Бунинг устига, таҳоратхонага кирган ҳар бир фуқаро кетидан қайта дезинфекция ўтказишнинг жисмонан имконияти йўқ.

Бунинг устига воқелик шуни кўрсатмоқдаки, таҳоратхонага кирган шахслар биргаликда ушбу масжидда ёки унинг ён атрофида, яъни кўчада намоз ўқишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса барчамиз бугунги кунда халқимиз, келажагимиз учун қатъий риоя қилишимиз лозим бўлган карантин талабларига мутлақо зид келади.

Карантин тадбирларининг ушбу касаллик тарқалган пайтда қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини биз ўз бошимиздан ўтказдик. Ўзбекистонга касаллик тарқалган ҳудудлардан келган 4 нафар одам билан мулоқотда бўлган 19 кишида ушбу касаллик аниқланди. Бундан кўриниб турибдики, биз дастлабки кунлардан карантин тадбирларини ўтказганимиз ўз самарасини берди. Агар 19 беморни вақтида карантинга олмаганимизда ёки эҳтиётсизликка йўл қўйилганида бу касалликни янада кўпроқ одамга юқтирган бўлар эдилар.

Масжидларда карантин жорий этилишининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, намозхонлар уйдан зарур сабабсиз чиқмасдан, ибодатни уйда бажариш орқали ўзи билмаган ҳолда нотаниш шахслардан вирус юқтириб олишининг олдини олиш ҳамда шу орқали беморлар кўпайишини тўхтатишдир.

Қачонки ҳар бир вирус аниқланган шахслар кам ва кимлиги аниқ бўлса, вазиятни назорат қилиш ва касалларни камайтириш осон бўлади.

Ишончимиз комилки, юқорида қайд этилганларни барча намозхонларимиз холис ва тўғри тушунмоқдалар.

Халқимиз бошқа мамлакатларда минглаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган коронавирус тарқалишининг олдини олиш каби оғир синовни бошидан кечираётган бугунги кунда барчамиз жипслашиб, хорижий давлатлар тажрибасида ўз тасдиғини топган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияларига риоя этишимиз ҳаётий муҳим масала ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси яна бир карра фуқароларимизни жорий этилган карантинга тўлақонли амал қилишга, алоҳида зарурат бўлмаган тақдирда уйда бўлишга, ўзимиз ва оила аъзоларимизни соғлиғини асрашга чақирамиз.

Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин. Коронавирус аталмиш тезда даф бўлиб, бу бало-офатдан ҳеч бир юртдошимиз зарар кўрмасин. Аллоҳ таоло беморларга, дардманларга шифо берсин. Офат тез ва қисқа фурсатда кўтарилсин. Қисқа фурсатларда юртимиз масжидлари жамоатлар билан яна қоим бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан каронавирус юқумли хасталигини тез орада инсоният бошидан аритиш мақсадида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.
Бугунги фазилатли жума айёмида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилликлари жами 21 бош қора мол, туман-шаҳарлар марказий масжид имом-хатиблари ташаббуси билан ҳомийлар жалб қилинган ҳолда, 386 бош қўй сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилинди.
Диний соҳа ходимлари 6 543 та нажот сўраш намозини адо этдилар. 1 466 301 та “Солатун ножия”, 1 277 537 та “Солатун нория”, 234 055 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуо, 207 390 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” суралари ўқилди.
Ушбу хатми Қуръонлар, салавотлар ва хайрия ишларининг якуний дуолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент шаҳридаги "Сузук ота" мажмуасида юртимиздаги энг табаррук уламолар томонидан амалга оширилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида халқимиз томонидан катта ташаббус кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали хабар топган юртдошларимиз ўз уйларида, оила аъзолари билан хатми Қуръон ва “Солатун ножия”, “Солатун нория” каби улуғ дуоларни ўқишга киришдилар.
Қийинчилик, мусибат даврида жипслашолишимиз, бир тану бир жонга айлана олишимизни кўрсатди. Бугун эрта тонгдан бошлаб Диний идорага аҳолимиздан қўнғироқлар тинмади. Уларда ихлоси баланд азизларимиз: “Биз шунча хатмона қилдик, бунча саловоти шарифлар ўқидик, бизни ҳам ёзиб қўйинг”, дея хабар бердилар.
Бугун соат 12-00 гадар Диний идорага келиб тушган маълумотларга кўра, юртдошларимиз томонидан 17 та қўй сўйилиб, ҳақдорларга эҳсон қилишган. 213 маротаба хатми Қуръон қилишган, 271 690 киши нажот сўраш намозини адо этишган. 656 864 та “Солатун ножия”, 612 053 та “Солатун нория”, 199 343 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуоларни, 350 466 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқишган. Бундан ташқари, қанчадан-қанча юртдошларимиз айтишга ботинмаган ёки хуфёна тарзда ибодат ва тасбеҳу дуоларда бўлишган.
Халқимиз орасида Аллоҳ таолонинг валий бандалари, дуолари мустажоб чин дўстлари бор. Уларнинг биргина дуолари балоларни аритиши, енгиллик ва кушойишлар келтириши мумкин. Ана шундай азизларимиз ҳам дуоларда бўлдилар, иншоаллоҳ.
Синовли дамларда бутун халқимиз чин ният ва ихлос билан қилган хайрия, эҳсон ва қурбонликлар, кўплаб хатми Қуръон, дуои саловотлар шарофатидан юртимиз, қолаверса, бутун дунёда каронавирус юқумли касаллиги тез орада чекинсин, берморларга комил шифо берсин, масжидларимиз ҳам яқин вақтлар ичида очилиб, мўмин-мусулмон халқимиз билан обод бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Top