Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Миср суфий кенгаши раиси билан мулоқот қилдилар

23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Миср Араб Республикаси парламенти қўмитаси раиси, доктор Абдулҳоди Аҳмад ал-Қасаби жаноблари бошчилигидаги делегация билан мулоқот ўтказдилар. Абдулҳоди Аҳмад ал-Қасаби бир вақтнинг ўзида Миср суфий тузилмалари Олий кенгаши раиси ҳам ҳисобланади.
Учрашувда муфтий ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаб, охирги уч йилда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар, Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш йўлида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, халқаро ислом академияси, ихтисослашган илмий мактаблар ташкил этилганини сўзлаб бердилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликнинг амалий тасдиғи сифатида Самарқандда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ҳадис илми олий мактабида икки нафар мисрлик таниқли олим томонидан устоз ва талабаларга машғулотлар олиб борилаётганини муфтий ҳазратлари мамнуният ила қайд этдилар.
Ўз навбатида Абдулҳоди Аҳмад ал-Қасаби жаноблари мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий воқеаларда иштирок этаёганидан бахтиёр эканини изҳор қилиб, Ўзбекистон том маънода тараққиётнинг янги босқичига кўтарилгани, янгича қараш, очиқлик билан дунё нигоҳига тушаётганини эътироф этди.
Айниқса, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида қилинаётган ишларга мартабали меҳмон юқори баҳо берди. Турли ғоявий хуружлар авж олаётган бугунги кунда буюк алломаларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказишни долзарб вазифа эканини қўшимча қилди.
Шунингдек, мулоқотда Миср Араб Республикаси билан диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Ташриф якунида томонлар эсдалик совғалари топширдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2141 марта ўқилди

Янгиликлар

Top