muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 10 Февраль 2018 00:00

Бугун тарихий кун бўлди!

Бугун Шайх Ҳазратимизнинг қадри баланд кўтарилиб, обрўлари ўзларига муносиб даражага қўйилган кун бўлди!

Умрларидан барака топсинлар, президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қалбларига Аллоҳ Ўзидан бўладиган илҳомни солиб, Чилонзор туманидаги Ҳазратимиз қурилишини бошлаган, шунча йилдан бери хароба бўлиб ётган, қурилиши тўхтаб қолган масжидга ташриф буюрдилар ва Шайх ҳазратимиз ҳақида шундай гапларни айтдиларки, «Э, Худога шукур, олтин зангламайди, деганлари шу экан», — деб юбордим.

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади, — дедилар президентимиз. – У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетдилар, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш — барчамизнинг бурчимиздир».

«Мен у киши билан кўп суҳбатлашганман», — дедилар президентимиз ва Ҳазратимизнинг кўп китоб ўқимаган одамнинг маънавияти паст бўлишини таъкидлаганларини эсладилар.

«Шу масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берамиз, бу ерда у кишининг музейларини қиламиз, у кишига тегишла ҳамма нарса шу ерда туради», — деганларда, очиғи, кўз ёшларимни тия олмадим.

Худога шукур, анча кеч Ҳазратимиз қадр топдилар, тиригида қадрлансалар қанчалар яхши бўларди, аммо бундан ҳам кўп кутишимиз мумкин эди, бунинг учун Президентимизга раҳмат!

Ҳозиргача қилган ишларининг ичида балки энг олийжаноб ишлари мана шу бўлгандир!

Дуо қиламиз, Аллоҳим, президентимизни Ўз ҳифзингда сақлагин! Бошлаган барча эзгу, хайрли ишларининг оқибатини хайрли қилгин! Шундай савобли ишларда бардавом бўлишларини насиб қилгин! Президентимизга дунёда ҳам охиратда ҳам саодат бер!

Каримберди Турамурод

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-тўшакка етмайди» (Сажда сураси, 16-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Кечалари қоим бўлингиз! Зеро, кечаси туриш сизлардан аввалги солиҳларнинг одатларидан эди. У Парвардигорингизга яқин қилади. Ёмонликларнинг мағфират бўлишига олиб келади ва ярамасликлардан қайтаради» (Имом Термизий ривояти).

Ҳасан Басрий айтадилар: «Кечасида туриб ўқилган намоздан ҳам оғирроқ ибодатни билмайман». Ундан сўрашди: «Нима учун кечаси туриб таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари одамлар орасида энг гўзалидир?» У зот жавоб бердилар: «Улар тунда Раҳмон билан ёлғиз қолишади ва Аллоҳ уларга Ўз нуридан инъом этади».

Билинг! Кечада қоим бўлиш жуда оғир, магарам, қоим бўлиш шартлари муяссар бўлган кишигина кечалари туришга муваффақ бўлади.

Бу сабабларнинг баъзилари зоҳирий, баъзилари ботинийдир.

Зоҳирий сабаблар:

– Кўп таом емаслик. Баъзилар айтади: «Эй муридлар жамоаси! Зиёда таом есангизлар, ортиқча сув ичасизлар, бас, кўп ухлайсизлар. Натижада ортиқча панду пушаймон бўласизлар».

– Оғир иш билан кундузи ўзини толиқтирмаслик.

– Кундузи қайлула – бир оз ором олишни тарк этмаслик. Зеро, у кечаси қоим бўлишда ёрдам беради.

– Гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш. Имом Саврий айтади: «Бир гуноҳим сабабидан беш ой кечалари туришдан маҳрум бўлдим».

Ботиний сабаблар:

– Мусулмонларга ҳасад этишдан қалбнинг салим бўлиши. Қалбни бидъат ва залолатдан холи этиш. Ортиқча дунё ҳожатидан қалбни эътироз этиш.

– Доимий хавф – умиднинг озлиги қалбда бўлиши.

– Кечаси қоим бўлиш фазлини билиш.

– Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва иймон қуввати энг шарафли боислардандир, чунки Парвардигорга муножот этувчи кечаси қоим бўлса, У Зот ҳозир ва унга шоҳиддир. Бас, муножоти уни тун бўйи рағбатлантиради.

Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Тун аҳли ўз кечаларида ўз дилхушлигида бўлган ўйин аҳлидан кўра кўпроқ лаззатда бўладилар. Тун бўлмаса, дунёда яшашни истамас эдим».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечада дуолар ижобат бўладиган шундай бир соат борки, агар мусулмон банданинг дуоси шу соатга тўғри келиб қолса, тилаган яхши тилагини Аллоҳ унга ато этади. Бу соат ҳар тунда бўлади»деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Кимнинг кечаси қоим бўлиб адо этадиган ибодати бўлса, уни тарк этишдан эҳтиёт бўлсин. Икки «Саҳиҳ»да ривоят бўлганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга бундай деб марҳамат қилдилар: «Кечаси қоим бўлиб, сўнг унда туришни тарк этган фалончига ўхшама».

 Мирсобит ВОҲИДОВ,

Тошкент вилояти Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Суббота, 10 Февраль 2018 00:00

Президентнинг муносиб эътирофи

ЎМИ Матбуот хизмати

ONLINE: (Facebook)

ЎМИ Матбуот хизмати

Азиз Қуръон мухлислари эртага, 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида қорилар мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Пойтахт вилоятида Қуръон мусобақасини катта байрам қилиб ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Бу ҳудудда тириклик чоғида ҳикматга тўла сўзлари ила кишиларни энг тўғри йўлга бошлаб, ўзидан кейин ўчмас из қолдириб кетган зотлар кўп бўлган. Уларнинг ортидан эргашган инсонлар ҳеч қачон адашмаган ва адашмайди ҳам. Мана шундай зотлардан бири Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратларидир. Занги ота Ҳимматий камтарона ҳаёт кечирган бўлса-да, кўп одамларнинг ҳидоят топишида, маънан юксалишида ва ахлоқий камолга етишида буюк хизматлар қилиб ўтган зотдирлар.
Тошкент вилояти яна кўп машҳур алломаларга бешик бўлган замин ҳисобланади. Бўстонлиқ тумани, Боғистон қишлоғидаги Шайх Умар Боғистоний ҳам мўътабар шахслардан бўлган. Ушбу улуғ зотни Баҳоуддин Нақшбанд ҳам ҳурмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Булардан ташқари “Шомилқори авлиё”, “Заркент ота”, “Шоабдумалик бобо”, “Хожакорсоз ота”, “Адҳам саҳоба”, “Саид ота“ ва “Бобо Мочин” каби ўнлаб авлиё зотлар ушбу табаррук заминда яшаб ўтганлар.
Мана шундай улуғ зотлар ҳоқи поки қўним топган табаррук масканларда эртадан бошлаб уч кун давомида Қуръони карим оятлари янграйди. Ҳақиқатан Қуръон тиловати билан маҳалла-гузарларимиз, хонадонларимизга файз кирмоқда, умримиз, ҳаётимиз баракали бўлмоқда.
Муҳтарам дўстлар, эртага 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида, 11 февраль куни Чирчиқ шаҳрида, 12 февраль куни Зангиота туманида бўладиган қорилар мусобақасига марҳабо!
Бизнинг muslim.uz портали орқали мусобақани жонли кузатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top